muslimuz

muslimuz

Индонезияда Муқаддас Рамазон ойи арафасида мўмин мусулмонлар учун масжид – Абу-Дабидаги машҳур Шайх Зайд масжидининг кичикроқ нусхаси очилади.

Марказий Явадаги масжид ҳажми бўйича Амирликларда жойлашган асл меъморий мажмуанинг 20 фоизига тенг. Янги масжид БААнинг марҳум Президенти Шайх Зайд бин Султон Ал-Наҳаян номини олади.

Дин ишлари вазирлиги расмийси Акмал Салим Руҳаннинг сўзларига кўра, масжид жамоатчиликка очилишидан олдин тугатиш ишларининг якуний босқичидан ўтмоқда, дея хабар беради ArabNews.

"Биз уни Рамазон арафасида очишимиз керак, чунки бу ойга бағишланган кўплаб дастурлар аллақачон тайёрланган", – деб тушунтирди вазирлик вакили.

Хабар қилинишича, масжид 10 000 намозхонни сиғдира олади. Абу-Дабининг машҳур диний биносининг нусха кўчирилган элементлардан ташқари масжид дизайнида анъанавий Индонезия элементлари ҳам мавжуд бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Mатбуот хизмати

Суббота, 11 Февраль 2023 00:00

Сайёр йиғилишлар қандай ўтмоқда?

Мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан ҳудудларда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ва масжидларда намозхонларга яратилган шароитларни кўздан кечириш, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш ҳамда бу борада амалга оширилган ишлар сарҳисобини юритиш мақсадида вилоят бўйлаб сайёр йиғилишлар ўтказиб келинади.

Яқинда жорий йилнинг илк сайёр йиғилиши Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туман бош имом хатиблари шаҳардаги 20 дан ортиқ маҳаллага ташриф буюриб, жойларда аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор ва шу каби тоифадаги оилалар аҳволидан хабар олиб, хайрия ишларини амалга оширди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ўтказди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди.

Шу билан бир қаторда вилоят ишчи гуруҳи Самарқанд шаҳридаги 23 та масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Нафсни поклаш ва уни тарбиялашда намознинг тутган ўрни”, “Ота-онага ҳурмат”, “Исро ва меърож”, “ОАВдан тўғри фойдаланиш”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Қўшничилик ҳақлари”, “Неъматларга шукроналик”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва шу каби бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда жамоатнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.

Шу куни вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов Самарқанд шаҳридаги “Намозгоҳ” жоме масжидида шаҳарда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллалари ва отинойилар билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, аҳоли орасида кенг тарқалаётган бидъат ва хурофотларни тўхтатишда қилиниши керак бўлган амалий ишлар ва шу каби масалалар юзасидан давра суҳбати ўтказди.

Шу билан бирга маҳалла муллаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг махсус сертификатларини топширди.

Мазкур тадбирлардан сўнг ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, диний соҳа ходимларига жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Мазкур йиғилишга вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Б.Қодиров, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги бош мутахассиси С.Баймурадов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, ўринбосарлари Хайрулло домла Саттаров ва Ёқубжон домла Мансуровлар бевосита бош бўлдила

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

✅ Бугун, 9 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари Туркия давлатининг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, қардошларимизга ҳамдардлик билдирдилар.

? Ташриф асносида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, Ҳақ таолодан кучли зилзила оқибатида вафот этган марҳумларни мағфират қилиши, яқинларига сабр-матонат беришини сўрадилар ҳамда жабр чекканларга тезроқ шифои комил ато этишини тиладилар.

?Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош жанобларига ҳамдардлик билдирганлари (https://t.me/muslimuzportal/32139) ҳамда юртимиздаги жоме масжидларда Туркиядаги офат ариши учун хатми Қуръонлар ва дуолар қилингани ҳақида хабар берган эдик.


 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz | https://taplink.cc/muslimuz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Пятница, 10 Февраль 2023 00:00

Маъракаларда бидъатга йўл қўйманг

 

Яқинда таҳририятимизга Жиззах вилояти Пахтакор туманидан қуйидаги савол келиб тушди. Унда бундай дейилади:

«Қишлоғимизда “қора қозон” деган одат бор. Унда бирор киши азали бўлиб қолса, ҳамқишлоқлар ёрдам тарзида пул беришади. Бир қараганда, бу хайрли урфдек. Бироқ ўша пулни ўрни келганда қайтариш лозим, худди тўёнадек.

Яна бир муҳим масала бу – “Худойи қилиш”, яъни азадорлар уч кун ичида халққа ош ёки шўрва қилиб тарқатиши керак. Бунга кимнингдир қурби етади, кимники эса йўқ. Бироқ азали хонадон буни қилишга мажбур. Шу тўғрими?»

Ушбу мурожаат бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Ёрқин домла Жумабоев бундай дейди:

– Албатта, бу савол бугунги куннинг долзарб масалаларидан. Чунки марказимизга ҳам бундай саволлар кўп келади.

Аллоҳ таоло инсонни баъзи мусибатлар билан синаб, сабр қилган бандага улкан ажрлар беради. Аммо биз инсонлар мусибатзада кишининг дардини енгиллаштириш ўрнига уни янада оғир аҳволга солиб, фалон-фалон маросимларни зиммасига қўйишимиз мутлақо нотўғри. Бундан-да ачинарлиси, мана шу ишларни “диндан” (яъни маййит чиққан хонадон эгалари шу маросимларни қилишлари шарт) деб билиш, “шундай ишлар бажарилмаса, маййит қабрда қийналади”, деб эътиқод қилишдир. Борди-ю, маййит эгалари ўртаҳол оила бўлиб, бу маросимлар кимдандир қарз олиш эвазига ёки кўпчилик томонидан қарз сифатида пул йиғилиб ўтказиладиган бўлса, бу ишларнинг оқибати янада хунукроқ бўлади. Чунки инсон бир яқинидан айрилиб, қалбига етган жароҳати битиб улгурмасидан қарз тўлаш ташвишига тушиши мусибат устига мусибатдир. Аксинча, бундай оилага таъзия билдириш, далда бериш орқали маънавий ёрдам қилиш, дафн маросимларида иштирок этиш орқали жисмоний кўмаклашиш, қарз сифатида эмас, балки беғараз, ҳар ким имкони етганча моддий ёрдам кўрсатиш каби амаллар марғуб ишлардан ҳисобланади. Лекин буни урф ёки мажбурият сифатида қабул қилмаслик керак.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жаъфарнинг ўлими хабари келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Демак, мусибатхонага уч кунгача таом чиқариш, камбағал оила бўлса, уларга моддий ёрдам бериш, мусибат етган кишилар бой бўлса, уч кундан сўнг ихтиёрий равишда муҳтожларга ёрдам бериш, таом тарқатиш, эҳсон дастурхонини ёзиб, савобини маййитга етишини умид қилиш жоиз. Аммо бу ишлар омма учун мажбуриятга айланиб кетиши, қилмаса ўзларини айбдор ҳис этиш даражасигача етмаслиги керак. Бу ҳар кимнинг шароити ва хоҳишига қараб белгиланиши зарур. Шунингдек, мазкур эҳсонлар маййитнинг мерос молидан меросхўрларнинг розилигисиз амалга оширилиши ҳам ўзганинг ҳаққига эътиборсизлик саналади.

Афсуски, ҳозирги кунда халқимиз орасида дафнга доир кўплаб маросимлар урфга айланган. Бу маросимлар бир қарашда яхшилик, савоб амалга ўхшаса-да, уни ташкил қилишда бир мунча бидъат-хурофотлар, хатоликлар мавжуд.

Хусусан, юқорида айтилган “қора қозон” маросимида ҳам кўпчилик қарз сифатида пул беради. Оқибатда инсонларнинг ҳақлари бир-бирига аралашиб кетиши, бу орада кимдир шу ҳақларни адо этишга улгуролмай қолиши ҳолатлари юзага келади. Қолаверса, шу “йиғин” ортидан мусибат етган хонадонга бирор шаръий асосга эга бўлмаган бир мунча мажбуриятлар юкланиши ва шу маросимларни бажармаса, маломатга қолиш ҳолатлари ачинарлидир. Бундай одатлардан эса динимиз қайтаради.

Шундай экан, ҳақиқий мусулмон ҳар бир ишни шаръий мезонларга кўра бажариши, айниқса, вафот этиб кетган яқинлари учун савоб улашиш мақсадида қилаётган амалларида тўғри йўлни тутиши, савоб қиламан деб зиммасида ўзгалар ҳаққи қолиб кетмаслигини таъминлаши зарур. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази (78) 150-33-44

“Ҳидоят” журналининг 2023 йил 1-сонидан олинди

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси muslim.uz порталининг рус тилидаги саҳифаси мўмин-мусулмонларга юртимиз ва хорижда рўй бераётган диний соҳадаги янгиликлар, ўзгаришлардан бохабар қилиб, туркум мақолалар эълон қилиб бормоқда. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин.

Жумладан, айни кунларда muslim.uz порталининг русча саҳифасига бир қатор қизиқарли янги материаллар жойлаштирилди:

– В ООН представлен опыт Узбекистана в укреплении религиозной толерантности (БМТда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди);

– Узбекские спасатели активно помогают ликвидировать последствия мощного землетрясения в Турции (Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркиядаги кучли зилзила оқибатларини бартараф этишга фаол ёрдам бермоқда);

– Во всех мечетях Узбекистана совершили хатм и коллективное дуа за погибших при землетрясениях (Ўзбекистондаги барча масжидларда зилзилаларда ҳалок бўлганлар ҳаққига хатм ва жамоавий дуо ўқилди);

– Индонезия пятый год подряд возглавляет рейтинг самых щедрых народов мира (Индонезия беш йилдан бери дунёнинг энг сахий халқи рейтингига етакчилик қилиб келмоқда);

– Главный имам Самаркандской области провел диалог с обучающейся в Малайзии узбекской молодежью (Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Малайзияда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди);

– Малазийская телерадиокомпания снимет документальный фильм об Узбекистане (Малайзия телерадиокомпанияси Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари ҳақида ҳужжатли фильмни суратга олади).

Ҳурматли ўқувчилар, muslim.uz сайтининг русча саҳифаси кузатиш орқали юртимиз ва Ислом оламидаги энг сўнгги янгиликлардан баҳраманд бўлинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top