Мақолалар

Раҳмат ойи келмоқда

Бандаларнинг ҳар икки дунё саодатини кўзлаб рўзани исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматларига меҳр кўрсатиб рўза тутмоқнинг барча сир-асрорлари ила ўрнак бўлиб кетган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга абадул абад салавоту саломлар бўлсин.

Азиз биродарлар! Ўзингизга маълумки кўпчилигимиз ҳар йили рамазону шариф бошимизга соябон бўлиб келганида шу муборак ойнинг фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун рўза ибодати ва унинг аҳкомларини яхшироқ англаб етишга ҳаракат қиламиз. Мана рамазон ойига ҳам саноқли кунлар қолди. Хонадонимизга меҳмон келадиган бўлса, меҳмон учун алоҳида тайёргарлик кўрамиз, тансиқ таомлар тайёрлаймиз. Шундай экан, рамазон ойи келишидан олдин рамазон учун ҳозирлик кўриб, нафл рўзаларни кўпроқ тутиб танамизни ҳам руҳимизни ҳам чиниқтириб боришимиз зарур.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб, “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга рўза фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси,183-оят)

Худосизлар рўзани соғлик учун кони зарар деб эълон қилиб, одамларни мажбурлаб рўзаларини очдиришга ҳаракат қилган пайтлар ҳам бўлди. Энди эса рўза тутиш айнан соғлик учун нихоятда фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ўта зарур омил экани энди ошкор айтилмоқда.

Рўза турли касаликлардан халос этиш билан бирга, киши танасида тўпланиб қолган ортиқча моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ва руҳи енгиллашади. Албатта, рўзанинг биз билгандан кўра билмаган фойдалари жуда ҳам кўп. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким рамазон ойи рўзасини ихлос билан Аллоҳ таолонинг ризолиги учун тутадиган бўлса, Аллоҳ таоло унинг барча гуноҳларини кечиради”, деб марҳамат қилганлар.

Рўза рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакллантириб, мустаҳкамлайди. Ҳар бир мусулмон киши рамазон ойида кўпроқ яхшиликлар қилишга, уришганлар ярашишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аллоҳ таоло бў ойнинг фазилатидан рамазон ойида қилинган яхшиликлар эвазига бир яхшиликка ўн баробардан етти юз баробаргача савоб ёзишини ваъда қилган. Шундай экан, бу ойдан унумли фойдаланиб савоб амаллар дафтаримизни тўлдириб қолайлик.

 

Одилжон ЯЛҒАШЕВ,

“Изомиддин Мударрис” жоме масжиди имом-хатиби

Read 3322 times

Мақолалар

Top