Мақолалар

Эй фарзанд, ота-онангни йиғлатма!

Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Айниқса ота-онага қилинган исён ва уларга оққ бўлишнинг жазоси албатта муқаррардир. 
Абу Бакра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ Ўзи ҳоҳлаган гуноҳларнинг (жазосини) ҳаммасини қиёмат кунигача кечиктиради. Фақат ота-онага оққ бўлишни эмас. Албатта, Аллоҳ таоло, унинг соҳибига (жазосини) ўлимидан олдин ҳаётида тезлатади”, деганларини эшитдим”. (Имом Ҳоким ривояти).
Демак, ота-онасига оққ бўлиб, уларга нонкўрлик қилган махлуқ, охиратда оладигани аламли азобу уқубатлардан ташқари шу дунёнинг ўзида ҳам қилмишига яраша жазоланмасдан қолмас экан. Бунга кўпчиликларимиз гувоҳ бўлганмиз.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ота-онани йиғлатиш оққ бўлиш кабира гуноҳлардандир”. (Имом Бухорий ривояти).

Ота-онани хурсанд қилиш қанчалар улуғ амал бўлса, уларни хафа қилиб ранжитиш ҳам улкан гуноҳ ҳисобланади. Фарзанд уларга итоатсизлик қилиб, сўзларига қулоқ солмаса, имкони бўла туриб яхшилик қилмай, озор бериб, йиғлатадиган бўлса, бу иши билан Аллоҳ таолога энг катта гуноҳ қилган ва ота-онасига оққ бўлган бўлар экан. Демак, ҳадисдан маълум бўладики фарзандлар ота-оналарига оққ бўлиб қолишлари учун, уларнинг, “оққ қилдим”, дейишлари шарт эмаслиги, балки қалбан оғринишларининг ўзи етарли эканини билиб олишлари лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалансин! Бурни ерга ишқалансин! Бурни ерга ишқалансин!”, дедилар. Айтилди: “Ким? Ё Росулуллоҳ!”. У зот: “Ким ота-онасини кексалик пайтларида бирларини ёки икковларини топсаю, сўнг, жаннатга кирмаган бўлса”, дедилар”. (Имоми Муслим ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифдан маълумки ота-онага хизмат қилиш, уларга яхшилик қилиб эъзозлаш, жаннатга кириш учун энг катта восита экан. Уларга оқ бўлиш, озор бериш, уларнинг ҳақларини паймол қилиш ва итоат қилмаслик эса, дўзахга киришдаги энг асосий сабаблардан биридир. Ожиз банда ота-онасининг хизматларида кўп хато ва камчиликларга йўл қўяди. Шунинг учун, кимки ота-онасининг иккисини ёки бирларини кексайган пайтларида уларнинг дуо ва розиликларини топиш учун уларга чиройли хизмат қилсин!  Бордию бунинг акси бўлиб, уларга озор берса, қаровсиз ташлаб қўйса ва улар олдидаги фарзандлик бурчини бажармаса дўзахга киришга лойиқ бўлади. Ушбу ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари унга тегиб қолиши хавфи бор.

Шоир айтади:

Эй ўғил, ҳаддингда тур! Отанг сени сотганда ҳам.

Инчунун, мушфиқ онангни сўзлари ботганда ҳам.

Шунинг учун ота-она билан муомала қилишда фарзанд хушёр бўлиб, уларни ранжитиб қўймаслиги керак. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ота-онага оқ бўлишдан сақласин!

 

Толибжон ҒОФУРОВ

тайёрлади

7551 марта ўқилди

Мақолалар

Top