muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси парталига “Ўзбекистон Республикасида туризм хизматларини янада диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, моддий маданий мерос объектлари ҳудудларида жойлашган, диний тадбирлар ва маросимлар, намоз ўқиш ва ибодат учун мўлжалланган диний биноларга ташриф буюрган шахслардан тўлов ундириш тақиқланади.

Ушбу ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги “Вақф” хайрия жамоатчилик жамғармаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Ўзбекистон туризм магистрали” (Хонобод-Мўйноқ) бўйлаб туристлар учун зарур инфратузилма объектлари (кафе, савдо нуқталари, маълумот бурчаги, дам олиш ва кўнгилочар жойлар, таҳоратхона ва намозхоналар) яратиш бўйича Ислом тараққиёти банки маблағларини жалб қилиш масаласи кўриб чиқилаётгани маълум қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Давлат туризм қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши белгиланган:

– туристлар учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида жамоат жойларида таҳорат ва ибодат қилиш жойларига хос намунавий талаблар;

– зиёрат қадамжоларида бўлиш, маданий ва ибодат биноларини зиёрат қилиш қоидалари.

Ушбу ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси шу йил 28 февралигача давом этади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун 14 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Вақф хайрия жамоат фонди ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

Икки муассаса ўртасидаги келишув ислом илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз қаламига мансуб асарлар ва Марказ тадқиқотчи олимларининг нашрга тайёрланган китоб ва рисолаларини чоп этиш, тарғиб этиш, аҳолига етказиш, шунингдек, илмий-тадқиқот марказида ўтказилаётган тадбирларда моддий ва ижтимоий жиҳатдан ҳомийлик қилиш мақсадида амалга оширилди.

Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили, Ҳадис илми мактаби жамоаси ва талабалари иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар тўғрисида маълумот беришди.

Тадбир давомида Вақф хайрия жамоат фонди томонидан Ҳадис илми мактабида таҳсил олаётган уч нафар талабага 2019-2020 ўқув йиллари тўлов шартномаси учун 4 миллион сўмлик сертификатлар топширилди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Қуръони карим китоби ҳадя қилинди. 

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Вақф хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, қатор хайрия тадбирларини ўтказиб келмоқда.

 

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Суббота, 15 Февраль 2020 00:00

ТАЪЗИЯ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Дилбар ҳожи она Атабаеванинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози 2020 йил 15 февраль куни Тошкент шаҳридаги "Минор" жоме масжидида пешин намозидан кейин адо этилади.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Пятница, 14 Февраль 2020 00:00

Ўзбекка номуносиб “ўзбекчилик”

Бугун жамиятимиз турли ютуқларга эришмоқда. Аммо, нуқсонларимиз ҳам кўпайишда давом этяпти. Қуйида барчамизни ўйлантирадиган “камчиликларимиз” ҳақида сўз юритилади. 

  • Ўзи қилолмаган ишни бошқалардан талаб қилиш.
  • Ақл ўргатишга усталик, ўрганишга нўноқлик.
  • Майда гапларнинг қули бўлиш.
  • Ош учунгина бирлашиш.
  • Саволни “Унга қандай ёрдам, далда бера олдим?” деб эмас, “Нега у менга ёрдам, далда бермади?” шаклида қўйиш.
  • Ўзини осмоннинг устуни деб билиш.
  • Бойга бўйин эгиш, уларга давранинг тўрини бериш.
  • Ўз тарихи, ўзлигини билмаслик, биладиганни эса “миллатчи” ва “фалоний”га чиқариш.
  • Қўрқоқлик.
  • Яхшилик қилганга ёмонликни раво кўриш.
  • Бир-бирини кўролмаслик.
  • Яхши одамни тиригида тепиб, ўлгандан кейин улуғлаш.
  • Қаттиққўл раҳбарни севиш.
  • Динда чаласавод бўлиш, бидъатларни маҳкам тутиш, Худога ишониб, лекин ердагиларни ундан устун қўйиш.
  • Топган-тутганини тўй ва уй қуришга “инвестиция” қилиш.
  • “Нозик” меҳмонларни отасидан улуғ деб билиш.
  • Одамларга ақл-заковатига қараб эмас, уй-жойига қараб баҳо бериш.
  • “Орзу-ҳавас”лар жиловини хотинларга тутқазиб, сўнгра уларни рўёбга чиқариш учун жонни жабборга бериш, буни умр мазмуни, деб билиш.
  • Дўстликнинг ҳаққини билмаслик.
  • Бошига иш тушган одамдан юз буриш.
  • “Менга нима?” шиори билан яшаш.
  • Хато қилишни оддий нарса, кечирим сўрашни ўлим билан тенг кўриш.
  • Йиқилганни яна бир марта тепиш.
  • Манфаат учун дўстни, миллатни, Худони ва бутун борлиқни осонгина сотиб юбориш.
  • Билим олишда кимўзарлик қилиш эмас, чаласаводлик пойгасига кириш.
  • Баҳслашиш маданиятини билмаслик.
  • Сўкиниш борасида ўзга сайёраларни ҳам забт этиш.
  • Бугуни, келажаги ҳақида эмас, ўтмиши, тарихи ҳақида гапириш.
  • Фақатгина ўз гапини ҳақ деб билиш.
  • ”Ҳап сеними, кўрасан ҳали!” хаёли билан яшаш.
  • Мансабдорни тиригида оёғини ўпиб, ўлгандан кейин гўрига тош қалаш.
  • Буларнинг ҳаммасини ўқиб ё эшитиб, “шу ҳам гап бўлдими?”, дейиш.
  • Ўзига ёқмайдиган ҳақиқатни рад этиш.
  • Ўзига ёқадиган ёлғонга ишониш.
  • Юзинг бурилдими, орқадан гапириш.
  • Бетига айтгандан хафа бўлиш.
  • Танқидни “Душманнинг иши”, иғво деб билиш.
  • Мақтаса, шайтоннинг ҳам шериги бўлиш.
  • Туҳматга мойиллик.
  • Китоб ўқимаслик.
  • Маишатни севиш (гап-гаштак, чойхона, ҳар қандай ютуқ ёки янгиликни “ювиш” ва ҳ.к.).
  • Машваратсиз иш қилиш.
  • Мансабга миниб қолса, тобутга мингунча тушмаслик.
  • Кўчада ётган чўпдан ҳам шубҳа қилиш.
  • Бировдан бир нарса ундиришга уста бўлиш.
  • Ўз қонуний ҳақ-ҳуқуқларини билмаслик.
  • Ёмонлик қилишдан ҳузурланиш.
  • Кўнглида тан олиб турганини ҳам тилида писанд қилмаслик.
  • Бировга нон бермасдан уни нонкўрликда айблаш.
  • Гуноҳини хаспўшлаш учун гуноҳ қилиш.
  • Ўзганинг ҳаққидан қўрқмаслик
  • Гап тагидан “гапча” қидириш.
  • Бойликни савлатим деб билиш.
  • Бировни ёмон кўрса, ўлаётганда ҳам ўшани қарғаб ўлиш.
  • Айтилган жойга айтилган вақтда бормаслик.
  • ”У ким бўлибдики?” саволини тез-тез такрорлаш.
  • Пора бериш ва пора олишни яхши кўриш.
  • Пора олмайдиган ва пора бермайдиган одамни “порахўр” деб айблаш.
  • Қарз беролмаган дўсти ёки танишидан юз ўгириш.
  • “Ўзингга ақл ўргатсанг-чи?” деган ҳукмнинг ҳукмдори бўлиш.
  • Одамларни ўзидан паст санаш.
  • Илмига ва билганларига амал қилмаслик. 

Фақат ўзимизга хос фазилат ва қусурлар омухтаси бўлмиш (“трагикомедия”га ўхшаш) “ўзбекчилик” рўйхатини яна узундан-узоқ давом эттириш мумкин… 

“Инсоннома” китоби асосида

Саидаброр Умаров тайёрлади

Top