muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 16 Сентябрь 2016 00:00

ЁДНОМА

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўтганларингизнинг яхшиликларини эсланглар”, деганлар (Имом Суютий, “Ал-жомиъул-акбар”).

Сўз боши

Ўзбек халқини, Ўзбекистон халқини доғда қолдириб мангулик диёрига юз тутган муҳтарам Юртбошимиз – мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ёдидан ҳамон қалбларимиз ларзада. Республикамизда эълон қилинган мотам кунлари якунига етса ҳамки, қалбларда ҳамон ўкинч ҳукмрон, кўзлар ҳамон нам, чеҳралар ғамгин, дилларда қайғу.

Бутун умри давомида ибратли ҳаёт кечириб, мангу хайрлашувни ҳам ибрат қилиб кетган инсон. Бир инсонки, миллионлаб қалбларни забт этган, меҳру муруввати қалбларнинг тубига етган. Миллионлаб инсонларни йиғлатиб кетган.

Бугун ҳар бир даврада айрилиқ суҳбати. Суҳбатлар кўз ёшидек аччиқ ва аламли. Бироқ қанча аччиқ бўлмасин Юртбошимизга бўлган изҳорлар кўнгиллардан тилларга кўчиб, ҳамдардлар қалбига етмоқ истайди ва ўз соҳибини тинч қўймайди. Мен ҳам ёдномаларни сатрларга туширмоқни истадим. Шундай ёдномаки, буни шунчаки ёзмадим. Тўғрироғи, хотиралар беихтиёр сатрларга тўкилиб кетди.

 Муҳаббат ёшлари

Бугун Ислом Каримовни яхши кўрган инсонлар ўз Юртбошларига бўлган муҳаббатларини сўзсиз ва имосиз, жимгина, гоҳ муҳаббатдошлар даврасида, гоҳ хилватда қайноқ кўз ёшлари ила изҳор қилаётир. Бу сўзларда муболаға йўқлигига Сиз – шу ожизона изҳорни ўқиётган инсон ҳам иқрорлигингизга шубҳа йўқ. Бу ҳолатни кўплаб учратмоқдамиз.

Неча кунлар ўтган бўлса ҳамки, ўша пайт оралиғида кўришмаган яқинларимиз билан учрашиб қолсак, бир-биримизга таъзия изҳор қилиб, Президентимизнинг қилган ишларию, ҳаммани лол қолдириб кетганларини эсламоқдамиз. Ҳозиргина ҳам бир яқиним келди. Яна таъзия. Яна ўша мавзу.

Бир аёл йўловчи транспортда кетяпти. Кўзлари йиғидан қизариб кетган. Тўхтамай йиғлар эди. Йиғлашига изоҳ бериб Юртбошимизни эслар эди. Сўнг яна қўшиб қўйди:

– Шунча ўзимни босаман десам ҳам эплай олмаяпман. Ҳатто дори ичиб ҳам эплай олмаяпман. Юрагим бетоқат бўлганидан валидол ичяпман.

Булар ҳаммаси Юртбошимизга бўлган самимий муҳаббат самаралари. Миллионлаб қалбларнинг муҳаббати. Бир инсон қандай қилиб бунчалар муҳаббатга сазовор бўлди экан?

Жавобига бир қутлуғ ҳадиси шариф ёдимга келур.

وعنه ، عن النَّبيّ - صلى الله عليه وسلم - ، قَالَ : (( إِذَا أَحَبَّ اللهُ تَعَالَى العَبْدَ ، نَادَى جِبْريلَ : إنَّ الله تَعَالَى يُحِبُّ فُلاناً ، فَأَحْبِبْهُ ، فَيُحِبُّهُ جِبريلُ ، فَيُنَادِي في أَهْلِ السَّمَاءِ : إنَّ اللهَ يُحِبُّ فُلاناً ، فَأحِبُّوهُ ، فَيُحِبُّهُ أهْلُ السَّمَاءِ ، ثُمَّ يُوضَعُ لَهُ القَبُولُ في الأرْضِ )) متفق عليه .

Буюк ватандошимиз Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло қачон бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброилга нидо қилади: “Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўргин”. Шунда Жаброил ҳам уни яхши кўради. Кейин осмон аҳлига нидо қилур: “Аллоҳ таоло фалончини яхши кўради, мен ҳам уни яхши кўраман”. Шунда осмон аҳли ҳам уни яхши кўриб қолур. Сўнг у Ерда ҳам қабул қилинур”.

 Озод ватан

“БИЗДАН ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН ҚОЛСИН”

Ислом Каримов мазкур шиорига бутун умр сидқидилдан содиқ бўлиб ўтди ва буни амалга оширишга муваффақ бўлди. Йигирма беш йиллик давр мобайнида ҳеч кимга тобе бўлмаган озод ва мустақил давлат барпо қилишга эришилди. Унинг пойдеворига ғишт қўйган йўлбошчимиз бинони фойдаланиш учун тайёр қилиб, ўз халқига тақдим эта олди.

Бугун биз шундай Ватанда яшамоқлик бахтига мушарраф бўлдикки, бу юрт ўз устувор йўналишига эга. Юртимизнинг барча моддий ва маънавий бойликлари шу юрт, шу заҳматкаш халқнинг ўз-ўзиникидир!

Бундан ўн етти йил аввал Юртбошимиз: “Мен Ватанимиз мудофаа қудратини янада кучайтириш, армиямизни мустаҳкамлаш, сарҳадларимизни ишончли ҳимоя қилиш ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашни энг муҳим вазифа, деб биламан. Бугун фуқароларимизнинг тинч ҳаёти ва осойишталигини ҳимоя қилиш, фарзандларимизнинг эртанги кунини ва юртимиз осмонининг доимий мусаффолигини таъминлаш йўлида қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда ва бундан кейин ҳам кўрилади”.

 Ва яна шундай деган эди: “Армияни қисқартириш натижасида бўшайдиган маблағни биз шартнома билан ишлайдиган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларига тўланадиган ҳақни оширишга сарфлаймиз. Бу эса ана шу тоифадаги ҳарбий хизматчилар сонини кўпайтиришга имкон беради. Биз шунга эришмоғимиз керакки, ҳарбий хизмат сўзда эмас, балки амалда фарзандларимизнинг, ёшларимизнинг нуфузли иши, шон-шараф иши бўлмоғи лозим” (Ислом Каримов. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз).

Бу улуғ мақсад йўлидаги ҳаракатлар зое кетмади. Бугун бу юрт, бу Ватан ўзини ҳимоя қила олиш қудратига эга. Чунки унинг саралаб олинган алпқомат аскарлари бор! Айнан ҳозирги таҳликали асрда, бошқа юртларда одамлар юракларини ҳовучлаб минг ҳадик ва саросимада юрган бир даврда Ўзбекистон халқининг хотирлари жам, уйқулари ҳаловатли, меҳнатларида барака, эртанги кундан умидворлик бор! Болаларимизнинг мурғак шуурларига уруш номли қирғин тушунчаси мутлақо бегона.

Бугун бизнинг чегараларимиз дахлсиздир. Чегарачи аскарларимизнинг ҳушёрликлари ва тажрибаларидан кўнглимиз тўқ. Юртимизнинг хоҳлаган гўшасига куннинг исталган пайтида боринг, ўз уйингиз, ўз маҳаллангизда юргандек хотиржамсиз.

Илоҳим, юртимиз мустақиллигини абадий қилсин! Тинчлигимиз барқарор бўлсин!

Обод ватан

Юртбошимиз кўзлаган эзгу мақсадига эриша олди:

“Агарки мендан олиб бораётган сиёсатимизнинг энг долзарб, энг устувор вазифаси нимадан иборат, деб сўрашса, мен шундай жавоб берардим:

Энг аввало – халқимнинг омонлиги ва фаровонлиги, обод Ватанда эркин ва озод ҳаёт кечириши” (Ислом Каримов. “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз”).

Ҳа, биз ўз эркига эга бўлган озод Ватаннинг обод юртида яшашдек улуғ бахтга мушарраф бўлган инсонлармиз. Чорак аср давомида юртимиз шаҳар ва қишлоқлари шунчалик даражада тез ва жадал тараққий топдики, бунга ақл бовар қилмайди. Сўзимга гумон қилганлар бир тасаввур қилсин – шўро даврида вафот этиб кетган бирор кимса тасодифан қайта тирилиб қолиб, бу шаҳар, бу қишлоқларни кўрса, ўзини энг ривожланган Европа мамлакатларига келиб қолганга ўхшатишига гумонингиз борми?

Шаҳар ва қишлоқ кўчалари бирдек озода ва саранжом. Юртимизни кезар экансиз эътиборсиз жой йўқлигига амин бўласиз. Замонавий усулда барпо бўлган бино ва иншоотларга юксак дид билан зеб берилган. На ортиқча ҳашам қилиб бачкана қилиб юборилмаган ва на ўта соддалик билан совуққон ҳолатда қолмаган. Балки киши боққан сари юқори кайфият ҳадя қила оладиган даражада кўркам ва навқирон.

Бир оз яқин йилларга назар ташлайман. Тўқсонинчи йилларнинг охирларида Ёзёвон йўлларининг четларига чиройли қилиб тошлар териб қўйилган эди. Мен ўзимча бизнинг қишлоқларимизда шундай қилиб тошлар териб қўйилса, болалар уни жойида қўймаса керак деб ўйлаган эдим. Бироқ нотўғри фикрлаган эканман. Юртимизда нафақат баркамол инсонларнинг, балки ёшгина болаларнинг маданият савияси ҳам шунчалик ривожланиб кетдики, ҳозирги кунда қишлоқларнинг энг чекка кўчаларида ҳам йўл бўйларида гуллар барқираб турибди.

“Биз келажак ёшларники, деган гапни кўп айтамиз. Келгуси наслларга биздан озод ва обод Ватан қолишини орзу қилиб яшаймиз. Барча эзгу ишларимиз замирида ана шу олижаноб мақсад мужассам. Биз шу азиз диёрда нафақат фарзандларимиз, балки невара-чевараларимиз, йироқ-йироқ авлодларимиз ҳам тинч-омон, фаровон, бахтли-саодатли, маърифий ҳаёт кечиришини, Ўзбекистон деган юрт, ўзбек деган ном дунё тургунича туришини истаймиз” (Ислом Каримов. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт — пировард мақсадимиз).

Биз ҳам шу тилакдамиз.

Қадриятлар

Юртимиз мустақилликка эришиши, энг аввало, миллий ва диний қадриятларимизнинг гарови бўлди. Бу йўналишга Муҳтарам Юртбошимиз мустақилликнинг аввалги йилларидаёқ алоҳида эътибор берган эди.

“Мустақил давлатимизнинг сиёсатини белгилаб олар эканмиз, ислом динимизни албатта назарда тутишимиз керак. Негаки, дин турмуш тарзимизга, маънавий қадриятларимизга, кишилар онгига ўзининг ўчмас муҳрини босган. Худога қарши курашганларнинг аҳволи нима кечганини кўрдик. Энди бу хил бесамар ва қуруқ инкор йўли ярамайди” (Ислом Каримов. “Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура”. XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг X сессиясида 1992 йил 2 ва 3 июлда сўзланган нутқ).

Ўтган йилар мобайнида муқаддас динимиз таълимотларига бўлган эътибор ва эҳтиром жуда ҳам юқори бўлди. Ибодат қилиш учун кенг шароитлар таъминланди. Яқингинада хайит намозларини ўқиш учун беркиниб, керак бўлса макказорлар орасига жой тайёрлаб, қўлтиғига жойнамозини қистириб олиб, Ислом арконларини апил-тапил адо қилган инсонларнинг фарзандлари бугунги кунда кенг ва шинам масжидларда бемалол ва эмин-эркин ибодат қилмоқдалар.

Кечагина аждодлар тарихини билмаган халқ, бугун ўзлигини англаб қандай буюк инсонлар наслидан эканлигини билишга имкон туғилди. Бу ҳақда Юртбошимиз ғоят таъсирли сўзлар айтган эди:

“Бир зумга бўлса-да, тўрт-беш йил муқаддам бошимиздан кечган 1989-1990 йилларга хаёлан қайтайлик.

Баъзи бир ғоят қийин, лекин табиий саволларга жавоб берайлик:

–  Ўйлаб кўринглар, азиз дўстлар, ўшанда бизлар ким эдик?

– Ўша йиллар умуман қандай давр эди?

– Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди?

– Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг "Ассалом!.." деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллуқ қилиб уйғонардик?

– Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Ат-Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур ва бошқа улуғ бобокалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларга қоришиб ётган эди?

– Миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай тушунчаларга алмаштирилган эди?

– Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигимизни билармидик? Қандай мўътабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озиқланган ер ўғлонлари эканимизни англармидик?

– Айтинглар, ўша кезлари Ўзбекистонни дунёда биров билармиди? Биров бизлар билан ҳисоблашармиди? Жаҳон миқёсида бирор киши бизни назарига илармиди?” (Ислом Каримов. “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”).

Ушбу саволларни ўзига бериб кўрган ҳар қандай инсон динимиз соҳасида, аждодларимиз қадриятлари борасида шунчалар тарққиётга етишганимизга иқрор бўлмай иложи йўқ.

Биз масжидларда хатмул Қуръон қилишни бошлаган йилларимизда шахсан ўзим гувоҳ бўлганман, қанчалаб кекса отахонларнинг бундай ибодатни бу маҳалла аҳли шу отахонлар эсини таниганидан бери кўрмаганларини. Ҳаётимда биринчи бора бошқа маҳаллаларда хатм қилиб келган йилимиз раҳматли падарбузрукворим хатм қандай бўлишини мендан эшитиб завқ ва шавққа тўлган, кўзлари севинчдан порлаган эди. Кейинги йили бизнинг қишлоқда ҳам Қуръон хатми бўлди, бироқ отамга уни кўриш насиб этмади...

Энди эса Қуръон хатм қилинмаган масжид, Қуръон хатм кўрмаган маҳалла, Қуръон хатми нималигини билмаган Ўзбекистон фуқароси қолмади десак ҳам бўлаверади. Қориларимиз бисёрлигидан, хусусан, Ислом Каримовга бағишлаб минглаб хатмлар бағишланяпти.

Яхшидан боғ қолди

“Мен мана шу минбардан туриб, бир нарсани Аллоҳ таолодан сўрайманки, бизларнинг куч-қувватимизни кўпайтирсин, йўлимизни очиб берсин. Ҳеч қачон бизларни бир-биримиздан ажратмасин. Бизлар, шахсан мен ўзимни айтмоқчиман, бутун кучимни, бутун борлиғимни шу халқимга беришга тайёрман, демоқчиман” (Ислом Каримов. “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши XIII сессиясида сўзланган нутқ, 1993 йил 3 сентябрь).

Ҳа, Ислом Каримов ваъдасининг устидан чиқди. Ҳақиқатан ҳам, бутун кучини, бутун борлиғини шу халққа фидо қилди. Натижада халқ ҳам ўзининг меҳрибон ва фидойи Юртбошисига меҳрини берди.

Юртбошимиз эътибор бермаган ҳеч бир соҳа қолмади, десам адашмасам керак. Бунинг натижасида юртимизнинг қайси бир жабҳасига, қайси бир соҳасига қараманг, кўз олдингизда марҳум Юртбошимизнинг камтар сиймоси гавдаланади. Марварид шодалари каби бир хил тартибда териб қўйилгандек барпо қилинган котежлар дейсизми, мевасини кўтаролмай шохлари букилиб ётган интенсив мева боғлари дейсизми, кўркам ва шинам қад кўтарган мактаб, коллеж ва бошқа ўқув даргоҳларидан чиқиб келайтган билимдон ёшларимизни дейсизми, ҳаракатларидан кўзлар тинадиган, ўз юртимизда ишлаб чиқарилган, жаҳон андозаларидаги автомобил транспортлари дейсизми?...

Биз учун ёдгор қолган маънавий ва моддий бойликларимизни санайверсак катта китоб бўлғуси. Бу меросларнинг ҳаммаси ҳам қадрли. Айниқса, маънавий бойликларимиз, халқимизнинг илм олишга бўлган чанқоқликлари бу қутлуқ йўл яна давом этишига умид боғлайди. Маънавиятимизнинг юксалиши учун муқаддас динимиз таълимотларига кенг очиб берилган эшиклардан, иншоаллоҳ, бугун Юртбошимизга беҳисоб савоблар етиб боражак.

Сўнгги сўз

Шубҳасизки, дил изҳорларимни ёзаверсам, китоблар бўлғуси. Аммо ўшанда ҳам изҳор адо бўлмас.

Тилидан доимо “Аллоҳ” лафзи тушмаган Юртбошимиз охирги манзилга – боқийлик манзили сари ўзи танлаган йўлни ихтиёр қилгани бутун мусулмон халқининг эҳтиромини яна ҳам оширди. Айрилиқ кечасидаги ушбу сўзлардан қалблар ларзага келди, кўзлар ёшларга тўлди: “Барчамиз учун қадрли бўлган Президентимизнинг васиятига кўра, Ислом Каримов шу йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилади”.

Яна Юртбошимизнинг сўзларини эслаймиз: “Оддий инсон сифатида ҳам, Аллоҳнинг муқаддас уйи – Каъбани зиёрат қилган одам сифатида ҳам, Яратгандан: эл-юртимизга тинчлик-осойишталик, омонлик, ёшларимизга сабр-тоқат, бардош, ғайрат ва ишонч, қарияларимизга узоқ умр, куч-қувват, хонадонларимизга бахту саодат, файзу барака ва омад ато этишини сўрайман. Худо хайру бахтингизни берсин, энг эзгу умидларингизни рўёбга чиқарсин!” (Ислом Каримов. “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши XIV сессиясида сўзланган нутқ, 1993 йил 28 декабрь).

“Барчамиз ҳам Аллоҳ таолонинг бандаларимиз. Демоқчиманки, раҳбар ҳам одам. Унинг ҳам қариндош-уруғи, дўстлари, ўзига яраша шахсий ташвишлари бор. Лекин раҳбарлик масъулияти шундаки, у аввало эл-юрт тақдири учун жавобгар. Ҳадиси шарифда таъкидланганидек, раҳбарликнинг мақоми элу юртга оталикдир. Оқил ота эса фарзандларини ҳеч қачон яхши-ёмонга ажратмайди. Барчасига тенг кўз билан қараб, уларнинг бошини қовуштириб, пировардида хонадон ободонлигига эришади” (Ислом Каримов. “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”).

Илоҳим, Юртбошимиз бўлган, Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовни Ўз раҳматингга олгин!

  

Улуғбек Йўлдошев,

Андижон вилояти, Асака туманидаги

“Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими

Бугунги ҳаёт гўзал, тинч, осойишта. Лекин бу ёруғ оламни зулматга, одамлар ҳаётини ҳалокатга айлантирувчилар афсуски, қанча-қанча бегуноҳларни йўлдан адаштирмоқда, хонавайрон этмоқда, қонини тўкмоқда.

ИШИД каби террорчи гуруҳлар инсониятга, айниқса, Ислом уммати тинчлигига одам ўлдириш, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ўзгалар молини тунаш каби фасод ишлар билан таҳдид солмоқда. Уларнинг фаолияти Қуръони карим ва ҳадиси шариф кўрсатмаларига мутлақо зиддир. Аллоҳ таоло бу ҳақида қуйидагича огоҳлантиради: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).

Инсонларга ўлим тилаш, улар жонига қасд қилишни Ислом дини қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кимки бирон жонзот ўлдирмаган ва у ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса демак, гуё барча одамларни, ўлдирибди, кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса) демак, гуё барча одамларга ҳаёт берибди” дейди (Моида 32).  

Ушбу оят ва ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ноҳақ одам ўлдирган инсоннинг жазоси жаҳаннам, Аллоҳнинг лаънати ва азобидир. “Ислом шиорилари”ни даъво қилаётган бузғунчиларнинг инсонлар ҳаётига бу қадар бепарво қараётгани, чумолига ачингандек ачинмаслиги ушбу ояти каримада хабар берилган ваъидларга айни муносибдир.

Динни ниқоб қилиб олган динбузарларнинг энг асосий даъволаридан бири давлат раҳбарига итоат этмай “халифалик” ўрнатишдир.

Мусулмон киши  Қуръони Карим Нисо сурасининг 59-ояти ҳукмига кўра ишбоши ва раҳбарларига бўйсуниши зарур. Аҳли сунна вал жамоа ақидасида бу аниқ белгилаб қўйилган.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар бердилар: “Кимки ўз амиридан бирор нохушлик кўрса, бас, сабр қилсин! Чунки, кимки султон буйруғидан бир қарич ташқари чиқса, жоҳилият ўлимида вафот этибди” (Бухорий, 9/7053-7054, 7143; Муслим, 3/1849).

Мазкур ҳадиси шарифда давлат раҳбарига итоат этиш шартлиги таъкидланган.

Видолашув ҳажида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Раббингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, рамазон ойигизнинг рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини адо қилинглар ва ишингиз эгаларига итоат этинглар, (шундай қилиб) Раббингизнинг жаннатига киринглар!” (Ҳоким, 1/19). Ушбу ҳадис Имом Муслим (раҳимаҳуллоҳ) шартига кўра саҳиҳдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки умматимга қарши чиқса-ю, уларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам уриб ўлдирса, уларнинг мўминлигидан парво қилмаса, (мусулмонлик ва тинчлик-омонлик) аҳдини қилган кимсанинг аҳдига вафо қилмаса, бас, у мендан эмас ва мен ҳам ундан эмасман!”. Имом Нававий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Шарҳи Саҳиҳи Муслим” асарида мазкур ҳадисдаги “уларнинг мўминлигидан парво қилмаса” жумласини “ғазаблангани боис, ўзининг нафс-ҳавоси сабабли бир мўминни ўлдириб юбораверади, қилган ишини ўйлаб кўрмайди, унинг гуноҳи-уволидан қўрқмайди”, деб изоҳлаган. Яна Имом Нававий (р.ҳ.) уларнинг бу ишлари оқибатини бундай тушунтирган:   “Яъни, уларнинг бу ишини тўғрилайдиган ҳеч қандай ҳужжат йўқ, фойда берадиган узр ҳам йўқ!”

Яна бузғунчи тоифаларнинг асоссиз даъволаридан бири –  ўзини ўлдириб, “шаҳидлик” даражасига етишдир. Лекин  мусулмон киши урушни орзу қилмасдан, тинчик тарафдори бўлиши зарур. Мусо ибн Уқбадан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг Умар ибн Абдулазизга йўллаган мактубини унинг котиби Солим ўқиб берди. Мактубда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Душман билан тўқнашишни орзу қилманглар, Аллоҳдан офият тиланглар!” дедилар”, деб ёзилган экан («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7237).

Кишининг ўзиниўзи ўлдириши, “ўз жонига қасд қилиш”, деб баҳоланади. Шариат нуқтаи назаридан бу иш қаттиқ қораланади.  Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара, 195).

Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур” дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида мана шундай ҳолатда абадий азобланади. Ким заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).

Имом Қуртубий “Нисо” сурасидаги: “Бир-бирларингизни ўлдирмангиз!” ояти ҳақида фикр билдириб, унда инсонлар бир-бирини ўлдиришдан қайтарилган бўлса, бу шахснинг ўз жонига қасд қилишини ҳам ўз ичига олади”, дейди.

Юқоридагилардан шундай хулоса қилишимиз мумкин: ўлимни танлаш, ўзини ўзи ўлдириш, бегуноҳ инсонларга қарши қурол кўтариш, мусулмонларини қонини тўкиш, бузғунчи-боғий, каллакесарларга қўшилиш ва шу йўлда ўлиш  шаҳидлик эмас, балки оғир жиноят, жаҳаннам йўлидир. Ислом дини  турли баҳоналар билан инсонларни ҳалокатга чорлаётган динбузарлардан эҳтиёт бўлишга чақиради.

Ҳаёт мазмуни саодатдан иборат. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Аллоҳ инсонни бахтли бўлиш учун яратган”.

 

                                     Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти

  3-курс талабаси   Саидҳанбалова Робия

2016 йилнинг 14 сентябрь куни Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида таҳсил олаётган талаба ёшларни миллий ғурур ва ифтихор, Ватанга муҳаббат, садоқат, инсонпарварлик руҳида тарбиялаб бориш, тинчлик ва осойишталик неъматини қадрлаш, доимий буюк аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматда бўлиб тарбия топишларини таъминлашлик ҳамда билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовининг 2016–2017 ўқув йили учун ишлаб чиқилган йиллик иш режаси 2-бўлим 2-банди ижросини таъминлаш мақсадида билим юртининг маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш залида билим юрти мударрис ва талабалари иштирокида мустақилликнинг 25 йиллигига бағишлаб “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатини билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир муовини в.б. М. Тўрақулов олиб борди.

Давра суҳбати давомида сўз олган билим юрти мудири Н. Қодиров, мудир муовини М. Тўрақулов ва мударрис М. Ибаевлар ўз нутқлари аввалида ушбу кунда ўтказилаётган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним!” мавзусидаги давра суҳбатига мавзу бўлиб турган шиорнинг муаллифи марҳум Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни эслаб ўтиш барчамиз учун ҳам фарз ҳам қарз эканлиги ҳақида гапириб, юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг одилона олиб борилаётган сиёсати натижасида мамлакатимизда бўлаётган улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари, ишлаб чиқариш ва саноатдаги ўсишлар, хусусан, диний таълимга берилаётган эътибор ҳақида сўзладилар ва Ватанимиз тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирган, халқимиз ўзининг қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлашини ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари деб билишларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Суҳбат давомида билим юрти мудири Н. Қодиров томонидан билим юртида бир неча йиллардан буён мударрислик вазифасида фаолият кўрсатиб, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш йўлида муносиб ҳисса қўшиб келаётган мударрислар М. Ибаев, Р. Умаров ва М. Тўрақуловга юртимиз Мустақиллигининг 25 йиллик шодиёнаси муносабати билан ҳар бирларига пул мукофоти ва Фахрий ёрлиқлар топширилди.

Давра суҳбати якунида Қуръони карим тиловат қилиниб, юртимиз мустақиллиги йўлида жон фидо қилганлар, хусусан марҳум юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг руҳларига бағишланиб, эл-юртимизнинг тинчлиги, осойишталигини Аллоҳ таолодан сўраб, дуои хайрлар қилинди.

Қаҳрамонжон ИСРАИЛОВ, Билим юрти кадрлар бўлими бошлиғи

Четверг, 15 Сентябрь 2016 00:00

Пахта – ризқу рўзимиз

Диёримизда олтин куз фасли бошланди. Азал-азалдан ушбу давр пишиқчилик, мўл ҳосилни йиғиш ва сарфланган меҳнат самарасини кўриш мавсуми ҳисобланади. Ушбу фаслда ризқу рўзимиз ва оқ олтинимиз бўлган пахта ҳосилини териш ишларига киришилади. Йил бўйи фермер ва деҳқонларнинг тинимсиз меҳнатларидан етилган ҳосилни йиғиштирадиган пайт келди. «Ҳашар – элга ярашар» деганларидек, ҳар биримиз далалардаги ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиш ишларида муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак. Нуроний отахон ва онахонлар дуою хайрлари ва саховатпешалар эса беғараз ёрдамлари билан пахтакорларга камарбаста бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Қуръони каримда бу ҳақида: “...Бас, хайрли (савобли) ишларда бир- бирингиздан ўзишга ошиқингиз...”, дея марҳамат қилинган (Моида, 48).

Ҳадиси шарифда “Киши дарахт ёки экин экса, Аллоҳ таоло ҳосил мислича унинг номаи аъмолига ажру савоб ёзади” (Имом Аҳмад ривояти).

Шу боис, ҳосилни йиғиб териш мавсумини савоб ишлар фасли дейилиши ҳам бежиз эмас.

Деҳқоннинг баракали касби туфайли халқимиз дастурхони тўкин бўлади. Меҳнатсевар деҳқонларнинг юрт мўл-кўллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида қилган эзгу ишларини Яратганнинг ўзи юксак мукофотлашини қуйидаги оятда таъкидлаб, бундай дейди: “Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (Жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳниннг дийдорини кўриш) бордир” (Юнус, 26).

Жаннатмакон диёримизнинг меҳнаткаш бободеҳқонлари, миришкор боғбонлари, серғайрат фермерларимиз ва қишлоқларимиздаги тиним билмас барча меҳнаткашлар йиғим-терим мавсумига жиддий ҳозирлик кўришди. Улар имон эътиқод ва ихлос билан Яратгандан ҳосилга қут-барака сўрамоқдалар. Ҳозир ҳосилни нес-нобуд қилмай бус-бутун йиғиш учун ҳар дақиқани ғанимат билишимиз даркор. Ризқу рўзимизни меҳнат орқали талаб қилиш муҳим ишдир. Ҳазрат Одам (алайхиссалом) ҳам деҳқончилик билан шуғулланганлар. Бу касб Ул зотдан бизга мерос бўлиб қолган. Инсон ўз оиласини ҳалол ризқ-рўз билан таъминлаши йўлида саъй-ҳаракат қилиши ва керак бўлса, бу борада машаққат тортиши энг савобли амаллардан биридир.

Пахта ризқу рўзимиз. Серқуёш ўлкамизда пахта етиштирилиши ҳам улуғ неъматдир. Эгнимиздаги кийим-бош, кундалик ҳаётимизда фойдаланиладиган зарур буюмлар ҳам айнан пахтадан ишланади. Ҳатто, инсон дунёдан ўтгач, охират сари кузатилар экан, унинг устида ана шу пахтадан бўлган оппоқ мато либос бўлади. Ўзини шу муқаддас Ватанниг фаровонлиги учун дахлдор ва масъул деб биладиган ҳар бир фуқаро пахта ва бошқа ҳосилларнинг йиғим- терими савобли иш эканини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб улушини қўшади. Шунинг учун ўзини шу муқаддас Ватанга фуқаро деб билган ҳар бир инсон ушбу улуғ масъулиятни ҳис этиб, пахтанинг ҳар бир толасини териб олиш учун уюшқоқлик билан ҳаракат қилиши лозим бўлади. Хулоса қилиб айтганда, пахта тирикликда ризқ, дунёдан ўтганимизда охират либоси бўлади. Ана шундай хосиятли экинни заминимизда ундиргани учун Яратганга шукроналар айтамиз. Аллоҳ таоло пахта хирмонимизга улкан барака ато этсин.

 

Одилжон Нарзуллаев,

Янгийўл тумани “Жомеъ” масжиди имом-хатиби

Среда, 14 Сентябрь 2016 00:00

Бешикдан қабргача илм изла!

Илм- ҳамма нарса унинг устига бино қилинадиган ва  ҳар бир нарсанинг асоси ҳисобланади. Динимиз ислом илм динидир. Бирор бир дин ёки таълимот  муқаддас ислом диничалик инсонларни илмга қизиқтирган эмас. Зеро, мусулмонларнинг илмга тарғиб қилганини биргина илк нозил бўлган оятнинг ўзидан билиб олиш қийин эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ

Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (Алақ сураси, 1-оят).

Яратган бандаларига берган неъматлари ичида биргина неъмат зиёдаси билан берилиши сўралади. У ҳам бўлса илмдир. Зотан буюк Роббимиз шундай таълим беради:

وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا...

“...ва айтинг: Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳа сураси, 114-оят).

Ояти каримадаги буйруқ пайғамбар алайҳиссаломга бўлсада, биз умматларига ҳам умумий ҳисобланади. Демак, барча инсон илмга мухтождир. Зеро, пайғамбарлар илмга эхтиёжли бўлсалар ва уни зиёдаси зарур бўлса, бошқаларга бақадри авлоку, илмга мухтожлик ва зиёдаси? 

Илм хосил қилишда аввал ниятни холис қилмоқ зарур. Қолаверса, илм тахсил қилишда машаққатларга сабр ва матонат талаб қилинади. “Осон келган нарса, осон кетади”- деган гап бор. Имом Бухорий роҳматуллоҳ алайҳ илм китобини илмни фазилатларидан бошлаганлари бежизга эмас албатта. Чунки, илм олиш ўзига яраша машаққатни талаб қилади. Шунинг учун ислом динимизда  илм олишга алоҳида эътибор қаратилган. Унга бериладиган савоб ва даражалар жуда ҳам юксак эканини кўрамиз.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг табиатида зулм ва жоҳилликка моиллик бор. Фақат, Аллоҳ таоло кимга адолатни  ато қилган бўлса, у билан зулмни кетказади. Кимга фойдали илм ато қилган бўлса, у билан  жаҳолатни енгиб ўтади.

Уламоларимиз: “мол-давлат, ҳол-ахвол ва сиҳҳат-саломатлик бобида ўзингдан кўра пастроқ, дин, илм ва фазилатда ўзингдан кўра юқорироқ кишиларга боқ”- дейишади. Зеро, ким фазилат эгасига ҳавас қилса, унга  эргашса албатта, яхшилик, садоқат, сабр, вафо, омонат, ростгўйлик, ҳалимлик, саҳийлик қўйинки барча гўзал инсоний фазилатларга эга бўлади. Аксинча, ким обрў, мол ва лаззатлар кетидан чопса, адоват ва ёмон феълли инсонга айланади.

Илм ўз соҳибини улуғ даражаларга кўтаради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ...  

  ...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир. (Мужодала сураси, 11-оят).

  Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир ҳадислар ҳам жуда кўп учрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган.

Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳликни ҳам қўшиб беради.

Али каррамаллоҳу важҳаҳу: ”Илм аҳли эмаслигини даъво қилиш илмдаги шарафга эга эканига кифоя қилади. Ўзида йўқ эканини тан олмаслик орлик келтирувчи жоҳил эканига кифоя қилади”-деган эди. Илм аҳли бўлмаган киши илмни даъво қилганида илм ўз эгасига шараф бўлишга кифоядир. Шунингдек, жоҳиллик ордир. Агар Абу Жаҳлга йўлда йўлиқиб қолиб, эй жоҳил десангиз, уни ғазабдан юзи қизариб  кетарди. Вахоланки, у нафақат жоҳил, балки “жоҳилларнинг отаси” эди. Жоҳил деб сифатланиш жуда-жуда аччиқ ва уят бўлганидан у жоҳил деган сўзни инкор этади. Шу боис, ҳар бир инсон шараф бўлганидан агар чандики унга тўла қонли ҳақли бўлмаса ҳам дунёда илмларни қайсидир бирини ўзига нисбат беради. Зотан, илм ўз эгасини дунёда ҳам, охиратда ҳам мартабасини баланд қилади.

Шуни алохида таъкидлаш лозимки, оят ва ҳадисларда айтилган илмдан мурод ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олишга қизиқтириб бундай деганлар:”... Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради...”(Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Демак, динимиз илм талаб қилишни ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини унитмайлик. Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга киришайлик. Оила аъзоларимиз, болаларимизни ҳам илмга қизиқтирайлик. Илм ўрганаётган ёшларимизни қўллаб-қувватлайлик ҳамда уларга далда бўлиб, ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканини тушунтирайлик.

Бугун юртимизда ахолига хусусан ёшларга яратилаётган шароитлар тахсинга лойиқ. Айниқса, ёшларимиз ҳар тарафлама етук ва баркамол авлод бўлишларига барча имкониятлар эшиги очиқ. Бу яратилган шароитлардан унимли фойдаланиб, юртимиз равнақига ўзини салмоқли хиссасини қўшадиган илм ва касб эгаси бўлишга харакат қилиш ҳам қарзимиз ҳам фарзимиздир. Зеро, бу азиз Ватан илм дарғаларини дунёга етказиб берган муқаддас заминдир. Биз ўз аждодларимизга муносиб авлод бўлишга интилайлик. 

Янги бошланган ўқув йили барчамизга муборак бўлсин!   

Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири, "Новза" жоме масжиди имом хатиби

Top