Фиқҳ

Ҳанафий фиқҳий қоидаларнинг инсонпарварлик тамойили

Маълумки, фиқҳий мазҳабларнинг шаклланишида ижтимоий омилларнинг ўрни ва таъсири бўлган. Хусусан, мазҳаблар шаклланиш ва турли диёрларда ёйилиш жараёнида маълум маънода, ўша ўлка ва жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан қисман бўлсада, таъсирланган. Зеро, инсонлар ер юзининг турли минтақа ва иқлим шароитларида яшаганлари боис, уларнинг ҳаёт тарзи, урф-одати, қадрияти ва ўзаро муносабатлари сезиларли даражада бир биридан фарқ қилади. Ислом фиқҳи инсонларнинг мана шу фарқларини ҳам ҳисобга олиб, ҳукмлар, фиқҳий қоидалар ва фатволарда жамиятнинг муаммоларини одилона ҳал этишда муҳим ўрин тутади. Бундай улуғ вазифанинг амалга оширилишида тўрт мазҳаб уламоларининг ўрни беқиёсдир. Хусусан, ҳанафий мазҳаби тарқалган ўлка ва диёрлардаги ерлик аҳолининг ҳаёт тарзи, урф-одати, қадрияти ва ўзаро муносабатларини ҳисобга олган. Албатта, бунда шариатнинг асос қоидаларига амал қилиб иш кўрилган. Биз Ислом фиқҳида муҳим ўрин тутган «ал-Қоваид ал-Фиқҳийя» деб номланадиган қоида ва усуллар тўпламига назар солсак, унинг асосчилари ҳанафийлар эканини кўрамиз. Бошқа мазҳаблар кейинроқ, ушбу қоидалар ва усулларни қабул қилишган.

Демак, «ал-Қоваид ал-Фиқҳийя» деб номланадиган қоида ва усуллар тўплами бир маънода турли урф-одат ва қадриятлар асосида яшайдиган инсонларни манфаатини ва уларнинг Ислом шариати ҳукмларига мослашишларини осонлаштириш учун асос солингандир. Қуйида, шариатнинг она асослари ва қоидаларига таяниб ишланган «ал-Қоваид ал-Фиқҳийя»дан айримларини мисоллари билан келтирамиз:

Фиқҳий қоидалар Ислом фиқҳи каби инсоний жамиятнинг барча томонларини қамраб олган. Иқтисодий, ижтимоъий, маънавий, маданий ҳаттоки, жиноий ҳуқуқни ҳам ёритишда алоҳида ўрин тутган.

«Ал-машаққату тажлибу ат-тайсира» – «машаққат енгиллаштиришни келтиради» дейилган қоидада, мусулмонларнинг ҳаёт тарзида учраб турадиган айрим табиий сабаблар туфайли юзага келган муаммо, қийинчилик ва машаққатларни кетказишда Қуръон ва суннат асосида «енгиллаштириш принципи» илгари сурилган. Бунга бақара сурасининг 185-ояти ва Ҳаж сурасининг 78-ояти далил бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам имом Бухорий ва имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда «Аллоҳ таолога диннинг энг маҳбуби тўғри, енгил ва бағрикенгликка асосланганидир» – деганлар.

Мазкур қоидадан уламолар шариатда мавжуд бўлган рухсатлар, енгиллаштиришлар ва бағрикенгликга асосланган ҳукм ва фатволарни ишлаб чиққанлар. Мисол учун, мусофир намозни қаср қилиб ўқиши, маҳсига уч кунгача масҳ тортиш, жума фарз бўлмаслиги, қурбонлик, жамоат ва икки ҳайит намозлари соқит бўлиши, таяммум жоиз бўлиши, улов устида нафл намозга рухсат берилишини келиришимиз мукин. Шунингдек, касаллик сабабли таяммум қилиш жоизлиги, ўтириб, ёнбошлаб, ҳаттоки, ишора билан намоз ўқиш рухсат бўлиши, рамазон куни рўза тутмаслик рухсати, ҳажда боришга қодир бўлмаган бемор ўрнига бировни бадал ҳаж қилидириши, зарурат бўлса, касал киши нопок нарсалар билан муолажа қилиниши рухсатига ўхшаш ҳолатларни зикр жоиз. Табиб зарурат бўлганида, беморнинг авратига назар солиши жозлигини мисол қилишимиз мумкин.

Шунингдек, мазкур фиқҳий қоида асосида мажбур қилинган пайтда, айрим ҳукмларда истисно қилиниши, эсдан чиқарган пайтда ҳам кўпгина шариат ҳукмларида енгиллик берилгани каби масалалар келиб чиқади. Энг асосийси қийинчилик, машаққат ва умумий балво (аксарият йўлиқадиган машаққат) пайтида белгиланган шарий енгиллаштиришларни зикр қилиб ўтиш лозим. Мисол учун, зарурат пайтида либоснинг тўртдан биридан камроғига нажосат текканда намозни жоизлиги, тезак каби ёқилғи сифатида ишлатиладиган нарсаларни ёққанда, кули ҳаром эмаслиги кабилар.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ибодатлар масаласида маданий жамиятларда яшайдиган кишиларни ҳисобга олиб кенг фатволар берганлар. Бошқа мазҳабларда беихтиёр аёлнинг очиқ бадани, эркакнинг очиқ баданига тегса, таҳорати бузилади. Абу Ҳанифа бу масалада бунинг аксини айтганлар.

Юқорида биз шаръий қоидалардан биттасини келтирдик. Бунга ўхшаган юзлаб фиқҳий қоидаларнинг ҳар бирини тадқиқ қилинса, унда инсонпарварлик ва ижтимоий кафолатга асос солинганини кўрамиз.

Мазкур мисоллардан хулоса қилишимиз мумкинки, ҳанафий мазҳаби, хусусан юртимиздан етишиб чиққан аллома ва фуқаҳолар инсоният тараққиётида, тамаддун ривожида беназир хизматлар қилишган. Бир сўз билан айтганда, бизнинг аждодларимиз исломни қабул қилганларидан сўнг, башарият карвонида инсонпарварлик, ижтимоий адолат ва ахлоқда йўлбошчи бўлдилар, буни уларнинг ёзиб қолдирган асарлари ва хизматларида кўришимиз мумкин.

Ж.Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти  кафедра мудири

 
8698 марта ўқилди
Мавзулар
Top