muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 23 Июль 2022 00:00

Манфаатсиз ўнта нарса

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтади:

"Ўнта нарса зое бўлувчидир ва ундан ҳеч қандай фойда чиқмайди:
— Биринчиси: амал қилинмайдиган илм;
— Иккинчиси: ихлос ҳам ва эргашиш ҳам йўқ бўлган амал;
— Учинчиси: инфоқ қилинмайдиган, тўпловчиси дунëда ҳам фойдаланиб бўлмайдиган ва ундан охират учун ишлатиб бўлмайдиган мол;
— Тўртинчиси: Аллоҳнинг муҳаббати, У Зотга шавқ ва унсдан фориғ бўлган қалб;
— Бешинчиси: Аллоҳ таолонинг ибодати ва итоатидан бекор бўлган бадан;
— Олтинчиси: маҳбубнинг (Аллоҳ таоло) розилигига ва У Зотнинг буюрганларига бўйсунишга боғлиқ бўлмаган муҳаббат;
— Еттинчиси: ўтиб кетган нарсани ирода қилиш ва унга яқинлик, қурбат ҳосил қилишдан бекор ўтган вақт;
— Саккизинчиси: фойда бермайдиган нарса устида сайру-саёҳат қилинган фикр;
— Тўққизинчиси: сени Аллоҳ таолога яқинлаштирмайдиган, дунёинг ислоҳи учун қайтмайдиган хизмат;
— Ўнинчиси: бутун тақдири ва барча ҳолати У Зот (Аллоҳ таоло)га асир бўлган одамдан қўрқишинг ва умид қилишингдир.
Яъни, у одам шундай одамки ўзи учун на зарар, на фойда, на ўлим, на ҳаёт, на ҳаётга эгалик қиладиган киши".

 

"Фазилатли амаллар" китобидан.

Мадинадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таржимаи ҳоли ва Ислом цивилизацияси халқаро кўргазма-музейи бу йил ҳаж маросимларини адо этган зиёратчилар ва ташриф буюрувчиларга ўз эшикларини очди.

Расмийлар зиёратчиларга кўргазманинг Набавий масжиди жанубий майдонларига туташ турли бўлимлари ва залларини ўрганиш имкониятини таклиф қилди.

Кунига 24 соат очиқ бўлган музей Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ни турли тилларда мавжуд бўлган дисплейлар ва интерактив экранлар орқали таништиради. Махсус залда Икки муқаддас масжиднинг ноёб буюмлари ва қадимий асарлар мавжуд.

Islam.ru билдиришича, аввалроқ, Мадина ҳокими, Шаҳзода Файсал бин Салмон, кўргазма ва музей мазмуни "Исломнинг бағрикенглиги ва мўътадиллигини намойиш этиш учун дунёнинг барча ҳудудларида Пайғамбаримизнинг тўғри ёндашувини тарқатиш мумкин бўлган тарихий мероси"ни ўзида акс эттиришини айтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мансурбек домла Азимов
Андижон туман "Обод" жоме масжиди имом-хатиби

Бугун, 22 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш ва мавъиза қилиш учун Тошкент шаҳридаги Ҳастимом даҳасида жойлашган “Ҳазрати Имом” жомесига ташриф буюрдилар.

Жума намозидан аввал жамоат Муфтий ҳазратларининг ҳаж зиёрати таассуротлари, тафсилоти ва ҳожилик мартабаси ҳақидаги гўзал суҳбатларидан баҳраманд бўлишди.

Муфтий ҳазратлари сўзлари давомида муборак ҳаж зиёратидан сўнг илк жума намозини мазкур табаррук масжидда ўқишни ният қилганлари, ҳаж мавсуми 12 минг нафардан зиёд ҳамюртимизнинг ҳаж зиёратига масъул сифатида муборак заминга борганлари, ушбу улуғ жойларга борган ҳожилар билан бирга Ўзбекистондаги барча мўмин-мусулмонлар ҳаққига хайрли дуолар қилишгани, Равзаи муборакда Пайғамбар алайҳиссаломга саломлар етказишганини айтдилар.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари “Ҳаж – 2022” мавсуми тафсилотлари, хусусан, Саудия Арабистони билан музокаралар, ўзбекистонлик ҳожиларга квота ошириб берилганининг сабаби, нархни белгилаш, маблағларни жой-жойига сарфлаш, 12 минг нафар ҳожига хизмат кўрсатишнинг машаққати ҳақида маълумот бердилар.

Маъруза давомида муборак зиёратга бориб келган ҳожиларга насиҳат қилиб, уларнинг гуноҳлардан тийилиб юриши – ҳажи қабул бўлганига ишоралиги, ҳожилар зиёратига Байтуллоҳ, Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзалари, саҳобаи кромларнинг қабрлари, улар яшаган жойларни зиёрат қилиб келгани, Ҳақ таолонинг амри – ҳаж арконини бажариб келгани учун борилиши, уни зинҳор исроф, беҳуда гап-сўз, сохта обрў-эътибор олиш тадбирига айлантирмаслик, балки маърифий суҳбат, муқаддас зиёрат таассурот ва фойдалари билан безаш, уларнинг зиёратига борувчилар ҳам маъноли саволлар бериб ўзларига манфаат ҳосил қилишларини тавсия этдилар.

Шу билан бирга, силаи-раҳм, садақаи жория қилиш нафл ҳаждан савоблироқ экани, бир маротаба фарз ҳажини адо этган киши бошқа ҳақдорларга ҳам йўл бериши лозимлиги, унинг ўрнига умра зиёратига бориши ё эҳтиёжмандларга ёрдам қилиши савоблироқ, адолатлироқ бўлишини уқтирдилар.

Якунда Муфтий ҳазрат хайрли дуолар қилдилар, таъсирли ва манфаатли маърузадан кўнгиллари юмшаб, кўзлари намланган жамоат аҳллари омин, омин, деб туришди.

Муфтий ҳазратларининг жума маърузалари тўлиқ вариантини қуйидаги манзил орқали томоша қилишингиз мумкин: https://www.youtube.com/watch?v=dWgikuHGRZw 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуръони каримда пайғамбарлар алайҳимуссаломга итоат этишга оид келган иккинчи ибора бу иттибо (эргашиш)дир.

﴿قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ﴾

“Айтинг (эй, Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

 

﴿الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ﴾

“Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар” (Аъроф сураси, 157-оят).

 

﴿فَآَمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ﴾

Бас, Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирингиз! У (расули) Аллоҳга ва Унинг калималари (илоҳий китоблари)га ишонадиган саводсиз пайғамбардир. Унга эргашингиз, токи ҳидоят топгайсиз!(Аъроф сураси, 158-оят).

 

﴿لَقَدْ تَابَ اللَّهُ عَلَى النَّبِيِّ وَالْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنْصَارِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ فِي سَاعَةِ الْعُسْرَةِ﴾

Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул этди. Улардан бир гуруҳининг диллари чалғиёзгандан кейин оғир (бир) соатда унга эргашган эдилар(Тавба сураси, 117-оят).

 

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ حَسۡبُكَ ٱللَّهُ وَمَنِ ٱتَّبَعَكَ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ ٦٤

“Эй, Пайғамбар! Сизга ва Сизга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир” (Анфол сураси, 64-оят).

 

﴿رَبَّنَا آَمَنَّا بِمَا أَنْزَلْتَ وَاتَّبَعْنَا الرَّسُولَ فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ

Эй, Роббимиз, нозил қилган нарсангга иймон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Шундай экан, бизни гувоҳлик берувчилар билан бирга (қўшиб) ёзгин!(Оли Имрон сураси, 53-оят).

 

﴿قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي

Айтинг: Менинг йўлим – шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз(Юсуф сураси, 108-оят).

 

﴿إِنَّ أَوْلَى النَّاسِ بِإِبْرَاهِيمَ لَلَّذِينَ اتَّبَعُوهُ

Одамлар ичида Иброҳимга дўстроғи – унга эргашганлар(Оли Имрон сураси, 68-оят).

 

﴿وَجَعَلْنَا فِي قُلُوبِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ رَأْفَةً وَرَحْمَةً

“...унга эргашган кишиларнинг дилларида меҳрибонлик ва шафқат (пайдо) қилдик” (Ҳадид сураси, 27-оят).

 

﴿وَأَنْذِرِ النَّاسَ يَوْمَ يَأْتِيهِمُ الْعَذَابُ فَيَقُولُ الَّذِينَ ظَلَمُوا رَبَّنَا أَخِّرْنَا إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ نُجِبْ دَعْوَتَكَ وَنَتَّبِعِ الرُّسُلَ

“(Эй, Муҳаммад!) Одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келадиган куни (қиёматда) зулм қилганлар: «Эй, Раббимиз! Бизларга озгина муҳлат бергин, Сенинг даъватингга ижобат қилурмиз ва пайғамбарларга эргашурмиз», – дейдилар(Иброҳим сураси, 44-оят).

 

﴿وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ

“Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик. Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик)(Бақара сураси, 143-оят).

 

﴿قَالَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُوا الْمُرْسَلِينَ

“...деди: Эй, қавмим! (Бу) элчиларга эргашингиз!(Ёсин сураси, 20-оят).

 

﴿وَإِنَّ رَبَّكُمُ الرَّحْمَنُ فَاتَّبِعُونِي وَأَطِيعُوا أَمْرِي

“Шубҳа йўқки, сизларнинг Раббингиз Раҳмондир. Бас, менга эргашингиз ва амримга итоат қилингиз!...» (Тоҳо сураси, 90-оят).

 

﴿فَقَالُوا أَبَشَرًا مِنَّا وَاحِدًا نَتَّبِعُهُ إِنَّا إِذًا لَفِي ضَلَالٍ وَسُعُرٍ

“Бас, айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга эргашамизми?! У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам гумроҳлик ва нодонликда бўлурмиз-ку!” (Қамар сураси, 24-оят).

Юқоридаги барча оятлар пайғамбар алайҳиссаломга итоат этиш лозимлигини кўрсатади. Зеро, пайғамбарлар башариятга гўзал намуна ўлароқ юборилгандирлар. Уларнинг вазифалари фақатгина сўз орқали даъват қилиш билан чекланмайди. Пайғамбарларнинг ҳатти-ҳаракатлари инсонларга ҳаёт йўлини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:

﴿لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

(Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Маълумки, фақатгина назарий таълим билан инсонларни ислоҳ қилиб бўлмайди. Бу борада одамларга эргашишлари (тақлид қилишлари) учун амалий намуна лозим. Зеро, инсон соҳа мутахассисидан амалий кўникмаларни ўрганмай туриб, фақатгина китобдан назарий билимларни ўрганиш билан муваффақиятга эриша олмайди. Масалан, тиббиёт соҳасида амалиётни кўрмай, ўрганмаган, фақат назарий билим олган шахсга инсон ҳаётини топшириб бўлмайди. Бу мисол ҳар бир билим соҳасига тегишли.

Ҳатто таом пиширишда ҳам фақатгина таомни қандай тайёрлаш йўриқномасини ўқиш билан бирор натижага эришиб бўлмайди, балки бунда ҳам амалиёт муҳим саналади. Бир сўз билан айтганда, инсонлар бирор нарсани ўрганишда ҳамиша амалий намунага муҳтождирлар. Айниқса, диний таълимда жуда муҳим.

Шу сабабли, Аллоҳ таоло бутун башариятга юборган пайғамбарларига муқаддас каломини ҳам қўшиб жўнатди. Тўғри, Аллоҳ таоло кўплаб пайғамбарларини юборди, лекин уларнинг барчасига ҳам илоҳий китоб нозил қилмади. Аммо ҳеч бир китоб пайғамбарсиз нозил бўлгани йўқ. Макка мушриклари бир неча бор пайғамбарсиз китоб нозил қилинишини сўрадилар, аммо уларнинг бу сўровлари рад этилди. Сабаби эса – оддий. Чуни инсонлар фақатгина китобга эмас, балки муаллимга ҳам муҳтождирлар. Шу сабабли, одамлар Аллоҳ таоло юборган пайғамбарга итоат этишлари ва эргашишлари шарт.

Юқорида таъкидланганидек, пайғамбарга итоат Аллоҳ таолога итоат этишдир. Бири иккинчисиз бўлмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари ва қилган амаллари шак-шубҳасиз Аллоҳ таолонинг ваҳийига асосланган. Ҳатто Қуръони каримда у ҳақда бирор оят келмаган бўлса ҳам.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

1-қисм2-қисм, 3-қисм, Давоми бор...

Top