muslim.uz
Грознийдаги" Қуръон музейи " ноёб буюмни совға сифатида қабул қилиб олади
Грознийда қурилиши аввал Чеченистон ҳукумати томонидан эълон қилинган" Қуръон музейи " мусулмонларнинг энг қадимги қўлёзма Муқаддас китоби бўлган Усмон Қуръонининг факсимил нусхасини олади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг куёвлари халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) буйруғи билан милодий 651 йилда (ҳижратнинг 24-йили) ноёб Куфий Қуръони Карим кийик терисига бир неча нусхада ёзилди. Дунёда фақат 6 нусхалари мавжуд.
- Совғалар- менинг бизнесим, лекин Қуръонни сотиш одобсизлик бўларди, - деди совғани музейга топшириш ташаббускори, қўлёзманинг эгаси Семен Флери.
Аввалроқ "Ислом-Today" портали Чеченистон пойтахтида жангарилар қўлида ҳалок бўлган Магомед Джабраилов номи билан аталадиган Грознийда "Қуръон музейи" қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
70 мингта фаришта сизни дуо қилишади
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тонг отганда уч марта “Аъуузу биллаҳис самийъил аълийм минаш шайтонир рожийм” деса, сўнгра Ҳашр сурасининг охирги уч оятини ўқиса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилади. Фаришталар унинг ҳаққига кечгача салавот айтадилар. Агар у ўша куни вафот этса, шаҳид (мақомида) кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
“У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) яширин ва ошкора нарсаларни билувчидир. У Меҳрибон ва Раҳмлидир.
У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчи, Кузатиб турувчи, Қудрат соҳиби, Бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ (мушриклар) келтираётган ширкдан покдир.
У – Яратувчи, (йўқдан) Бор қилувчи, (барча нарсага) Сурат (ва шакл) берувчи Аллоҳдир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 22-24 – оятлар).
Даврон НУРМУҲАММАД
Олматада Ўзбекистонда зиёрат туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Куни кеча мамлакатимизнинг Олматадаги Бош консуллигида Қозоғистоннинг етакчи сайёҳлик компаниялари ва ташкилотлари вакиллари иштирокида «Ўзбекистонда зиёрат туризм» мавзусида тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тақдимотда «Akbar Travel Asia» (Хоразм вилояти) бош директори Ислом Ибрагимов ўз компанияси фаолияти ҳақида маълумот тақдим этди. Шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги дунёга машҳур Ислом оламининг қадимий ёдгорликлари ва зиёратгоҳларига ташриф буюриш учун зиёрат туризмини ташкил қилиш бўйича Ўзбекистонда кўрилган чора-тадбирлар хусусида батафсил ахборот берди.
Коронавирус пандемияси шароитида туризм соҳасини ривожлантириш, хусусан, санитария-эпидемиология хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиш, шунингдек, хорий сайёҳлар Ўзбекистонда Covid-19 юқтирган тақдирда уларга товон пули тўлашга тартиби тушунтирилди. Туристик объектларни стандартларга жавоб берадиган сертификатлаш тизимини жорий этилаётгани таъкидланди.
Тур компаниялари раҳбарларига Қозоғистон фуқароларини, жумладан жамоатчилик, ишбилармон доиралар, дин вакиллари ва бошқаларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистонга зиёрат турларини ташкил этишда фаол иштирок этиш таклифи билдирилди.
Учрашув иштирокчилари ўз чиқишларида коронавирус пандемиясига қарамай, қозоғистонликларнинг Ўзбекистон зиёрат туризмига бўлган катта қизиқишини қайд этдилар. Шунингдек, нархларнинг қимматлиги, Олмаота-Тошкент-Олмаота йўналишида авиачипталарни бронь қилиш билан боғлиқ муаммолар ҳам таъкидланди.
Шу муносабат билан коронавирус пандемияси даврида ҳукуматлараро даражада икки мамлакат туроператорлари ўртасида келишув асосида автобусларда Ўзбекистонга саёҳатлар ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Унга кўра, қуруқлик чегараси бўйлаб ўзбек туроператорларидан сайёҳлик йўлламанларини сотиб олган туристик гуруҳлар учун «яшил» йўлак яратиш, давлат чегарасини кесиб ўтиш учун фуқаронинг мақомини тасдиқловчи «турист ваучер» тушунчасини жорий этиш каби таклифлари билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Блефаропластика: Кўз тагидаги "доира"ларни йўқотишнинг шаръий ҳукми
Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли устоз, сўнгги йилларда тиббиёт ривожланиши наижасида "блефаропластика" деб аталадиган жарроҳлик амалиёти кенг қўлланилмоқда. Ушбу турдаги жаррроҳлик амалиёти бўйича динимиз кўрсатмаси қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу. Ислом дини шифо берувчи ёлғиз Аллоҳ таоло эканлигини унутмаган ҳолда беморларга етган касалликлардан даволанишга рухсат беради. Шунингдек, инсонга бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқарувчи ҳолатларга сабаб бўлувчи, айниқса, инсоннинг энг муҳим аъзоларидан бўлган кўзнинг очилиши қийинлашаётганлиги сабабли амалга ошириладиган тепа қовоқ пластикаси муолажаси (блефаропластика) динимизда рухсат этилган жарроҳлик амалиёти турларидан ҳисобланади.
Ислом инсонни ўз жонини қийнамасликка буюради. Зеро, ундаги ҳар бир аъзо Аллоҳ томонидан берилган омонатдир.
Бу турдаги касалликлар инсон ҳаёти давомида орттирилган бўлиб, бундай нуқсонларни кетказиш ва даволаш Аллоҳ берган хилқатни ўзартиришга кирмайди. Балки бу бугунги кунда тиббиёт соҳасида эришган ютуқлар туфайли пайдо бўлди. Бинобарин, жарроҳлик амалиёти қилиниб тери ичидаги ёғ қатламини (грыжани) олиб ташлаб, ортиқча терини кесиб ташлаш аъзоларнинг асл ҳолига келтиришдан иборат амалиёт бўлиб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига мувофиқ келади:
﴿لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ﴾
“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тин сураси, 4-оят).
Бундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Арфажа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг урушда бурни кесилиб кетганида кумушдан, кумуш мос келмагач тилладан бурун қилиб олишга рухсат берганлар (Имом Термизий ривоят).
Ушбу далил ва мисолларнинг барчасини ҳисобга олиб, пайдо бўлган шишларни камайтириш ёки тўлиқ бартараф қилиш ва кўзни яхши очилиши мақсадида қилинган амалиёт шаръан жоиз бўлади. Айни вақтда мазкур амалиётни безарар қовоқларни кичрайтириш, яъни ташқи кўринишни ўзгартириш учун қилинса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига биноан ҳаром қилинган амалиётлар сирасига кириб қолади:
﴿وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا﴾
"(Шайтон айтди:) “Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 119-оят). Валлоҳу аълам.
Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими мудири ўринбосари
Мусобақада ҳафта ғолиблари аниқланди
Олдин хабар берганимиздек, АzonTV илмий-маърифий онлайн телеканалида юртимизнинг моҳир қориларидан бири, марҳум устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган Қуръон мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Айни пайтда “Қуръони Карим мусобақаси 1442” танловининг ҳифз ва тиловот йўналиши бўйича қориларнинг беллашуви жуда қизғин кечмоқда. Жумладан, ҳифз йўналишидаги қориларнинг Қуръони каримни мукаммал ёд олгани, тиловат йўналишидагиларнинг маҳорати баҳсларнинг янада қизғин ва ҳаяжонга бой бўлишини таъминламоқда.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил” (Муззаммил сураси 4-оят). Шарҳ: Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.
Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар.
Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.
Қуръон мусобақасини қуйидаги манзилларда томоша қилишингиз мумкин:
youtube
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати