muslim.uz
Гуноҳлар неча хил бўлади?
Гуноҳлар уч хил бўлади: кечириладиган, кечирилмайдиган, тарк қилмай сўраладиган гуноҳ.
Кечириладиган гуноҳ – Аллоҳ таолонинг ҳаққида қилинган гуноҳ. Масалан, намоз ўқимаслик, узрсиз рўза тутмаслик, қодир бўла туриб ҳажга бормаслик, ароқ ичиш каби.
Кечирилмайдиган гуноҳ – Аллоҳ таолога ширк келтириш. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир» (Нисо сураси, 48-оят).
Қўймай, тўхтатмай сўраладиган гуноҳ – бандаларнинг ҳаққида қилинган гуноҳ. Масалан, бировдан олинган қарзни адо этмаслик, бировнинг ҳаққини бермаслик ва ҳоказо.
Биз ҳамма гуноҳлар кечирилади деб ўйлаймиз. Аммо гуноҳлари кечирилади деган мазмундаги барча ҳадисларда Аллоҳ таолонинг ҳаққида содир этилган гуноҳлар назарда тутилаётган бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси уни туққан кундек қайтади», дедилар». Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.
Ихлос билан қилинган ҳаж банданинг Аллоҳ таоло ҳаққида қилган гуноҳларининг кечирилишига сабаб бўлади. Аммо бандаларнинг ҳаққида қилган гуноҳларининг кечирилишига сабаб бўлмайди. Бу гуноҳлар кечирилиши учун инсон ўша ҳақдорнинг олдига бориб, унинг розилигини олиши ёки қарзини адо этиши керак.
Гуноҳларнинг кечирилиши ҳақидаги мана бу ҳадисга эътибор берайлик:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Бу ҳадисда айтилаётган гуноҳлар ҳам Аллоҳнинг ҳаққида содир этилган гуноҳлардир, бандаларнинг ҳаққига тегишли гуноҳлар эмас. Ҳа, ихлос билан тутилган рўза банданинг ҳаққига тегишли гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлмайди. Ҳатто шаҳид бўлган одам бировдан қарз бўлса, то қарзи адо этилмагунича у ҳам жаннатга киролмай туради.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ шаҳиднинг қарзидан бошқа ҳамма нарсасини кечади”. Имом Муслим ривояти.
Ҳа, қарзни адо қилиш жуда муҳимдир. Аллоҳ таоло банда то одамлардан олган қарзидан қутилмагунча уни мағфират этмас ва жаннатига киритмас экан.
Қарзни олаётганда ниятнинг бузилиши ҳам кишининг оғир аҳволда қолишига сабаб бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади”. Имом Бухорий ривояти.
Азизлар, аввало, Роббимизнинг буюрганларини ўз вақтида адо этиб, қайтарганларидан қайтишга астойдил уринайлик! Қолаверса, одамлардан олган пулларимизни тезроқ эгаларига қайтариб бериш пайидан бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳларнинг ҳамма туридан сақлаб, Ўзининг ҳузурига ёруғ юз билан боришимизни насиб этсин, омин!
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Термизликларга Рамазон туҳфаси – масжидлар сони яна биттага кўпайди
Муҳтарам юртбошимиз бошчилигида юртимизда амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар йўналишида диний-маърифий соха алоҳида аҳамиятга эга бўлиб турибди. Яқиндагина Рамазон туҳфаси ўлароқ Тошкент шаҳрида мўмин мусулмонлар ихтиёрига топширилган икки буюк аллома номидаги муаззам мажмуалар бизни беҳад қувонтирган эди. Бу муборак ойдаги баракотлар янада зиёда бўлиб, халқимиз учун хурсандчиликлар, эзгуликлар давом этмоқда.
Сурхондарё вилоятида масжидлар сони яна биттага кўпайди. Бугун 24 май муборак Жума куни Термиз шаҳрида Ислом оламидаги улуғ аллома “Ҳаким Термизий” номидаги янги қурилган масжиднинг очилиш маросими бўлди.
2018 йилда муҳтарам Юртбошимиз Сурхондарё вилоятига қилган сафарлари чоғида буюк аллома Ҳаким Термизий мажмуасига яқин жойда жоме масжиди қурилиши бўйича бир қатор топшириқлар берган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббуснинг ижроси ўлароқ бугун бу жойда 3000 дан ортиқ сиғимга эга бўлган муҳташам жоме масжид бунёд бўлди. Мазкур масжид Термиз шаҳрининг дарвозаси, яъни шаҳарга кириш йўлида барпо этилди.
Масжиднинг очилиш маросимида иштирок этган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, вилоят бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддинов ва бошқа уламолар қалбларида севинч билан, чин ихлос ила вилоятнинг барча туманларидан ташриф буюрган намозхонларни янги масжид билан қутлашди. Вилоят ҳокими Т.Боболов Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили, бош имом-хатиб А.Сайфуддиновга масжиднинг Адлия вазирлигидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномани топширди.
Сўзга чиққанлар масжид улуғ аждодимиз Ҳаким Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг салобатлари, улуғворликларига мос бўлгани, бу даргоҳ юртдошларимиз учун ҳидоят ва маърифат маскани бўлиб, халқимиз иймон-эътиқодининг юксалишида, улуғ алломаларимизни ёш авлодга танитишда, уларнинг бебаҳо меросини ўрганишда кўп йиллар хизмат қилишини таъкидлашди.
Масжидда ўқилган биринчи намоз жума намози бўлди. Яна Рамазон ойида. Қолаверса бугундан таровеҳ намозларида хатми Қуръон бошланади. Ушбу масжидда қилинган тоат-ибодатлар, хатми Қуръонларнинг савоби Сурхон заминидан етишиб чиққан улуғ алломалар, жумладан, умрини Қуръони карим, ҳадиси шариф, қалб тарбиясига бағишлаган мўътабар инсонларнинг руҳи покларига мунтазам етиб боради, иншааллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
«Ажр ва савоблар» мусобақаси
Танловга!
Қуръон шундай мўъжизавий китобки, барча инсонларни ҳидоятга бошлаш билан бирга, уни тиловат қилувчи ва уни тинглагувчи учун ўқиган ҳар бир ҳарфига 10 та ҳасанот ёзилади. Ҳар бир ҳасанот эса 10 баробардан 70 баробаргача кўпайтириб берилади.
Энди, бундай савоблар Рамазон ойи келиши билан икки баробар қилиб кўпайтириб берилади. Чунки, бу ойда банда гуноҳлардан тийилиб, Роббиси рози бўладиган ишлар билан машғул бўлади. Бу ойда қилинадиган фазилатли ишлар жуда кўп бўлса, улар ичида энг афзалларидан бири Қуръон тиловати ҳисобланади. Шу сабабдан, барча мусулмонлар бу ойда кўпроқ вақтларини Қуръон билан ўтказишга ҳаракат қиладилар ва бу борада кўпроқ хатм қилиш учун ўзаро мусобақалшадилар.
Қуйида ушбу «Ажр ва савоблар» мусобақасида ўзиб кетишда сизга ёрдам берадиган баъзи бир йўлларни келтирамиз.
Қуръони Карим тақрийбан 600 саҳифа бўладиган бўлса, уни 30 кун Рамазон ойига бўлиб чиқсак, бир кеча кундузда 20 саҳифага тўғри келади. Энди, бу 20 саҳифани бир кунлик 5 вақт фарз намозларига бўлсак, ҳар бир намоздан олдин 4 саҳифадан тиловат қилиш лозим бўлади. Буни намоздан олдинми, кейинми фарқи йўқ. Ўзингиз учун қулай бўлганини танлашингиз мумкин.
Бу билан сиз бу ойда бир маротаба Қуръони Каримни тўлиқ хатм қилишингиз мумкин.
Лекин, сиз бу ойнинг ярми ўтиб кетдику дейишингиз мумкин? Аммо, қолган кунларда ҳам Қуръони Каримни хатм қилишингиз мумкин.
Мисол учун: Энди бугундан бошлаб, ҳар бир намоздан олдин ва кейин 4 саҳифадан тиловат қилишингиз керак бўлади.
Аллоҳ таоло бу ойда фазилатли амалларни бажаришга барчамизни муваффақ айласин.
Тошкент Ислом институти талабаси
Муҳаммад Али Муҳйиддин
Набулсий айтадилар...
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
يَسْأَلُهُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ كُلَّ يَوْمٍ هُوَ فِي شَأْنٍ
“Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (ҳожатларини) Ундан сўрар. Ҳар куни У (тинимсиз) фаолиятдадир” (Ар-Роҳман сураси, 29-оят).
Ҳа, Аллоҳ таоло ҳар куни тинимсиз фаолиятдадир. Гуноҳни кечиради, ғамни аритади, ташвишни кетказади, синиқ кўнгилларни шод қилади, камбағални бой қилади, адашганни ҳидоят қилади, қаёққа боришини билмай ҳайрон бўлиб турган кимсага йўл кўрсатади, қийналганга ёрдам беради, очни тўйдиради, ялонғочни кийинтиради, беморга шифо беради, балога учраганга офият беради, тавба қилувчининг тавбасини қабул қилади, яхшилик қилувчига мукофот беради, мазлумга нусрат беради, золимни хонавайрон қилади, авратни тўсади, хавфни кетказиб, омонлик беради, баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради, баъзи қавмларнинг даражасини туширади.
*****
Аччиқ ҳақиқат ёқимли ваҳм (гумон, хаёл, тасаввур)дан минг марта яхшидир.
*****
Бахт-саодат мол орқали эмас, Аллоҳ азза ва жаллага боғланганигда (Унинг ибодатида бардавом бўлганингда) келади. Агар Аллоҳ таолонинг бандаларига яхшилик қилсанг, Аллоҳ Шакур (бандасининг оз амалига кўп мукофот берувчи)дир. У Зот сенга кўп неъмат ато этади.
*****
Осмонлар ва ер ҳақида тафаккур қилиш Аллоҳни танишнинг энг қисқа йўли ва Аллоҳ таолонинг маърифати сари кирадиган энг катта эшикдир.
*****
Тавозеънинг аломати – ҳаққа бўйин эгишинг, уни кичик боладан эшитсанг ҳам қабул қилишингдир.
Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизаларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Тошкент шаҳридаги 24 май кунидаги хатмоналар
Иймонли кишиларнинг бутун борлиғини муборак Рамазон ойининг шукуҳи тўла қамраган онлар. Масжидларимизда Аллоҳнинг муқаддас Каломи хатм қилинмоқда. Қалблари Қуръонга ташна мўминлар жомеларда қоим бўлиб, илоҳий каломга сомеъ бўлмоқдалар.
Бугун 24-май, муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 19-кунларидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.
Бугун 24.05.2019 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:
- “Тўхтабой” жоме масжиди. (Манзил: Олмазор тумани, Фаробий кўча, 13-уй. Телефон: +71 244-55-93, +91 132-50-59, 99.482-52-98)
Имом-хатиб: Шарифов Зокир
Қори: Абдувосиев Муҳаммадносирхон, Бузурукхонов Саидаълохон, Отаханов Адхамжон
- “Иброҳимбой ва Орифжонбой” жоме масжиди. (Олмазор тумани, «Гузар боши» маҳалласи, Ҳуррият кўчаси 23-уй. Тел. :+ 90 935-56-38, +97 719-10-30)
Имом-хатиб: Холмирзаев Элмурод
Қорилар: Матёқубов Исмоил, Аъзамжонов Абдулҳафиз, Анваров Элёрбек
- “Носирхон”жоме масжиди. (Чилонзор тумани, катта Дўмбирабод маҳалласи, Наққошлик кўчаси, 56-уй. Тел:+71 279 72 54, +97 477-14-62)
Имом-хатиб: Уразимбетов Худоёр
Қорилар: Тожиддинов Ҳабибуллоҳ, Нематов Сулаймон, Шодиев Юсуф
- “Собитхон ҳожи” жоме масжиди. (Чилонзор тумани, Ҳ.Қодирий 3-тор кўчаси 19-уй. Тел: +98 367-08-78, +90 316-61-00)
Имом-хатиб: Рустамов Эргаш
Қорилар: Юсупов Носирхон, Жалолхонов Музаффархон
- “Қатортол” масжиди. (Манзил: Чилонзор тумани, Машраб 1-тор кўчаси, 2а-уй. Тел. : +71 216-14-18, 90.993-16-68)
Имом-хатиб: Орзиев Ҳамидуллоҳ
Қори: Холиқов Мансур, Қамбаров Иқболжон
- “Ҳасанхон қори ” жоме масжиди. (Чилонзор тумани, Оқтепа майдони, Лутфий кўчаси 25а-уй. Тел: +71 278 57 84, +90 937-23-40, 90 904-19-28)
Имом-хатиб: Маҳкамов Зикруллоҳ
Қорилар: Турсунов Аббос, Бабажанов Отабек, Ғофуров Рустамжон
- “Чўпон ота”жоме масжиди. (Учтепа тумани, Кўҳна Чўпон ота маҳалласи 13-мавзе. Тел.:+998 71 275 25 31, +90 999-42-34, 95.197-94-45)
Имом-хатиб: Боймуродов Қувондиқ
Қорилар: Азимбоев Валихон, Зоҳидхонов Абдулборийхон
- “Доруссалом” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Ўзбекистон маҳалласи Қушқўнди кўчаси 8-уй. Тел.: +94 644-11-66)
Имом-хатиб: Абдуқодиров Муҳаммадраҳим
Қорилар: Рузиев Шаҳбоз, Каримбердиев Ғовсиддин, Хусниддинов Ниъматуллоҳ
- “Имом Ҳасан” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани,Ибн Сино 2-мавзеси, “Шодлик” маҳалласи, 2а-уй. +998 71 218 63 57, +94 631-11-22)
Имом-хатиб: Даминов Маҳмуд
Қори: Юсупов Иноятуллоҳ, Махмудхонов Мухаммад Исохон, Валиев Абдулазиз
- “Султон ҳожи” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Шофайзи маҳалласи, Учқўрғон 1-тор кўчаси 2-уй. Тел.:+998 90 941-96-64)
Имом-хатиб: Раҳимов Абдуллоҳ
Қорилар: Охунжонов Абдулҳай, Қосимов Умар, Нурмаматов Шермуҳаммад
11. “Яҳё қори” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани,“Обиназир” маҳалласи, Шомаҳмудов кўчаси 50-уй. Тел.:+90 949-25-93)
Имом-хатиб: Умуртоев Дилшодбек
Қорилар: Қосим Абдуллоҳ, Тўлаганов Хожи Акбар, Норимов Хусниддин
12. “Мунаввар қори” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Илғор маҳалласи, Алоқа кўчаси 30-уй. Тел.: +998 71 242 01 32, 99.890-25-55)
Имом-хатиб: Муллабоев Абдулқодир
Қорилар: Ташмухаммедов Баходир, Турғунбоев Абдулло, Хакимжонов Мухаммад
13. “Ҳасанбой” жоме масжиди. (Юнусобод тумани, Ориф Соипов кўчаси 10 уй. Тел. :+998 71 224 70 89, +90 920-63-43, +95 194-19-78)
Имом-хатиб: Усмонов Абудуманнон
Қорилар: Муталибжонов Мухаммадаюб, Ҳусанов Қодир
14. “Қуддуси шариф”жоме масжиди. (Сергели тумани, Қипчоқ кўчаси 66-уй. Тел.: +998 71 257 40 66, 90.952-28-87)
Имом-хатиб: Мўминов Нўмон
Қорилар: Иноғамов Ислом, Ҳасанов Улуғбек
15. “Ҳазрати Али” жоме масжиди. (Учтепа тумани, Назарбек кўчаси, 32-уй. 79, 20, 114, 87 автобусларнинг “Чевар” бекати. Тел.:+71 274-71-11, +97 732-48-48)
Имом-хатиб: Шарифов Салоҳиддин
Қорилар: Хамидхўжаев Нурмуҳаммад, Обидов Аббосхон, Иззатиллаев Файзулло
16. “Абдуллоҳ ибн Ҳузофа”жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Эски жар ариқ маҳалласи, Кўксарой кўчаси 32а-уй. Тел.: +71 218 02 35)
Имом-хатиб: Рустамжонов Абдуллатиф
Қорилар: Жалилов Аббосқори, Аҳмадов Ҳабибуллоҳ
Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг, азизлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими