muslim.uz

muslim.uz

Самарқанд вилоятида отинойиларнинг илм-салоҳиятини ошириш борасида муҳим қадамлардан бири ташланди. Энди ҳафтанинг ҳар жума куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги биносида Самарқанд шаҳрида фаолият олиб бораётган отинойилар иштирокида “маънавият соат”лари ўтказиш ташкил этилди.

Вилоят бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Нозбуви Темированинг ташаббуси билан бошланган ушбу тадбирдан отинойиларнинг жойларда соғлом эътиқод тушунчалари, бугунги кундаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини етказиш, турли хил бидъат-хурофотларга қарши курашишдаги билим ва кўникмаларини ошириш кўзда тутилган.

Машғулотларда вилоят бош имом хатиби, вилоят бош имом хатиби ўринбосарлари ва вилоят бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Нозбуви Темированинг ўзи бугунги долзарб мавзулар юзасидан отинойиларга маъруза қилиб, тавсия ва кўрсатмалар беришмоқда.

Самарқанд шаҳар отинойилари иштирокида бошланган “маънавият соати” ўқув-машғулотлари 2018 йилдан бошлаб вилоятнинг қолган шаҳар ва туманларида жорий этилиши режалаштирилган, деб хабар беради вилоят Бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ҳижрий учинчи асрдан буён барча уламолар ҳадис тўпламларидан олтитаси «саҳиҳ» (ишонарли) экани ҳақида якдил бўлишган. Булардан бештаси Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насафийга тегишли. Олтинчиси бўлишга эса Имом Доримий, Имом Молик ибн Можа тўпламлари лойиқдир, дейишган.

«Сиҳоҳи ситта» (олти ишонарли тўплам)дан бирининг мусаннифи, улуғ ҳофиз ва муҳаддис Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад Тамимий Самарқандий Доримий ҳижрий 181 (милодий 797) йили Самарқандда туғилди. Унинг аждодлари Ислом фотиҳлари сафида олдин Хуросонга, кейин Мовароуннаҳрга келишган ва Самарқандда муқим яшаб қолишган.

Имом Доримийнинг устозлари кўп эди: Яҳё ибн Ҳаммод, Яъқуб ибн Иброҳим, Абдулваҳҳоб ибн Саид Дамашқий, Абу Бакр Мисрий, Назр ибн Шамийл, Сулаймон ибн Ҳарб, Валид ибн Шужоъ, Саид ибн Омир, Ҳажжож ибн Минҳал, Язид ибн Ҳорун, Жаъфар ибн Авн, Марвон ибн Муҳаммад, Холид ибн Муҳаммад, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Раққоший ва бошқалар.

Имом Доримийдан эса машҳур имомлар: Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий, Насаий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳасан ибн Саббоҳ, Баззор, Зуҳалий, Абу Заръа, Абу Ҳотим, Умар ибн Муҳаммад, Жаъфар ибн Муҳаммад Фарёбий, Исо ибн Умар Самарқандий ва бошқа муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган1.

Имом Доримийнинг энг машҳур асари «Сунани Доримий» – ишонарли ҳадис тўпламларидан бири. Олим Куръони каримнинг баъзи жузлари-пораларига тафсир, «Би савми мустаҳаза вал мутаҳаййира» номли фиқҳий китоб ҳам ёзган.

Имом Доримийнинг «Сунан»и номи борасида уламолар турли фикр билдиришади. Жумладан, Имом Заҳабий (мил. 1274-1348) каби алломалар уни «Муснад», Алоуддин Муғалтой ибн Қалиж Мисрий (ваф.м. 1261) каби уламолар «Саҳиҳ» дейишган. Аммо ибн Ҳажар Асқалоний, Мисрий, Жалолиддин Суютий таъкидлашганидек, бу китоб ҳадис олимлари орасида «Сунан» номини олган. Ушбу маълумотларга асосланиб айтсак, Имом Доримий асари «Сунан» китобларининг мукаммалроғидир.

Имом Доримий хориж сафаридан Са­марқандга қайтиб келганидан сўнг унга шаҳар қозиси бўлиб ишлашни таклиф этишади. Шу боис Имом Доримий бироз муддат Самарқанд қозиси бўлади.

Имом Доримий ҳижрий 255 йили арафа куни вафот этди.

Имом Доримий Имом Бухорийнинг устозларидан бири ҳисобланади. Мулла Али Қорий «Мишкот» шарҳида бу ҳақда эслатиб ўтади.

Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халаф бундай дейди: «Бир кун устоз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳузурларида ўтирган эдик. Шу пайт устозга бир мактуб келтиришди, унда Имом Доримий вафоти хабар қилинган экан. Бу нохуш хабардан устоз чуқур қайғуга ботиб, бошларини қуйи эгдилар. Бир муддатдан кейин бошларини кўтариб, кўзлари ёшга тўлган ҳолда ҳасрату ғамгинлик билан: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» дея, истиржо айтдилар ва: «Сизнинг тирик юришингиз учун барча дўстлар жон фидо қилишга тайёр эдиларку», – деб дуо қилдилар».

Абдуҳалим МУҲИДДИНОВ,

 Имом Бухорий халқаро маркази

 манбашунослик­ бўлими ходими

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москва шаҳрига бориши ҳақида хабар берган эдик.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий мажлисида иштирок этиш учун Москва шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

 

Маълумот учун, ушбу учрашувда МДҲда 2017 йилдаги Россия раислигининг якунлари сарҳисоб қилиниши ва турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашиш режалаштирилган.

 

Учрашувда Россия президенти Владимир Путин, Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев, Арманистон етакчиси Серж Саргсян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон етакчиси Сооронбай Жээнбеков, Молдова раҳбари Игорь Додон, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон иштирок этиши кутилмоқда.

 

Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов учрашувда қатнашмаслиги Россия Президенти Матбуот хизмати томонидан маълум қилинган эди.

Вторник, 26 Декабрь 2017 00:00

Эй фарзанд, ота-онангни йиғлатма!

Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Айниқса ота-онага қилинган исён ва уларга оққ бўлишнинг жазоси албатта муқаррардир. 
Абу Бакра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ Ўзи ҳоҳлаган гуноҳларнинг (жазосини) ҳаммасини қиёмат кунигача кечиктиради. Фақат ота-онага оққ бўлишни эмас. Албатта, Аллоҳ таоло, унинг соҳибига (жазосини) ўлимидан олдин ҳаётида тезлатади”, деганларини эшитдим”. (Имом Ҳоким ривояти).
Демак, ота-онасига оққ бўлиб, уларга нонкўрлик қилган махлуқ, охиратда оладигани аламли азобу уқубатлардан ташқари шу дунёнинг ўзида ҳам қилмишига яраша жазоланмасдан қолмас экан. Бунга кўпчиликларимиз гувоҳ бўлганмиз.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ота-онани йиғлатиш оққ бўлиш кабира гуноҳлардандир”. (Имом Бухорий ривояти).

Ота-онани хурсанд қилиш қанчалар улуғ амал бўлса, уларни хафа қилиб ранжитиш ҳам улкан гуноҳ ҳисобланади. Фарзанд уларга итоатсизлик қилиб, сўзларига қулоқ солмаса, имкони бўла туриб яхшилик қилмай, озор бериб, йиғлатадиган бўлса, бу иши билан Аллоҳ таолога энг катта гуноҳ қилган ва ота-онасига оққ бўлган бўлар экан. Демак, ҳадисдан маълум бўладики фарзандлар ота-оналарига оққ бўлиб қолишлари учун, уларнинг, “оққ қилдим”, дейишлари шарт эмаслиги, балки қалбан оғринишларининг ўзи етарли эканини билиб олишлари лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалансин! Бурни ерга ишқалансин! Бурни ерга ишқалансин!”, дедилар. Айтилди: “Ким? Ё Росулуллоҳ!”. У зот: “Ким ота-онасини кексалик пайтларида бирларини ёки икковларини топсаю, сўнг, жаннатга кирмаган бўлса”, дедилар”. (Имоми Муслим ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифдан маълумки ота-онага хизмат қилиш, уларга яхшилик қилиб эъзозлаш, жаннатга кириш учун энг катта восита экан. Уларга оқ бўлиш, озор бериш, уларнинг ҳақларини паймол қилиш ва итоат қилмаслик эса, дўзахга киришдаги энг асосий сабаблардан биридир. Ожиз банда ота-онасининг хизматларида кўп хато ва камчиликларга йўл қўяди. Шунинг учун, кимки ота-онасининг иккисини ёки бирларини кексайган пайтларида уларнинг дуо ва розиликларини топиш учун уларга чиройли хизмат қилсин!  Бордию бунинг акси бўлиб, уларга озор берса, қаровсиз ташлаб қўйса ва улар олдидаги фарзандлик бурчини бажармаса дўзахга киришга лойиқ бўлади. Ушбу ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари унга тегиб қолиши хавфи бор.

Шоир айтади:

Эй ўғил, ҳаддингда тур! Отанг сени сотганда ҳам.

Инчунун, мушфиқ онангни сўзлари ботганда ҳам.

Шунинг учун ота-она билан муомала қилишда фарзанд хушёр бўлиб, уларни ранжитиб қўймаслиги керак. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ота-онага оқ бўлишдан сақласин!

 

Толибжон ҒОФУРОВ

тайёрлади

Киши ҳар бир қилган нафақасига ажр олади. Саид ибн Мусаййиб (р.а) шундай деганлар: “Ҳақ йўлга сарфлаш ҳамда одамлар олдида обрўсини сақлаш яъни тиланчилик қилмаслик учун ҳалол мол жамғаришни хоҳламайдиган кишида яхшилик йўқдир”.

Юқоридаги далиллардан маълум бўладики, агар банда нима учун бойлик берилганини ёддан чиқармаса, мол-дунёни яхши кўриш аслида қораланган амал эмас. Зеро, мол-дунё инсонга Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун ато этилади.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай таълим беради: Биз мол-дунёни намозни адо этишингиз ва закотини беришингиз учун ато этганмиз. Молу дунё ҳаромдан тўпланган бўлса, ёки ўз жойига ишлатилмаса, Аллоҳга гуноҳкор бўладиган ҳолатда сарфланса, инсон молу дунё топишга батамом берилиб кетиб, бу нарса унинг қалбини ҳам эгаллаб Парвардигорини эсдан чиқарса, Ундан узоқлаштирса, ана шундай молу дунё қоралангандир. Расули Акрам (с.а.в) : Дунё мафтункор гўзал, кимки, ҳаққини адо этиб уни қўлга киритса, Аллоҳ таоло унга барака беради. Агар бирор кимса Аллоҳ ва Унинг Расулининг измидан чиқиб мол-дунё тўплашга берилиб кетса, Қиёматда унинг жойи дўзах бўлади-дедилар. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: Ҳар бир уммат фитнага гирифтор бўлди, умматимнинг фитнаси эса мол-дунё-дедилар. Мол-дунёдан фойдаланиш уч кўринишда ҳосил бўлади. Золим уни лаззатланиш учун олади, мўмин уни ўзига заҳира қилиб олади, муқарраб банда эса Аллоҳга яқин бўлиш учун эҳтиёжи баробарида ундан олади.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки биз ҳам иложи борича ёшларни аввало пухта билимга, қолаверса бирор касб-ҳунарга йўллашимиз мақсадга мувофиқ бўлар экан. Чунки, мустақил касб-ҳунари бор киши аввало топганига сабрли ва шукрли бўлади. Пул топишнинг осон эмаслигини билганидан кейин ноўрин жойларга сарф қилмайди. Аниқ мақсади бўлади, беҳуда ишлар билан қимматли вақтини бекорга кеткизмайди. Ва энг зарурийси, бугунги кундаги асримиз иллатларидан бўлган гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби йўллар учун ўз касби орқали топган ҳалол пулини сарф қилмайди. Ва яна ўзларини турли баландпарвоз номлар билан номлаган, турли кўринишдаги динни ниқоб қилиб олган оқимларга ҳам аралашмайди, ёки миссионерларнинг тузоғига ҳам илинмайди. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик ва ҳалол касб-ҳунар билан дунё ва охират саодатини топади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top