muslim.uz

muslim.uz

Истиклолга эришгач, мамлакатимиз тараккиётидаги барча ўзгариш, янгиланиш ва ютуклар замирида  Асосий Қонунимиз ётади.

Асосий Конунимиз жаҳон меъзонлари талабларига жавоб берибгина қолмай, халқаро миқёсда намуна бўлгулик ҳуқуқий ҳужжат эканини ҳам кўрсатади. Бу мазмундаги эътирофларга ўз-ўзидан сазовор бўлингани йўқ. Чунки бундай даражадаги ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш, қабул қилиш ва унча-мунча тасаввурлардаги ишлардан ҳам масъулиятлироқ ва мураккаброқки, буни англаш учун биринчи Президентимизнинг қуйидаги фикрларини яна бир бора ёдга олиш ўринли: "Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Асосий Қомусимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халкимиз тафаккури ва ижодининг махсулидир".

Мамлакатимиз халқи мураккаб тарихий жараённи бошдан кечирди. Барча қийинчилик, жабр-зулм ва адолатсизликларга қарамай, буюк аждодларининг муносиб авлодлари, жаҳонга довруғи кетган машҳур алломаларнинг конуний ворислари эканини ҳар томонлама исботлади. Аллоҳнинг лутфу карами ила азиз истиқлолга эришди. Нурли келажак сари катта ишонч билан қарамоқда ва улуғ орзуларига етмоқда.

Она диёримизда яшовчи барча халқлар ҳаётида муҳим воқеа бўлган Асосий Қонунимиз қабул қилинди. Маълумки Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам диний, маърифий қадриятларнинг қайта тикланишига ҳам шоҳид бўлмоқдадир.

Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши каби омилларга кўра, инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модданинг йўқлигида, ўйлаймизки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодларимиздан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг хеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

Диёримизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ муҳокамасидан ўтганидан кейин, 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат қабул қилиниши мустақил юртимизнинг давлатчилик тарихида буюк воқеа бўлди. Унга биноан 1998 йил 1 майда қабул қилинган янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунга асосан диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилди. Мазкур қонуннинг 5-моддаси эътиқод софлиги, диний бағрикенгликка асослангандир.

Диёримиз мустақилликка эришгач, миллий истиқлол ҳақидаги азалий орзу-умидларимиз амалга ошди. Натижада, асрий қадриятларимиз тикланди ва ривожланиб бормоқда. Маданиятимиз, динимиз ўзининг табиий-тарихий, миллий фалсафий асосларига қайтмоқда. Айниқса, маънавий меъросни ўрганиш, аждодларимиз қолдириб кетган турли соҳалардаги асарларни оммалаштириш, буюк алломалар, улуғ аждодларимизнинг муборак номлари ва ижодининг халққа қайтариб берилиши, она тили ва динимиз ривожланиши учун шароит яратилгани ўзбек халқи, хусусан, мусулмонлар учун буюк халоскорлик ва миллатнинг келажак тарққиёти учун қудратли куч-омил бўлди.

Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан иқрор қилинган Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимизнинг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. ... Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл кўйилмайди ", деб алоҳида таъкидланган. Муқаддас Ислом дини қадриятлари бой ва буюк маънавиятимиз асоси эканини эътироф этиб, Ватанимизнинг биринчи Президенти бундай деганлар: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри холда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз".

Асосий Қонунимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларига, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади.

Минг афсуслар бўлсинки, асосий Қонунимизнинг мазкур 31-моддасини айрим ғаразли кимсалар, ўзларини миссионер деб билувчилар томонидан қўпол равишда бузиш ҳоллари ҳамон учрамоқда. Улар ғаразли ҳаракатларини турли фаолиятлар орқали амалга оширишмокда. Ўзларининг бундай нопок максадларини ёшлар ўртасида, айниқса, хеч бир диний маълумоти бўлмаган ёки турли ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга уринишмокда. Натижада, баъзи юртдошларимиз алданиб моддий-маънавий қийинчиликлар бахонасида хорижий миссионерлар тузоғига илиниб қолишмоқда. Имон-эътиқодларидан маҳрум бўлиб, икки дунё саодатини қўлдан бой бериб қўйишмоқда. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ бўлган тарихий бой меъросимизни келажак авлодларимизга, азиз фарзандларимизга тўла-тўқис равишда етказишга чорлаймиз.

Биз учун ёд бўдган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдид  хавфлардан огох бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис хисса ва хизматларимизни кўшишимиз лозим.

Бугун, дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва этник можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир паллада, юртимиз тинч ва осуда, миллат ва элатлар ҳамжиҳат ва хотиржам яшаётгани, шу чоққача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада катта ишлар амалга оширилаётганини яқкол кўрсатади. Бундай имкониятлар учун ҳар қанча шукр қилсак арзийди.

Мамлакатимизда ҳуқуқий Давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда Конституция ва у асосида яратилган қонунларимизнинг устуворлиги жамият тараққиёти ва равнақини белгилаб берувчи энг муҳим омил ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз - бахтимиз қомуси, эртанги порлоқ ва нурафшон ҳаётга етказувчи нурли йўлимиздир.

 

 

Одилжон  Нарзуллаев

Янгийул  туман

«Имом  Султон» жоме

масжиди  Имом хатиби.

Қадрли ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Бутун дунё қатори юртимизда ҳам давом этаётган коронавирус пандемияси сабабли бу йил ҳам Конституция кунига бағишланган тантанали маросимларни кенг миқёсда ўтказишнинг, афсуски, имкони бўлмаяпти. Лекин бу байрам қалбларимизга қувонч ва шукуҳ бағишлаб, оилаларимизда, меҳнат жамоалари, таълим масканлари, маҳаллаларда шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.

Муҳтарам дўстлар!

Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Айнан Конституциямизга таяниб, биз бундан беш йил олдин мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни бошладик. Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.

Биз Конституциямизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолиб, шу йўлда кенг кўламли улкан ишларни амалга оширдик, катта билим ва тажриба тўпладик.

Аввало, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот қилиш фаолиятимиз мезони этиб белгиланди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди.

Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этмоқда.

Муҳим қарор ва қонунлар лойиҳаларини, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнида бугун фуқароларимиз фаол иштирок этмоқда. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва жамоат назорати янги босқичга кўтарилмоқда.

Юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда.

Айниқса, давлат томонидан Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини чет элларда ҳам таъминлаш бўйича бошлаган ишларимиз хорижда яшаётган юртдошларимизнинг Ватанимизга бўлган меҳри ва ишончини оширишга хизмат қилмоқда.

Бундай натижаларга эришишда Конституция ва қонунларимиз талабларидан келиб чиқиб, иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, тиббиёт ва таълим соҳаларидаги муаммолар, мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупцияга қарши кураш масалалари кенг жамоатчилигимиз иштирокида ҳал этилаётгани муҳим роль ўйнамоқда.

Мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари дастлабки ижобий натижасини бераётганини таъкидлаш лозим. Айниқса, муҳтарам фахрийларимиз, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳаллий кенгашлар фаолияти ҳам жонланмоқда. Шу йилнинг ўзида ушбу тузилмалар орқали фуқароларнинг 29 мингдан зиёд муаммолари ижобий ҳал этилгани, ўз вазифасини масъулият билан адо этмаётган раҳбарларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилаётгани ҳам шундан далолат беради.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди.

Илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб турадиган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар орқали жорий йилнинг ўзида 6,5 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди. Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди. Хорижий инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат арбитражи фаолияти йўлга қўйилди.

Адвокатларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда, Олий Мажлис ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсман томонидан ташкил этилган жамоатчилик гуруҳлари ўз вазифасини самарали амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бу йил 4 мингдан ортиқ шахс суд залидан озод қилиниб, 8 мингга яқин фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилгани, 859 нафар шахс оқлангани суд-тергов соҳасидаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.

Халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва олижаноблик тамойилларига амал қилган ҳолда, билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга нисбатан афв институти мунтазам қўлланмоқда. Шу борадаги ишларимизнинг давоми сифатида Конституция куни арафасида яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра, шу тоифага мансуб 182 нафар шахс муддатидан олдин озод қилиниб, эркин ҳаётга қайтарилмоқда.

Мамлакатимизда сўз ва виждон эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини жамоатчилик фикрини ифода этадиган “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Турли миллат ва диний конфессиялар вакилларининг ўз тили, урф-одат ва анъаналарини ривожлантиришлари учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Айни вақтда биз Конституциямиз нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тасаввур қиламиз. Олдимизда турган вазифаларни амалга ошириш учун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз.

Аввало, Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга жорий этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиб, демократик янгиланишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Парламент ва маҳаллий кенгашлар ваколатларини янада кенгайтириш, ижро органлари устидан вакиллик назоратини кучайтириш, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Айниқса, ҳудудларни ривожлантиришда маҳаллий кенгашлар ролини ошириш, фуқаролик жамияти институтларининг самарали фаолияти учун зарур шароитлар яратиш эътиборимиз марказида бўлади.

Маъмурий ислоҳотлар дастурини амалга ошириш борасида давлат органларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, ихчам бошқарув аппаратини шакллантириш ва иш юритишни рақамлаштиришга алоҳида аҳамият қаратилади.

Яна бир муҳим вазифа амалдаги жиноят қонунчилигини қайта кўриб чиқишдан иборат.

Ҳозирги кунда колониялардаги маҳкумларнинг қарийб 80 фоизи меҳнатга жалб этилган бўлса-да, уларнинг ишлаган йиллари умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланмайди ва пенсия тайинлашда инобатга олинмайди. Ижтимоий адолат тамойилига тўғри келмайдиган бундай чекловнинг бекор қилиниши маҳкумлар томонидан молиявий муҳтожлик туфайли такроран жиноят содир этишнинг олдини олишга хизмат қилган бўлур эди. Шунингдек, жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш учун “дастлабки ёрдам пакети” тизими жорий этилади. Хусусан, ўзининг аниқ тадбиркорлик лойиҳасини тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган собиқ маҳкумларга Пробация хизматини ривожлантириш жамғармасидан 10 миллион сўмгача бир марталик моддий ёрдам берилади.

Тараққиёт кушандаси бўлган коррупцияга қарши курашиш, жамиятда унинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиришга қаратилган сиёсатни изчил давом эттирамиз. Бу борада давлат идоралари билан бирга, кенг жамоатчилик, айниқса, фуқаролик жамияти институтларининг куч ва салоҳиятидан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратамиз.

Азиз дўстлар!

Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топаётган, адолатли ва халқпарвар давлат барпо этишда муҳим аҳамият касб этадиган вазифаларни амалга ошириш учун, аввало, янги конституциявий макон ҳамда янада мустаҳкам қонунчилик базаси керак бўлишини, ўйлайманки, барчамиз яхши тушунамиз. Шу маънода, Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланмоқда.

Шу йил Президент сайлови олдидан бўлиб ўтган учрашувларда фуқароларимиз, кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар вакиллари томонидан билдирилган таклифларда ана шу масала алоҳида қайд этилгани конституциявий ислоҳотларни объектив зарурат сифатида кун тартибига қўймоқда.

Бу, айниқса, қуйидаги ҳолатларда яққол намоён бўлмоқда.

Биринчидан, илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқий амалиётимизда мустаҳкамлаш зарур.

Иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши керак. Бу – халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шартидир.

Учинчидан, Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам давр талабидир.

Тўртинчидан, Бош қомусимизда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйишимиз зарур.

Бешинчидан, фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган бугунги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши керак.

Олтинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш сари дадил бормоқда. Шу сабабли “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди, деб ўйлайман.

Еттинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарур.

Саккизинчидан, ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши лозим.

Тўққизинчидан, Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Албатта, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарур.

Олий Мажлис палаталари, ҳурматли депутат ва сенаторларимиз, муҳтарам нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимларимиз, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлиларимиз, бутун халқимиз бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдирадилар, деб ишонаман.

Атоқли давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчиллнинг “Яхши бўлиш учун – ўзгариш керак, яхшиларнинг яхшиси бўлиш учун эса янада кўпроқ ўзгариш керак”, деган сўзларида, ўйлайманки, теран ҳаётий маъно мужассам.

Дарҳақиқат, бугунги шиддатли давр биздан замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этмоқда. Ана шундай талабга жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш учун Асосий қонунимизнинг янги лойиҳасини тайёрлашимиз, уни умумхалқ муҳокамасига қўйиб, билдирилган таклифлар асосида такомиллаштириш, ушбу муҳим сиёсий ҳужжатни 2022 йил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллик байрами нишонланадиган кунларда қабул қилиш, ўйлайманки, миллий давлатчилик анъаналаримизга, халқимиз манфаатларига муносиб иш бўлади.

Азиз ва қадрли ватандошлар!

Мана шу улуғ айёмда халқимизнинг дилидаги бир фикрни яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар энди ҳеч қачон ортга қайтмайди.

Янги Ўзбекистон ғояси эл-юртимизнинг улкан интилиш ва иродаси билан умумхалқ ҳаракатига айланмоқда. Барчамиз ана шу улуғ мақсад йўлида янада жипслашиб, ғайрат-шижоат ва масъулият билан фидокорона меҳнат қилсак, кўзлаган юксак марраларимизга албатта етамиз.

Ишончим комил, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят қийин ва мураккаб, оғир синовли йилларда Янги Ўзбекистонни бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар миннатдорлик билан эслайди.

Барчамизга ана шундай буюк бахт ва шараф ёр бўлсин!

Жонажон Ўзбекистонимиз доимо гуллаб-яшнасин!

Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!

Сиз, азиз ватандошларимни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Вторник, 07 Декабрь 2021 00:00

10.12.2021 й. Cафар ва унга доир одоблар

 САФАР ВА УНГА ДОИР ОДОБЛАР

Муҳтарам азизлар! Инсон ҳаёти доим бир маромда, бир жойда кечмайди. У ҳар хил сабаблар билан узоқ яқинларга турли муддатларда сафар қилишга эҳтиёж сезади. Ҳақиқатда мусулмон киши ҳаж ва умра, илм талаби, ризқ излаш, яқин кишисини зиёрат қилиш ва ҳаказо сафарларга чиқади.

 Аллоҳ таоло бандаларини саёҳат қилиш, унинг неъмат ва яратганларидан ибратланишга буюриб шундай дейди:

 (قُلْ سِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانظُرُوا كَيْفَ بَدَأَ الْخَلْقَ)

سورة العنكبوت 20   

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Ерда сайр қилиб, (Аллоҳ) қандай қилиб яратишни бошлаганини кўрингиз!” (Анкабут сураси, 20-оят).

Қуйидаги оятда эса саёҳат қилиб ўтган умматларнинг ҳолидан ибрат олишга чақирилади:

 (قُلْ سِيرُواْ فِي الأَرْضِ ثُمَّ انظُرُواْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُكَذِّبِينَ)

  سورة الأنعام11

яъни: “Айтинг: “Ерни сайр қилиб (айланиб) чиқингиз. Сўнгра (пайғамбарни) ёлғончига чиқарганларнинг (охир)оқибати не бўлганини кўрингиз!”” (Анъом сураси, 11-оят).

Кейинги оятда турли мақсадларда саёҳат қилишга буюрилмоқда:

هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِن رِّزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ)

  سورة الملك 15  

яъни: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси, 15-оят).

Динимизда сафар машаққатлари эътиборга олиниб, бир қанча масалаларда енгиллик берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 يُرِيدُ اللَّهُ أَنْ يُخَفِّفَ عَنْكُمْ وَخُلِقَ الْإِنْسَانُ ضَعِيفًا

яъни: “Аллоҳ сизларга (шариат аҳкомларини) енгиллатишни хоҳлайди. Ахир, инсон заиф яратилганда!” (Нисо сураси 28-оят).

Сафар рухсатлардан фойдаланиш учун шаръий сафар юзага чиқиш керак. Қисқа масофаларга сафар қилинса шаръий рухсатлардан фойдаланиб бўлмайди.

Имом Муслим ривоят қиладилар:

 وَعَن شُرَيْح بن هَانِئ قَالَ : أتيت عَائِشَة أسألها عَن الْمسْح عَلَى الْخُفَّيْنِ ، فَقَالَت : عَلَيْك بِابْن أبي طَالب فَاسْأَلْهُ فَسَأَلْنَاهُ فَقَالَ : " جعل رَسُول الله [ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ ] ثَلَاثَة أَيَّام ولياليهن للْمُسَافِر ، وَيَوْما وَلَيْلَة للمقيم " 

Шурайҳ ибн Ҳониъ айтадилар: “Оиша онамизнинг ёнларига маҳсига масҳ тортиш ҳақида сўраб бордим. У киши: “Али ибн Абу Толибдан сўрагин”, дедилар. Ҳазрати Алидан сўраганимизда: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам маҳсига масҳ тортишни мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю бир кундуз қилиб белгилаб берганлар”, деб жавоб бердилар” (Эълоус сунан, Мусофирнинг намози, Қаср масофаси боби, 7-жилд, 259-бет).

 Сафар масофаси ҳақида “Жомеъус сағир китобида айтилади: “Туянинг юриши ёки пиёда юришда уч кечаю уч кундузлик йўлни қасд қилиб чиққан муқим киши шаҳрининг биноларидан ўтиб кетса (узоқлашса), намозни қаср қилиши лозим ва унга рўзани тутмасликка рухсат бўлади. Тоғда ҳам уч кечаю уч кундуз юриш эътиборга олинади, агарчи текисликда бу масофани камроқ вақтда босиб ўтадиган бўлса ҳам”” (“Хулосатул фатово”, Мусофирнинг намози, 22-фасл).

Уламоларимиз уч кечаю кундузлик йўл тақрибан ≈96 км масофага тенг дейдилар. Ҳозирги кунда тезкор уловлар ёки учоқлар билан мазкур масофани қисқа муддатда босиб ўтса ҳам, шаръий сафар ҳисобланади.

Яна муҳим нуқта шуки, мазкур масофани қасд қилиб йўлга чиққан киши бориб тушган манзилида 14 кун ва ундан кам яшаса, у мусофир бўлиб, намозларини қаср қилади ва бошқа рухсатлардан фойдаланади. Агар борган жойида 15 кун ва ундан кўп турса, у муқим ҳисобланиб, рухсатлардан фойдалана олмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам йўлда мусофир ҳисобланади.

Чет элларга турли мақсадлар билан борган ва у ерда 15 кундан ортиқ, балки йиллар давомида яшайдиган кишилар, ўзларини мусофир деб атасаларда, муқим ҳукмида бўладилар, рухсатлардан фойдалана олмайдилар.

Сафардаги рухсатлар қуйидагилар:

  1. Намозларни қаср қилиши.

Мусофир тўрт ракатли фарз намозларни қисқартириб, икки ракат қилиб ўқийди. Агар тўрт ракат қилиб ўқиса макруҳ бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло томонидан берилган қулайлик ва имкониятдан юз ўгирган бўлади. Суннатларни тўлиқ ўқийди. Уч ракатли Шом ва витр намозларини ўзгартирмасдан уч ракат қилиб ўқийди.

  1. Иқтидо ва имомлик масаласи.

Мусофир муқимга тўрт ракатли намозда иқтидо қилса, тўрт ракатни тўлиқ ўқийди, аммо муқим мусофирга иқтидо қилса, мусофир салом бергандан кейин, муқим ўрнидан туриб, яна икки ракаат ўқийди. Мусофир киши имом бўлганда, иқтидо қилгувчиларга мусофирлигини билдириб қўйиш керак.

  1. Қазо намозлар.

Мусофир мусофирликдаги қазо бўлган намозларини, гарчи муқим бўлганидан кейин бўлса ҳам, қаср қилиб ўқийди. Муқимликдаги қазоларни эса, гарчи мусофирликда бўлса ҳам, тўлиқ қилиб ўқийди.

  1. Масҳ тортиш.

Мусофир маҳсига уч кеча-кундуз масҳ тортиши мумкин. Муқим эса бир кеча-бир кундуз масҳ торта олади.

  1. Мусофир кишига рўза тутиш фарз эмас.

Лекин сафари енгил бўлиб қийналмасдан рўза тута олса, тутгани афзал.

  1. Мусофирга жума намози фарз эмас.

Лекин жума намозига ҳозир бўлса, албатта жумани ўқийди ва бу пешинни ўрнига ўтади. Бошқа пайтларда мусофир пешин намозини ўқийди.

  1. Мусофирларга ийд намозлари ҳам вожиб бўлмайди.

Мабодо ийд намозига ҳозир бўлиб қолса, албатта, уни адо этади.

  1. Мусофирга қурбонлик вожиб бўлмайди.

Уламоларимиз сафарнинг фиқҳий ҳукмларидан ташқари бошқа одобларини ҳам санайдилар.

Имом Шофеъий назм йўли билан сафарнинг бешта фойдаси борлигини айтадилар: ғамнинг кетиши, тирикчилик қилиш, илм, одоб ва улуғлар билан суҳбат.

Мусулмон сафари давомида қуйидаги одобларга риоя қилиши лозим бўлади:

  1. Яхши ният. Мусулмон тўғри ният билан сафарини ҳам ибодатга айлантиради. Бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Амаллар (савоби ёки гуноҳи) ниятларга қараб бўлади, деган сўзларига мувофиқдир (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
  2. Аллоҳ таоло рози бўладиган ва хуш кўрадиган ишлар учун сафар қилиш.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:

 مَا مِنْ خَارِجٍ يَخْرُجُ -يَعْنِي مِنْ بَيْتِهِ- إِلَّا بِيَدِهِ رَايَتَانِ, رَايَةٌ بِيَدِ مَلَكٍ وَرَايَةٌ بِيَدِ شَيْطَانٍ, فَإِنْ خَرَجَ لِمَا يُحِبُّ اللَّهُ -عَزَّ وَجَلَّ- اتَّبَعَهُ الْمَلَكُ بِرَايَتِهِ فَلَمْ يَزَلْ تَحْتَ رَايَةِ الْمَلَكِ حَتَّى يَرْجِعَ إِلَى بَيْتِهِ, وَإِنْ خَرَجَ لِمَا يُسْخِطُ اللَّهَ اتَّبَعَهُ الشَّيْطَانُ بِرَايَتِهِ فَلَمْ يَزَلْ تَحْتَ رَايَةِ الشَّيْطَانِ حَتَّى يَرْجِعَ إِلَى بَيْتِهِ

яъни:Ким уйидан чиқса унинг қўлида иккита (маънавий) байроқ бўлади. Бири фариштанинг қўлида, бири шайтоннинг қўлида. Агар Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган иш учун чиқса, фаришта ўз байроғи билан унга эргашади. У токи уйга қайтгунча фариштанинг байроғи остида бўлади. Агар Аллоҳ таолони ғазаблантирадиган иш учун чиқса, унга шайтон ўз байроғи билан эргашади. Токи уйга қайтгунича шайтоннинг байроғи остида бўлади(Имом Аҳмад ривоятлари).

  1. Сафарга чиқишдан аввал Аллоҳ таолога истихора қилиш (яхшилик сўраш) ва дўстлар билан маслаҳатлашиш.

Маслаҳат билан иш кўриш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир.

  1. Сафарга чиқишдан аввал қарзларни узиш ва омонатларни эгаларига қайтариш.

Қарзини қайтаришга қодир бўлмаса, қарз берган кишидан сафар учун рухсат сўрасин. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларида Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳуни омонатларни эгаларига қайтариш учун Маккада қолдирдилар.

  1. Сафарга чиқаётган киши оила аҳлига васияти бўлса, қилиши зарур.
  2. Сафар учун солиҳ йўлдош танлаш.

Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

الرَّجُلُ عَلَى دِينِ خَلِيلِهِ فَلْيَنْظُرْ أَحَدُكُمْ مَنْ يُخَالِلُ

яъни: “Киши дўстининг динида бўлади. Бирингиз ким билан дўстлашаётганига қарасин” (Абу Довуд ривоятлари).

لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي الْوَحْدَةِ مَا أَعْلَمُ, مَا سَارَ رَاكِبٌ بِلَيْلٍ وَحْدَهُ

яъни: “Одамлар ёлғиз юриш ҳақида мен билган нарсани билганларида эди, бирорта отлиқ кечаси ёлғиз юрмаган бўларди” (Имом Бухорий ривоятлари)

  1. Сафарга етарлича тайёргарлик кўриш, кўзлаган манзилига етар даражада маблағ ҳозирлаш.
  2. Имкон борича саҳар вақти сафарга отланиш.

Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

اللَّهُمَّ بَارِكْ لِأُمَّتِي فِي بُكُورِهَا

яъни:Эй, Аллоҳ! Умматимнинг саҳарига барака бергин”, деб дуо қилганлар. Бу ҳадиси шарифга амал қилган савдогар саҳобалар карвонларини саҳардан йўлга чиқаришарди. Тезда уларнинг молу мулклари кўпайиб кетди.

  1. Сафардан аввал нафл намоз ўқиш.

Ҳадисда зикр қилинишича, киши аҳлига шу икки ракат намоздан яхшироқ нарса қолдира олмайди.

     10. Сафарга чиқувчининг ҳаққига аҳли ва дўстлари дуо қилиши.

 Ўз ўрнида мусофирдан ҳам дуо сўраш мақбул. Чунки у дуоси қабул бўладиган ҳолатда бўлади.

    11. Йўлга чиққанда дуо қилиш.

Уйидан чиққанда шундай дейди:

بسم الله، توكلتُ على الله, ولا حول ولا قوة إلا بالله 

“Бисмиллаҳи, таваккалту алаллоҳ, ва ла ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”

   12. Йўлда мусофирлар ўзларига бир раҳбар сайлаб олишлари.

Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

إِذَا كَانَ ثَلَاثَةٌ فِي سَفَرٍ فَلْيُؤَمِّرُوا أَحَدَهُم 

яъни: Уч киши сафарга чиқса, бирларини бошлиқ қилишсин”  (Имом Абу Довуд ривоятлари).

    13. Сафар давомида заиф тоифаларга риоя қилиш.

 Айниқса, жамоат жойлари ва транспорт воситалари ичида: Эшик ва деразаларни шерикларининг рухсати билан очиш, таомланмоқчи бўлса, атрофдагиларни таклиф қилиш, хос суҳбатларни баланд овозда гаплашмаслик, ёшлар иложи борича яхши жойларни кексалар, беморлар ва аёлларга бўшатиб бериш, ҳавони чекиш, ортган таом ва бадбўй ҳидли нарсалар билан ифлос қилмаслик.

    14. Сафар давомида гувоҳ бўлганларидан ибратланиш.

Аллоҳ таолонинг яратганларини тадаббур қилиш.

    15. Аёл кишилар сафарга чиқадиган бўлишса, ўзлари билан бирор маҳрамни ҳамроҳ қилишлари керак.

    16. Мусофир қайси шаҳарга борса, модомики шариатга зид келмас экан, ўша ернинг қонун-қоидалари ва урф-одатларига риоя қилиши.

Уларга зид иш қилмаслик керак бўлади.

    17. Сафар давомида шариатимиз рухсатларидан фойдаланиш.

 Чунки ҳар қандай сафар ҳам қийинчиликдан холи бўлмайди.

Демак, динимиз кўрсатмасига кўра ўрни келганда сафар қилиш ва дунёю дини учун фойда қозониш маҳбуб ишдир. Фақат сафарга чиқишдан аввал сафарнинг фиқҳий ҳукмлари ва одобларини яхши ўрганиб олишимиз зарур.

Аллоҳ таоло доимо ўзи рози бўладиган сафарлар қилишни бизга насиб қилсин! Ундаги нохушлик ва машаққатлардан ўзи паноҳ берсин! Омин!

Понедельник, 06 Декабрь 2021 00:00

Меҳрли кўнгиллар хурсанд қилинди

Ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратишни, шунингдек, бир қатор янгиликларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 августдаги Ф-5006-сонли “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонга мувофиқ, мустақил юртимизда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда. Давлат томонидан халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда ногиронларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

1992 йилда БМТ томонидан ногиронларга оид долзарб масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, уларни ижтимоий ҳаётга ва ривожланиш жараёнларига мослаштириш мақсадида 3 декабрь – «Халқаро ногиронлар куни» деб эълон қилинди.

Ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланиши халқимизнинг қалби меҳр ва саховатга тўла эканлигидан далолат беради. Юртимизда ногиронлар давлатимиз томонидан муҳофазага олинган, уларга доимо ғамхўрлик кўрсатилади. Ўзгалар меҳри ва ёрдамга муҳтожларнинг уйларига бориб, ҳолидан хабар олинади, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилади.

Ушбу муносабат билан 2021-йил 3-декабр куни Янгийўлдаги ногиронларга хомийларни жалб қилган холда хайрия дастурхони ёзилди. Ушбу хайрия тадбиридан ногиронлар ва уларни боқувчиларига совғалар хадя қилиниб кўнгиллари хурсанд қилинди.

 

Янгийўл туманидаги Имом Султон жоме масжиди имом хатиби

Одилжон Нарзуллаев

Суббота, 04 Декабрь 2021 00:00

Жума мавъизаси – ҳамжиҳатлик омили

Аллоҳ таолога шукрки, муборак динимизни кенг ёйиш, диний-маърифий ишларни халқимизга тўлақонли етказишда дин пешволарининг жуда ҳам катта ўрни бор, албатта.
Мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган дин пешволарининг даъваткор сўзи, ибратли фаолияти жуда ҳам таҳсинга лойиқдир. Зеро, Қуръони азимуш-шаънда шундай марҳамат қилинади:
«Эй Муҳаммад, Раббингиз йўли-динига ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир» (Наҳл, 125).
Шунинг учун дин пешволари Аллоҳ таолонинг мана шундай хитобига амал қилган ҳолда ислом маърифатини кенг тараннум этиш, эзгуликни ёйиш, илму маърифатни тарқатишда энг гўзал услубни танлаган ҳолда имкониятлардан унумли фойдаланиб келмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида расмий фаолият олиб бораётган исломий диний ташкилотларнинг ягона марказий бошқарув органи бўлиб, мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш, исломий расм-русумларни Ҳанафий мазҳаби ва Имом Мотуридий ақидаси асосида ўтказишга бошчилик қилиш ва эътиқодий бирликни таъминлаш бўйича диний-маърифий тарғибот ишларини мунтазам амалга ошириб келади. Шунингдек, республикадаги масжидлар ва мадрасалар фаолиятига бошчилик қилади ҳамда улар мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш ва аҳиллигини таъминлаш ишларини амалга оширади.
Шу нуқтаи назардан аҳолининг эътиқодий бирдамлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлаш мақсадида ҳар жума куни масжидларда жума тезислари асосида мавъизалар ўқилиб, мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий онгини шакллантириб бориш амалиёти ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Бу тажрибани барча мусулмонлар яшайдиган мамлакатлар ҳавас қилмоқда ва аксар ислом давлатларида бундай тажриба жорий қилинган.
Жума тезислари мавзулари бугунги кундаги муаммолар ва аҳолининг диний эҳтиёжини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими уламолари томонидан тайёрланади. Зарур ҳолатларда тезисга иловалар тайёрланиб, қўшилиши ҳам мумкин.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими

Top