muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида “Араб тили” фани бўйича пуллик ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур ўқув курслари 2018 йилнинг 2 январидан бошлаб ўз фаолиятини бошлайди.

Ўқув курсларида таҳсил олиш истагида бўлган тингловчиларнинг ҳужжатлари 2017 йилнинг 25-27 декабрь кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача барча таълим муассасаларида қабул қилинади.

Ўқув курсларига Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида қабул қилинади.

Тингловчилар диний таълим муассасасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

- ректор номига ариза;

- соғлиги ҳақида тиббий маълумотнома (У-086-шакл);

- паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);

- 4 дона фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);

- яшаш жойидан маълумотнома;

 

Ўқув курслари бўйича қизиқтирган саволлар юзасидан қуйидаги телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин:

  1. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (+99871-227-42-37).
  2. Мир Араб олий мадрасаси (Бухоро вилояти, +99894-604 45 97).
  3. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти (Тошкент шаҳри, +99871-242 10 82).
  4. “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти (Тошкент шаҳри, +99871-299 24 11).
  5. “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти (Қашқадарё вилояти, Китоб шаҳри, +99875-542 74 25).
  6. “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти (Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри, +99895- 600 45 97).
  7. “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти (Бухоро вилояти, Бухоро шаҳри, +99865-221 77 44).
  8. “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти (Андижон вилояти, Андижон шаҳри, +99895-201 68 70).
  9. “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти (Наманган вилояти, Наманган шаҳри, +99869-226 60 60).
  10. “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти (Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, +99895-606 92 55).
  11. “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти (Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, +99861-229 03 20).

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Рустам Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бир неча уламолардан иборат делегация “2017 йил – Ислом ҳамжиҳатлиги йили: динлараро ва маданиятлараро мулоқот” номли халқаро анжуманда иштирок этиш учун Боку шаҳрида бўлиб туришибди.


Бугун, 21 декабрь куни ушбу халқаро конференция ўз ишини бошлади. Анжуманни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев очиб берди. Шундан сўнг, бир қатор давлатлар Президентларининг табриклари ўқиб эшиттирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригини давлат маслаҳатчиси Рустам Комилов йиғилганларга етказди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжонда 2017 йилни “Ислом бирдамлиги йили” деб эълон қилиниши муносабати билан бир қанча мамлакатларда қатор маърифий тадбирлар ўтказилди. Йил давомида амалга оширилган тадбирларнинг якуни сифатида бўлиб ўтаётган ушбу тадбирда 40 дан ортиқ давлатлардан 200 га яқин дин пешволари, уламолар, олимлар, муфтийлар ва соҳа мутахассислари иштирок этишмоқда.


Ушбу халқаро конференциянинг илмий-амалий қисми, бугун, соат 14:00 да бошланади. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги маданий, маърифий ва дўстона алоқалар, Ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масалаларига бағишланган маърузалари билан чиқиш қиладилар. Анжуман тафсилотларини сайтимизда кузатиб боринг.


ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 21 Декабрь 2017 00:00

Ибратли ҳикоялар: Тупроқ каби бўл...

Ақлли, фаросатли йигит комил устозга шогирд тушиб, анча вақт хизматида бўлди. Бир куни устоз уни ёнига чақириб:

– Масжидни тозала, ҳар тарафда кир-чанг тўпланибди, – деди.

Бу топшириқни олганидан кейин мусофир йигитни узоқ муддат ҳеч ким кўрмади. Йигитнинг бу иши гап-сўзларга сабаб бўлди. Кунларнинг бирида устознинг шогирдларидан бири ҳалиги мусофирни учратиб қолди ва унга:

– Эй дўстим, тўғри иш қилмадинг. Ҳаммамиз сенга яхши муомалада эдик. Ишдан қочиб, бизни ташлаб кетдинг. Одамлар меҳнат қилиб юксалади ва камолга эришади, – деди.

Шунда йигит ёниб сўзлай бошлади:

– Дўстим, буйруқни олган заҳоти тозалаш учун масжидга бордим. Кўрдим, ҳамма жой топ-тоза экан. Кир менинг кўнглимда экан. Шундан кейин кетдим. Киши энг олдин кўнгил масжидини тоза тутиши лозимлигин англадим.

Қиссадан ҳисса: имонли киши ўз қусурларини кўра олувчи, тавозели бўлади.  Мевали новданинг боши эгилгани каби, ақлли, фаросатли киши ҳам мутавозе бўлади. Буюклик истасак, тавозени танлайлик.

Аллоҳ таоло одамни тупроқдан яратди. Камтарликда тупроқ каби бўлайлик. Модомики, аслимиз тупроқ экан, олов каби ҳирсли, саркаш бўлмаслигимиз керак. Олов ўзини юксак тутгани учун ундан шайтон бино бўлди. Тупроқ тавозели бўлгани учун ундан ўн саккиз минг олам гултожи Одам алайҳиссалом яратилди.

 

Четверг, 21 Декабрь 2017 00:00

Қулоққа масҳ тортишнинг фойдаси

Таҳорат қилиш динимизнинг талабларидан бири бўлиб, шариатда намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва бошқа ибодатлар олдидан зарур ҳисобланади. Зеро, таҳорат Қуръони карим ва суннатда буюрилган. Таҳоратнинг фарзлари, суннатлари ва мустаҳаблари мавжуд. Қулоққа масҳ тортиш ҳам унинг суннат амалидан ҳисобланади ва бунинг тиббий жиҳатдан фойдаси кўп.

Қулоққа масҳ тортишда кўрсаткич бармоқлар билан қулоқларнинг ичи, бош бармоқлар билан эса қулоқ орқаси, яъни уст томони масҳ қилинади. Бу борада ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига ва икки қулоқлари ортига ва ичига масҳ тортдилар», деб ривоят қилганлар. Демак, қулоққа масҳ тортишда қўлимиз ёрдамида унга таъсир этамиз.

Қулоқ фақат товушларни қабул қилувчи аъзо бўлиб қолмай, балки инсоннинг соғлигини билдирувчи кўрсаткич ҳам экани маълум. Қулоқлар орқали қайси аъзо касалланганини билиш мумкин. Қулоқда жойлашган нуқталарни уқалаш жараёнида деярли барча ички аъзолар фаолияти тартибга солинади, гипертонияда қон босими пасаяди, тиш оғриғи ва томоқдаги оғриқ енгиллашади ёки бартараф бўлади. Қулоқ супраси шакли инсон эмбрионини ёдга солади. Шунга кўра, у ёки бу аъзога боғлиқ бўлган қулоқдаги нуқталарни билиб олиш мумкин. Масалан, қулоқ солинчаги – бош ва бош мияга алоқадор, супра косаси эса – кўкрак қафаси, қорин бўшлиғидаги аъзолар ҳолатини кўрсатади ва зарур ҳолда даволайди. Қулоқ супрасининг тепа қисмида гипертонияда юрак-қон томир тизими фаолиятини меъёрга солувчи нуқталар жойлашган.

Қулоқдаги биологик фаол нуқталарга таъсир этиш, яъни уларни уқалаш орқали тетиклашиш, даволаш, роҳатланиш ва қатор касалликларнинг олдини олиши мумкин. Инсон танасидаги биологик фаол нуқталар бир текисда жойлашмаган. Уларнинг энг катта қисми қулоқ супрасида жойлашган бўлиб, уларнинг сони 110 дан зиёдни ташкил этади. Тананинг бошқа ҳеч қайси қисмида бундай ҳолатни учратмайсиз. Мавзуга бевосита алоқадорлиги боис игна билан даволаш амалиёти натижалари ҳақида айтиб ўтиш лозим. Маълумки, игна билан даволашда касалликни даволаш ва енгиллаштириш, баъзи пайтларда эса ички аъзолардаги оғриқни буткул тўхтатиб қўйиш мумкин. Гиссен ва Мюнхендаги бир неча клиникаларда наркоз ёрдамисиз юракда жарроҳлик амалиётлари ўтказилган бўлиб, бунда беморнинг қулоқ супрасига бир нечта игна ўрнатилган ва кўкрак қафаси очилган. Бунда бемор ҳушида бўлган ва оғриқни ҳис этмаган. Бунинг сабаби шундаки, қулоқнинг уст томони ички органлар ва бош мия билан боғланган. Мутахассислар буни билиб, маълум биологик фаол нуқталарга таъсир этган ва оғриқни бартараф қилган.

Демак, динимизда буюрилган таҳорат, унинг амалларидаги жараёнлар ҳам жисмнинг, ҳам руҳнинг саломатлигига катта фойда келтиради.

   Хуршида Абдуллаева тайёрлади

Абу Кабша Анморий (розияллоҳу анҳу) айтади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: «Дунёга муносабатда кишилар тўрт тоифага бўлинади:

– Аллоҳ таоло мол ва илм берган бандалар. Улар молларини Аллоҳдан қўрқиб ишлатишса, ундан қариндошларига ҳадя беришса ва молларида Аллоҳ таолонинг ҳақи борлигини билишса, энг фазилатли мақомда бўлишади.

– Аллоҳ таоло илм бериб, мол бермаган бандалар. Ниятларини тўғри қилиб, молим бўлганида фалончига ўхшаб (эзгу ишларга) сарфлардим, дейишса, ниятларига яраша савобга эга бўлишади. Бу икки тоифанинг ажри тенгдир.

– Аллоҳ таоло мол бериб илм, бермаган бандалар. Агар улар молларини ўринсиз сарфлашса, Аллоҳ таолодан қўрқмай тасарруф қилишса, ундан қариндошларига ҳадя беришмаса, молларида Аллоҳ таолонинг ҳақи борлигини билишмаса, энг паст даражада бўлишади.

– Аллоҳ таоло илм ҳам, мол ҳам бермаган бандалар.  «Агар молим бўлсайди, фалончидек (ёмон – тарж.) ерларга сарфлардим, дейишса, ниятларига яраша «тақдирланишади».  Бу икки тоифанинг гуноҳи тенгдир» (Имом Термизий).

Шарҳ: Ҳадисда киши билимсиз ва фақир бўлса ҳам, ниятига қараб олим ва бадавлат кишилар билан баробар савоб ёки гуноҳга эга бўлиши мумкинлиги айтилган. Камбағал, илмсиз мўминга бой ва олим каби ажр-савобга эришиш йўли кўрсатилган. Чунки «Мўминнинг нияти амалидан яхшидир» (саҳиҳ ҳадис). Мўмин ақл билан иш тутиб, фарзларни тўла-тўкис адо этгач, ҳиммат билан хайрли ишларга ният қилдими, уни амалга оширолмаса ҳам, ҳавас қилган кишиларининг савобичалик савоб олади, иншааллоҳ. Ҳадис яхши ишларда илғор шахсларга ҳавас қилишни тарғиб этяпти.

Ўзи камбағал ва билимсиз бўлиб, «Пулим кўп бўлганида, фалончига ўхшаб яшардим», дея фақат дунё кетидан қувган, дин-диёнат, ҳалол-ҳаром билан иши бўлмаган кишиларга ҳавас қиладиганлар ҳам бор. Бу ҳолда, у бечора йўқчилик заҳматини тортиши билан бирга, ўша ёмон кимса билан баробар гуноҳ орттиради. Бундай орзудан қайтариляпмиз.

Хулоса қилиб айтганда, мўмин биргина чиройли ният билан олим ва бой кишиларга тенг савобга эришиши учун, қурби етган эзгу ишларга парвосиз бўлмаслиги керак. Чунки фақат яхши ниятлар қилиб, «кўнглим пок», деб юраверса, имкони бўлатуриб эзгу ишлар қилмаса, ниятнинг ҳам, кўнгилнинг ҳам холис эмаслигини кўрсатади. Кучи етадиган яхши амалларни қилмаган, қайтарилган ишлардан сақланмаган киши ниятнинг ўзи билан савобларга эришуви қийин.

 

Содиқ НОСИРОВ

тайёрлади.

 

Top