Мақолалар

Мусулмонлар билиши керак бўлган Қуръондаги 30 оят

Аллоҳ таоло Ислом динини юбориши ва Қуръони каримнинг босқичма-босқич нозил бўлиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан мусулмонлар ахлоқ ва одатлари яхшиланди, жамият гуллаб яшнай бошлади.

Қуръонда келган гўзал ахлоқ ва одоблар бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб, улар нафақат мўминлар, балки барча инсоният учун ҳам фойдалидир.

Қуръон мўминларга ва умуман инсониятга нималарни буюради?

  1. Алдаманг: “...ёлғон сўздан йироқ бўлинг” (Ҳаж сураси, 30-оят).

  2. Жосуслик қилманг: “Жосуслик қилманглар” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

  3. Масхара қилманг: “Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

  4. Исроф қилманг: “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма” (Исро сураси, 26-оят).

  5. Камбағалларга таом беринг: “...тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг” (Ҳаж сураси, 36-оят).

  6. Ғийбат қилманг: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

  7. Қасамингизни бузманг: “Қасамларингизни муҳофаза қилинг” (Моида сураси, 89-оят).

  8. Шартномаларга риоя қилинг: “аҳдларини муддатларигача батамом қилинг” (Тавба сураси, 4-оят).

  9. Ёлғон, туҳматни тарқатманг: “Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у (ифк)ни ўзингизга енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир” (Нур сураси, 15-оят).

  10. Бошқалар ҳақида яхши гумонда бўлинг: «У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: “Бу очиқ-ойдин ифк-ку!” десалар бўлмасмиди?!» (Нур сураси, 12-оят).

  11. Ота-онага яхши муносабатда бўлинг: «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят).

  12. Ёмонликка яхшилик билан жавоб беринг: “Сен яхшилик бўлган нарса ила дафъ қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди содиқ дўстдек бўлур” (Фуссилат сураси, 34-оят).

  13. Бошқа дин вакилларини ҳақорат қилманг: “Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз” (Анъом сураси, 108-оят).

  14. Савдода алдаманг: “Ўлчов ва тарозини адолат ила тўлиқ адо этинг” (Анъом сураси, 152-оят).

  15. Ўзингизни мақташдан сақланинг: “...ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир” (Нажм сураси, 32-оят).

  16. Тинчлик таклифига розилик билан жавоб беринг: “Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл” (Анфол сураси, 61-оят).

  17. Саломга яхшироқ жавоб беринг: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг” (Нисо сураси, 86-оят).

  18. Садақаларингизни миннат қилманг: “Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг” (Бақара сураси, 264-оят).

  19. Уришганларни яраштиринг: “Агар мўминлардан икки тоифа уришиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг” (Ҳужурот сураси, 9-оят).

  20. Рухсатсиз бировнинг уйига кирманг: “Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг” (Нур сураси, 27-оят).

  21. Гарчи зиддингизга бўлса ҳам адолат билан гувоҳлик беринг: “...агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг” (Нисо сураси, 135-оят).

  22. Бировнинг молини ёлғон йўл билан еманг: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят).

  23. Аёлингиз билан яхшиликда умр кечиринг: “улар ила яхшиликда яшанг” (Нисо сураси, 19-оят).

  24. Кибрдан сақланинг: “Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма” (Луқмон сураси, 18-оят).

  25. Ўзингиз амал қилмаган нарсага бошқаларни даъват қилманг: “Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми?” (Бақара сураси, 44-оят).

  26. Фосиқлар айтган ҳамма гапга ишонаверманг. “Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

  27. Жоҳилларга эътибор берманг: «Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, “салом”, дейдиганлардир» (Фурқон сураси, 63-оят).

  28. Барчага яхшилик қилинг: “Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар” (Нисо сураси, 36-оят).

  29. Гумонланманг: “Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

  30. Кечиринг ва раҳм қилинг: “...афв қилишингиз тақвога яқиндир. Орангиздаги фазилатни унутманг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчи Зотдир” (Бақара сураси, 237-оят).

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 786 times

Мақолалар

Top