Ҳадиси шариф

Имом Бухорий

Имом Бухорийнинг исмлари, насаблари ва туғилишлари

 Имом Бухорийнинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба Жўъфий Бухорийдир.

 Имом Бухорийнинг оталари Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим тақводор уламолардан эди. Унинг ҳақида имом Бухорийнинг ўзлари “ат-Тарих ал-Кабир” китобида: “У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган эди”, деб ёзганлар.

 Имом Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада ҳижрий 194 йилнинг шаввол ойидан ўн уч кун қолганда, жума намозидан кейин Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.

 У киши кичиклик пайтларидаёқ отадан етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналарининг тарбиясида ўсдилар.

 Имом Бухорийнинг болалик йиллари

 Имом Бухорийнинг болалик йиллари умуман илм талабида ўтди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

 Хатиб ўз санади ила қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад  ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагиларни айтади: “Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга: “Ҳадис талаб қилишни бошлашинг қандай бўлган?” дедим. “Бошланғич мактаб таълимдалигимдаёқ ҳадис ёдлаш менга илҳом қилинган”, деди. “Ўшанда ёшинг нечада эди?” дедим. У шундай деди: “Ўн ёш ёки ундан озроқ. Ўн ёшдан ўтганимдан кейин мактабдан чиқиб, Дохилий ва бошқалардан дарс олдим. Дохилий бир куни одамларга дарс бера туриб, “Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, деди. Мен унга: “Эй Абу Фулон! Абу Зубайр Иброҳимдан қилмаган”, дедим. У мени жеркиб ташлади. Мен унга: “Агар ҳузурингда асл нусха бўлса, қара”, дедим. У ичкарига кириб қаради. Сўнгра қайтиб чиқиб, менга: “Ҳой бола! Қандай эди?!” деди. “Зубайр ибн Адий Иброҳимдан”, дедим. У мендан қаламни олиб, ёзганини тўғрилаб олди ва: “Рост айтасан!” деди. Бухорийдан баъзи асҳоблари: “Ўша Дохилийга эътироз билдирган пайтингда ёшинг нечада эди?” деб сўрашди.

 У: “Ўн бир ёшда эдим. Ўн олти ёшга етганимда Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларини ёд олдим ва уларнинг гапларини билдим. Кейин эса акам Аҳмад ва онам билан бирга Маккага бордим. Ҳаж қилиб бўлганимиздан кейин акам Аҳмад онамни олиб, ортга қайтди. Мен ҳадис ўрганиш учун қолдим”, деб айтди”.

 Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳаётлари давомида кўп маротаба ва том маънода сермаҳсул сафарларда бўлдилар. У киши замоналарида қарийб барча исломий мамалакатларга, баъзи бирларига эса бир неча маротабадан сафар қилдилар.

 “Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки марта зиёрат қилдим, деб ёзадилар имом Бухорий. Бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда (ҳозирги Саудия Арабистонида) яшадим, Куфа ва Бағдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслай олмайман”.

 Аллоҳ таоло имом Бухорийга ўткир заковат, кучли ҳофиза ва ҳар бир ишни пухта бажариш қобилиятини берган эди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у кишининг гўдаклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаган эди. Ўн бир ёшли бола бўлатуриб, устозлари Дохилийнинг хатосини тузатганлари ҳам бунга далил.

 

                                                     "Олтин силсила” китобидан.

 

29112 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Имом Абу Довуд Уйга кириш одоблари »
Top