muslim.uz
Рамазон фазилати (Азизхўжа домла Иноятов)
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг рамазон ҳақида айтганлари
Танловга!
Рамазон – Аллоҳнинг ойи
Рамазон Аллоҳнинг улуғ неъмати. Албатта бирор нарсанинг ҳақиқий қадрини руҳонияти моддий оламдан юқори ҳамда ризо ва яқинлик оламига талпинган кишигина билади. Раҳмат ва мағфират ёмғиридан, эҳсон ва яхшилик шамолидан нималар рўй беришини уни тушунган, ҳис қилган одамгина англаб етади. Шунинг учун Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ҳилолини кўрганларида дуони кўп қилар эдилар: “Аллоҳим, бизларга ражаб ва шаъбонни барокатли қилгин ҳамда рамазонга етказгин!” [1]
Бу муборак ойнинг ташриф буюришини катта завқу шавқ билан кутар, унинг ҳақиқий маъносини, Аллоҳнинг ойи эканлигини яхши билар эдилар.
Бизнинг зоҳирий кўзларимиз рамазонни фақат кундузи рўзадор, кечалари қоим бўлиш деб билади. Лекин ҳақиқат бундан олийдир. У Аллоҳнинг ойидир. Аллоҳ таоло бу ойда бандаларини Ўзига яқин бўлиш, моддият кишанларидан халос бўлиш, руҳиятимиз тақозо қилган қилган амаллардан куну тун бизларни чалғитиб қўйган дунёвий ишлардан қутулиш каби неъматлар ила икром қилади.
Инсон нима учун яратилган?
Зарият сурасида айтилганидек: “Жин ва инсонларни фақатгина Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим” (56). Ушбу оят очиқдан-очиқ инсоннинг яратилиш сабаби уни яратган Роббга ибодат қилиши эканлигини кўрсатиб бермоқда.
Тўғри, фаришталар ҳам ибодат қиладилар. Лекин уларнинг хилқатлари ва табиатлари фақат ибодатга хосланган, унга зид келувчи нарсалардан холидир.
Инсоннинг фитрати эса мураккаб – бошқа нарсалардан ҳам таркиб топгандир. Ўзи ва ибодатига халқит берадиган ҳавойи нафси, қийинчиликлар, маъсият ва гуноҳга ундаб турувчи ишлар, тирикчилик учун қиладиган ҳаракатлари билан бир қаторда ибодатга мукаллаф – буюрилгандир. Шунча ишлардан ибодатни афзал билиши, устун қўйиши уни малоикалардан ҳам юқори қилади.
Ибодат икки қисмдир
Ибодатнинг икки қисмини кўпчилик нотўғри тушунгани боис, ўзича талқин қилади.
Ибодат аслида икки қисмдир:
- Воситасиз, асли ўзи бўлган ибодат. Яъни фақат ибодат учун хосланган, шунинг учун жорий қилинган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун бандалик ва хорликни юзага чиқариш учун қоим қилинган ишлар. Масалан, намоз, рўза ва ҳаж кабилар.
- Бошқалар сабабидан ибодатга айланадиган ишлар. Яъни, бунда асл мақсад бандаликни рўёбга чиқариш бўлмайди. Лекин бирор ҳожат ва дунёвий мақсадлар ила бу ишларни амалга оширувчи шариат чегараларига риоя қилса, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашса ҳамда қилаётган ишидан Аллоҳ таолонинг розилигини кўзласа – барча ишлари ибодатга айланиб, ажрга эга бўлади. Масалан, ҳалол касб. Одатда инсон ўзи ва аҳлининг ҳожатлари юзасидан ҳалол касб қилади. Аммо, ўша ҳалол касбни ҳам ўзи ва аҳлининг шаръий ҳақлари деган ниятда амалга оширса, қилинган тўғри ният ишларини ибодатга айлантириб юборади.
Биринчи қисм афзал ва олийдир. Шариат уни иккинчи қисм билан тўқнаш келган ҳолатларда тарк қилишга изн бермаган. Мисол учун, бир табиб ёки шифокор халқни даволаш учун хизмат қилади. У халқни даволагани, уларга хизмат қилиши, муҳим иш билан банд бўлгани – асли ўзи ибодат бўлмиш намозни тарк қилишига, уни кечиктиришига сабаб бўлолмайди, узр ўрнига ўтмайди.
Инсон ибодат ва дунё орасида бўлади
Инсон турли машғулотлар ва қийинчиликлар орасида туриб ҳам ибодат қила олиши ила синалади. Аслида биз ибодат учунгина яратилганмиз. Аллоҳ таоло бизнинг нафсларимзни жаннат эвазига сотиб олган, шу боис ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасини ибодатга хослаб қўйса ҳам бўларди, лекин У Зот бизларга раҳм қилиб, ҳам ибодат, ҳам касбу корни ёнма-ён амалга оширишга рухсат берди. Агар зироат ва тижорат билан шуғалланиб, ўзини Яратган Робб борлигини унутса, бебаҳо жаннат эвазига нафсини сотиб олган Молик борлигини ёддан чиқарса, ўзининг Аллоҳ олдидаги вожиблари, аҳду паймонларига риоя этмаса – дунёси ибодатларидан устун келган бўлади.
Рамазон Аллоҳга яқин бўлиш ойи
Ибодатларнинг табиати инсонларни Аллоҳга яқин қилиш бўлса, дунёвий ишлар эса – агар шаръий ҳақларга риоя этилмаса, - руҳоният оламидан узоқ қилади, маъсиятларга олиб боради. Ўн бир ой инсонни моддий ҳаёт Аллоҳга бўлган яқинлигини заифлаштиради. Аллоҳ таоло ўзнинг меҳрибончилигидан рамазонни тушириб, уни “шаҳруллоҳ” деган. Ибодат, қурбат ойи деб белгилаган. Инсонни яна Ўзига боғланишга, хиралашган қалбини сайқаллашга фурсат қилиб қўйган. Бошқа ибодатларга қараганда рўзани юқоридаги мақсадларни амалга оширишда етакчи дея эълон қилган. Рамазоннинг барча лаҳзаси, фурсати ва онларини тоат ва ибодатга айлантирган.
Муборак меҳмонни қандай қарши оламиз?
Отам роҳимаҳуллоҳ айтар эдилар: “Муборак ойни кутиб олишнинг энг яхши йўли – у келишидан аввал эътиборинг ва ишларингни унга мослашингдир. Яъни қиладиган ишларингни рамазонда тарк қилишинг ёхуд ундан кейинга суришинг керакки, сен рамазоннинг барчасини ибодат ила ўтказишга эриш”.
Ким ишхонасидан рамазон учун йиллик таътилни олишга имкон қилса, таътил сўрасин, агар бунга қодир бўлмаса, ҳар бир лаҳзаси ва вақтларини биринчи қисм бўлмиш ибодатга хослаш учун тартибга солсин, режалаштириб қўйсин.
Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир соатлари, ҳаётлари ибодат, тақво, нафсни тарбиялаш, даъват, ҳамда Аллоҳнинг динини тарқатиш йўлида курашлар билан ўтган бўлсада, у зотни ибодатга ажраб чиқишга буюрган!
Бу ойда инсонни турли-туман дунёвий ишлари, халқнинг хизмати сабабидан ибодатдан чалғитувчи шайтонга бирор йўл қолдирилмаган. Кимнинг ҳаёти Набий саллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, ибодатларига ўхшайди?!
Биз айтган мақсадларни рўёбга чиқариш учун рамазон ойида қуйидаги ишларни амалга оширишимиз лозим:
- Намозларни кўпайтириш. У мўминнинг меърожи ва Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари қувончи бўлиб, инсонни айниқса сажда ҳолида Аллоҳга яқин қилади. Қирқ кун таровеҳ намозларида мўмин бахтиёр бўлади.
- Қуръон тиловати кўп қилиш. Намоз ва рўза билан бир қаторда қандай қилиб Қуръони карим тура олмасин? Ахир у рамазон ойи билан боғлиқ-ку. Шу ойда нозил бўлган. Жаброил алайҳис салом рамазон ойида Пайғамбаримизга Қуръонни талқин қилган, ундан таълим берган. Бошқа ойларга қараганда салафи солиҳларимиз унинг тиловатини кўп қилганлар. Ривоят қилинишича Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бу ойда ҳар куни икки маротаба – кечаси ва кундузи хатм қилар, бундан ташқари таровеҳда ҳам бир хатм қилар эдилар. Натижада бир ойда 61 та хатм бўлар эди.
- Нафл намозларини ўқиш. Одатда ўқиёлмайдиган нафл намозларимиз учун рамазон ойи осон йўлдир. Масалан, саҳарликка эрта уйғонсак, таҳажжуд, бундан ташқари кундузи зуҳо, шомдан кейин аввобин намозларини адо қилишимиз мумкин бўлади.
- Нафл садақалар қилиш. Бу ой саховат, яхшилик, кенгчилик ва мурувват ойидир. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам рамазонда эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлар эдилар. Сўрганга берар, фақирга ато қилар, уларни ноумид қўймасдилар.
- Зикрни кўпайтириш. Бу ойда хоҳ юрган, хоҳ турган, хоҳ ёнбошлаган, хоҳ бирор ишга уннаган, бажараётган бўлсакда, тилимиз Аллоҳга тасбеҳ, таҳлил, “ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, истиғфор ва саловат ила хўл бўлиши нақадар яхши.
- Дуода бўлиш. Рамазон яхшилик ва барака ойидир. Қабул ва ижобат шамоли эсиб туради. Раҳмат ва мағфират булутлари кезиб юради. Ал-Малик Ас-Сомад зот нидо қилур: “Истиғфор айтгувчи борми, уни мағфират қиламан. Сўровчи борми, сўрагани бераман”. Афсус, Аллоҳга муҳтож банда ғафлатда қолади. Мавлойингиз Аллоҳ таолодан кечаси, кундузи, тонгда, тунда сўранг. Сиздан саховат ва карамини дариғ тутмагай. Гуноҳингизни кечиргай, сўрганингизни бергай. Қандай қилиб Малик зотнинг нидосига “лаббай” деган бандага сўраганини бермасин, албатта бергай!
Муршидим Шайх Орифий роҳимаҳуллоҳ бунинг маъносини ниҳоятда чуқур англаган инсон эди: Аср намозидан сўнг масжидда қолар, бироз тиловат ва тасбеҳ қилиб, то қуёш ботиб, ифтор маҳали келгунича Аллоҳга дуо қилишдан тўхтамас эди. Келинг, биз ҳам дуо ва сўрашга юзланайлик. Ўзимиз, яқинларимиз, умматимиз ва диёрларимиз учун барчамиз бирга дуо қилайлик!
“Мақолатул Усманий” китобидан Н.Саидакбарова таржимаси
[1]“ Муснади Баззор”
Рамазондан кейин...
Рамазон ойида ҳаммамиз тақводор бўлишга уринамиз. Намоз ўқиш, садақа бериш, етимлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишга интилиб, қариндошлар билан борди-келдини кучайтирамиз. Оила, фарзандларга кўпроқ эътибор берилади.
Аммо Рамазон ойидан кейин баъзи кишилар бу улуғ ойдаги тақволарини ушлаб қололмай, Рамазондан олдинги хатоларини яна давом эттираётганлари кўзга ташланиб қолади.
Хўш, биз Рамазон ойидаги руҳий ҳолатимизни, ибодатларга бўлган интилишимизни бу ойдан кейин ҳам давом эттиришимиз учун нима қилишимиз керак?
Жавоби оддий: биз тақволи бўлишга фақат Рамазон ойида эмас, балки бутун умримиз давомида буюрилганимизни унутмасак ва шунга кўра ҳаракат қилсак бўлди.
Аллоҳ таоло бизни фақат Рамазонда эмас, балки доим кузатиб туради. Амалларимизни доим ҳисоб-китоб қилиб боради.
Намоз доим фарз. Закот доим фарз. Солиҳ амалларни қилиш ва гуноҳлардан тийилиш биздан доим матлубдир. Ота-она зиёрати, силаи раҳм, яхши қўшничилик, намозларни масжидда жамоат билан адо этиш доим муҳимдир. Рамазонда астойдил уриниб қиладиган солиҳ амалларимизни, аслида, доим қилиб юришга буюрилганмиз. Фаришталар бизнинг амалларимизни вафот этгунимизча ёзиб боришади. Эҳсон, инфоқ, мурувват ҳамиша қилиниши керак. Аллоҳ таоло солиҳ амалларимизга ҳамма вақт савоб беради. Хато ва маъсиятларимиз ҳамиша гуноҳ деб ёзиб борилади. Биз гуноҳдан умримиз охиригача четда бўлишимиз керак.
Аллоҳ таоло бизни умр бўйи тақво қилишга амр этган. Шу амрида бардавом бўлишимизни, Рамазондан кейин ҳам Рамазон ойи шукуҳида, охиратга тайёргарлик кўрувчи инсон бўлиб юришимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Иминжонов
Хайрия ишлари давом этмоқда
Самарқанд шаҳар “Дамариқ” жоме масжиди имом-хатиби Кимёгарлар қўрғонида жойлашган 61-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабга ташриф буюрди. “Вақф” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали ва ҳомийлар кўмагида мактаб тарбияланувчилари учун озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди. Махсус мактабда ташкил этилган тадбирда имом-хатиб Абдуманнонов Нурсултонхон сўзга чиқиб, илм ва унинг фазилатлари ҳақида гапириб, юртимиз азал-азалдан дунёга устоз бўлган уламолари билан машҳур бўлгани, ёшларимиз ҳам улуғ аждодларига муносиб ворис бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари масжид жамоаси Рамазон ойи давомида бир қанча боқувчисини йўқотган, эътиборга муҳтож оилалар, ногирон ва кексалар хонадонларини йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Уларга уй жиҳоз воситалари ва зарурий озиқ-овқат махсулотлари ҳадя қилинди. Ушбу қилинган хайр-эҳсонларнинг миқдори жами 4 000 000 сўмни ташкил этади.
Динимизда инсон шаъни, қадр-қиммати азиздир. Кўнгли ярим, меҳрга мухтожларнинг дуоси саодат калити ҳисобланади. Кундан-кунга обод бўлиб бораётган юртимизда ҳеч ким меҳр-мурувватдан четда қолмайди. Саховатли инсонларнинг эҳсонларини Аллоҳ таоло зиёд қилиб номаи аъмолларига ато этсин!
Манба: http://sammuslim.uz
48 нафар оила қуриш арафасидаги ёшларга исломда эр-хотиннинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида тушунтириш берилди
Динимизда оила қуриш, уни фароҳғат ва бахт қўрғони сифатида мустаҳкам сақлашга катта эътибор қаратилади. Бу борада шариат оила аъзоларига маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларни юклайди. Зиммаларидаги ҳақларини муқаддас билиб, уларга амал қилган эркак ва аёл жамиятда гўзал намуна бўлиб, охиратда саодат топувчилардан бўладилар.
Афсуски, ҳозирда бузилаётган оилаларнинг аксарияти унинг аъзоларнинг асл ҳақ ва мажбуриятларини билмаслиги, билсада, амал қилмаслиги, қўйингки, жоҳиллиги сабаб бўлади.
Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Аҳмедов тумандаги “Оила маркази”да 48 нафар оила қуриш арафасида бўлган ёшлар билан “Оила-муқаддас даргоҳ” мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Имом домла ёшларга динимизда оиланинг муқаддаслиги, масъулияти никоҳнинг муқаддаслиги исломда эр ва аёлнинг муштарак ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида зарурий билимларни берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими