Ўзбекистон янгиликлари

Жиззах масжидларини қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда

Юртимиз мусулмонлари учун яратилаётган шароитлар уларнинг ибодатларни тўла-тўкис, қийинчиликларсиз адо этишлари учун замин яратмоқда. Масжидларнинг қайта таъмирланиши, таҳоратхоналарнинг янгидан замонавий услубларда қурилиши эса мусулмонлар учун айни муддао бўлмоқда.

Жиззах вилоятида масжидларни обод қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Шундай хайрли ишлар Жиззах шаҳри ва Ғаллаорол туманида амалга оширилди.

Жиззах шаҳридаги "Қассоблик" жоме масжидининг ташқи томонлари таъмирланиб, айвонлари тўлиқ соябон шаклида ёпилмоқда. Масжиднинг орқа томонидан 500 квадрат метр майдонга автомобиллар учун тураргоҳ барпо қилинмоқда.

Бундан ташқари, Ғаллаорол туманидаги "Муқри" жоме масжидида янги таҳоратхонанинг қурилиш ишлари бошланган. Таҳоратхонанинг барпо этилиши намозхонлар учун қўшимча қулайликлар яратиши алоҳида қайд этилди.

Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмон Жабборов ҳудудларда амалга оширилаётган амалий ишларни кўздан кечириб, масжид имом-хатибларига йўл-йўриқлар бериб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2351 марта ўқилди

Янгиликлар

Top