Мақолалар

Конституция – эркин  ва  фаровон  хаётимиз кафолати

Истиклолга эришгач, мамлакатимиз тараккиётидаги барча ўзгариш, янгиланиш ва ютуклар замирида  Асосий Қонунимиз ётади.

Асосий Конунимиз жаҳон меъзонлари талабларига жавоб берибгина қолмай, халқаро миқёсда намуна бўлгулик ҳуқуқий ҳужжат эканини ҳам кўрсатади. Бу мазмундаги эътирофларга ўз-ўзидан сазовор бўлингани йўқ. Чунки бундай даражадаги ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш, қабул қилиш ва унча-мунча тасаввурлардаги ишлардан ҳам масъулиятлироқ ва мураккаброқки, буни англаш учун биринчи Президентимизнинг қуйидаги фикрларини яна бир бора ёдга олиш ўринли: "Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қомусномадир. Асосий Қомусимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халкимиз тафаккури ва ижодининг махсулидир".

Мамлакатимиз халқи мураккаб тарихий жараённи бошдан кечирди. Барча қийинчилик, жабр-зулм ва адолатсизликларга қарамай, буюк аждодларининг муносиб авлодлари, жаҳонга довруғи кетган машҳур алломаларнинг конуний ворислари эканини ҳар томонлама исботлади. Аллоҳнинг лутфу карами ила азиз истиқлолга эришди. Нурли келажак сари катта ишонч билан қарамоқда ва улуғ орзуларига етмоқда.

Она диёримизда яшовчи барча халқлар ҳаётида муҳим воқеа бўлган Асосий Қонунимиз қабул қилинди. Маълумки Асосий Қонунимизда инсон омилининг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам диний, маърифий қадриятларнинг қайта тикланишига ҳам шоҳид бўлмоқдадир.

Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши каби омилларга кўра, инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модданинг йўқлигида, ўйлаймизки аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодларимиздан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг хеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

Диёримизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва бемалол фойдаланмоқдалар. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ муҳокамасидан ўтганидан кейин, 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат қабул қилиниши мустақил юртимизнинг давлатчилик тарихида буюк воқеа бўлди. Унга биноан 1998 йил 1 майда қабул қилинган янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунга асосан диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми белгилаб берилди. Мазкур қонуннинг 5-моддаси эътиқод софлиги, диний бағрикенгликка асослангандир.

Диёримиз мустақилликка эришгач, миллий истиқлол ҳақидаги азалий орзу-умидларимиз амалга ошди. Натижада, асрий қадриятларимиз тикланди ва ривожланиб бормоқда. Маданиятимиз, динимиз ўзининг табиий-тарихий, миллий фалсафий асосларига қайтмоқда. Айниқса, маънавий меъросни ўрганиш, аждодларимиз қолдириб кетган турли соҳалардаги асарларни оммалаштириш, буюк алломалар, улуғ аждодларимизнинг муборак номлари ва ижодининг халққа қайтариб берилиши, она тили ва динимиз ривожланиши учун шароит яратилгани ўзбек халқи, хусусан, мусулмонлар учун буюк халоскорлик ва миллатнинг келажак тарққиёти учун қудратли куч-омил бўлди.

Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан иқрор қилинган Асосий Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Асосий Қонунимизнинг 31-моддасида "Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. ... Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл кўйилмайди ", деб алоҳида таъкидланган. Муқаддас Ислом дини қадриятлари бой ва буюк маънавиятимиз асоси эканини эътироф этиб, Ватанимизнинг биринчи Президенти бундай деганлар: "Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри холда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз".

Асосий Қонунимиз моддаларида нафақат халқчил тамойилларига, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади.

Минг афсуслар бўлсинки, асосий Қонунимизнинг мазкур 31-моддасини айрим ғаразли кимсалар, ўзларини миссионер деб билувчилар томонидан қўпол равишда бузиш ҳоллари ҳамон учрамоқда. Улар ғаразли ҳаракатларини турли фаолиятлар орқали амалга оширишмокда. Ўзларининг бундай нопок максадларини ёшлар ўртасида, айниқса, хеч бир диний маълумоти бўлмаган ёки турли ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга уринишмокда. Натижада, баъзи юртдошларимиз алданиб моддий-маънавий қийинчиликлар бахонасида хорижий миссионерлар тузоғига илиниб қолишмоқда. Имон-эътиқодларидан маҳрум бўлиб, икки дунё саодатини қўлдан бой бериб қўйишмоқда. Шу муносабат билан барчани огоҳликка, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ бўлган тарихий бой меъросимизни келажак авлодларимизга, азиз фарзандларимизга тўла-тўқис равишда етказишга чорлаймиз.

Биз учун ёд бўдган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдид  хавфлардан огох бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис хисса ва хизматларимизни кўшишимиз лозим.

Бугун, дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва этник можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир паллада, юртимиз тинч ва осуда, миллат ва элатлар ҳамжиҳат ва хотиржам яшаётгани, шу чоққача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада катта ишлар амалга оширилаётганини яқкол кўрсатади. Бундай имкониятлар учун ҳар қанча шукр қилсак арзийди.

Мамлакатимизда ҳуқуқий Давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда Конституция ва у асосида яратилган қонунларимизнинг устуворлиги жамият тараққиёти ва равнақини белгилаб берувчи энг муҳим омил ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз - бахтимиз қомуси, эртанги порлоқ ва нурафшон ҳаётга етказувчи нурли йўлимиздир.

 

 

Одилжон  Нарзуллаев

Янгийул  туман

«Имом  Султон» жоме

масжиди  Имом хатиби.

1777 марта ўқилди

Мақолалар

Top