Ўзбекистон янгиликлари

Индонезияда Ўзбекистонга “зиёрат ташрифи”ни ташкил этиш бўйича катта имкониятлар мавжуд

Мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчихонаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан Жакарта шаҳрида ташкил этилган тадбирлар доирасида юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти бир вақтнинг ўзида 50 та маҳаллий сайёҳлик компаниясига намойиш қилинди.

Тақдимот чоғида иштирокчилар юртимиз тарихи, маданияти, пазандалиги, шунингдек, зиёрат туризми имкониятлари билан таништирилди. Жумладан, мамлакатимизга Жакарта – Тошкент авиақатнови орқали келаётган туристлар учун янги сайёҳлик маршрутлари тақдим этилди.

Тадбир доирасида юртимизга келиш истагида бўлган индонезиялик сайёҳлар учун ушбу мамлакатнинг «Aspire» компанияси томонидан имтиёзли кредитлар ва «touress.com» компанияси томонидан Ўзбекистондаги туристик йўналишлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

– Биз бугун Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб этмоқдамиз, – дейди «touress.com» сайёҳлик компанияси вакили Арван. – Индонезия фуқаролари учун визаларнинг бекор қилиниши ҳамда Тошкентга тўғридан-тўғри авиарейслар очилиши билан бизга индонезияликларнинг Ўзбекистонга “зиёрат ташрифи”ни ташкил этиш имконияти пайдо бўлди. Ўзбекистон сайёҳлик йўналиши сифатида индонезияликларда катта қизиқиш уйғотади. Масалан, Имом Бухорий мажмуаси юртингизда жойлашган. Бундан ташқари, энди бизда «Умра – Ўзбекистон» сайёҳлик йўналишини ташкил этиш имконияти мавжуд.

Тақдимот якунида Ўзбекистонга бепул совринли саёҳат пакети ўйналди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1663 марта ўқилди

Янгиликлар

Top