Ўзбекистон янгиликлари

Косонсойликлар муфтий ҳазрат ташрифларидан мамнун

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчиликларидаги гуруҳ Наманган вилоятида аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқотлар ўтказиб келмоқдалар.
Бугун мутасаддилар Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамроҳлигида Косонсой туманига ташриф буюриб, тумандаги “Дийдор” номли масканда аввал адашиб, ҳозир тўғри йўлга қайтган 100 га яқин фуқаролар билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат ўтказдилар.
Мулоқотда бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона келтириш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан бош мақсад қилиб қўйилганини таъкидладилар. Шунинг учун барча фуқароларнинг саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини етказиш асосий мақсад эканини таъкидладилар. Ҳозирги кунда она юртимизни гуллаб яшнашига барча баробар масъул эканини айтдилар. Шунингдек, Қуръони карим, ҳадиси шариф ва улуғлар ҳикмати билан мазкур фикр-мулоҳазаларини қувватладилар. Эндиликда адашишлик, нотўғри йўлга қадам босиш умуман мумкин эмаслигини таъкидлаб, бу имкониятларни яратиб бераётган Юртбошимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов муҳтарам Президентимизнинг шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида бир қатор муҳим масалалар билан бир қаторда диний-маърифий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, айниқса, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти фаолиятини кенгайтириш, у ерни илм ўчоғига айлантириш, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий билимларини ошириш борасида долзарб вазифалар топширилганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, йиғилганлардан тўй, маърака-маросимларни ихчам ва камчиқим қилиб ўтказиш, ёшларни четга чиқиб кетишларининг олдини олиш борасида ёшларга тушунчалар берилди.
Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар бир мазҳабга эргашиб, жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор буйруқларига итоат ва мана шундай неъматларга муносиб шукроналик бўлишини эканини айтиб ўтди. Вилоят бош имом-хатиби шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар, хусусан, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғояси диний-маърифий соҳада олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг бош ғоясига айлангани, ёшларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш, уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асрашда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Давра суҳбатида турли рўйхатлардан чиқарилган фуқаролар Атабаев Ҳусанбой, Саидисақов Саидбурҳон, Мутавалиев Баҳодирхон, Ахрормирзаев Асқарали сўз олиб, чин юракдан кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, муҳтарам Президентимизнинг юксак ташаббуслари натижасида мана шундай ёруғ, кенгчилик кунларда ҳаёт кечиришаётганини билдиришди. Айниқса, иш топиш, ўқишга кириш ва ўз тадбиркорлигини юритишдаги берилган имкониятлар уларни чексиз мамнун этганини изҳор қилишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 4070 times

Янгиликлар

Top