Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот анжумани ўтказди

Бугун, 28 апрель куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг биринчи чоракда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури ижроси бўйича амалга оширган ишлари сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Марказ раҳбар ва ходимлари, ОАВ вакиллари қатнашди.

Анжуманда Марказ директори Шоазим Миноваров иштирокчиларга ўтган вақт ичида Марказ таркибида салоҳиятли таржимонлар тайёрлаш бўлими ташкил этилгани, Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон бўлими лойиҳаси ишлаб чиқилгани, “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” китоб-фотоальбомини тўрт тилда (ўзбек, рус, араб ва инглиз)ги нашрини тайёрлаш бўйича ижодий гуруҳ шакллантирилгани, матбуот анжуман, брифинг ва пресс-турлар уюштирилгани, 20 дан ортиқ тадбирлар, жумладан, Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуаси майдонида илк бор “Китоб – камолот калити” илмий‐маърифий китоблар кўргазмаси ўтказилгани каби 2022 йил биринчи чорагида қилинган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида кенг маълумот берди.

Матбуот анжуманида журналистларнинг Марказ фаолиятига оид саволларига атрофлича жавоб берилди.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 2017 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида ташкил этилган. 2021 йил 16 июлда Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш борасида қабул қилинган Президент қарори бўйича Марказ Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясини тарғиб қилувчи асосий ташкилот сифатида белгиланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1116 марта ўқилди

Янгиликлар

Top