muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 январь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқотда икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Россия ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига амалга оширилган олий даражадаги ташриф ҳамда икки давлат раҳбарларининг мунтазам учрашув ва фикр алмашувлари сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилгани, алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, амалий мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли савдо-иқтисодиёт, инвестиция, молия ва транспорт-коммуникация соҳаларида салмоқли натижаларга эришилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида энергетика тармоғи, нефть-газ мажмуи, металлургия, машинасозлик, тўқимачилик ва озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш материаллари саноати ва бошқа устувор йўналишларда йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ошди ва 4,5 миллиард долларга етди.

Давлат раҳбарлари Ҳудудлараро ҳамкорликка кўмаклашиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим доирасида мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида самарали шериклик йўлга қўйилганини алоҳида қайд этдилар.

Туристик ва маданий алмашинувлар кенгаймоқда, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни, келгусидаги турли даражадаги учрашув ва тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.

Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлида, минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини қатъий таъкидладилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Татаристон Республикасида “Ислом нури” диний-маърифий маркази босмахонасида омма учун қўлай Қуръони карим чоп этилди. 

Набережние Челна шаҳрида оммага намойиш этилган Мусҳафи шарифда суралар, уларнинг кирилл алифбосида ўқилиши, оятларнинг татар тилига таржимаси ва тафсири берилган. 

Бундан ташқари, ушбу Қуръон китобида тажвид (тўғри ўқиш) қоидалари ҳам берилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръон мусобақаси 2018 йил 27 январь куни Шеробод туманидаги "Имом Термизий" жоме масжидида, 28 январь куни Термиз шаҳридаги “Мурч бобо” жоме масжидида ҳамда 29 январь куни Денов туманидаги “Имом Бухорий” жоме масжидида ўтказилиши белгиланди.

Шу муносабат билан Сиз азизларни мазкур Қуръон мусобақасига таклиф этамиз!

ЎМИ Матбуот хизмати

"Муслим мобил репортёр” лойиҳаси ишга тушди!


Ҳурматли мухлис! Энди Сизда муслим.уз сайтининг бевосита мухбири бўлиш имконияти пайдо бўлди. 
Сиз диний-маърифий йўналишдаги бирор воқеликнинг гувоҳига айландингизми? Бу ажойиб нутқ, маъруза, янгилик, хабар ёки видео ва фото шаклдаги маҳсулот бўлиши мумкин. Уни тезда тасвирга олиб, фото, аудио ёки матнли кўринишда телеграмдаги “@MuslimMobileReportyorBot” ига йўлланг ва “Muslim.uz” порталининг ишончли манба етказувчи репортёрига айланинг.
Унутманг, Сиз юборган хабар, мақола ва аудиоматндан ўн минглаб инсонлар манфаат топишлари мумкин.
Материалга қўйиладиган талаблар:
— “@MuslimMobileReportyorBot”ига хабарни (матн, фото, видео, аудио) юкланг;
— фото, видео ва аудио материалларни янада аниқлаштириш учун қисқача матн киритинг;
— материалингиз сайтимиз модераторлари томонидан саралангач, оммага зудлик билан тақдим этилади.
Сизнинг қобилиятингизни янада ошириш мақсадида модераторларимиз қўшимча вазифалар ҳам бериб боришлари мумкин. Бу маълум маскандаги китоб дўконини тасвирга олиш, таниқли шеър ёки ҳикояни овозли шаклда юбориш ва ҳоказо бўлиши мумкин.

Репортёрга қўйиладиган талаблар:
1. 16 ёшдан катта ҳамда фуқаролик паспортига эга бўлиш.
2. Матн, фото, аудио ва видео материалларда муаллифлик ҳуқуқлари бузилмаслиги талаб этилади.
3. Материаллар ўзбек ва рус тилларининг бирида бўлиши ҳамда номақбул сўзлардан фойдаланилмаслиги.
4. Сиёсий мавзулардан йироқ материаллар бўлиши талаб этилади.
5. Репортёрлар томонидан тақдим этилаётган материаллар Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмаслиги лозим.
Эслатма: Бошқа шахсга тегишли материалларни муаллифлик ҳуқуқларини бузган ҳолда ўз номидан тақдим этиш таъқиқланади. Бундай материаллар жойлаштирилмайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top