muslim.uz

muslim.uz

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Сурхондарё вилоятида 2018 йил 17 ноябрь куни ўтказилган “Меҳр-мурувват карвони” номли хайрия тадбири ташкил этилди.

17 ноябрь куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Осиё” тўйхонасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилояти вакиллиги ҳодимлари ва бошқа мутасадди шахслар билан биргаликда “Меҳр-мурувват карвони” номли хайрия тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирда 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, 13 нафар ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачаси тақдим қилинди.

Шунингдек, ўз хизмат вазифаларини самарали ўтаб келаётган 108 нафар имом-хатибларга рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр эттирилган диний-маърифий мазмундаги китоблар ва дисклар тақдим қилинди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар қилинган эҳсонлардан мамнун бўлишиб, дуои хайрлар қилишди. Зиёфат дастурхонига кела олмаган 2 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларни топиб, уйларига улар учун зарур бўлган ногиронлик аравачалари етказиб берилди.
Куннинг иккинчи ярмида Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг неврология бўлимига 5 та ногиронлик аравачалари топширилди. Аравачалардан имконияти чекланган болалар фойдаланадилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

1) “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин”.  (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

2) “Ҳасаддан четланинглар. Чунки олов ўтин ёки ўт-хашакларни еганидек, ҳасад ҳам яхши амалларни еб қўяди”. (Абу Довуд)

   *    *     *

3) “Биродарингга мусибат етганда хурсанд бўлма! Бордию хурсанд бўлсанг, Аллоҳ унга раҳм қилиб мусибатдан халос этиб, ўзингни мусибатга солиб қўяди”. (Имом Термизий)

   *    *     *

4)“Қачон уч киши бўлса, учинчиларини қолдириб иккиси пичирлаб махфий гаплашмасин”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

5)“Чап қўлларингиз билан таом еманглар. Чунки шайтон чап қўли билан овқатланади ва ичимлик ичади”. (Имом Муслим)

   *    *     *

6) “Туяга ўхшаб бир хўпламда ичманглар. Лекин икки ва уч хўплам қилиб ичинглар. Ичаётганда: “Бисмиллаҳ”, денглар. Ичиб бўлиб: “Алҳамдулиллаҳ”, деб айтинглар”. (Имом Термизий)

   *    *     *

7) “Ипак кийманглар. Кимки уни дунё ҳаётида кийса, охиратда кия олмайди”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

8) “Сизлардан бирортангиз зинҳор бир кишини ўрнидан турғизиб, унинг жойига ўтирмасин. Лекин кенгайтириб жой беринглар”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

9) “Бирортангиз узоқ (вақт уйда) бўлмаса, аҳлининг олдига кечаси келмасин”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

10) “Ихтилоф қилманглар. Яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”. (Абу Довуд)

   *    *     *

11.12)“Баъзиларингиз баъзиларингиз савдоси устига савдо қилмасин. Биродари совчи бўлган аёлга совчи юбормасин. Лекин ўзи изн берса, унда жоиз”. (Муттафақун алайҳ) 

   *    *     *

13) “Бирортангиз биродарига қурол ўқталмасин. Зеро, у билмайдики, шайтон (қуролни) унинг қўлидан чиқариб юборса, дўзахнинг бир чуқурига тушиши мумкин”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

14.15) “Икки лаънатга сабаб бўлувчидан сақланинглар”, дедилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг росули, икки лаънатга сабаб бўлувчи нима?”, дедилар. У зот: “Одамларнинг йўлига ва соя жойга хало қилган”, дедилар. (Имом Муслим)

   *    *     *

16.17) “Қабрларга (қараб) намоз ўқиманглар ва унинг устида ўтирманглар”. (Имом Муслим)

   *    *     *

18) “Хўрозни сўкманглар. Чунки у (таҳажжуд ва бомдод) намозига уйғотади”. (Абу Довуд)

   *    *     *

19) “Кимга райҳон тортиқ этилса, рад қилмасин. Чунки унинг вазни енгил ва ҳиди хушбўйдир”. (Имом Муслим)

   *    *     *

20.21.22) “Зулмдан четланинглар. Чунки зулм қиёмат кунида зулумат бўлади. Ва яна бахиллик ва хасисликдан сақланинглар. Чунки хасислик сизлардан аввалги умматларни ҳалок қилди ва қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди”. (Имом Муслим)

   *    *     *

23) “Бирортангиз соҳибининг нарсасини ўйин қилиб ёки жиддийлик билан олиб қўймасин. Агар ҳассасини олиб қўйса ҳам дархол қайтариб берсин”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

24) “Кулгини кўпайтирманглар, чунки кўп кулги қалбни ўлдиради”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

25.26)  “Бирингиз ҳожатини сўраса, енгил нарса сўрасин. Барибир унга тақдир қилинган нарса бўлади. Бирингиз соҳибига бориб, уни ҳадеб мақтайвермасин. Тағин унинг белини синдирмасин”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

27) “Кўпи маст қиладиган ичимликнинг озидан ҳам сизларни қайтараман”. (Имом Насоъий)

   *    *     *

28.29) “Аёл ёнида маҳрами бўлмаса сафарга чиқмасин ва ёнида маҳрам бўлмаган аёл олдига номаҳрам кирмасин”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

30.31.32.33) “Сен биродаринг билан жанжаллашма ва у билан ҳазиллама ва у билан талашма. Унга бир ваъда бера туриб, сўнг хилоф қилма”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

34.35.36.37.38.39) “Бадгумонликдан ҳазир бўлинг, чунки бадгумонлик гапларнинг энг ёлғонидир. Бир-бирингизни авраманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмин кўрманг. Бир-бирингиз билан рақобатлашманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар!” (Имом Бухорий)

   *    *     *

40) “Аллоҳнинг зикридан бошқа сўзларни кўпайтирманглар. Чунки, Аллоҳ таолонинг зикридан бошқа сўзлар бағритош қилиб қўяди. Аллоҳдан инсонларнинг энг узоғи бағритошларидир”. (Имом Термизий)

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Исломов Ёрбек

Шу йил 15–16 ноябрь кунлари Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифлари давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, хизмат сафарида бўлиб турган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари 18 ноябрь куни Мўйноқ туманига ташриф буюрдилар.
Мўйноқ мамлакатимизнинг энг шимолий ҳудуди бўлиб, бу ерда 30 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Инсонларнинг аксарияти ишлаб чиқариш, савдо, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда меҳнат қилади. Кейинги йилларда ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва янги иш ўринлари очиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида одамларнинг турмуш даражаси яхшиланмоқда.
Муфтий ҳазратлари Мўйноқ туманидаги “Орол”, “Жайҳун”, “Толли-ўзак”, “Мўйноқ”, “Дўстлик” маҳаллалари ва “Учсой”, “Мадели”, “Тик-узяк”, “Бозатаў” овуллари аҳолиси билан учрашиб, дилдан суҳбатлашдилар. Мулоқотда муфтий ҳазратлари туман аҳолисининг сабр-қаноати, меҳнаткашлигини эътироф этиб, бугунги кунда давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Мўйноқ туманида амалга оширилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ислом динининг асл моҳиятини сақлаган ҳолда ҳудудларда маърака-маросимларни динимизда кўрсатилган шаклда ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Шундан сўнг муфтий ҳазратлари тумандаги ёш оила хонадонига ташриф буюриб, уларнинг бахту саодатини тилаб дуо қилдилар.
Ташриф давомида тумандаги “Ҳаким ота” қабристонига борилди, Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, савоби марҳумларнинг руҳига бағишланди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Мўйноқ туманининг энг олис ҳудудида жойлашган “Кемалар қабристони”да ҳам бўлиб, жонлиқ қурбонлик қилиниб, Орол денгизига сув қайтиши ва Парвардигордан серобчилик бўлишини сўраб, мўйсафид отахонлар билан истисқо намози адо этилди.
Маълумки, сув танқис бўлган пайтларда Аллоҳ таборака ва таолодан сув-ёмғир сўраб, ўқиладиган икки ракатли намозни Истисқо дейилади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўп бор сувсизлик вақтида қиблага юзланиб дуо қилганлари, кейин эса имом бўлиб икки ракат намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Истисқо намозини адо этиш учун шаҳардан ташқарига, саҳро жойларга чиқиш ҳам Набий алайҳиссалом тутган йўлдир. Бунда кекса кишиларнинг иштирок этиши эса янада фазилатли бўлади.
Ҳақ таоло мана шундай қилинган илтижоларни даргоҳи илоҳийсида қабул айласин, қорақалпоқ диёрида оби-ҳаёт неъматини мўл-кўл қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси Серикбай ҳожи Ўраз «Вақф (Уакып)» хайрия жамоат фондининг янги тайинланган президенти Қайрат Азимов билан учрашди. Бу ҳақда muftyat.kz хабар берди.

Қозоғистон бош муфтийси Қайрат Муратулини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, унинг истиқболдаги фаолиятига омад тилади. Учрашувда диний соҳа ходимларининг ижтимоий муаммолари, республика даражасидаги тадбирларни ўтказиш, илф фанни ривожлантириш борасида суҳбатлашилди.

Серикбай ҳожи Ўраз бугунги кунда Фонд маблағлари ҳисобидан 350 нафар диний соҳа вакиллари стипендиялар олаётганини айтиб ўтиб, бунинг учун миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, Қозоғистонда 6 189 нафар диний соҳа хизматчилари фаолият юритади. Уларга маош тайинлаш бўйича янги лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилаётгани айтиб ўтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Top