www.muslimuz

www.muslimuz

Мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчихонаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан Жакарта шаҳрида ташкил этилган тадбирлар доирасида юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти бир вақтнинг ўзида 50 та маҳаллий сайёҳлик компаниясига намойиш қилинди.

Тақдимот чоғида иштирокчилар юртимиз тарихи, маданияти, пазандалиги, шунингдек, зиёрат туризми имкониятлари билан таништирилди. Жумладан, мамлакатимизга Жакарта – Тошкент авиақатнови орқали келаётган туристлар учун янги сайёҳлик маршрутлари тақдим этилди.

Тадбир доирасида юртимизга келиш истагида бўлган индонезиялик сайёҳлар учун ушбу мамлакатнинг «Aspire» компанияси томонидан имтиёзли кредитлар ва «touress.com» компанияси томонидан Ўзбекистондаги туристик йўналишлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

– Биз бугун Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб этмоқдамиз, – дейди «touress.com» сайёҳлик компанияси вакили Арван. – Индонезия фуқаролари учун визаларнинг бекор қилиниши ҳамда Тошкентга тўғридан-тўғри авиарейслар очилиши билан бизга индонезияликларнинг Ўзбекистонга “зиёрат ташрифи”ни ташкил этиш имконияти пайдо бўлди. Ўзбекистон сайёҳлик йўналиши сифатида индонезияликларда катта қизиқиш уйғотади. Масалан, Имом Бухорий мажмуаси юртингизда жойлашган. Бундан ташқари, энди бизда «Умра – Ўзбекистон» сайёҳлик йўналишини ташкил этиш имконияти мавжуд.

Тақдимот якунида Ўзбекистонга бепул совринли саёҳат пакети ўйналди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Нурота туман "Чилустун" жоме масжиди имом хатиб ноиби Т.Атоев бомдод намозидан кейин жамоатга "Мотуридия ақидаси" ва "Ҳанафий мазҳаби" тўғрисида тушунча берди.
Ислом динидаги соф ақидамизни мустаҳкамлаймиз!

Ушбу дарс жараёнида жамоат ўзлари билмаган масалалар хусусида кўпроқ маълумотга эга бўлишди, билганлари ҳақидаги билимлари эса янада мукаммаллашди. Дарс жараёнидаги қизғин суҳбат ҳамда саволлларга берилган жавоблар орқали жамоатга йиғилганларда ислом динига, илм олишга нисбатан янада чуқурроқ интилиш ва қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев жорий йил 23 сентябрь куни Британиянинг Оксфорд шаҳрида бўлиб ўтган Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази (ОИТМ) Халқаро академик консультатив қўмитасининг 11 мажлисида иштирок этди.

Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати билдиришича, мазкур тадбирда ОИТМнинг ўтиб бораётган йилдаги фаолияти якунлари, илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишлари ва халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш режалари муҳокама этилди.

Иштирокчилар томонидан Ислом тарихининг фанлароаро тадқиқотлар ва ислом оламидаги замонавий қарашларини ривожлантириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Қайд этилишича, тадқиқотлар Ислом маърифати позицияси мустаҳкамланиши, цивилизациялараро мулоқотнинг чуқурлашиши ва мусулмон жамиятларининг модернизация қилинишига таъсир этади.

Шу мазмунда улар жаҳон цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса кўшган буюк исломшунос алломаларнинг меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш, халқаро жамоатчиликка тинчлик, бағрикенглик ва маънавиятга чорловчи динимизнинг соф инсонпарварлик мақсадини, шунингдек Ўзбекистон раҳбариятининг сиёсатини юксак баҳоладилар.

Ислом тадқиқотлари Оксфорд маркази директори Фархан Низомий ва бошқа иштирокчилар Ўзбекистоннинг Ал-Бухорий, Ат-Термизий, Беруний, Ибн Сино ва бошқа буюк ислом олами намоёндаларининг ишларини каталоглаштириш ҳамда нашр этиш, уларнинг тадқиқотларига бағишланган халқаро анжуманлар ва симпозиумлар ўтказишдаги сайъ-ҳаракатларига кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, 1985 йилда ташкил топган ОИТМ Исломга йўналтирилган санъат, гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги тадқиқот ишларини қўллаб-қувватловчи дунёдаги нуфузли илмий марказлардан бири саналади. Марказ раҳнамоси Британия тахти вориси Чарлз Уэльский ҳисобланади.

Олим аждодларимиз хотирасига ҳурмат белгиси сифатида ОИТМда имом ал-Бухорий ва имом ат-Термизий номли стипендиялар таъсис этилди. Бу Ўзбекистоннинг ва бошқа мамлакатларнинг экспертларига грант маблағлар ҳисобига марказ негизида тадқиқотлар олиб бориш имконини беради. Марказ мажмуасидаги иккита зал Самарқанд ва Бухоро деб номланади.

ОИТМ Халқаро академик маслаҳат қўмитаси таркибига Буюк Британия, АҚШ, Франция, Саудия Арабистони, Қатар, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа мамлакатларнинг 20 нафар эътиборли исломшунос олимлари ва давлат арбоблари киради. 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Маслаҳат қўмитасининг доимий аъзоси ҳисобланади.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Бодлиан кутубхонасини бориб кўрди. Бу ерда чиғатой (эски ўзбек) тилида ёзилган бебаҳо қўлёзмалар сақланади. Делегация аъзолари Алишер Навоий “Ҳамса” достонининг асл нусхасини кўздан кечирди. Кутубхона вакиллари билан Мовароуннаҳр олимлари қўлёзмаларини каталоглаштириш ва факсимил нусхаларини яратиш масаласи муҳокама этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

25 сентябрь куни "Союз-ФГ" ракетасида "Союз МС-15" фазо кемаси халқаро космик станция томон кўтарилди. Фазогирлар ичида Бирлашган Араб Амирликлари фуқароси Хазза ал Мансурий биринчи марта фазо томон йўл олди.

Парвоздан олдинги матбуот анжуманида фазогир Халқаро космик станцияда намозларни адо этишини айтиб ўтди.

У ўзи ўқиган намозларини Ерда ҳам намойиш этилиши мумкинлигини маълум қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саянни қабул қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан конструктив муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ушбу шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал Ҳусайн ва БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг мамлакатимизга ташрифлари натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро мулоқотни янада ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг ўнта асосий шартномаларига қўшилган. 2018 йил ноябрь ойида Самарқандда илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларациясини амалга ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинган. Ушбу ҳужжат суд-ҳуқуқ соҳаси ходимларининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларини оширишни назарда тутади.

Юртимиз суд-ҳуқуқ тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш орқали судья ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top