Мақолалар

Нафс алдовига учганлар

Улар таҳорат олсалар ҳам, унинг одобларини тарк қилганини кўрасан. Таҳоратда яхши покланаман, Аллоҳ таолонинг буйруғини бажараман, деб кўп сув қуяди. У алдангандир.

Ҳолбуки, ювиш теридан сувни оқизиш, тукларнинг тагига сув етказиш билан амалга ошади. Яна таҳоратнинг бошида Аллоҳнинг исмини зикр қилиши (Бисмиллоҳ айтиш), қиблага юзланиш яхшидир.

Алданган эса Аллоҳнинг исмини айтишни унутади, сувни қуйиб-қуйиб ўйнайди. Кўп қуйса тоза бўлади, деб ўйлайди. Шундай қилсагина кўнгли тинчийди. Шу билан Аллоҳнинг буйруғини бажо келтирдим, деб ўйлайди. Аллоҳ таоло Қуръонда бир тоифа одамларни айблаб: “Динларини ўйин ва беҳуда нарса қилиб олган ва бу дунё ҳаёти алдаб қўйганлар” (Анъом сураси, 70-оят), деб марҳамат қилган. Буларнинг барчаси нафснинг адашувидир. Шунинг учун уларга бу ишонган нарсалари қалбларини ўраб, нафсларини алдаган нарса экани билдирилди.

Бизга Қутайба ибн Саид Ибн Лаҳиъадан, у Ҳуяй ибн Абдуллоҳдан, у Абу Абдурраҳмон Ҳалабийдан, у Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олаётган Саъднинг олдидан ўтдилар ва: “Бу не исрофгарчилик, эй Саъд?” дедилар. У: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими, ё Расулуллоҳ?” деди. У зот: “Ҳа, агар дарё бўйида бўлсанг ҳам”, дедилар».

Менга отам (раҳимаҳуллоҳ) Ҳакам ибн Муборакдан, у Бақиядан, у Абу Бакр ибн Абу Марям Анонийдан, у Ҳабиб ибн Убайдурраҳмондан, у Абу Дардодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир дарё бўйидан ўтдилар. Ундан бир идишда сув олиб, четга ўтиб таҳорат қилдилар. Сўнг ортган сувни дарёга қайтариб тўкдилар ва: “Уни Аллоҳ бошқа қавмларга етказади”, дедилар».

Бизга Абдурраҳмон ибн Ҳабиб Бақийядан, у Жарир ибн Усмон Ражийдан, у Солиҳ Ражийдан, у Зу Мижназ Тақий ибн Ухти Нажошийдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Билолга бундай деяётганларини эшитдим: “Эй Билол, таҳорат олишимга сув келтир”, дедилар. Кейин шундай таҳорат олдиларки, ҳатто бундан тупроқ лой бўлмади».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадиларки: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача (бўлган сув) билан ғусл қилар эдилар ва бир мудд билан таҳорат қилар эдилар».

Маълумот ўрнида: “Соъ” – 2,75 литр сув сиғадиган идиш. Бир муд сув эса 0,688 литр бўлади. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам камида 2,75 литр сув билан, кўпида 3,440 литр сув билан ғусл қилганлар ва 0,688 литр сув билан таҳорат қилганлар.

Манбалар асосида

Аслиддин РАҲМАТУЛЛОҲ
тайёрлади

1263 марта ўқилди

Мақолалар

Top