muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистони Подшоҳлигининг (САП) Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази директори доктор Мажид Ат-Туркий билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Учрашувда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда «Моварауннаҳр уламоларининг қаламига мансуб қўлёзма асарларининг Саудия Арабистони Подшоҳлиги қўлёзмалар фондида сақланиши ва тадқиқ этилиши» мавзусида онлайн-видеоконференция ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маълум қилинди.

Мажид Ат-Туркий мазкур тадбирни ўтказиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлади ва унга тайёргарлик кўриш, жумладан, Саудиянинг етакчи фан арбоблари ва мутахассисларини жалб этишини билдирди.

САП маркази директорига кўра, Подшоҳ Сауд университети қошида Кутубхоналар ишлари фонди мавжуд. Мазкур фонднинг собиқ мудири Муҳаммад Аз-Зийрий 1990 йилларда ушбу фонд фаолияти доирасида Марказий Осиёдаги қўлёзмалар фондлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳозирги босқичда қўлёзмаларни ўрганиш йўналишида ҳаракатларни фаоллаштириш мақсадида Макка шаҳридаги Уммул-Қуро, Мадина ва ар-Риёд шаҳарларидаги университетлар билан фаол ҳамкорлик қилинмоқда.

Бундан ташқари, доктор Ат-Туркий Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги бошқа тегишли ташкилотлар билан илмий-маърифий ва маданий соҳада ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида САП маркази ва Ўзбекистоннинг тегишли муассаса ҳамда марказлари билан биргаликда мунтазам тарзда онлайн шаклдаги семинар ва “давра суҳбат”ларини ўтказишга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

  1. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат эшикларидан бири.

ألا أدلك على باب من أبواب الجنة قال: وما هو؟ قال: لا حول ولا قوة إلا بالله

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени жаннат эшикларидан бир эшикка далолат қилайинми?” дедилар. Мен: “У нима?” деб сўрадим. Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар" (Имом Табароний ривояти).

 

  1. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат хазиналаридан бири.

قل: لا حول ولا قوة إلا بالله فإنها كنز من كنوز الجنة

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтгин. Албатта, у жаннат хазиналаридан биридир", дедилар" (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – жаннат кўчати.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

 

 

  1. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – 99 дардга шифо бўлади.

مَنْ قَالَ لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ كَانَتْ دَوَاءٌ مِنْ تِسْعَةٍ وَتِسْعِينَ دَاءٍأَيْسَرُهَا الْهَمُّ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир", дедилар (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).

 

  1. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – фақирликни даф қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас", дедилар (Ибн Абу Дунё ривояти).

 

  1. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – неъматларнинг бардавом бўлишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимга Аллоҳ неъмат берса-ю, у бу неъматнинг ўзида давомийлигини истаса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни кўп айтсин", деганлар (Имом Табароний ривояти).

 

  1. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ – бало-мусибатлардан халос этади.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?" дедилар. "Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ", дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қийин аҳволга тушиб қолсанг, "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъалиййил ъазийм", деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади», дедилар.

Молик Ашжаъийнинг ўғли асирга тушиб қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга одам юбориб "Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ"ни кўп айтишни буюрганлар. Натижада ўғли асирликдан халос бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўз тажрибаларида "Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллаҳ"ни айтиш билан мушкуллари осон, бало-офатлари даф бўлишини кўп синаб кўрганлар.

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: "Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ" калимасини кўп айтсин”.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, “B2B” учрашувларни ташкил қилиш ва зиёрат туризми йўналишидаги имкониятларни хорижий мамлакатлардаги ҳамкорларга етказишни мақсад қилган.

Шу муносабат билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 2021 йилнинг 30 мартидан 3 апрелига қадар Ўзбекистонинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ва консулликлари билан ҳамкорликда РФнинг бир неча ҳудудларига, жумладан Чеченистон ва Доғистон республикаларига ташрифларни режалаштирилган.

Uzbektourism.uz хабарига кўра, мазкур ташрифда Ўзбекистон делегацияси таркибида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси, “Uzbekistan Airways” АЖ ва юртимизнинг етакчи туристик компаниялари вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган.

Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини танитиш, Россия ва Ўзбекистоннинг етакчи туристик компаниялари ўртасида B2B учрашувларни ташкил этиш ва бошқа қатор тадбирларда қатнашиш белгиланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четверг, 18 Март 2021 00:00

Шаъбон ойи — ибодат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азиз мўмин мусулмонлар, барчангизни муборак Шаъбон ойи — ибодат ойи билан табриклаймиз!

Исломда фазилатли ойлардан бири бу — Шаъбондир.

Олимлардан бири шундай деган: «Ражаб ойи баданни, Шаъбон ойи қалбни, Рамазон ойи эса руҳни тозалайди. Агар Ражаб ойида бадан, Шаъбон ойида қалб тозаланмаса, Рамазон ойида руҳ қандай тозаланади?

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойнинг кўпроғини рўза тутиш билан ўтказардилар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойидан бошқа ойда тўла рўза тутганларини кўрмаганман. Бошқа ойларда Шаъбондан кўра кўпроқ рўза тутганларини кўрмаганман».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дедим: «Эй Аллоҳнинг Расули, бошқа бирор ойда Шаъбончалик кўп рўза тутганингизни кўрмаганман?».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одамлар Ражаб ва Рамазон ойлари орасидаги ушбу ой — Шаъбондан ғофил бўлиб қоладилар. Бу шундай ойдирки, унда бандаларнинг амаллари оламлар Парвардигори ҳузурига олиб чиқилади. Мени ҳам амалларим Аллоҳнинг ҳузурига олиб чиқилганда рўзадор бўлишни яхши кўраман».

Абу Довуд, Насоий, Ибн Хузайма ривояти.

Шаъбон — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ойлари ҳисобланади.

Ушбу ой ҳақида Аллоҳнинг Расули: «Шаъбон ойи менинг ойимдир», деганлар.

Умму Салама розияллоҳу анҳо:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқада икки ой кетма-кет рўза тутганларини кўрмадим», дедилар».

Термизий яхши санад билан ривоят қилган.

Шаъбон ва Рамазон ойлари кетма-кет келиши маълум, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шу икки ойнинг рўзасини тутган эканлар. Бундан ҳам Шаъбон ойи рўзасининг фазилатли эканлигини билиб оламиз.

Шаъбон ойида ибодат қилган, рўза тутган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтган, умуман ушбу ойнинг барча амалларини бажарган бандаларга улуғ мукофотлар ваъда қилинган. Бу ҳақда ҳадиси қуддисийда Аллоҳ таоло ишорат қилиб: «Қаранг, кўринг, менинг қулларим Расулимнинг ойи бўлмиш Шаъбон ойига қандай ҳурмат ва эътибор кўрсатяптилар. Жалолим ҳаққи, мен ҳам уларни авф этдим».

Роббимиз барчамизга Шаъбон ойини муносиб ўтказишимизга ёрдам берсин ва Рамазонга ҳам чиройли, гуноҳлардан пок ҳолатда етказсин!

Манба:

«Ҳадис ва Ҳаёт» китоби.

«Ҳижрий 1442» тақвим.

Хуршид Маъруф тайёрлади

Бугун, 17 март куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Халқаро илмий ҳайъатнинг дастлабки илмий мажлиси онлайн тарзда ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза билан иштирок этди.

Халқаро ҳайъат йиғилишида Ал-Азҳар Ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяд, Россия ислом университети ректори, Академик Рафик Мухаметшин, Босния собиқ муфтийси, Бутунжаҳон боснияликлар конгресси президенти, фалсафа фанлари доктори Мустафа Черич, Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори Ҳамза Бакрий сингари нуфузли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари қатнашди.

Шунингдек, Миср, Иордания, Туркия, Германия, Босния ва Герцеговина, Россия, Афғонистон, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан 30 дан зиёд илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари ва соҳа вакиллари ҳам иштирок этди.

Йиғилиш иштирокчилари мотуридийлик таълимотини ўрганиш, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиш, жумладан, Марказ фаолиятига хорижий грантларни жалб этиш, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия низомининг муҳокамаси, аллома ва унинг таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхасини Марказ кутубхонаси ва электрон платформасида жамлаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Халқаро ҳайъат иштирокчилари томонидан Имом Мотуридий ва унинг издошлари асарлари бўйича ягона электрон платформа яратиш таклифи улкан ташаббус сифатида баҳоланди. Хусусан, Мисрнинг ал-Азҳар университети доктори, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими Аҳмад Саъд Даманҳури мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг асл ва электрон нусхаларини Марказ кутубхонасида жамлаш ва уларнинг электрон платформасини яратиш ташаббусини соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган олимлари ва мутахассислар учун долзарб аҳамиятга эга деб, таъкидлади.

Шунингдек, бугунги кунга қадар мотуридийлик таълимотига оид мингдан (1000) зиёд араб, турк, немис ва инглиз тиллардаги қўлёзма ва замонавий нашрлар аниқлангани иштирокчилар томонидан юксак баҳоланди.
Ташкилотчилар ва қатнашчиларга миннатдорлик билдираман, – дейди Камалуддин Мержуни Малайзия ислом илмлари университети профессори. – Жануби шарқий Осиёда мотуридийлик таълимотига катта эҳтиёж бор. Хусусан, унинг ақидавий таълимотини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Мотуридий меросини малай тилига таржима қилиш таклифини билдираман.

Халқаро ҳайъат аъзолари келгусида илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳайъат йиғилишини тез-тез ўтказиб боришга келишиб олишди.

Маълумот учун, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини халқаро миқёсда ёйиш учун жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳада илмий изланишлар олиб бораётган жаҳоннинг етук олим ва мутахассислари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий-маънавий мероси ва мотуридийлик таълимотини халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида Марказнинг Халқаро илмий ҳайъати тузилган.
Халқаро илмий ҳайъати таркиби 20 дан зиёд маҳаллий ва халқаро миқёсдаги олимлардан ташкил топган. Унинг раиси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси аъзоси, Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси Усмонхон Алимов ҳисобланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top