muslim.uz

muslim.uz

Среда, 14 Ноябрь 2018 00:00

Сизга уммат бўлиш – бахт!

Ё Расулуллоҳ! Сизнинг муборак ҳадисларингизни ўқиб, бу хулқи мукаммал зотнинг умматларидан бўлишга лойиқмиканман, деган савол мени қийнайди. Сийратингиз ҳақида мутолаа қилган сайин нима учун ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) дунёда Сизнинг баракотли юзингизга қарашдан кўра маҳбуб нарса йўқ деб ҳисоблаганини, ҳазрат Муоз (розияллоҳу анҳу) Сиз билан жаннатда рафиқ бўлишни орзу қилганини, ҳазрат Билол (розияллоҳу анҳу) Сизсиз Мадинада азон айта олмаганини англаб етдим. Сизнинг муборак ўгитларингизни ўқир эканман, каломингизга башариятнинг бирор сўзи тенг келолмаслиги, шу боис унинг ишқида Бухорий бобом жаҳон кезганини тушундим.

Сизнинг зиёратингиз учун қилган сафарим ҳаётимдаги энг бахтли воқеадир. Ҳеч ёдимдан чиқмайди: Масжидингизга кирган заҳоти минглаб йиғлаётган умматларингизни кўриб, мен ҳам ўзимни тутолмадим. Равзангизга яқинлашган сари юрагим ҳаприқиб, бошқа бир дунёга тушиб қолгандек ҳис қилдим ўзимни. Тилимда фақат “Ас-солату вас-саламу алайка ё Расулуллоҳ!” ибораси айланади, холос. Бу не саодатки, Сиз яшаган макон, Сиз ибодат қилган жой, Сизнинг назарингиз тушган ашёларнинг ёнгинасидаман. Дилимдан ўтаётганларни Сизга изҳор этишга муштоқ бўлсам-да, юрак ютиб лом-мим деёлмайман. Йиллар давомида қилган гуноҳларим сабаб қаддим дол, юзим шувут. Сиздек хулқи буюк зот ҳузурида оғиз жуфтлашга нолойиқ биламан ўзимни...

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, мендек ғофил бандасини ҳатто пайғамбарлар орзу қилган мақомга – Сизга уммат бўлишдек бахтга муяссар айлаган. Шунинг ўзи менга тасалли беради. Қалбим Сиз ўргатган муҳаббатга лиммо-лим. Сизни ўзимдан, ота-онамдан, аҳли оиламдан, қўйингки, жами махлуқотдан ортиқ яхши кўраман. Сизга бўлган муҳаббатим янада кучайишини, энг муносиб, суйган умматларингиз қаторида бўлишни сўраб, Аллоҳга илтижо қиламан. 

Обидхон ИКРОМОВ
“Ҳидоят” журналидан

Среда, 14 Ноябрь 2018 00:00

Умрачиларнинг кайфияти аъло

Юртимизда диний-маърифий соҳага катта эътибор берила бошлагандан кейин одамларнинг келажакка бўлган умиди янада ортди. Жумладан, ҳаж ва умра масалаларида ҳам янгича тартиб-қоидалар татбиқ этила бошланди. Ҳажга бориш квоталари оширилди, бу кўрсаткич 7200 нафарга етди. Умра квотаси эса олиб ташланиб, мунтазам Тошкент-Жидда-Тошкент қатнови йўлга қўйилди. Энди фуқароларимиз йил давомида умра зиёратини амалга оширишлари мумкин. Бу хушхабар катта тезликда бутун юртимиз бўйлаб тарқалиб, халқимизнинг қувончига қувонч қўшди. Ҳар хафтада рейслар амалга оширилиб, гуруҳларга тақсимланган зиёратчилар гуруҳ раҳбарлари ҳамроҳлигида аввал Мадина шаҳрига, кейин Макка шаҳрига бориб, умра ибодатини адо этмоқдалар. Ташриф буюраётган гуруҳлар орасида ибодатни бажаришда намуна ва ибрат кўрсатаётганлари талайгина. Кўпчилик бир жойга жамланиб, бир хил дуоларни ўқиб, бир хил амалларни бажаргани ҳамманинг кўнглини тоғдек кўтариб, ўзгача завқ бағишлади. Айтиладиган зикр ва дуоларни гуруҳ раҳбарлари навбати билан баланд овозда айтдилар, қолганлар эса мазкур дуоларни такрорлаб турдилар. Ибодат асносида зиёратчилар Каъбанинг рўпарасига ўтириб, ихлос билан баралла дуо қилдилар. Бунинг шукуҳини тасвирлаб бериш жуда қийин. Барчамиз кўзимиз тўла ёшу қалбимиз тўла ихлос билан дуога қўл кўтариб, Динимиз ривожи, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, бундай имкониятларни очиб бераётган муҳтарам Юртбошимиз бошчиликларидаги ҳукуматимиз ҳақига дуолар қилинди. Ибодатни адо этиб, биргаликда меҳмонхонага қайтдик. Умрачиларимизнинг амаллар ҳақидаги фикрлари билан қизиқсам, барчалари мамнун эканини, кўнгли тўлиб қайтганини айтишди. Аллоҳ таолодан халқимиз, юртимиз ҳақига қилинган дуолар ижобат бўлиб, барчанинг ибодатлари қабул бўлишини сўраймиз.

Нозимжон Иминжонов,
Тошкент шаҳри 8-гуруҳи раҳбари,
Макка шаҳри.

Ўтганларни яхши сифатлар ила эслашлик, уларнинг қўним топган жойларини обод қилишлик динимиз кўрсатмаларидан бири ҳисобланади.
Шу кунларда вилоятимиз бўйлаб улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари жадал суратда олиб борилмоқда. Шаҳримиз кўркига янада кўрк қўшилмоқда. Кўчаларимиз янада нурафшон, йўлларимиз эса текис-равон этилмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишлари кўламида эса вилоятимиздаги қабристонлар ҳам янада обод этилмоқда. Ўтганлар қўним топган масканларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари жадал суратда амалга оширилмоқда. Бунинг мисолида вилоятимизнинг Избоскан туманидаги қабристонларни кўришимиз мумкин. Шу кунларда тумандаги марказий қабристонида ободонлаштириш ишлари жадал суратда олиб борилмоқда. Қабр четлари ғишлар билан ўралиб, бегона ўт-ўланлардан тозаланмоқда. Қабрлар ораларига махсус йўлаклар қилинмоқда. Зиёратчилар учун алоҳида шароитлар, қабристон ишчилари учун хизмат хоналари барпо этилмоқда.
Вилоят бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров жорий йилнинг 14-ноябрь куни ушбу масканга ташриф буюриб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Қабристонларнинг ободонлаштиришда нималарга аҳамият бериш кераклиги ҳақида ўзининг кўрсатмаларини бериб ўтдилар.
Манашундай ободонлаштириш ишлари вилоятимиздаги қабристонларида яна давом эттирилмоқда.


ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги ходими Н.Қодиров

ЎМИ Матбуот хизмати

Top