muslim.uz

muslim.uz

Хабар берганимиздек, бугун, 13 август куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламолари Жиззах вилоятига ташрифлари бошланди.

Сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбековнинг илк ташрифи Шароф Рашидов туманидаги “Қўшчинор” масжидида бўлди.

Ҳомиджон домла жамоат билан жума намозини адо этгандан сўнг намозхонларга маърифий маъруза қилиб бердилар. Унда аввало вилоят аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти, бутун дунёда бўлганидек юртимизда коронавирус юқумли касаллиги қайта авж олаётгани, унинг олдини олиш учун шифокорлар тавсия қилган карантин қоидаларига амал қилиш, давлат томонидан хориждан олиб келинаётган вакциналар билан эмланиш лозимлигини таъкидладилар.

Маъруза давомида Ислом динининг асл моҳияти, мусулмон киши фақат яккаю ягона Ҳақ таолога ибодат қилиши, ширк, бидъат амаллардан сақланиш кераклиги, бунда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, у кишининг суннатларига қатъий амал қилиш энг тўғри йўл эканини айтдилар. Шунингдек, неъматлар шукрини адо этиш, уни янада зиёда қилишини эслатдилар.

Суҳбат давомида намозхонларни қизиқтирган саволларига жавоб бердилар. Якунда жамоат билан Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, бутун дунёдан вирус балосини аритишини сўраб дуои-хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Хабар берганимиздек, бугун, 13 август куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Жиззах вилоятига ташрифлари бошланмоқда.

Тошкентдан уламолар, диний соҳа раҳбарлари йўлга чиққан Афросиёб тез юрар поезди эрталаб соат 10:00 да Жиззах вилоятига етиб борди. Меҳмонларни вилоятдаги соҳа вакиллари томонидан кутиб олиниб, меҳмонхоналарга жойлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, юртимизнинг таниқли уламлари сафарнинг илк ташрифини Жиззах вилояти Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманларидаги масжидларга жума намозида маъруза қилиш учун ташриф буюрадилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

 

Шайх Салоҳ Абулҳож ҳафизаҳуллоҳ 

Бугун – Чортоқ туманида нуронийлар, диний соҳа ходимлари ва маҳалла раислари иштирокида мустақиллигимизнинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамда вилоятимиз Нуронийлари раҳбари Икромхон Нажмиддиновлар барча нуронийларни шундай кунларда фаолликка чақирди.

Хонадонлардаги муаммоли масалаларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда масъуллар билан етарлича тезлик билан ҳал қилиш чораларини кўриш, аҳлоқ ва одоб, ёшлар таълим ва тарбияси масалалари кечиктириб бўлмас вазифа эканини алоҳида таъкидланди.

 

Ўзбекистонмусулмонлариидораси

Наманган вилоятвакиллиги

Матбуотхизмати

Четверг, 12 Август 2021 00:00

Алдов ва ҳийлага ишониб қолманг

Тинчлик жамики инсониятнинг орзу – истагидир. У бор жойда хотиржамлик ва осуда ҳаёт бўлади. Билингки, тинчлик инсон ўз қўли билан ҳосил қиладиган оддий нарса ёки у шуғулланадиган бирор юмуш эмас. Балки, у одамзоднинг истаги, инсониятнинг энг олий мақсадларидандир.

Тарихга назар солсак, одамзод бахтли ва фаровон ҳаёти, эркин ва озод яшаши, чинакам инсондек умр кечириши йўлида қандай оғир ва машаққатли синовларни бошдан кечирганига гувоҳ бўламиз. Ҳар сафар чинакам бардош, кучли эътиқод ва соғлом тафаккур билан инсоният ўз бошига тушган турли қийинчиликларни енгиб ўтиб, эртанги кун учун, хато ва камчиликларнинг такрор содир бўлмаслиги учун зарур хулосаларни чиқара олган.

Замон ўзгариши билан инсоният олдида турган муаммолар камайиб қолгани йўқ.  Аксинча, улар аввалги шакли ва хусусиятини бироз ўзгартириб, янгича маъно – мазмун касб этган ҳолда қаршимизда қайта намоён бўлмоқда. Бугун бутун инсониятни ташвиш ва хавотирга солаётган терроризм ва экстремизм ҳақида айни шундай хулоса қилиш мумкин. Бинобарин, мусаффо ислом таълимотини ўз манфаатлари йўлида талқин қиладиган,  хунрезлик, қотиллик ва ноинсонийликни ўзининг хато таъбири, тор дунёқараши билан ёқлайдиган тоифаларни ислом тарихининг ҳар бир даврида учратиш мумкин.

Сўнгги йилларда жаҳон миқёсида дин омилидан жирканч ва разил мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди.  Бундай ҳолат, муқаддас динимизни ғаразли хуруж ва таъсирлардан ҳимоя қилиш, инсонларга унинг асл моҳиятини тўғри тушунтириш масаласининг долзарб эканини англатади. Зеро, экстремистик оқимлар ғўр ёшлар, фикри заиф, таъсирга берилувчи кишиларни ўз тузоғига илинтириб, мамлакатимизда ҳукм сураётган барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликка раҳна солиш учун ҳаракат қилиш ҳолатлари ҳам кузатилиб турибди.

Ислом дини асоси эзгулик ва яхшиликка қурилган. Ислом динининг  бош ғояси ва мақсади инсониятни яккахудоликка чорлаш орқали эзгуликка, яхшиликка чақиришдан иборатдир. Агар муқаддас китобимиз Қуръони каримга мурожаат қилсак, бунинг яққол гувоҳи бўламиз: “Бас, (эй Муҳаммад), менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир”, (Зумар сураси, 17-18 оятлар).

“Аллоҳ ҳузурига фақат соғлом дил билан келган кишиларгина (фойда топур)”, (Шуаро сураси, 89 оят) .

“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”, (Моида сураси, 2 оят).

Ҳадиси шарифларда ҳам фақат ва фақат эзгулик ғояси мужассам эканини кўрамиз: “Қўли ва тилидан мусулмонлар зиён кўрмаган киши мусулмондир”, “Фақат хайрли ва савобли ишларга буюрилганда итоат қилингиз”, “Умматим ҳеч қачон залолатли ишларга бирлашмайдилар”.

“Ҳеч бир кишига бирор бир мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, “Кимки мусулмонга ноҳақ тарзда қўрқувга соладиган ёмон назар қилса, Аллоҳ уни қиёматда қўрқитади”.

Юқоридаги муборак ҳадислар мазмунига қарайдиган бўлсак ҳам, ислом динида бировни қўрқитиш, унга тажовуз қилиб, озор етказиш  буткул таъқиқланганлигини кўрамиз. Динимизда бу каби зўравонликларнинг барча тур ва шаклларидан ҳар қандай йўлда фойдаланиш қатъиян ман этилган.

Агар бирор кимса дин номидан гапириб, ёвузлик, зулм ва қабиҳ ишларни амалга оширса ёки кўзласа, демакки, у дин таълимотини нотўғри тушунмоқда. Бу билан унинг ўзи ҳам, унга эргашганлар ҳам гуноҳларга шўнғимоқдалар.

Яна бир жиҳати, дин, эътиқод ҳар ким кўнглига келганини айтиб, ўзича маъно чиқариб кетаверадиган нарса эмас. Айниқса, имон масаласи ўта нозик ва муҳим бўлгани учун бу борада доимо исломга катта хизмати синган, барчанинг эътирофига эришган мўътабар уламоларнинг тавсияларига қулоқ тутиш, ўтган аллома аждодларнинг ибратли ҳаётига назар солиб, мўътабар асарларига мурожаат қилиш ўта муҳимдир. Билиб – билмай, шошма – шошарлик билан ўзича ҳукм чиқаришга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Адашган гуруҳлар таъсирига кўпинча содда, ишонувчан кишилар, айниқса, ёшлар тушиб қолади. Дин номидан гапирган, у ёки бу ҳатти – ҳаракатга чақирган, ҳийла ишлатиб ўзига яқинлаштиришга уринаётган кимсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шуни ҳам унутмаслик керакки, бузғунчи кучлар ишни аввало дунё миқёсида танилган уламо ва мутахассисларга ҳурмат ва ишончни йўқотишдан бошлайди. Яъни, ғаразли кучларнинг фаолияти алдов ва ҳийла асосига қурилган.

Қуръон мазмун – моҳиятига кўра, инсонларни бирлаштирадиган, тинчликка етаклайдиган илоҳий китоб ҳисобланади. Лекин шунга қарамай, уни турлича талқин этиб, одамларни ихтилоф ва фирқаланишга олиб борувчиларнинг мавжудлиги афсусланарли ҳолдир. Ҳазрати Умар (р. а) шундай дейдилар: “Исломни бузувчи нарса одамларнинг дин номидан янглиш гапириши, мунофиқларнинг бузуқ ғояларни оят ёки ҳадис билан исботлашга уринишларидир”.

Шу сабаб ихтилоф туғдириш, фирқаларга бўлиниш диндорларнинг, бутун бир жамиятнинг бирдамлигига катта путур етказади. Қуръон оятлари бу ҳолатни қаттиқ қоралайди: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг”, (Оли Имрон сураси, 103 оят). 

“Аллоҳга ва расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур. Сабр қилинглар, албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, (Анфол сураси, 46 оят).

Шу маънога далолат қилувчи кўплаб ҳадислар бўлса ҳам биз шулардан биттасини келтириш билан кифояланамиз: “Менинг умматим ёппасига адашиб, залолатга тушиб қолмайди. Қачонки, улар орасида қарама – қаршиликни кўрсангиз, сизлар кўпчилик томонда бўлингиз!”.

Кўриниб турибдики, муқаддас ислом дини инсониятни ҳеч қачон бўлиниб яшашга, ўзаро ихтилоф қилиб, адоватда бўлишга ҳамда разил ва ёвуз бўлишга чақирмас экан. Балки башариятни бирдамлик ва аҳилликка, ўзаро ҳурмат асосида ҳаёт кечиришга чақириб, олдинги ўтганлардан ибрат олишга, уларнинг қилган хатоларини қайтармасликка тарғиб қилади.

 

 

Хожа    Бухорий    ўрта   махсус   ислом

билим  юрти  мудири

Ўткир Ғузаров

Top