muslim.uz

muslim.uz

Ҳар биримиз бир кун келиб вафот этамиз.

Вафот этганимизда бизни стадион, театр ёки бирор академияга эмас, балки масжидга олиб боришади.

Жанозамизни ўқиш, ҳаққимизга дуо қилиш учун оила аъзоларимиз санъаткорларга эмас, уламолар олдига югуриб боришади.

Ҳозир тирикмиз. Фурсатни ғанимат билайлик! Тавбага шошилайлик!

Масжидлар билан алоқамизни яхшилайлик! Масжидга илк киришимиз биз тобутдалигимизда бўлмасин! Ҳозирдан бошлаб намозларимизни масжидларда адо этишга уринайлик!

Уламолар билан муносабатларимизни чиройли қилайлик! Улар билан илк учрашувимиз биз руҳсиз жасад бўлганимизда, бизга жаноза ўқишга келганларида бўлмасин! Уламоларимизнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб, уларнинг насиҳатларига амал қилишга ҳаракат қилайлик!

Вафот этганимиздан сўнг бизга бу дунёда қайта тирилиб, солиҳ амаллар қилишга имкон берилмайди. Шу боис ҳозир имкониятимиздан максимал даражада фойдаланиб қолайлик! Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

حَتَّى إِذَا جَاء أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ رَبِّ ارْجِعُونِ لَعَلِّي أَعْمَلُ صَالِحاً فِيمَا تَرَكْتُ كَلَّا إِنَّهَا كَلِمَةٌ هُوَ قَائِلُهَا وَمِن وَرَائِهِم بَرْزَخٌ إِلَى يَوْمِ يُبْعَثُونَ

“Токи улардан бирига ўлим келган чоғда: “Эй Роббим, мени (ҳаётга) қайтаргин. Шоядки тарк қилган нарсамда солиҳ амал қилсам”, дер. Йўқ! Албатта, бу (қуруқ) сўз бўлиб, у айтгувчи, холос. Уларнинг ортида қайта тириладиган кунларигача тўсиқ бордир” (Мўминун сураси, 99-100-оятлар).

Тавбани ҳам жонимиз ҳалқумимизга келган вақтгача кечиктирмайлик! Зеро, бу пайтдаги тавба қабул қилинмаслиги ҳадисларда таъкидланган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло банданинг тавбасини жони халқумига келгунича қабул қилади”, дедилар.

Демак, тавба жон ҳалқумга келишидан олдин бўлиши керак!

Эй Роббим! Бизга насуҳ тавбани насиб этиб, хотимамизни гўзал қилгин ва ҳузурингга ёруғ юз билан боришимизни насиб этгин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

  1. Таҳоратли бўлиш.

“Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар” (Воқеа сураси, 79-оят). 

  1. Пок жойда тиловат қилиш. 
  1. Қиблага юзланиш. 
  1. Мисвок ишлатиш. 
  1. Қироатдан олдин тааввуз (Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Қачонки, Қуръон ўқисангиз, албатта, қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрангиз!” (Наҳл сураси, 98-оят). 
  1. Тавба сурасидан бошқа ҳар бир суранинг аввалида басмала (Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим)ни айтиш. 
  1. Тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Қуръонни “тартил” билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил сураси,4-оят.) 
  1. Бир сура қироатини бошлаганда уни охирига етказиш. 
  1. Бошқалар билан сўзлашиш учун қироатни тўхтатмаслик. 
  1. Сажда оятини ўқиган вақтдаёқ сажда қилиш.

 Мусҳафга қараб ўқиш. Бу ёддан ўқишдан кўра афзалдир. Чунки Қуръонга назар қилиш ҳам ибодатдир. 

  1. Имкони борича қироат овозини чиройли қилиш ва уни зийнатлаш. 
  1. Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш. Аллоҳ таоло айтади: (Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир(Сод сураси, 38-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Вторник, 15 Октябрь 2019 00:00

Мазҳабга эргашиш – саодатдир

Бугунги кунда  илм-фан ва техника анча тараққий топди. Деярли ҳар куни турли соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилаётганлигидан оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали хабардор бўлиб турибмиз. Қаерда қандай воқеа-ҳодиса рўй берса, қисқа вақт ичида дунё бўйлаб тарқалмоқда.

Албатта, бу жараён барча жабҳаларни қамраб олганидек диний соҳани ҳам четлаб ўтгани йўқ. Биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу тез-тез қулоққа чалинаётган, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали кишилар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган тақлид, яъни Қуръони карим ва ҳадиси шариф турганда муаййан бир мазҳабга эргашиш шартми, деган саволдир.

Исломнинг асл манбалари бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни қўйиб имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъийга ўхшаш шахсларга эргашиш бир қарашда хатога ўхшаб туюлса-да аслида инсонни дунё ва охиратда саодатга элтувчи йўлдир. Сўзимизнинг исботи ўлароқ Қуръони Карим, ҳадиси шариф ва мўътабар уламоларимизнинг бу масалага қандай ёндашганлигига бир назар ташлаймиз.

Аввало, тақлид ҳақида. Бир инсоннинг сўзига, унинг ўша масала борасида ҳужжати тўғри эканини билмаса-да, эргашиш тақлиддир. Яъни муқаллид (тақлид қилувчи) бир мужтаҳидга эргашаётгани тўғри эканига ҳужжати бўлиши мумкин, лекин мужтаҳидга эргашаётган масаласининг ҳужжатини билмаслиги мумкин.

Тақлид шариъатда жорий бўлган ишлардан экани ҳамда ижтиҳод (Қуръон ва ҳадисдан мустақил ҳукм олиш)га қодир бўлмаган кишилар тақилид қилишлари вожиб эканига бир неча жиҳатдан далиллар бор.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 40-оятида “Билмасанглар, аҳли зикрлардан сўранглар!” деб марҳамат қилган. Мазкур оятнинг мазмунидан келиб чиқиб уламолар қуйидаги фикрга ижмоъ  қилганлар: “Ушбу оят ҳукм ва унинг далилини билмаганлар билганларга эргашишларига буйруқдир”. Усул илми уламолари оми инсон мужтаҳид олимга эргашиши вожиб эканига мазкур оятни асос қилиб олганлар. 

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар”, деганлар. (“Жомеъу Термизий”, 3204-ҳадис).                        

Ижмоъ далили. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асҳоблари илм соҳасида бир-бирларидан тафовут қилишар эди. Ибн Халдуннинг сўзига кўра, уларнинг ҳаммалари ҳам фатво аҳли эмас эдилар. Дин уларнинг ҳаммаларидан олинмаган. Балки уларнинг орасида муфтий мужтаҳидлари бўлган. Булар озчиликни ташкил қилар эдилар. Шунингдек, улар орасида фатво сўрайдиган, муқаллидлари бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қилар эди. Саҳобаларнинг ичидаги фатво берувчилари ҳукмни айтиш билан кифояланиб, кўпинча далилларни зикр қилмас эдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом одатда исломдан хабари йўқ жойларга фақиҳ саҳобаларни жўнатар эдилар. Улар борган жойларида ибодат, ҳалол-ҳаром, олди-сотди каби муомалотлар ҳақида фатво берар эдилар. У ердагилар мазкур фақиҳ саҳобага эргашар эдилар. Баъзан китоб ва суннатда далили йўқ янги бир иш содир бўлса, ижтиҳод қилиб ижтиҳодининг кўрсатмасига мувофиқ мазкур янги ишнинг ҳукмини айтар эди. Шундай пайтларда ҳам инсонлар у кишига эргашиб кетаверар эдилар.

Имоми Ғаззолий ўзларининг “Ал-Мустасфо” китобидаги тақлид бобида оми инсоннинг тақлид қилишдан ўзга чораси йўқ эканига саҳобаларнинг ижмоъсини далил сифатида келтирганлар. Чунки саҳобалар авом ҳалққа фатво берар эдилар. Лекин улар авом ҳалқнинг ўзи ижтиҳод даражасига етишларини буюрмасдилар. Бу ўша давр уламоларидан ҳам авомларидан ҳам мутавотир даражада келган очиқ-ойдин маълумотдир.

Омадий ҳам ўзларининг “Ал-Иҳком” номли асарида шундай деганлар: Саҳобалар ва тобеъинлар даврида мухолиф тоифалар пайдо бўлгунга қадар одамлар шаръий аҳкомларни мужтаҳид уламолардан сўрар ва уларга эргашар эдилар. Уламолар ҳам уларнинг саволларига зудлик билан жавоб беришар, лекин далилларни келтириб ўтирмас эдилар. Ушбу ҳолатни саҳобалар ёки тобеъинлардан бирортаси инкор қилмаган. Бу эса оми инсон мужтаҳидга эргашиши жоиз эканига ижмоъ демакдир.

Масалага ақлий далил шундай: Аллома Абдуллоҳ Дароз айтади: Ижтиҳод аҳлидан бўлмаган кишилар ўзларида содир бўлган ҳукми китоб ва суннатда баён қилинмаган ишларнинг ҳукмини қандай топадилар. Агар ҳар бир шахс ўзи ижтиҳод қилиши лозим бўлса, бу мумкин бўлмаган ишдир. Чунки бу ҳолатда ҳамма далил излаш, ҳукм чиқариш ишлари билан машғул бўлиб, маъишат, касб ҳунар, тижорат ва зироъат ишлари бир тарафда қолиб кетади ва дунё хароб бўлади. Бу ҳаражнинг ниҳоясидир (чўққисидир). Шунинг учун тақлиддан ўзга чора қолмади.

Уламолар мазкур китоб, суннат ва ақлий далилларни кўриб билганларидан сўнг шу қарорга келдилар: оми инсон ва ижтиҳод даражасига етмаган олимлар далилларни билувчи мужтаҳидган эргашишлари лозимдир. Шунингдек, мужтаҳиднинг берган фатвоси оми инсонлар учун ҳудди китоб ва суннат ўрнидадир. Чунки Қуръони Карим олимларга Қуръон ҳужжат ва далилларини ушлашни буюрганидек, жоҳил ва оми инсонларни олимларнинг фатвосини олишга буюрган.

Айни шу маънони ифода қилиш учун Имом Шотибий роҳимаҳуллоҳ: “Мужтаҳидларнинг фатволари Авом ҳалқ учун ҳудди шаръий далилга тенгдир”, деганлар.   

Қолаверса, айнан тўрт имомдан бирига эргашишнинг сабаби борасида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий: “Тан олинган тўрт мазҳабдан бирига эргашиш саводи аъзам (кўпчилик ва аксарият ташкил этган жамоат)га эргашишдир ва улардан чиқиш саводи аъзамдан чиқишдир”, деганлар (“Ақдул жийд фи аҳкамил ижтиҳад ва тақлид”,  1-жилд 41-бет).

Саналган далиллардан маълум бўладики, мазҳабга эргашиш баъзилар ўйлагандек гумроҳлик эмас, балки  Аллоҳ таолога, унинг расулига ҳамда ишбоши (уммат эътироф этган уламолар) ларга итоат этиш экан.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш ўринли. Тақлид тўғридан-тўғри вожиб эмас, балки бошқасининг сабабидан вожибдир. Агар тўғридан-тўғри вожиб бўлганида мужтаҳидларга ҳам тақлид вожиб бўлар эди. Буни тушунишимиз учун баъзи мисолларга мурожаат қилиш керак.

Масалан, намоз тўғридан-тўғри фарз, шунинг учун намоз ўқиш пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, саҳобаларга ҳам, шунингдек, биз умматларга ҳам фарздир. Аёлларнинг намозни адо қилиш учун масжидга келиши тўғридан-тўғри эмас, балки бошқаси сабабидан ман қилингандир. Агар тўғридан-тўғри ман қилинганда эди пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида аёллар масжидга келмаган бўларди.

Хўш, мазҳабга эргашишни вожибга айлантирган бошқа сабаб нима?

Маълумки, ҳар бир мусулмонда Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш истеъдоди йўқ, шунинг учун Аллоҳ таоло  “...Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Наҳл сураси 43-оят), деб марҳамат қилган. Бу оятдан биламизки, тақлиднинг вожиблигига сабаб бўлган “бошқа” ҳар бир кишида Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш истеъдодининг йўқлигидир. Худди шунингдек тақлиди шахсий ҳам тўғридан-тўғри эмас, балки “бошқа” нинг сабабидан вожибдир.

Тақлиди шахсийни вожибга айлантирган “бошқа” нима?

Диннинг мақсади диндорлик, роҳатланиш эмас. Фаразан, кишига хоҳлаган вақт хоҳлаган мазҳабига эргашиб кетавериши мумкин дейилса, унда инсон фақат нафсининг истакларига юриб ундан бу ишга рухсат, бошқасидан яна бир ишга рухсат олиб нафсининг хоҳишлари кетидан юраверади. Унинг дини фақат рухсатлардан иборат бўлади. Бу эса диннинг асл мақсадига зид бир ишдир. Кишидаги диндорлик бир мазҳаб ва бир имомга эргашсагина мукаммал ва мустаҳкам бўлади.   

Мана шу сабаб тақлиди шахсий вожибга айланди. Уламолар зарурат тақозо этганда ўзи эргашган мазҳаб имомининг сўзини қўйиб бошқа мазҳаб имомининг сўзига ўтишни  ҳам одамлардан ҳараж ва машаққатни кўтариш учун жоиз деган бўсалар-да, бу ҳам ҳамма учун эмас, балки фақат ва фақат уламоларгагина тегишли ишдир.

Инсон дунё ва охиратда гўзал ҳаётга эришиши учун Аллоҳ ва унинг расули йўлини маҳкам тутмоқлиги керакдир. Бу эса ўз-ўзиданмас, балки пайғамбаримиз ва у зотнинг йўлидан юрган уламоларга эргашиш билан бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

 

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси

Абдуғафур Ниёзқулов

Бирлашган Араб Амирликлари жаҳонда мигрантлар учун энг меҳмондўст мамлакат сифатида эътироф этилди. Бу ҳисобот Gallup компаниясининг глобал ҳисоботида айтиб ўтилган.

Компания тадқиқотларига кўра, овоз берувиларнинг 87 фоизи Амирликлар бошқа миллат вакиллари учун яшаш учун қулай мамлакат сифатида қайд этган. Бу рақам дунё бўйича ўртача 54 фоизни ташкил этиши аниқланган.

2010 йилда эълон қилинган маълумотлар билан таққослаганда, БАА рейтингда юқорилаган. 9 йил аввал меҳмондўстлик фоизи 15 фоизни ташкил этган эди.

Канада, Янги Зеландия, Норвегия, Австралия ва Португалия юқори ўринларда қайд этилган.

Маълумотларга кўра, мигрант оиласининг яшаши, таълим олиши, тиббий хизматдан фойдаланиш сифати ва асосийси солиқнинг пастлиги мамлакатнинг жалб қилувчанлигини оширган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

"Мен мусулмон бўлгунимга қадар Исломдан нафратланар эдим. Менинг ушбу эътиқодни танлашимга сабабчи Ливерпул клуби ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳдир", дейди англиялик футбол мухлиси Бен Бирд.

Футболчи ўзини ҳақиқатдан ҳам ҳайратлантиргани, уни эътиқод масаласида катта қарорни қабул қилиши ва мусулмон бўлишига сабаб бўлганини айтади.

Бен "Мен ўзлигимни топдим ва бу Муҳаммад Салоҳдан олган нарсамдир. Мен унинг қўлини тутишни ва унга ташаккур айтишни истайман" дейди.

У Гуардиан нашрига берган интервюсида мусулмон бўлгач юраги сокинликни ҳис қилганини айтади.

Бен одатда барда футболни кузатганини, қимор ўйнагани ва ичимлик ичганини айтади. Бу Англияда кўплаб мухлисларнинг ҳаёт тарзига айлангани қайд этган.

Лидс университетида Яқин Шарқ тадқиқотлари йўналишида ўқиб юрган вақтларида у ислом билан танишганини ва "Муҳаммад Салоҳ Аллоҳнинг мукофоти" деган футбол мухлисларининг қўшиғини учратганини айтган.

У университетда кўплаб мусулмон талабаларни учратганини ва улар ҳақидаги тасаввурлари бутунлай ўзгарганини айтади. Муҳаммад Салоҳ мусулмонларнинг аслида қандай эканини ва мусулмонларни севиш кераклигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top