“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан Тоҳир Воҳидов таржимаси
muslim.uz
«Оммавий маданият» кўланкаси ёхуд қизингиз шарм-ҳаёдан узоқлашса…
Ўғлингиз кўзингизга тик қараб, ўз билганидан қолмаса… Неварангиз Амир Темуру Жалолиддинлар жасоратига, Бухорий ва Мотуридийлар заковатига эмас, аллақандай жангари ковбойлар ҳаётига ҳавас қилса… Кўзини экрандан узмайдиган қизчангиз Эсмералда бўлиш орзусида ёнса… Аслида шу эмасми биз хавфсираётган хуружнинг ҳаётимизга кириб келаётгани, маънавиятимизга таҳдид солаётгани…
Улкан “Титаник” кемасининг Атлантика уммонига ғарқ бўлиши ўтган асрнинг энг даҳшатли фожиаси сифатида тарихга муҳрланган эди. Янги асрга келиб, Тинч уммони соҳилларидан ҳам худди шундай бир мунгли ингроқ эшитилмоқда. Бу ингроқ назаримизда, XX аср фожиасидан кўра даҳшатлироқ, кўламлироқдир.
У мисли довул сингари масофаларни писанд этмай кириб келяпти. Оҳанрабодек авлодларни ўз домига тортмоқда. Буюк маданиятларни, тамаддунларни эврилиш нуқтасига олиб чиқмоқда. Бу янги, шайтоний “демократия” ниқобидаги “оммавий маданият” кўланкасидир.
Ғарбдан келаётган бу “маданият” қартайиб қолган миллат оҳидан, авлодлар орасидаги ришталарнинг узилаётганидан, ўзлигидан мосуво бўлиб, ахлоқсизлик ботқоғига қоришиб бораётган жамият фиғонидан дарак бермоқда. Эгоцентризм ғояларини тарқатиш, ахлоқий бузуқликни, зўравонликни тарғиб этиш, бир жинслилар никоҳи, порногрофиянинг очиқ-ошкора намойиши каби иллатларга ружу қўйиш Ғарб мамлакатларида оила деган муқаддас қўрғонни вайрон этиб, қадрият ва анъаналар тизгинини буткул издан чиқармоқда. Бу жараён Оврупада танасидаги битмас ярага айланди. Гапнинг индаллосини айтганда, бир вақтлар ҳар нарсанинг чегараси борлигини билган жамият бугун соғлом муҳитнинг издан чиқишига сабаб бўлаётган омилларнинг ҳаддан зиёд кўплигидан карахт аҳволда.
Статистик маълумотларга кўра, Британияда болаларнинг 34 фоизи никоҳсиз туғилмоқда.
Бир аср муқаддам Абдурауф Фитрат “Оила” рисоласида бу хусусда тўхталиб, “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга душманлик қилган бўлади”, дея таъкидлагани бежиз эмас. Маълум бўлишича, АҚШда жиноятга қўл уриб, қамалганларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экан. Бу ҳолдан бугунги кунга келиб ўша ғарб дунёсининг ўзи ҳам ташвишга тушмоқда.
Бойлик, манфаат учун ҳар нарсадан кечганлар Ватан ва миллат олдида масъулиятни ҳис қилиш каби аслида муқаддас саналган туйғуларни сафсата деб билганлар, ниҳоят, энди бу тушунчаларнинг инсон боласи учун нақадар муҳим эканини англашяпти. Ишратпарастликни авж олдириш, феминистларча табиий никоҳни қулдорликка қиёслаш, меҳр-оқибат туйғуларидан кўра моддий манфаатни устун қўйиш тушунчалари ва бу тушунчаларни замон талаби деб ёйиш жамиятларни емирадиган маънавий инқирозга олиб келиши рўй-рост бўлиб қолди.
Бироқ, энг ачинарлиси, бу тарғибот “оммавий маданият” ниқоби остида бутун дунёга эътиқод сифатида тиқиштирилаётганидир. Бу ниқоб ўз ўрнида яккаҳокимлик, яъни гегемонлик қутқусидан қутула олмаган кучларга янада қўл келиб, ўз таъсир доираларини кенгайтирди. Ўзидек юришга, яшашга, ўйлашга, улар каби фикрлашга, фақатгина ўзларининг измида юришга чорламоқда. Ҳеч бир анъанани тан олмай, руҳий дунёга кириб келмоқда. Оддийгина айтганда, манқуртларни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Эътибор беринг, айримларимиз ота-онамизнинг гапига қулоқ солмаймиз. Эркинлик ҳар нарсани қилиш мумкин, дегани деб тушунамиз. Айрим оналар қизларини тўйларга, базмларга олиб бориб, умуман бегона, номаҳрам йигит билан валсга туширишни хоҳлаб қолади. Бойликни умр мазмуни деб тушунамиз.
Айнан мана шу жўн кўринган ҳодисалар “оммавий маданият”нинг турмушимизга қилаётган хуружидир. “Оммавий маданият” таҳдидидан холимиз дейиш анойилик бўлур эди. Негаки, биз ўртада масофалар тобора қисқариб бораётган, маданиятлар бир-бири билан муштараклашиб кетаётган дунёда яшамоқдамиз. Бу жараённинг бизга дахли йўқ, дейиш шамол тегирмонига қарши курашган Дон Кихотнинг аянчли қисматидек кулгили туюлиши аниқ. Чунки шамолни тўхтатиб бўлмайди, унга қарши ҳимояланиш мумкин, холос.
“Оммавий маданият”нинг турмушимизга таъсирини кўриш учун узоққа бориш шарт эмас. Ёнимизга, ўзимизга теранроқ назар солсак, кифоя. “Алпомиш”ни ўқиб савод чиқарган, пана-пастқамларда яшириниб, “Саботул ожизин”ни, Навоий асарларини, Имом Бухорий, Имом Термизий ҳадисларини, “Ўткан кунлар”ни мутолаа қилиб катта бўлган ота-боболаримиз ёшлигимизданоқ бизга “Уч оға-ини ботирлар” жасоратидан, “Тўғри ва эгри” қисматидан сабоқ беришар, қадим алёрлардан, маталлардан сўйлашарди.
Хўш, биз-чи? Ўғлимиз кимнинг қўшиғини эшитиб улғаймоқда. Экранда қўшиқ куйлаётган йигитнинг қилиқларига қаранг: у кимга тақлид қиляпти? “Оғзидан чиққан гапни қулоғи эшитмаётган”, бачканаликни самимий кулги деб ўйлайдиган, савиясизликни оммавийлаштираётган киноасарларга қаранг, ёнингизда “шортик” ва майкада юришни киборлик билиб, маҳалла гузарига чиқаётган “акахон”га разм солинг. Ёшгина келин-куёвнинг ота-она олдида қучоқлашиб турганига эътибор қилинг.
Ахир, қуюн каби остонамизга кириб келаётган бу унсурларга муносиб жавоб бериш учун маърифатпарвар бобомиз айтганидек: “Тарбия ё ҳаёт, ё мамот” йўли эканига амин бўлмоқ керак эмасми?
Тўғри, баъзан биз учун боламизнинг тунда санғиб юриши, қизимизнинг ярим яланғоч кийимда ёнимизда ўтириши, невараларимизнинг зўравонликни, жоҳилликни тарғиб қиладиган компьютердан кўз узолмаслигига кўникиб қолганимиз табиий ҳол бўлиб туюлиши мумкин. Лекин бундай “майда муаммо”лар бир кун келиб, катта ташвишларни, таҳдидларни келтириб чиқариши турган гап.
“Оммавий маданият”ни тиқиштираётганларни, ҳомийлик қилаётганларни кузатиш учун экрандаги бемаза кино ва мусиқаларни, газета дўконларининг ташқи суратларини безаб турган олди-қочди матбуотни кузатишнинг ўзи кифоя. Номақбул Ғарб ҳаётининг кўринишлари кино, мусиқа, мода, интернет орқали омма ҳаётига киришга уринмоқда.
Алҳамдулиллаҳ, биз оқни қорадан ажрата оладиган, маънавий жиҳатдан бой анъаналарга эга миллатмиз. Ўйлаймизки, ёш авлод “оммавий маданият” ниқобидаги бузғунчи мафкураларнинг мақсади нима эканини яхши тушунади.
Аслиддин СУЮНОВ, журналист
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан
Бир савол сўрасам: Эрим тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланади. Эримнинг топган пули ҳаром-ми?
— Хўжайиним дўконларга тамаки маҳсулотларини етказиб бериш билан шуғулланади. Сигарет ҳам ароқ каби ҳаром деб эшитганман. Хўжайинимга: “Бу ишни қилманг, ҳаром бўлиши мумкин”, десам у киши: “Бундай эмас, сигарет ҳаром эмаслиги ҳақида фатволар чиққан”, дейди. Оиламга ҳаром луқма келишидан, уни болаларимга едиришдан қўрқаман, шуни ўйлаб хавотирдаман. Мен шу вазиятда нима қилишим керак?
— Эрингиз нотўғри айтибди. Ароқнинг ҳаромлиги қадимдан Қуръон ва Суннатда собитдир. Тамакининг ҳаромлиги охирги пайтда уламоларнинг фатвоси орқали бўлган. Иккисининг орасидаги фарқ шунда. Шунингдек, инсоннинг танаси, ақли ва иш қобилиятига зарар қиладиган нарсалар ҳам ман қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг”, деб буюрган. Тамаки каби зарарли нарсалар шу тарафдан ҳам жоиз бўлмайди. Эрингиз бошқа иш топсин.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Лондонда мусулмонлар 35 мингта тушликларни тарқатишди
35 йиллик фаолиятини нишонлаётган британиялик етакчи Muslim Aid мусулмон хайрия мусулмон ташкилотининг маълум қилишича, Лондонда бу қиш муҳтожларга 35 000 та тушликлар тарқатади. Islamisemya.com маълумотларига кўра, шу ойнинг охирига қадар мусулмонлар Millwall Community Trust билан ҳамкорликда 15 тоннага яқин озиқ-овқатни етказиб беради.
"35 йил ичида ташкилот бутун дунё бўйлаб ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди, аммо биз бу йил Буюк Британияда пандемия туфайли одамлар дуч келган қийинчиликлардан хабардормиз ва биз заиф жамоаларни қўллаб-қувватлаш учун қаттиқ ҳаракат қилмоқдамиз", - деди компания бош директори Кашиф Шабир.
Унинг қайд этишича, ушбу ташаббус орқали мусулмонлар Буюк Британияда минглаб одамларга ёрдам бериши ва уларнинг дастурхонларида озиқ-овқат бўлиши ҳақида қайғуришлари мумкин бўлади. Шабир 1985 йилда ташкил этилган “Мусулмонларга ёрдам” дастури дастлаб Африкадаги гуманитар инқирозни бартараф этишга қаратилганини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Даврий нашрларимизда: Расулуллоҳга муҳаббат
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат, у зотни кўриш шавқи саҳобалар, тобеинлар, мужтаҳидлар, солиҳлар қалбларини тўлиқ эгаллаб олган эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни зулматдан нурга, жаҳолатдан маърифатга олиб чиққан ҳидоят пайғамбаридирлар.
Битиклардан қуйидагиларни ўқий бошладим:
Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу: “Мен учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан севимлироқ бирор киши йўқ”, деганлар.
Абда бинти Холид ибн Сафвон отаси ҳақида айтади: «Отам Холид ўрнига ётишдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, муҳожир ва ансорлардан иборат у зотнинг асҳобларига шавқини айтар, уларни номма-ном санаб: “Улар менинг ифтихорим. Уларга қалбим талпинар. Соғинч азоби қийнаяпти. Ё Раббим, тезроқ ҳузурингга чорла”, дер эди».
Буюк тобеин Зайд ибн Аслам айтади: “Умар розийаллоҳу анҳу кечаси одамларнинг аҳволларини кузатиб юрганларида, бир уйда ёниб турган чироққа кўзлари тушди. Қарасалар, бир кампир жун титиб: “Муҳаммадга яхши бандаларнинг саломи бўлсин. Поклар, яхшилар у зотга салавот айтадилар.
Сиз кечалари ибодат билан қоим бўлар, саҳарлари кўз ёш тўкар эдингиз.
Ё Аллоҳ, кошкийди мен билан Ҳабибим бир ҳовлига жамлансак!” деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни назарда тутар эди. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу йиғлай бошлади...
...Шу жойга етганда ўқишни тўхтатдим. Очиғи, ўқиёлмадим. Ўзимнинг кимлигимни чуқурроқ англаб етиш учун хаёлга толдим...
Наҳотки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат қўйганларнинг мингдан бир муҳаббати менда бўлмаса.
Наҳотки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу даражада узоқлашиб кетдим. Наҳотки, қалбим муҳрланган бўлса...
Наҳотки, у зотдан энг узоқ, у зотга муҳаббатсиз уммат бўлсам. Охиратда у зотга умматлик даъвосини қилиш учун менда нима бор?..
Наҳотки...
Бундай саволлар кўпайгани сари ўзимдан, эзгу ишларим камлигидан уялиб кетяпман...
Ё Аллоҳ, Ё Карим, Ўзинг паноҳингда асра! Ҳиммат ато эт...
Миршавкат ТЎЙЧИЕВ,
Паркент тумани
“Беш капа” жоме масжиди
имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 9-сонидан олинди
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” (еттинчи қисм)
Ҳадис: “Динда чуқур кетганлар ҳалок бўлди!” (еттинчи қисм)
Иккинчи: ғулувга кетиш ва мафкуравий худбинлик
Ибни Ҳишомнинг “Сийратун набавийя” китобида келтирилади: “Амр ибни Ос розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Қурайшийлардан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга энг кўп етган нарса уларнинг адовати бўларди. Бир куни уларнинг катталари Ҳажарул асвад олдида тўпланиб ўтирганида мен ҳам шу ерда эдим. Улар шу тобда Расулуллоҳни эслаб қолдилар ва: “Биз бирор одамнинг ишига Муҳаммадга сабр қилганчалик сабр қилмаганмиз. Ахир у бизни ақлсиз деса, аждодларимизни адашган деса, динимизни айблаб, илоҳларимизни ҳақорат қилса, жамоатимизни бўлиб ташласа?! Ҳа, биз етарлича сабр қилдик” деган гапларни сўзлар эдилар. Шу пайтда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам келиб қолдилар. У зот рукни ямонийни истилом қилдилар, кейин Байтуллоҳни тавоф қила бошладилар. Ҳар гал уларнинг олдидан ўтганларида улар ўзаро кўз қарашлар билан нималардир имо қилар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам буни сезиб турганларини юзларидан билиб турар эдим. Расулуллоҳ иккинчи бор айландилар. Қурайшийлар яна ишора қилди. Учинчи бор айландилар. Қурайшийлар яна шу ишни такрорлашди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни олдида тўхтаб: “Эй Қурайш раислари, эшитмадиларингми, нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, мен сизларни сўйиш учун келганман”, дедилар.”
Биз жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати санияларидан яхши биламизки, у зот Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшаган пайтларда ҳам ҳатто бошқа бирор ғазотларда ҳам асло бу каби ишларни қилмаганлар. Ҳеч кимни Исломга киришга мажбур ҳам қилмаганлар.
Энди Расулуллоҳнинг: “Мен сизларни суйиш учун келганман” деган сўзларини ёлғон дейиш ҳам жоиз эмас. Аллоҳ асрасин, у зоти шариф ҳақларида ундай фикрлашнинг ўзи гумроҳлик ва Қуръони каримга хилофдир.
Бундан бизга маълум бўладики, у ерда Расулуллоҳ қурайшийларга бугунги экстремистлар қўллаётган ҳақиқий сўйиш ва хунрезликлар билан таҳдид қилмаган эдилар. Балки бу хитоблари Каъбани тавоф қилаётган пайтларида сурбетларча халақит қилаётган калондимоғ қабила раисларига муносиб ҳикматли жавоблари ва сиёсатлари эди. Чунки Расулуллоҳ нафақат ўша пайтда, балки Ислом қувват олиб, мусулмонларни адади кўпайиб, ҳатто бутун Арабистон ҳудуди мусулмонлар қўлига ўтган пайтларда ҳам асло бу каби ишларга қўл урмаган эдилар.
Бугун турли экстремистик гуруҳлар амалга ошираётган ишларини кўриб уларни китоб ва суннати мутаҳҳарадан қанчалар хабарсиз, жоҳил эканига амин бўласиз. Наҳотки улар ҳақиқий даъват бошқалар билан ўзаро маданий алоқалар ўрнатиш, ҳамжиҳат яшаш, Ислом даъватини фақат мумкин бўлган услубий ёндашувлар орқали етказиш эканлигини тушунмайдилар?! Ахир динимиз бизга бошқаларни мол-мулки ва иззат-нафсига тажовуздан тийилишни ўргатмайдими?
Юқорида айтиб ўтилган фикрларни келтиришимизни асосий сабаби, турли экстремистик тўдалар томонидан мусулмон бўлмаганларнинг қонини ҳалол деб эътиқод қилинишидир. Бу эса ғулувга кетиш ва фикрий тажовузкорлик ҳисобланади. Бу ҳолат жамиятга юзланаётган энг хатарли омиллардан бири. Ғулув ва мутаассиблик жамият аъзолари учун зарур бўлган мўътадилликнинг аксидир. Ҳолбуки, мўътадиллик Ислом умматининг асосий хусусиятлардан бири ҳисобланади.
Мўътадиллик ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Шунингдек биз сизларни ўрта уммат қилдик”. (Бақара, 134).
Васатия, яъни мўътадиллик сифати тўлиқ яхшилик сифати бўлиб, қиёматгача ислом умматининг ўзига хос хусусияти бўлиб қолажак.
Аммо бугунги экстремистик жамоалар ҳам ўз иддаоларига китоб ва суннатдан далиллар келтиради. Жумладан:
“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга, Аллоҳ ва унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйинсунган ҳолларида ўз қўллари билан “жизя” бермагунча, жанг қилинг” (Тавба, 29).
Уларнинг фикрича ушбу ояти карима кофирларни оммавий қирғин қилишга ундайди. Улар бу каби ояти карималар айнан Расулуллоҳ кофирлар билан уруш ҳолатида турганларида ва жанг майдонидаги шароитда нозил бўлганини эътиборга олмайдилар. Шунингдек, бундай мутассиб жамоалар ақлий ва фикрий далил ҳужжатларни ҳам қабул қилмайдилар. Агар улар масалага соғлом фикр билан ёндашсалар эди Аллоҳ таолонинг:
“Роббингни йўлига ҳикмат ва чиройли мавъиза билан даъват этгин. Улар билан энг гўзал услубда баҳс юритгин”, (Наҳл, 125) деган ҳукмига ёки:
“Динда мажбурлаш йўқ. Дарҳақиқат тўғри йўл нотўғри йўлдан ажради” (Бақара, 256) каби оятларини бузиб талқин қилмас эди. Улар бу каби ояти карима ва ҳадиси шарифларни муфассир уламолар ва муҳаддислар услуби билан ўрганганларида эди ақлини банд қилган бугунги зулматлардан халос бўлар ҳамда ғайридинларни ўлдиришдек манфур ишга қўл урмас эдилар.
Улар бу жоҳилликлари билан яна Расулуллоҳни “Башорат беринглар, нафратлантирманглар” деган тавсияларини ҳам бузмоқдалар.
Сийратни қараб чиқсак, Расулуллоҳнинг бирор киши билан хусуматлашиб юрганларини тополмаймиз. Бу сўзимизга қарзини талаб қилиб келган яҳудий қиссаси ёрқин мисол бўлади. У одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб шундай қўполлик қилдики, ҳатто Умар розияллоҳу анҳу унинг бўйнига қилич тортиб юборай дедилар. Шунда Расулуллоҳ: “Эй Умар, биз сени бошқача йўл тутишингни истар эдик. Сен менга қарзимни чиройли ўташимни, уни эса чиройли муомалада бўлишини тайинла. Эй Умар, у билан бориб унинг қарзини қайтаргин. Кейин унга таҳдид қилганинг учун устига 20 соъ қўшиб бер”, дедилар.
Агар биз Расулуллоҳни суннатларига, саҳобаи киромларни йўлларига тобе бўлсак, уларнинг барчасида бағрикенглик ва мўътадилликка чақириқ, ғулув ва тажовуздан йироқ бўлишни учратамиз.
Бундан ташқари пурмаъно ояти карималар мазмун-моҳиятини тушуниб етишдаги мутаассиблик, Исломнинг ғайридинлар билан ўзаро гўзал алоқалар ўрнатишга қаратилган таълимотларига эътибор бермаслик, динимизнинг бир қанча кўрсатмаларига нисбатан эътиборсизлик ва енгилтаклик ҳисобланади.
Улар ҳар томонлама чегарадан чиқиб кетдилар.
Расулуллоҳ бир сўзларида “динда чуқур кетганлар ҳалок бўлди”, деган эдилар.
Имом Нававий ушбу ҳадиси шарифни изоҳлаб, динда чуқур кетиш – сўзда ва амалда ҳаддидан ошмоқ, чегарадан чиқиб кетиш, деб изоҳлайдилар.