muslim.uz
Рамазон Бразилиядаги уламоларни тақдирлаш ва мусулмонларнинг уйғунлашуви ойидир
Бразилиядаги имом-хатиблар ва Ислом ишлари бўйича олий кенгаш рамазон ойи давомида хизмат кўрсатган бир қатор шайхлар, уламолар ва Қуръони карим ҳофизларини тақдирлаш учун йиллик тадбирни ташкиллаштирди.
Унда Мисрнинг савдо ишлари бўйича консули Муҳаммад ал-Хатиб, Ливан консули Руди ал-Қузо, Бирлашган Араб Амирликлари консули Иброҳим Солим ал-Алавий ҳамда бир неча Ислом жамиятлари, муассасалари ва марказлари раҳбарлари, шунингдек, 40 га яқин нуфузли алломалар иштирок этдилар.
Салоҳиддин ал-Айюбий жоме масжидида ўтказилган тадбирда Бразилиядаги имом-хатиблар ва Ислом ишлари бўйича олий кенгаш раҳбари доктор Абдулҳамид Мутаваллий уламоларни тақдирлаш маросими рамазон ойида ўтказилаётганидан мамнунлигини билдирди, у муборак рамазон ойи тадбирларини ташкиллаштиришда воиз имом-хатиблар ва қорилар етказиб бериш билан кўрсатган хизматлари учун Саудия Арабистони ва Миср Араб Республикасига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Мукофотлаш маросимида Бразилияда ислом дини таълимотларини етказишдаги хизматлари учун Миср Араб Республикасидаги Вақф ва Ислом ишлари вазирлигининг Бразилияга юборилган ишчи гуруҳи раиси Шайх Ашраф Абдулазим ва Бразилиядаги барча ҳудудларда фаолият кўрсатаётган 60 га яқин уламолар, машойихлар ва Қуръони карим ҳофизлари тақдирланди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Санкт-Петербургда қайси юртдошимиз масжид қурдирган?
2018 йил 6 — 8-июнь кунлари Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ислом цивилизацияси маркази, «Eriell Group» халқаро нефть соҳасида хизмат кўрсатувчи компанияси, «Zamon press info» нашриёт уйи ҳамкорлигида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл» мавзусида II халқаро конгресс бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ушбу анжуманга жаҳоннинг 30 дан зиёд давлатидан 200 дан ортиқ олимлар, экспертлар, дипломатлар, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилган.
Ўзбекистон олимлари конгресс доирасида Санкт-Петербургдаги Бухоро амири масжидини ҳам кўришади. Улар ушбу масжидни қурилганидан 100 йил ўтиб кўришади.
“Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресс доирасида ўзбек олимлардан иборат делегация Санкт-Петербургдаги жоме масжидига ташриф буюришади. Бу ҳақда Конгресс ташкилотчилари хабар берди.
Ушбу ташрифнинг муқаддас Рамазон ойига тўғри келиши унинг аҳамиятлилик даражасини яна ҳам оширади.
1910 йилда қад ростлаган ушбу иншоот Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон ҳомийлигида барпо этилган. Унинг лойиҳасини яратишда Амир Темур даврида қурилган бинолардан, жумладан, Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасидан илҳомланилган. Амир томонидан ушбу масжид вақф тарзида қурдирилган. 2008 йилгача мазкур жоме масжиди Санкт-Петербургда ягона ҳисобланган. Бугунги кунга келиб унинг шарқона услубда қад кўтарган миноралари ва мовий гумбазлари, худди юз йиллар аввалгидек, шаҳар меъморчилигининг ажралмас қисми сифатида қадрланади. Конгресс қатнашчилари масжид деворларидаги мукаммал безакларни ва коллиграфик ёзувларни ўз кўзлари билан кўришлари мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
АҚШ президенти Рамазонда ифторлик уюштиради
Америка Қўшма штатлари президенти Доналд Трам жорий йилнинг 6 июнь куни Оқ уйда ифторлик уюштириши ҳақида маълум қилинди. Айрим манбааларда ифторлик 5 июнь куни ўтказилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Бу сингари ифторликлар АҚШ президентлари даврида анаънага айланган бўлиб, мусулмонларга нисбатан бағрикенгликни кўрсатиш ва америкалик мусулмонларга ҳурматни намоён қилиш мақсадида ташкил этилади.
Доналд Трамп томонидан 2017 йил Рамазонда ифторлик ўтказилмагани сабабли бу мавзуда кўплаб муҳокамалар бўлаётган эди.
Маълумотларга кўра, АҚШ Давлат департаменти ифторликнинг ташкилотчиси бўлиши айтилмоқда, бироқ меҳмонлар рўйхати ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумотлар берилмаган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистонликлар “Масжидун Набавий”ни зиёрат қилди
Рамазон ойида “Умра. Ёз-2018” дастури доирасида юртдошларимиз умра зиёратини адо этмоқдалар.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 31 май куни юртимиздан дастлабки зиёратчилар гуруҳи муборак Умра зиёратига йўл олган эдилар. Улар “Масжиди Набавий”дан 100-150 метр масофада жойлашган “Мааса ал-Бустон” меҳмонхонасига жойлашдилар.
Ер юзидаги уч муқаддас ва азим масжидлардан бири “Масжудун Набавий”да, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак равзаларини зиёрат қилиб, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга халқимиз, юртдошларимизнинг саловоту саломларини етказдилар.
3 июнь куни зиёратчиларимиз мўътабар манзилларни зиёрат этишда давом этмоқдалар. Улар ислом тарихидаги машҳур жой, Уҳуд тоғида бўлдилар ва айни дамда икки қиблали масжид – “Масжидул қиблатайн” га йўл олганлар. Сўнг Ислом тарихида тақво асосига қурилган илк масжид сифатида эътироф этилувчи “Қубо” масжидига зиёратни давом эттирадилар.
Эслатиб ўтамиз, зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кечаю 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.
Барча зиёратчилар соғ-саломат ўз ибодатларини давом эттираётгани маълум қилинган.
ЎМИ Матбуот хизмати