muslim.uz
Рамазон кўнгилилларни илҳомлантирмоқда
Рамазон ойида Жиддадаги ёшлар кечки ибодат пайтида чорраҳаларда ва светофорларда ифтор тарқатишмоқда. Islam.ru хабарига кўра, минтақалардаги турли хайрия ташкилотларида ҳам ёшлар фаол иштирок этмоқда.
Шундай қилиб, Жидда марказидаги чорраҳалардан бирида ёш мусулмон Абдуллоҳ Ал-Шеҳрий ифтор учун ўтаётган йўловчиларга овқат тарқатмоқда.
Муҳаммад Ал-Мужайдрий исмли яна бир фаолнинг айтишича, кўнгиллилар мукофот кутмасдан ўз бурчини бажариши керак, деб ҳисоблайди. Ал- Мужайдрийнинг айтишича, у ва унинг ҳамкасблари кўнгиллилар фаолиятида қатнашадилар, чунки улар ўз мамлакатлари ва жамияти олдида масъулиятни ҳис қилишади ва бу унинг мўмин мусулмон сифатидаги вазифаси эканлигини тушунишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Миссионерлар иймон ўғрилари
Кейинги пайтларда фалон киши бошқа динга ўтибди, оиласи билан бирга ўтирмас экан, ҳарбий хизматдан бош тортибди, қон топширмас эмиш деган ҳар гаплар қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Бунинг сабаби бизнинг юртимизда ҳам миссионер деб аталмиш иймон ўғрилари пайдо бўлганидандир.
Мисссионерлик – бу бирон бир динга эътиқод қилувчи кишиларни бошқа бирдинга тарғиб қилишга айтилади.
Миссионерлик эса, бирор бир вазифани у вазифа-сиёсий ёки диний бўлсин, бажариш учун юборилган кишига нисбатаан айтиладиган атама. Улар аосан християн динига хос бўлиб, христианликнинг ҳам дунё бўйлаб кўпгина давлатларда ва христианликнинг ўзида ҳам қораланадиган ва таъқиқланган диний секталар ҳисобланади.
Миссионерлар катта давлатлар ва қайсидир компанияларнинг манфаатини кўзлаб, махсус тайёргарликдан ва ўқув курсларидан ўтказилган кишилардир.
Улар қайси мамлакатга юборилиш учун тайёрланаётган бўлса, шу мамлакат аҳолисининг дини, миллати, урф одатларини яхши ўрганиб чиқадилар. Керак бўлса вазиятга қараб аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига ўз таъсирини кўрсатиб, ўз сафларига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Бунга мисол қилиб юртимиздаги кар-соқовлар, ногиронлиги бор кишилар ва жисмоний ва моддий имконияти чекланган кишиларга моддий кўмак бериш баҳонасида уларнинг онгига кириб бориб, ўз динидан воз кечиб, улар чақираётган динга киришга тарғиб қилганликларини келтиришимиз мумкин.
Уларнинг асл мақсади динга киритиш эмас, балки мусулмонларни диндан чиқаришдир. Миссионерлик фаолияти билан шуғулланаётган кишилар умуман тарафдорларининг ахлоқини яхшилаш билан шуғулланмайдилар. Аксинча, улар хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Турли хил ўйинлар, «дискотекалар» ташкил қилишади, ресторанлар очиб, тунги кўнгилхушликлар уюштиришади.
Таассуфки, ҳозирги кунда диёримиздаги айрим ҳудудларда мусулмон фарзандларимизни бошқа динларга оғдириш, яъни миссионерлик ҳаракатлари учраб турибди. Соф ақида нима эканидан бехабар, хақ билан ноҳақликни англаб етмаган баъзи одамлар ўз динларидан кечиб кетишлари жуда ачинарлидир. Бу эса жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланмиш оилада ҳар хил низолар келиб чиқишига сабаб бўлмокда. Уларнинг ўз эътиқодларидан юз ўгиришларининг биринчи сабаби, ислом ақидасини яхши билмасликлари бўлса, иккинчиси миссионерлар томонидан турли хил кўринишдаги моддий рағбатлантиришлардир.
Сўзимизнинг интиҳосида шуни алоҳида таъкидлаймизки, юқорида айтганимиздек, миссионерларнинг «ғамхўрлиги»га алданиб, уларнинг тузоғига илинган кимсалар аслида исломий ҳаётдан анча йироқ, унинг ҳаётбахш таълимотидан бехабар кишилардир. Акс ҳолда, улар минг йиллар давомида ота-боболари асраб-авайлаб келган муқаддас динини арзимас нарсага, дунё матосига сотмаган, бундай нодонлик ва жаҳолатга йўл қўймаган бўлар эдилар.
Алишер навоий хазратлари айтадиларки:
Юртни обод этгучи доно бўлак нодаон бўлак
Ерни шудгор қилгучи деҳқон бўлак қобон бўлак.
Р.Эрназаров
Боғот тумани имом-хатиби
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот анжумани ўтказди
Бугун, 28 апрель куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг биринчи чоракда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури ижроси бўйича амалга оширган ишлари сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Марказ раҳбар ва ходимлари, ОАВ вакиллари қатнашди.
Анжуманда Марказ директори Шоазим Миноваров иштирокчиларга ўтган вақт ичида Марказ таркибида салоҳиятли таржимонлар тайёрлаш бўлими ташкил этилгани, Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон бўлими лойиҳаси ишлаб чиқилгани, “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” китоб-фотоальбомини тўрт тилда (ўзбек, рус, араб ва инглиз)ги нашрини тайёрлаш бўйича ижодий гуруҳ шакллантирилгани, матбуот анжуман, брифинг ва пресс-турлар уюштирилгани, 20 дан ортиқ тадбирлар, жумладан, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси майдонида илк бор “Китоб – камолот калити” илмий‐маърифий китоблар кўргазмаси ўтказилгани каби 2022 йил биринчи чорагида қилинган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида кенг маълумот берди.
Матбуот анжуманида журналистларнинг Марказ фаолиятига оид саволларига атрофлича жавоб берилди.
Маълумот учун, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 2017 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида ташкил этилган. 2021 йил 16 июлда Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш борасида қабул қилинган Президент қарори бўйича Марказ Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясини тарғиб қилувчи асосий ташкилот сифатида белгиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Динда саволим бор: Маййит ҳали мозорга етиб бормасидан Қуръон сураларидан ўқиб бағишлаш мумкинми?
— Жаноза ўқилгандан кейин ҳамма ҳам мозорга бормайди, ярми уйда қолади. Шунда уйда қолганлар маййит ҳали мозорга етиб бормасидан Фотиҳа сурасини, умуман Қуръон сураларидан ўқишлари мумкинми?
— Маййитнинг ҳақига дафндан кейин Қуръон тиловат қилиш афзалдир. Ҳанафий олимлари келтиришларича, “Фатавои ҳиндийя” китобида: “Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир”, – дейилган.
Имом Нававийнинг “Ал-Азкор” китобида келтирилади: “Маййитни дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича қабр бошида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг суҳбатларига машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари Қуръондан баъзи қисмлари ўқилади. Бордию Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, янада яхшироқ бўлади”, – дейишган.
Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов
Самарқандда “Рамазон” номли имтиёзли туристик пакет эълон қилинди.
Рамазон ҳайити муносабати билан Самарқанд вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси вилоят бўлими ташаббуси билан вилоятдаги туристик фирмалар томонидан 25 апрелдан 5 майгача “Рамазон” номли имтиёзли туристик пакет эълон қилинди, деб хабар бермоқда ЎзА.
– Асосий мақсад Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳларни Самарқандга кўпроқ жалб қилиш, уларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун кенг имконият яратишдан иборат, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари – туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Рустам Қобилов.
– Мазкур лойиҳа доирасида Самарқанддаги муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштирилади ва мажмуларга киришда 20 фоизгача имтиёз берилади. Рўза кунларида ифторлик тадбирлари уюштирилади. Меҳмонхоналар, транспорт воситалари ва овқатланиш шохобчаларида ҳам имтиёзлар мавжуд. Бундан ташқари, бир қатор маданий дастурлар, кўнгилочар тадбирлар, маърфий суҳбатлар ўтказилади. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар 1 май куни Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Фавворалар сайли”да ҳамда Рамазон ҳайити тадбирларида иштирок этишлари учун имконият яратилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати