muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 22 Июль 2022 00:00

Савоб

Авжи саратонда ҳансираб, ёниб,
Қоврилиб оловли йўллар тафтида,
Муздайин булоқдан сув ичгач қониб,
Ҳордиқ олганмисан чинор тагида?
Руҳингда сафою танингда мадор,
Умидбахш қўшиқлар куйлаганмисан?
Ўша пайт, ўша он ҳеч қурса бир бор
Чинорни ким эккан – ўйлаганмисан?
Рўбарў келдинг сен тошқин дарёга,
Қолдинг соҳил узра чорасиз, гирён,
Лекин йўлиққандай ажиб рўёга,
Қаршингда бир кўприк бўлди намоён.
Бамисли узала тушган хор вужуд,
Кўтаргай у турфа инсонлар корин.
Ўтдинг сен дарёдан саломат ва бут,
Лекин ўйладингми кўприк меъморин?
Ўрмонлар бағрида сайр этган сайёҳ,
Чангалзор қўйнида саргардон овчи,
Мўъжаз бошпанани кўрдингми ногоҳ,
Уни қолдирмишдир қай бир йўловчи.
Қолдирмиш у сенга қаро кун учун,
Бир чимдим туз билан бир жуфт чақмоқ тош.
Ўйлаб кўрганмисан, бу ҳиммат нечун,
Ўйлаб кўрганмисан, кимдир у ғамдош?
Ҳа, инсон умрининг кечмиши ажаб,
Гоҳ тўнғар, гоҳо у яшнар қулф уриб...
О, балки қайси бир фидойи сабаб,
Юрибсан сен ҳаёт нашъасин суриб.
Айт, ахир ўзинг ҳам то борсан собит,
Кимсага насиба узатганмисан?
Кўчангда лапанглаб ўтганда тобут,
Сен уни тўрт қадам кузатганмисан.
Чорасиз бир инсон учраган дамда,
Унсиз сўроғига қилдингми жавоб?
Айт-чи, билармисан, ёруғ оламда
Буларнинг барчаси аталгай савоб.
Йўқ, йўқ, ўзга эрур бидъат ва карам,
Ҳиммату саҳоват тирикларга хос.
Боболар беътама қурган дунё ҳам
Асли савоб учун қолган бир мерос.
Кимдир тузар уни, кимдир бузади,
Кимдир борини ҳам қилади барбод.
Кимдир таъма билан дунё кезади,
Кимдир ўксук дилни этади обод.
Савоб деб инграйди дунёмиз беҳол,
Зордир у нажотбахш ҳислар сеҳрига.
Жангларда толиққан мажруҳ зот мисол,
Суяниб яшар у инсон меҳрига.
То ҳаёт эканмиз савобга зормиз,
Йилт этган шуъладан диллар файзиёб.
Гоҳ ғамгин, гоҳ эса умидга ёрмиз,
Йўқолмаса деймиз дунёдан савоб,
Ахир унинг билан гуллагай очун,
Ахир унинг билан умрлар шоён.
Фақат савоб борки, жаҳон бус- бутун,
Фақат савоб борки, азиздир Инсон!

Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири

Пятница, 22 Июль 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири Абдулазиз домла Бобомирзаевнинг падари бузрукворлари Абдулҳамид ҳожи отанинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Охират сафарига кузатилган ҳожи ота эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзандларни ўстириб, чиройли тарбия қилдилар.

Аллоҳ таоло марҳум отахонни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Абдулазиз домланинг оила аъзолари, фарзандлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Жаноза намози бугун, 22 июль куни Наманган шаҳридаги “Шайх Эшон” масжидида жума намозидан сўнг ўқилади. Манзил "Ғишткўприк" маҳалласи Қодир Отамирзаев номидаги кўча.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар "Доруссалом" жоме масжиди имом-хатиби

Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров

Шу йил 20 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков “Экстремизм ва терроризмнинг олдини олишда диний таълимнинг ўрни: Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги тажрибаси” номли халқаро анжуманда онлайн тарзда қатнашди. Унда Россия, МДҲ давлатлари диний соҳа раҳбарлари, муфтийлар, профессорлар, илмий тадқиқодчилар иштирок этди.

Халқаро анжуманда нотиқлар мавзу доирасида маъруза билан қатнашди, ушбу йўналишда қўлланилаётган илғор тажрибалар билан ўртоқлашди, муаммоли вазиятлар муҳокама қилинди.

Хусусан, Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам халқаро анжуманда мавзуси доирасида маъруза билан қатнашиб, бугунги мураккаб даврда бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган экстремизм ва терроризмнинг туб илдизи жаҳолат экани, шу боис Ислом дини бу иллатларни диний таълим ва маърифат билан муолажа қилишга бутун инсониятни даъват этиши, ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган масалаларни йирик уламолар, таниқли муфтийлар, дин ва давлат арбоблари муҳокама қилаётганлари тадбирнинг фойдалилиги ва нуфузини бир неча баравар оширишини таъкидлади ҳамда бу бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳақида маълумот бериб ўтди.

Халқаро анжуман иштирокчиларининг якдил фикрига кўра, мутаассиблик, экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш, уларга қарши курашда тенгсиз омил бу соф диний таълимни рағбатлантириш ва жамиятда кенгроқ ёйиш экани таъкидланди ва бу борада ўзаро ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Ҳазрати Али» жоме масжиди имоми-хатиби

Салоҳиддин домла Шарипов

Top