muslim.uz

muslim.uz

Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш, муборак динимизни, азиз авлиё ва уламоларимизнинг меросини ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш йўлида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, азим пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мақбараси ва жоме масжидида айни кунларда улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Ўтган йилнинг 26 май куни Давлатимиз раҳбари “Сузук ота” мақбараси ва жоме масжидида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эдилар.
Муҳтарам Юртбошимиз: “Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак”, деган эдилар.
Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган. У Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб «Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!», дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363-1364 йилларда Амир Темур Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.
Республикамизнинг барча ҳудудларида мана шундай бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон ҳудудида кўплаб тарихий обидалар мавжуд, мамлакатда охирги йилларда туризмни ривожлантириш учун чоралар кўрилмоқда, уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда, деб хабар бермоқда «Анадолу» агентлиги.
Ўзбекистонда қадимги мадрасалар, масжидлар, карвонсаройлар, диний мажмуалар, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий каби машҳур ислом уламоларининг мақбаралари бор.
Тошкентда ҳам замонавий, ҳам тарихий биноларни учратасиз.
Туристлар Тошкентда, албатта, Ҳазрати Усмон Мусҳафи сақланадиган «Хасти-Имом» мажмуасига ташриф буюришлари керак. Бу муборак Қуръон учинчи халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) буйруқларига асосан VII асрда (644-648 йй.) кийик терисига кўчиртирилган. Мовароуннаҳрга Соҳибқирон Амир Темур даврида — 1375 йили Ироқдан олиб келинган. Мусҳаф узоқ йиллар Самарқанддаги Нодир Девонбеги Тоғо мадрасасида сақланади. Ўрта Осиёни Русия босиб олганидан сўнг, у Санкт-Петербург императори кутубхонасига бериб юборилади. 1917 йил октябрь инқилобидан сўнг Мусҳаф Русия мусулмонлари идорасига берилган. Ўшанда Русия мусулмонлари идораси Уфа шаҳрида жойлашган эди. Шундан сўнг Тошкент, Сирдарё уламолари талабига мувофиқ, «Мусҳафи Усмонни Ўзбекистонга қайтариб бериш тўғрисида»ги ҳужжатга асосан 1924 йили махсус поезд билан Тошкентга юборилган. Мусҳаф бир оз муддат Тошкент шаҳридаги "Хожа Аҳрор Валий" масжидида, кейинчалик "Ўзбекистон тарихи" давлат музейида сақланди. 1989 йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан "Мусҳафи Шариф" Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тақдим қилинди.
«Хасти-Имом» мажмуаси таркибига Бароқхон мадрасаси, Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти, "Тилла Шайх" масжиди, Мўйи Муборак мадрасаси ва "Ҳазрати Имом" масжиди каби меъморчиликнинг ажойиб намуналари киради, дейилади агентлик хабарида.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Мен ҳеч қачон зиён кўрмайман. Ё нимагадир эришаман (ишончини, меҳрини қозонаман) ёки нимадир ўрганаман (тажрибага эга бўламан).

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Буюк инсоннинг буюклиги содда, кичиккўнгил, фақир одамлар билан бўладиган муомаласида кўринади.

Томас Карлайл

*****

Бу ҳаётда кўп ҳам инсонларга суянма. Ахир қоронғу жойларда ҳатто соянг ҳам сени ташлаб кетади-ку!

Маҳмуд Алвон

*****

Ақл кўпайиб боргани сайин кишининг узлатга, холи қолишга бўлган мойиллиги ҳам ошиб борар экан.

 “Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Олам фақат насиҳатларга эмас, балки ўрнак, намуна бўладиган шахсларга муҳтождир.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Бахт отнинг тақасини деворингга қоқиб қўйганингда эмас, балки бошингдан эшакнинг ақлини чиқариб ташлаганингда келади.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Матндаги луғавий хатоларга эътиборини қаратиб, матнда нима мавзу ёритилганини эсдан чиқарадиган кимсалар менга бир хитой мақолини эслатишади: “Мен Ойга ишора қиламан. Аҳмоқ эса бармоғимга қарайди”.

Тавфиқ Ҳаким

*****

Золимга “Адолат қил!” дейишингиз мажнунга “Ақлингни ишлат!” дейишингизга ўхшайди.

Доктор Али Вирдий

*****

Бошқаларнинг фикрларидан қўрқма! Бу уларнинг фикрларидир, сенинг воқелигинг эмас.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Ҳақиқий ғалаба нафс устидан қозонилган ғалабадир.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Мени нотўғри тушунганингдан кўра умуман тушунмаганинг яхшироқдир.

“Тарих мухрлаган сўзлар”

*****

Баъзилар оламни очишни (ислоҳ қилишни, ривожлантиришни) истайдилар. Ваҳоланки, ўзлари китобни очишдан ҳам ожиздирлар.

Низор Қаббоний

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

(Ҳижрий 994-1069, милодий 1585-1659)

Ширинбулолий ўз замонасининг фиқҳ фанида энг етукларидан ва мутааххир олимларнинг машҳур фақиҳларидан бўлган Мисрлик олимдир. Мисрни Мануфа вилоятининг Ширинбулол қишлоғида туғилиб, олти ёшида отаси Қоҳира шаҳридаги ал-Азҳар университетига олиб келди. Азҳарда аввал Қуръони каримни ёд олиб, кейин илм ўрганишни бошлади. Азҳарни аъло баҳоларга тамомлагач энг намунали мударрислардан бўлиб, дарс бера бошлади. Шайх Ширинбулолийга фиқҳ ва усулул фиқҳ фанларида кўпчилик мурожаат қиладиган ва асосан, қийин ва мушкил бўлган масалалар бу зотни ҳузурида ечиладиган бўлди. Натижада, фатво бериш борасида ўз замонасида  энг етук инсонга айланди. Аллома ҳанафий фиқҳида қалам тебратиб, мотуридий эътиқода бўлган.

“Раддул муҳтор” китобининг муаллифи машҳур аллома Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ Ширинбулолий ҳақларида шундай деган: “Муҳаққиқ олимларнинг таянчи, етук фақиҳ, бир қанча машҳур китоблар соҳиби”.

Имом Абдулҳай Лакнавий ҳам Ширинбулолий ҳазратларини мақтаб ва эътироф қилиб қуйидаги сўзларни айтганлар: “Имом Ширинбулолий аъло даражада ёзилган қимматбаҳо китоблар соҳибидир”.

Бу икки буюк  зотлардан бошқа бир қанча забардаст олимлар аллома Ширинбулолийнинг илмларини ва ёзган китобларини мақтаб, тасаннолар айтганлар. Демак, бу зотнинг нақадар етук ва буюк шахс бўлганлари олимларнинг эътирофларидан маълум бўлди.

Бу кишининг фиқҳ фанида мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳга боғланадиган машҳур санади бор эди. Шайх Муҳаммад Толҳа ўзининг “Таржаматуш Ширинбулолий”  номли қўл ёзма асарини 51 саҳифасида Ширинбулолийнинг Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳгача бўлган санадини тўлиқ келтирган.

Ширинбулолий ҳазратлари бир неча шаҳарларга сафар қилган. Жумладан, устози Абу Исъод Юсуф ибн Абдураззоқ ал-Вафоий билан ҳижрий 1035 йилда Қуддуси шарифга сафар қилганлар. Ҳаж ибодатини бажариш мақсадида бир неча марта Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага боришга муяссар бўлган. Охирги ҳаж ибодатини  ҳижрий 1058 йилда бажарган.

Имом Ширинбулолий ҳижрий 1069 йили, Рамазон ойининг ўн биринчиси, жума кунида, асрдан кейин 75 ёшларида фоний дунёдан абадий дунёга риҳлат қилганлар.    

Устозлари: Аллома Ширинбулолий бир қанча тажрибали устозларнинг илмлари ва одобларидан баҳраманд бўлиб, ўзлари ҳам етук устозлар қаторидан жой олган. Қуйида улардан машҳурларини санаб ўтамиз:

Шайх, фақиҳ, муҳаддис, “Канзуд дақоиқ” асарига “Табйинул ҳақоиқ” номли шарҳ ёзган имом Аҳмад ибн Муҳаммад аз-Зайлаъий (ҳижрий 1025 йили вафот этган).

Аллома Муҳаммад ибн Абдураҳмон ал-Ҳамавий (ҳижрий 1017 йили вафот этган).

Имом, аллома Муҳаммад ибн Муҳиббий ал-Мисрий ҳижрий 1045 йили вафот этган).

Фиқҳ ва бошқа фанларни эса, Имом Абдуллоҳ Неҳририй, аллома Муҳаммад Шамсуддин Маҳбубий ва шайх Али ибн Ғоним Мақдисийлардан ўрганганлар.

 Қуръони каримни шайх Муҳаммад Ҳамавий ва шайх Абдураҳмон Мусайриларнинг ҳузурларида ёд олдилар.

Бу алломанинг бир нечта машҳур шогирдлари бўлиб, улар ҳам устозларига ўхшаган бир нечта китоблар ёзганлар. Аллома Исмоил Нобулусий ва шайх Муҳаммад ибн Тожуддин ар-Рамлийлар шулар жумласидандир.

Китоблари: Шайх Ширинбулолий ҳаётлари давомида бир қанча илмий мажлислар ва талабаларга дарс бериш билан бирга 60 тадан ортиқ китоб ва рисолалар ёзган. Жумладан: “Нурул ийзоҳ ва нажотул арвоҳ”, “Мароқул фалаҳ шарҳи нурул ийзоҳ”, “Ҳошиятун алад дурар вал-ғурар”, Шарҳу манзумату ибн Ваҳбон”, “Мароқус саодат фий илмай ат-тавҳид вал-ибада”, “Ғуняту завил аҳком”, “Фатҳул-алтоф бижадвали тобақоти мустаҳиқил авқоф”, “Иттиҳафу завил итқон биҳукмир-руҳбан”, “Ал-Истифода мин китабиш шаҳада”, “Туҳфатул акмал”, “Ал-ақдул фарид фит тақлид”.

Алломанинг энг аҳамиятли ва машҳур китоби Мулла Хисравнинг “ад-Дурар вал ғурар” китобига ёзган “Ҳошиятуд дурар вал ғурар” китобларидир. Бу ҳошия Ширинбулолий ҳаётлик даврларидаёқ машҳур ва кўпчилик фойдаланадиган китоб бўлиб улгурган. Бу ҳам бўлса, Ширинбулолийнинг илми чуқур ва пухта эканига яққол далил бўла олади.

 Олимнинг машҳур китобларидан яна бири “Нурул ийзоҳ ва нажотул арвоҳ” бўлиб, унда таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж ибодатларига тегишли масалаларнинг энг саҳиҳлари қисқа ва лўнда шаклда, далилларисиз баён қилинган. Биринчи бўлиб, китобнинг аввалидаги таҳорат, намоз ва рўза боблари ҳижрий 1032 йили ёзилиб, сўнгра мусаннифнинг ўзи томонидан буларга иккита шарҳ ёзилади. Биринчиси “Имдодул-фаттоҳ” деб номланса, иккинчиси “Мароқул фалаҳ”дир. Улардан “Имдодул-фаттоҳ” ҳажми жиҳатдан каттароқ бўлиб,  ҳижрий 1046 йили ёзилган ва 360 бетдан иборат. Етти йилдан кейин эса иккинчи шарҳ ёзилган ва у 145 бетдан иборатдир. Аллома ҳижрий 1054 йили китобнинг закот ва ҳаж бобларини ҳам ёзиб, уни аввалги уч бобга қўшадилар. Натижада, “Нурул ийзоҳ ва нажотул арвоҳ” китоби беш бобли бўлди. Китобнинг учдан икки қисмида таҳорат ва намоз масалалари баён қилинган, учдан бир қисмида эса, рўза, закот ва ҳаж масалалари зикр қилингандир. Мазкур китоб дунё юзини кўрганидан бошлаб, ҳозирги кунимизгача дунёдаги кўплаб мадраса ва олийгоҳларда ўқитиб келинмоқда.

 Алломанинг “Мароқул фалаҳ” китоби олимлар ўртасида машҳур бўлиб, кўпчилик фуқаҳоларимиз ўз китобларида ундан иқтибослар келтиришган.

Асарнинг ҳажми кичкина, маълумоти кўп, ҳукмлари тўғри бўлиб, ниҳоятда осон ва равон услубда баён қилинган. Шунингдек, Қуръони карим, ҳадиси шариф, ижмо, ва қиёслардан иборат бўлган далилларини ҳам зикр қилиб ўтилган. Ҳозирда кўпчилик олимлар ибодатга тегишли масалаларга мана шу китоб асосида жавоб берадилар.

 “Мароқул фалаҳ” китобига шайх Аҳмад ат-Таҳтовий “Ҳошиятут Таҳтовий ъала мароқил фалаҳ шарҳи нурил ийзоҳ” номли ҳошия ёзганлар. Хуллас, “Нурул ийзоҳ нажотул арвоҳ” ва “Мароқул фалаҳ” китобларига машҳур олимлар томонидан кўплаб шарҳ ва ҳошиялар ёзилган. Бу ҳам бўлса, мазкур китобларнинг нақадар юксак аҳамиятга эга эканига далолат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Имом Ширинбулолийнинг “Мароқул фалаҳ” асарини иккита тошбосма нусхаси: 2132 инвентар рақами остида ҳамда 707 интенвар рақами остида Шайх Аҳмад Таҳтовийнинг ҳошияси билан бирга ёзилган нусхалари сақланмоқда.

Мазкур манбалар ҳанафий фиқҳи бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб борувчилар учун фойдали асарлардан ҳисобланади.

 

ЎМИ Фатво бўлими мутахассиси,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ғуломиддин Холбоев

Хабарингиз бор, Робиъул аввал ойи муносабати билан Жума намозларида диёримиз масжидларида Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом туғилишлари, ҳаёт йўллари, аҳлоқлари тўғрисида битилган, халқ орасида машҳур бўлган “Мавлиди шариф” ва ўзбек тилидаги саловоти шарифлар ўқилмоқда.

Бугун 30.11.2018 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Жума намози олдидан сўнгги Мавлиди шарифлар ўқилади:

Учтепа тумани:

1. “Чўпон ота” жоме масжиди. (Кўҳна Чўпон ота маҳалласи 13-мавзе. Тел.:+998 71 275 25 31)
2. “Ҳазрати Умар” жоме масжиди. (М.Уйғур кўча, 556а-уй. Мўлжал: ”Чароғон” ресторани қаршисида.  Тел.:+998 71 228 50 36)
3. “Абу Талҳа” жоме масжиди. (“Абдулла Қодирий” маҳалласи, Тавалло кўчаси, 12-уй. Тел.:+998 71 228 52 49, +97 771-91-60)

Юнусобод тумани:

4. “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди. (А.Жомий махалласи, Боғиравон 2-тор кўчаси 14 уй.  Тел. :+998 71 226 77 15)
5. “Кулол-Қўрғон” жоме масжиди. (Турон дехқон 6 уй.  Тел. :+998 71 225 76 86)

Олмазор тумани:

6. “Ат-Термизий” жоме масжиди. (Қизил кўча, 96-уй.)
7. “Исломобод” жоме масжиди. (“Ачаобод” маҳалласи, Сағбон кўча 244-уй. Телефон: +998 71 246 35 41.)
8. “Абу Бакр Қаффоли Шоший” жоме масжиди. (генерал К.Ғофуров кўча 101-уй. Телефон: +998 71 227 61 92.)

Мирзо Улуғбек тумани:

9. “Тўра бува” жоме масжиди. ( “Бешкапа” маҳалласи, Султония кўчаси 70а-уй. Тел.: +998 71 264 01 62.)
10. “Авайхон” жоме масжиди. (Қорасувбўйи кўчаси 87а уй. Тел.: +998 71 265 66 26)
11. “Дорул Омон” жоме масжиди. (У.Ғуломов кўчаси 15 уй.)
12. “Мулла Холмирза” жоме масжиди. (“Шўртепа” маҳалласи,  Гулсара кўчаси 15-уй. Тел.: +998 71 265 26 46)

Бектемир тумани:

13.  “Алибек” жоме масжиди. (Ҳусайн Бойқаро кўчаси 1-уй.)
14.  “Қора Соқол ота” жоме масжиди. (Бинокор маҳалласи Шоликор кўчаси 1 уй.)

Шайхонтоҳур тумани:

15. “Эшон-Бобохон” жоме масжиди. (Бўстон маҳалласи, Эшон бобохон кўчаси 26-уй. Тел.: +99871 246 01 51)

Сирғали тумани:

16. “Маъруф-ота” жоме масжиди. (Чоштепа 3-тор кўчаси, 3-а уй. Тел.: +998 71 287 60 65)
17. “Қўшқўрғон” жоме масжиди. (Қўшқўрғон маҳалласи У.Маҳмудов кўчаси 1уй.
Тел.: +998 71 292 55 04)

Чилонзор тумани:

18. “Кўзи ожизлар” жоме масжиди. (Чўпон ота кўчаси, 28а-уй.  Тел: +998 71 273 49 79)

Яшнобод тумани:

19. “Имоми  Аъзам” жоме масжиди. (Висол кўчаси, 90А уй. Телефон: +998 71 283 00 48.)
20. “Ахмад Яссавий” жоме масжиди. (Ахмад Яссавий маҳалласи, Ховос 1-тор кўчаси 49-уй. Телефон: +998 71 283 59 50.)

Миробод тумани:

21. “Ал – Бадр” жоме масжиди. (Сарикўл маҳалласи,  Фидоийлар кўчаси 26-уй. Телефон: +998 71 299 50 38.)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳ этилган, саловот айтилган давраларга нур ёғилади, қалблар Ул муборак зотнинг исмлари, муборак сийратлари билан ҳушбўй мушк таратади. Бу онда дуолар мустажоб бўлади. Фурсатни бой берманг азизлар, Мавлиди шарифларга марҳабо!

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Top