Дунё янгиликлари

Санкт-Петербургда қайси юртдошимиз масжид қурдирган?

2018 йил 6 — 8-июнь кунлари Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ислом цивилизацияси маркази, «Eriell Group» халқаро нефть соҳасида хизмат кўрсатувчи компанияси, «Zamon press info» нашриёт уйи ҳамкорлигида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл» мавзусида II халқаро конгресс бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ушбу анжуманга жаҳоннинг 30 дан зиёд давлатидан 200 дан ортиқ олимлар, экспертлар, дипломатлар, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилган.

Ўзбекистон олимлари конгресс доирасида Санкт-Петербургдаги Бухоро амири масжидини ҳам кўришади. Улар ушбу масжидни қурилганидан 100 йил ўтиб кўришади. 

“Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресс доирасида ўзбек олимлардан иборат делегация Санкт-Петербургдаги жоме масжидига ташриф буюришади. Бу ҳақда Конгресс ташкилотчилари хабар берди.

Ушбу ташрифнинг муқаддас Рамазон ойига тўғри келиши унинг аҳамиятлилик даражасини яна ҳам оширади.

1910 йилда қад ростлаган ушбу иншоот Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон ҳомийлигида барпо этилган. Унинг лойиҳасини яратишда Амир Темур даврида қурилган бинолардан, жумладан, Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасидан илҳомланилган.  Амир томонидан ушбу масжид вақф тарзида қурдирилган. 2008 йилгача  мазкур жоме масжиди Санкт-Петербургда ягона ҳисобланган. Бугунги кунга келиб унинг шарқона услубда қад кўтарган миноралари ва мовий гумбазлари, худди юз йиллар аввалгидек, шаҳар меъморчилигининг ажралмас қисми сифатида қадрланади. Конгресс қатнашчилари масжид деворларидаги мукаммал безакларни ва коллиграфик ёзувларни ўз кўзлари билан кўришлари мумкин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3476 марта ўқилди

Янгиликлар

Top