muslim.uz

muslim.uz

Юртимиз мусулмонлари учун яратилаётган шароитлар уларнинг ибодатларни тўла-тўкис, қийинчиликларсиз адо этишлари учун замин яратмоқда. Масжидларнинг қайта таъмирланиши, таҳоратхоналарнинг янгидан замонавий услубларда қурилиши эса мусулмонлар учун айни муддао бўлмоқда.

Жиззах вилоятида масжидларни обод қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Шундай хайрли ишлар Жиззах шаҳри ва Ғаллаорол туманида амалга оширилди.

Жиззах шаҳридаги "Қассоблик" жоме масжидининг ташқи томонлари таъмирланиб, айвонлари тўлиқ соябон шаклида ёпилмоқда. Масжиднинг орқа томонидан 500 квадрат метр майдонга автомобиллар учун тураргоҳ барпо қилинмоқда.

Бундан ташқари, Ғаллаорол туманидаги "Муқри" жоме масжидида янги таҳоратхонанинг қурилиш ишлари бошланган. Таҳоратхонанинг барпо этилиши намозхонлар учун қўшимча қулайликлар яратиши алоҳида қайд этилди.

Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмон Жабборов ҳудудларда амалга оширилаётган амалий ишларни кўздан кечириб, масжид имом-хатибларига йўл-йўриқлар бериб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 2017 йилнинг 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлган эди. Давлат раҳбарларининг учрашуви диний-маърифий соҳа вакилларининг дўстона алоқаларига замин яратган эди.

Шундан сўнг, Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари идоралари ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланиб, томонлар меморандум икки давлат диний идоралари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашган эди.

Ўз навбатида минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, диний эҳтиёжларини қондириш ва уламоларнинг ҳамфикрлилигини йўлга қўйиш каби долзарб масалаларга меморандум асос бўлишини билдирган ҳолда қатор учрашув ва амалий ташрифлар алмашинуви йўлга қўйилган эди.

Ҳамкорлик жорий йилнинг 22 ноябрь куни ўзбекистонлик имомларнинг Қозоғистонга ташрифи доирасида ҳам ўз тасдиғини топди. Турли тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилди. Шундай тадбирлар Сариоғоч туманида ҳам ўтказилди.

Сариоғоч туманидаги Сариоғоч мадрасасида пешин намозида талабалар билан учрашув ташкил этилди. Мадраса мудири Смонов Абдуғаппор домла кутиб олди. Абдуғаппор домла билан самимий дилдан суҳбат ва фикр алмашилди. Талабаларга тинчлик олий неъмат, соф Ислом ақидаси миллатлараро тотувлилик, фитна оғир гуноҳ ва турли мавзуларда маърузалар қилинди.

Сариоғоч ва Келес тумандаги масжидларда аср, шом ва хуфтон намозларида жамоат олдида маъруза килинди.

 

Ўзбекистонлик имомларнинг ташрифи давом этмоқда.

Пятница, 23 Ноябрь 2018 00:00

Кимнинг устидан куляпсиз?!

Бировни масхара қилиб, устидан кулиш динимизда жуда оғир гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларини турлича кўринишли, рангли, бўйли қилиб яратган. Баъзиларни эса бошқаларга ибрат бўлишлари, соғлом кишиларни шукрга ундашлари учун айрим тана аъзоларини нуқсонли қилиб қўйган. Ана шундай кишилардан ибрат олиб, ўзининг танаси соғ эканига шукр қилиш ўрнига уларнинг нуқсонини тилга олиб, мазах қилиб, камситишга уриниш шариатимизда қаттиқ қораланган. Минг афсуски, бу каби мазах қилувчи кимсалар жамиятимизда учраб туради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَيْلٌ لِّكُلِّ هُمَزَةٍ لُّمَزَةٍ

“Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига “вайл” бўлсин” (Ҳумаза сураси, 1-оят).

Оятдаги “вайл” сўзи борасида уламолар турли фикрларни айтишган. Баъзилар бунинг маъноси “ҳолига вой” деганидир, дейишган бўлса, баъзилар бу сўз “дўзахдаги вайл номли азоб водийси” деганидир, дейишган. Икки маънога кўра ҳам ундай кимсалар охиратда оғир азобга дучор бўлар эканлар.

Кўчада юрганимизда ёки бирор йиғинда ўтирганимизда, баъзи одамлар Аллоҳдан қўрқмасдан бошқаларни ғийбат қилиб, обрўсини тўкишга уриниб, улардаги нуқсонларни истеҳзо билан тилга оладилар. Қулоғимизга тез-тез «Ие, манавининг бурни пучуқ эканми», «Бўйни қара, найнов экан», «Мана бу одам пакана экан» каби юракни оғритадиган сўзлар чалиниб қолади. Улар бу гаплари билан ўша инсонларнинг қалбини парчалаётганларини тасаввур ҳам қилишмайди.

Ҳой, одамларнинг устидан кулувчилар!

Тўхтанг!

Кимнинг устидан куляпсиз?!

Махлуқнинг устиданми ёки Холиқнинг устиданми?!

Ўша сиз устидан кулаётган инсонни ҳам Аллоҳ таоло яратгани эсингиздами?! Агар унутган бўлсангиз, эслаб олинг!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

اللَّهُ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ

Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратгувчисидир. Ва У ҳар бир нарсага вакилдир (Зумар сураси, 62-оят).

Бу оятни ўқигач, нималар қилиб қўйганингизни ҳис қилишга урининг! Дарров хатоларингизга йиғланг! Ўша ўзингиз камситган дили ўксик инсонлардан узр сўранг! Розиликларини олинг! Хизматларини қилинг! Кўнгилларини кўтаринг! Бошқаларни ҳам бу каби хатолардан сақланишга унданг!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

 

 Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Пятница, 23 Ноябрь 2018 00:00

Жумадан жумагача

Ассалому алайкум! Бугун ноябр ойининг 22 куни ҳафтанинг эса муборак жума куни.

Ҳафта давомидаги янгиликлар ва сара мақолалар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг

Ҳар бир ҳудудда "Президент мактаблари" ташкил этилади

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида "Президент мактаблари" ташкил этилиши ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган учрашувда маълум қилди. «Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак. Ана шундай юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар - Президент мактабларини ташкил этишни режалаштирганмиз», деди Шавкат Мирзиёев.

Муфтий ҳазратлари Қорақалпоғистонда аҳоли билан учраш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи юзасидан берилган топшириқларнинг ижросини амалга ошириш учун махсус гуруҳ тузилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги вакиллар Қорақалпоғистоннинг бир нечта олис ҳудудларигача бориб ахоли билан мулоқотлар ўтказиб мавжуд муаммоларни ўрганди. Шунингдек муфтий бошчилигида  Аллоҳдан орол денгизига сув ва серобчилик сўраб истисқо намози ҳам ўқилди.

“Вақф” фонди Ислом банки билан ҳамкорлик қилади

Ислом тараққиёт банкининг исломий молиялаштириш бўйича департаменти директори Восим Абдулваҳҳоб жаноблари бошчилигидаги делегация Диний идорага ташриф буюрди. Меҳмонлар “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов билан мулоқот ўтказди. Восим Абдулваҳҳоб жаноблари “Вақф” фонди томонидан олиб борилаётган ишларга катта баҳо бериб, Ўзбекистонда исломий молиялаштириш ва “Вақф” қонунчилигини ишлаб чиқишга яқинда кўмак беришларини алоҳида қайд этди. 

 Хоразмда "Ўзбекистон динлараро бағрикенглик диёри" мазусида анжуман ўтказилди

16 ноябрь куни Урганч шаҳар Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом билим юртида 16 ноябрь – «Халқаро диний бағрикенглик куни» муносабати билан “Ўзбекистон динлараро бағрикенглик диёри” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирда билим юрти мударрис ва талабалари билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакили Х.Абдуллаев ҳам иштирок этди. тадбирда иштирокчилар ўзлари қизиқтирган саволларга меҳмонлардан атрофлича жавоб олишди.

Имом Бухорий маркази Қирғиз-Турк Манас университети билан ҳамкорлик йўлга қўй

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган “Имом Бухорий маънавий мероси ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияга ташриф буюрган Қирғиз-Турк Манас университети ректори профессор Сабаҳиддин Балжи жаноблари юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди. Шунингдек, Балжи жаноблари яқин келажакда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан барча соҳаларда доимий алоқа ўрнатилишига тайёрлигини маълум қилди.

"Малҳам" акцияси доирасида Диёрбекка кўмак кўрсатилди

Жорий йилда "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан "Малҳам" акцияси доирасида турли касалликларга дучор бўлган ва даволаниш учун катта миқдордаги маблағ талаб этилган ҳамюртларимизга кўмак кўрсатиш режалаштирилган эди. "Малҳам" акцияси доирасида Толипов Диёрбек учун маблағлар тўплаш бўйича тадбир ташкил этилди. 20 ноябрь куни Диёрбекнинг оналарига Фонд бошқаруви буйруғи билан жами 5 000 000 сўм миқдорида ёрдам берилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди хайру-эхсонларингизни ўз эгаларига етқазишда шаффофлик ва холисликни кафолатлайди.

Туркия дунё бўйлаб кўзи ожизлар учун Қуръон етказиб беради

Туркия Республикаси бутун дунё бўйлаб Мусҳафи шарифнинг Брайл алифбосида чоп этилган шаклини етказиб беришни йўлга қўйди. Маълумот учун, Халқаро Брайлда Қуръон хизматлари иттифоқи 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, 10 дан ортиқ мамлакатларга Қуръони каримни етказиб бериш билан шуғулланади. Иттифоқ бугунги кунга қадар Брайлдаги Қуръон бўйича уч марта йирик анжуманлар ўтказган. Брайл алифбоси 1829 йилда Луис Брайл исмли олим томонидан яратилган бўлиб, ушбу ёзув тури кўзи ожиз инсонлар учун ёзиш ва ўқиш имкониятини беради.

 

Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.

Биз сиз учун ижод қиламиз.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 23 Ноябрь 2018 00:00

"Мурувват карвони” Қашқадарёда

ЎМИ Матбуот хизмати

Top