www.muslimuz

www.muslimuz

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юртимиз қорилари қарийб барча халқаро Қуръон мусобақаларида фаол қатнашиб келмоқдалар.

2019 йилнинг 15-20 апрель кунлари Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган 61-халқаро қорилар мусобақасида юртимиздан икки нафар қорилари иштирок этди.

16 апрель куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси М.Сайдалиева, 17 апрель куни эса “Саййид Муҳйиддин махдум” ЎМИБЮ талабаси У.Исаков мусобақада ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Мусобақа ташкилий қўмитасининг берган маълумотига кўра, бугун Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилаётган мусобақа иштирокчиларга дипломларни топшириш маросими бўлиб ўтади.

Мусобақа натижалари бугун Тошкент вақти билан соат 17:00 да эълон қилиниши маълум бўлди. Аллоҳдан иштирокчиларимизга зафарлар тилаб, уларнинг ҳаққига дуода бўлишингизни сўраб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро мусобақада 71 давлатдан жами 107 та қори ва қориялар иштирок этди.

Яна бир ҳамюртимиз ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов 10-18 апрель кунлари Ал-Қувайт шаҳрида бўлиб ўтадиган 10-халқаро Қуръон мусобақасининг тиловат йўналиши бўйича иштирок этди. Зафар қори Маҳмудов 160 та қори иштирок этган Қуръон мусобақасида фахрли ўнталикдан ўрин олишга муваффақ бўлди.

Шунингдек, ўзбек қорилари Эрон Ислом республикасида бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасида ҳам фаол қатнашганлар. Мусобақаларда қатнашаётган барча қориларимизга Аллоҳдан илмларини янада зиёда қилишини сўраб қоламиз.

 

Манба: Islom.uz 

 

Аввал хабар берганимиздек, ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов 10-18 апрель кунлари Ал-Кувайт шаҳрида бўлиб ўтадиган 10-халқаро Қуръон мусобақасида тиловат йўналиши бўйича иштирок этиш учун Кувайт давлатига жўнаб кетган эди.

11 апрель куни Зафар қори Маҳмудов 1-босчиқдан муваффақиятли ўтгач, қуръа натижаларига кўра, биринчи бўлиб тиловат йўналиши баҳсларини бошлаб берган эди.

Кеча 18 апрель куни қизғин ўтган мусобақа ўз ниҳоясига етди ва якунга кўра институтимиз ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов 80 та давлатдан иштирок этган 160 та қорилар орасида фахрли ўнталикка кириб мусобақани муваффақиятли якунлади.

10-халқаро Қуръон мусобақасида 1-ўринни нигериялик қори қўлга киритди, 2-ўрин жазоирлик қорига насиб этди, 3-ўринга сомалилик қори муносиб топилган бўлса, тўртинчи ўринни суданлик қори эгаллади.

Кувайтдаги ушбу 10-халқаро Қуръон мусобақаси ҳифз, тиловат йўналишида ва бу йилдан бошлаб ёш, ўсмир қорилар ўртасида ўтказилди.

Эътиборли томони, Зафар қори Маҳмудов 2011 йили Саудия Арабистонида бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасида ҳам муносиб иштирок этган эди.

Манба: Islaminstitut.uz
Четверг, 18 Апрель 2019 00:00

Зиёратда ширкдан сақланайлик!

Шу кунларда Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амаллар акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётгани кузатилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан зиёратгоҳлардаги  ширк амаллардан сақланиш борасида аниқ кўрсатма ва фатволар эълон қилинган.

Дарҳақиқат, Ислом – тавҳидга асосланган дин. Аллоҳ таолонинг ягоналигига, барча яхшилик ва ёмонлик фақат Унинг иродаси билан бўлишига имон келтириш имоннинг асосий шарти ҳисобланади.

Мусулмон киши ўзининг имон-эътиқодига асосан барча ҳожатларини фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

“...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).

Аллоҳ таоло ҳожатни ёлғиз Ўзидан сўраш кераклигини ана шу ва бошқа кўплаб ояти карималарида очиқ-ойдин маълум қилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У зотнинг меросхўрлари бўлган уламолар инсон эҳтиёжини фақат Аллоҳ таолодан сўраш лозимлиги ҳақида таълимот берганлар. Афсуски, кўп йиллардан бери айрим кишилар билимсизлиги дейсизми, жоҳиллиги сабаб бўлибми, Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари зиёратгоҳи ҳудудидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амалларни қилиб келмоқдалар.

Қуръони каримда:

“Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо, 116).

Бугунги кунда кўплаб зиёратгоҳларда ана шундай бидъат ва ширк амалларига кўзингиз тушади. У ерлардаги нарса ва буюмлардан фарзанд, бахт, бойлик ва ҳоказоларни сўраш нодонлик ва улкан гуноҳдир.

Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қадимий дарахт ҳам инсонларнинг йўлдан озишларига, ширк амалларга қўл уришларига сабаб бўлмоқда. Зиёратга келганлар ўша дарахтни силаб, юз-кўзларини суртиб, атрофини айланиб, турли нарсаларни сўрашаётгани кузатилмоқда. Ахир аллақачон қуриб қолган, биттагина барг чиқаришга ҳам мажоли етмаётган дарахт инсонга қандай қилиб фойда келтириши мумкин?!

Бундан бир неча йил аввал мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги ҳақида”ги фатвоси ҳам эълон қилинган ҳамда тушунтириш ишларини олиб борилган эди. Шунингдек, зиёратгоҳларга Ислом ақидаси ва шариатида кўрсатилган зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар қўйилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Аллоҳ таолога ширк бўлган бундай амалларнинг давом этаётганидан жиддий ташвишда. Негаки, Аллоҳ таолони қўйиб, дарахтдан ҳожат истаган банда Аллоҳ таолонинг қаҳрини келтиради. Натижада ҳожати раво бўлиш у ёқда турсин, боши ташвишу ғамдан, мусибату балолардан чиқмай қолади. Диний идора уламолари ана шундан хавотирга тушиб зиёратчилардан ушбу ширк амални қилмаслик ҳамда зиёратгоҳ масъулларидан ушбу қадимий дарахт ҳақида тўғри тушунча беришни жорий этди.