Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида мулоқот бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 январь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқотда икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Россия ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига амалга оширилган олий даражадаги ташриф ҳамда икки давлат раҳбарларининг мунтазам учрашув ва фикр алмашувлари сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилгани, алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, амалий мазмун билан бойитгани алоҳида таъкидланди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли савдо-иқтисодиёт, инвестиция, молия ва транспорт-коммуникация соҳаларида салмоқли натижаларга эришилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида энергетика тармоғи, нефть-газ мажмуи, металлургия, машинасозлик, тўқимачилик ва озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш материаллари саноати ва бошқа устувор йўналишларда йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ошди ва 4,5 миллиард долларга етди.

Давлат раҳбарлари Ҳудудлараро ҳамкорликка кўмаклашиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим доирасида мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида самарали шериклик йўлга қўйилганини алоҳида қайд этдилар.

Туристик ва маданий алмашинувлар кенгаймоқда, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни, келгусидаги турли даражадаги учрашув ва тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.

Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлида, минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини қатъий таъкидладилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

3028 марта ўқилди

Янгиликлар

Top