muslimuz

muslimuz

Cавол: Қабристонга борганда тик туриб Қуръон ўқиш ва дуо қилиш керакми. Ўтириб қироат қилса, макруҳ бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Фиқҳий манбаларимизда қабрларни зиёрат қилганда туриб дуо қилиш суннатлиги, лекин ўтириб дуо қилиш ҳам жоизлиги айтилган. Қуръон тиловатида эса ўтириш афзал экани баён қилинган.

Жумладан, “Раддул муҳтор” китобининг “Қабрларни зиёрат қилиш” бобида бундай келади: Раддул муҳтор китобида айтилади: Фатҳул Қадир китобида: Қабрларни тик туриб зиёрат қилиш ва қабр ёнида тик туриб дуо қилиш суннатдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Бақиъ қабристонини зиёрат қилганда шундай қилганлар, дейилган.

“Кейин тик туриб узоқ дуо қилади, агар ўтирса, маййит тириклигида қандай масофада ўтирган бўлса, ўшанча масофада ўтиради”.

Яна бундай дейилади: “Қабр ёнида қориларни ўтирғизиб, Қуръон қироат қилдириш макруҳ эмас. “Нурул изоҳ” китобининг иборасида: “Мухтор қавлга кўра қироат одобларига мувофиқ хотиржамлик ва тадаббур билан, ибрат олган ҳолда тиловат қилиш учун қабр ёнида ўтириш макруҳ эмас”, дейилган (“Раддул муҳтор” китоби, “Қабрларни зиёрат қилиш” боби).

Бу борада “Нурул изоҳ” китобида бундай дейилади: “Мухтор қавлга кўра қироат қилиш мақсадида қабр ёнида ўтириш макруҳ эмас. Қабр тепасида қироатдан бошқа сабаб учун ўтириш макруҳдир”.

Шунингдек, “Фатовои Ҳиндийя” китобида бундай дейилади: “Маййит дафн этилгач, бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда қабр олдида ўтириб, тиловат қилиш ва маййитга дуо қилиш мустаҳабдир”, – дейилган.

Демак, қабристон зиёрати тик туриб қилингани афзал, лекин зиёрат пайтида ўтириш ҳам жоиз, макруҳ эмас.

Диққат қилсак, фақиҳларимизнинг сўзларидан қабристонга борганда Қуръонни ўтириб ўқиш афзаллиги маълум бўлади. Чунки ўтириб қироат қилинганда хотиржамлик, тафаккур, хушуъ ва ибратланиш каби Қуръон тиловатида талаб қилинган одоблар юзага чиқади.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, юқоридаги ҳукмларда афзаллик масаласи ҳақида гап кетади, макруҳлик ёки ҳаромлик масаласи эмас.  Шундай экан бу масалаларда талашиб-тортишиш ва ўзаро низога бориш жоиз эмас. Валлоҳу аълам!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

الإثنين, 05 شباط/فبراير 2024 00:00

Қизил туядан яхшироқ...       

Қадимда Араб халқида қизил туя (حُمُرِالنَّعَمَ) энг қимматли нарсалардан бири ҳисобланган. Шу сабаб улар бир нарса қиймати юқорилигини қизил туяга қиёслаш билан билдирган.

Бир инсон бошқа бировнинг ҳидоят топишига сабаб бўлиши у учун қизил туяга эга бўлишдан яхшироқдир.  

Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий розияллоҳу анҳуга: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилмоғи қизил туядан ҳам яхшироқдир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Дарҳақиқат, бир инсонга тўғри йўл кўрсатиш, бу орқали уни ҳидоят топиши жуда катта савобли ишдир.

Аллоҳ таоло барчамизни мана шундай  савобли ишларга муваффақ қилсин!

     Руҳиддин Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими

Биринчи мақола

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Демак, кишининг Аллоҳ таоло ҳузуридаги ва кишилик жамиятидаги мақомини кўрсатадиган нарса бу унинг чиройли ахлоқи экан.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Шунда у зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ” деб айтдилар. У зотдан яна: “Одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди”. Шунда у зот: “Оғиз ва фарж” деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти).

Демак, инсон ўзини гуноҳлардан тийса, нафсига қул бўлмаса, оғзидан фахш сўзлар чиқмаса, гуноҳ содир этмаса дунёси ва охиратини обод бўлишидан умид қилсин ва шуни ҳаракатида бўлсин.

Хотам Асом нафс тарбияси ҳақида: “Нафсим итимдир (қулимдир), илмим қуролимдир, гуноҳим умидсизлигимдир, шайтон эса душманимдир, нафсимга асло итоат этмайман, уни тепкилаб ҳайдайман” деб ўз даврининг кишиларини доимо нафс тарбияси билан машғул бўлмоқлик, нафс поклигига эътибор қаратиш лозимлигини уқтирган.

Аллоҳ таоло “Шамс” сурасида бундай деган: “Нафс ва (У яратиб) тиклаган зотлар, (инсонлар) билан. Дарвоқе, унга (нафсга) фисқу-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган. (мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур. Ва уни (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (7-10 оятлари).

Нафсини поклаган, Яратганнинг буйруқларини бажаришга сафарбар этган инсон охиратда катта ютуқларга эришади. Бу орқали охиратда катта оловларга кириб кетишидан, ашаддий азобга қолишдан, дунёдаги куфрдан, фитналардан, ширкдан, турли низолардан, гуноҳлардан сақланишига эришади. Бу билан Яратган Роббини розилиги ва Пайғамбаримиз Сарвари Коинот Набий алайҳиссаломнинг шафоатларига муваффақ бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг катта жиҳод нафс тарбияси учун қилинадиган жиҳоддир” деб марҳмат қилганлар. Саҳобалар жиҳоддан қайтганларидан кейин биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик деб нафс тарбияси билан шуғулланишга алоҳида эътибор берганлар. Набий алайҳиссалом нафс тарбияси ва ахлоқни сайқаллаш борасида Қиёматгача келадиган башариятга ўрнак ва намуна бўлганлар. Бу борада керакли тавсия ва кўрсатмаларни берганлар. Дуо қилганларида нафсни тарбиялаш учун ҳам алоҳида дуо қилганлар. Жумладан: “Эй Аллоҳим! Нафсларимизга тақво бер ва уларни пок қил! Сен нафсларни пок қилувчиларнинг энг яхшиси ва унга дўст ва соҳибсан” деб дуо қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Исомиддин АҲРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Кадрлар бўлими мудири

Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консуллигига брайл алифбосида чоп этилган муқаддас Қуръони Карим китобларини тақдим этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. 

Техник-ҳамкорлик ва грантлар асосида қабул қилинган ушбу муборак китоблар Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамиятига тақдим этилиши назарда тутилган. 

Мазкур беғараз ёрдам шаклида берилган китоблар 15 минг АҚШ долларига тенг. 

Брайл алифбосидаги ушбу муқаддас Қуръон китоблари тез кунларда Ўзбекистонга етказилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

الإثنين, 05 شباط/فبراير 2024 00:00

Таъзия билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани "Бобохон ота" жоме масжиди имом-хатиби Нуржон домла Минасиповнинг волидаи муҳтармалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Охират сафарига кузатилган онахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Нуржон домлага ҳамдардлик билдирамиз.

Жаноза намози бугун бугун пешин намозида "Бобохон ота" жоме масжидида адо этилади.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Видеолавҳалар

Top