Мақолалар

Пахта – ризқу рўзимиз

Диёримизда олтин куз фасли бошланди. Азал-азалдан ушбу давр пишиқчилик, мўл ҳосилни йиғиш ва сарфланган меҳнат самарасини кўриш мавсуми ҳисобланади. Ушбу фаслда ризқу рўзимиз ва оқ олтинимиз бўлган пахта ҳосилини териш ишларига киришилади. Йил бўйи фермер ва деҳқонларнинг тинимсиз меҳнатларидан етилган ҳосилни йиғиштирадиган пайт келди. «Ҳашар – элга ярашар» деганларидек, ҳар биримиз далалардаги ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиш ишларида муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак. Нуроний отахон ва онахонлар дуою хайрлари ва саховатпешалар эса беғараз ёрдамлари билан пахтакорларга камарбаста бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Қуръони каримда бу ҳақида: “...Бас, хайрли (савобли) ишларда бир- бирингиздан ўзишга ошиқингиз...”, дея марҳамат қилинган (Моида, 48).

Ҳадиси шарифда “Киши дарахт ёки экин экса, Аллоҳ таоло ҳосил мислича унинг номаи аъмолига ажру савоб ёзади” (Имом Аҳмад ривояти).

Шу боис, ҳосилни йиғиб териш мавсумини савоб ишлар фасли дейилиши ҳам бежиз эмас.

Деҳқоннинг баракали касби туфайли халқимиз дастурхони тўкин бўлади. Меҳнатсевар деҳқонларнинг юрт мўл-кўллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида қилган эзгу ишларини Яратганнинг ўзи юксак мукофотлашини қуйидаги оятда таъкидлаб, бундай дейди: “Эзгу иш қилганларга чиройли нарса (Жаннат) ва зиёдалик (Аллоҳниннг дийдорини кўриш) бордир” (Юнус, 26).

Жаннатмакон диёримизнинг меҳнаткаш бободеҳқонлари, миришкор боғбонлари, серғайрат фермерларимиз ва қишлоқларимиздаги тиним билмас барча меҳнаткашлар йиғим-терим мавсумига жиддий ҳозирлик кўришди. Улар имон эътиқод ва ихлос билан Яратгандан ҳосилга қут-барака сўрамоқдалар. Ҳозир ҳосилни нес-нобуд қилмай бус-бутун йиғиш учун ҳар дақиқани ғанимат билишимиз даркор. Ризқу рўзимизни меҳнат орқали талаб қилиш муҳим ишдир. Ҳазрат Одам (алайхиссалом) ҳам деҳқончилик билан шуғулланганлар. Бу касб Ул зотдан бизга мерос бўлиб қолган. Инсон ўз оиласини ҳалол ризқ-рўз билан таъминлаши йўлида саъй-ҳаракат қилиши ва керак бўлса, бу борада машаққат тортиши энг савобли амаллардан биридир.

Пахта ризқу рўзимиз. Серқуёш ўлкамизда пахта етиштирилиши ҳам улуғ неъматдир. Эгнимиздаги кийим-бош, кундалик ҳаётимизда фойдаланиладиган зарур буюмлар ҳам айнан пахтадан ишланади. Ҳатто, инсон дунёдан ўтгач, охират сари кузатилар экан, унинг устида ана шу пахтадан бўлган оппоқ мато либос бўлади. Ўзини шу муқаддас Ватанниг фаровонлиги учун дахлдор ва масъул деб биладиган ҳар бир фуқаро пахта ва бошқа ҳосилларнинг йиғим- терими савобли иш эканини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб улушини қўшади. Шунинг учун ўзини шу муқаддас Ватанга фуқаро деб билган ҳар бир инсон ушбу улуғ масъулиятни ҳис этиб, пахтанинг ҳар бир толасини териб олиш учун уюшқоқлик билан ҳаракат қилиши лозим бўлади. Хулоса қилиб айтганда, пахта тирикликда ризқ, дунёдан ўтганимизда охират либоси бўлади. Ана шундай хосиятли экинни заминимизда ундиргани учун Яратганга шукроналар айтамиз. Аллоҳ таоло пахта хирмонимизга улкан барака ато этсин.

 

Одилжон Нарзуллаев,

Янгийўл тумани “Жомеъ” масжиди имом-хатиби

7741 марта ўқилди

Мақолалар

Top