muslim.uz
Фариза Шом: Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий малайзияликлар орасида кенг танилган ва чуқур эъзозланади
Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шом мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига ўз табрикларини йўллади, хабар бермоқда «Дунё» АА.
"Ҳар қандай давлат ҳаётида Конституция давлат ва жамиятнинг асосий ҳуқуқий регулятори сифатида олдиндан белгиловчи роль ўйнайди, - дейди у. - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам демократия, ижтимоий адолат ва инсонпарварлик тамойилларини таъминлашга асос бўлмоқда.
Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фан, маданият, санъат, адабиёт ва спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Бугунги Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод этган Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Али Ибн Сино, ал-Хоразмий, ал-Беруний ва бошқалар каби буюк олим ва илоҳиётчилар замонавий илм-фан ва инсоният цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшганини ҳам биламиз. Улар малайзияликлар орасида кенг танилган ва чуқур эҳтиром этилади.
Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу ислоҳотлар орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мумкин, деган фикрига қўшилмасдан иложим йўқ".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Озодлик – энг тотли неъмат
Эркин ва озод яшаш шукуҳини бу неъматдан маҳрум бўлганлар кўпроқ ҳис қила олади.
Инсоннинг озодликдан маҳрум этилиши билан ҳаёти тубдан ўзгариб кетиши сир эмас. Панжара ортида, тўрт девор ичида, энг ёмони, яқинлари дийдоридан маҳрум кишининг қандай руҳий азоб чекишини тасаввур қилишнинг ўзи қийин.
Айнан шундай вазиятга тушганлар яқинлари бағрига бир йил, бир ой, ҳатто бир кун бўлса-да эртароқ қайтишининг ўзи катта бахт.
Мамлакатимизда байрамлар муносабати билан эълон қилинаётган афв акти кўплаб кишиларга ана шундай туйғуни тақдим этмоқда.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан эълон қилинган фармон байрам арафасида юзлаб кишиларга озодлик неъматини туҳфа қилди. Бу ҳужжат, ўз навбатида, юзлаб хонадонда умид чироқларини ёқди.
Албатта, жазони ўтаётган шахслар қилмишларига яраша жазо олган. Бироқ, инсон зоти борки, хатодан ҳоли эмас. Муҳими, хатодан хулоса чиқариш, қилмишдан пушаймон бўлиш, эгри йўлни тарк этиб, тўғри яшашга аҳд қилишдир.
Фармонга мувофиқ афв этилган 104 нафар шахс ҳам қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтганлардир.
Афв этилганларнинг 13 нафарини чет эл фуқаролари, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 1 нафарини аёл ҳамда 21 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этди.
Афв этилганлар орасида ангренлик Сардор Жўраев ҳам бор. Унинг айтишича, Ангрендаги конлардан бирида меҳнат қилаётганида жамоасидагилар билан бирга олтин конидаги тақиқланган ҳудудга киришган. Шунинг учун у 2 йилдан ортиқроқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.
- Озод этилишимга ҳали тўрт ой бор эди, - дейди Сардор. - 80 га кирган онам, оилам, айниқса уч фарзандим йўлимга интизор эди. Муддатидан олдин афв этилганимдан жуда мамнунман. Мана шундай имкниятлар борлигидан, берилганидан миннатдорман. Имкон қадар тезроқ ишга тушиш, иложи бўлса эски ишимга тикланиш умидидаман. Ахир хатоимдан тўғри хулоса чиқардим, энди фақат ҳалол меҳнат қилмоқчиман. Президентимиз кечириб турганида, кон бошлиқлари ҳам мени кечирса керак.
Наманганлик Муҳиддин Хуррамовнинг беш йилга озодликдан маҳрум этилгани оиласини қийин аҳолга туширган. Тўрт фарзанд ота қамалгач боқувчисиз қолишди. Бунинг устига яшаш хонадони кредитга олинган эди...
- Акам фермер эди. Менга қизимнинг операциясига катта пул керак бўлиб қолди, - деб хотирлайди Муҳиддин. – Шунга фермерлик қилаётган еримиздан бир қисмини сотмоқчи бўлдим. Аммо пул олаётганимда мени ушлашди. Шу тариқа беш йилга озодликдан маҳрум этилдим. Тўғри, катта хато қилганман. Аммо кейин бундан пушаймон бўлиб, хатоимдан хулоса чиқардим. Ҳали жазо муддатимнинг ярмини ҳам ўтамаган бўлсам ҳам Президентимизга аҳволимни тушунтириб, афв этишларини сўраб ёзган мурожаатим қаноатлантирилди. Буни эшитган пайтим қувончимнинг чеки бўлмади. Бунга энди ҳалол меҳнат қилиб жавоб қайтармоқчиман.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, айни пайтда фармон тўлиқ ижро этилган. Жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган, фармон билан афв этилган шахсларнинг барчаси озодликка чиқарилган. Уларнинг барчаси ўз уйларига етиб борган.
Норгул Абдураимова, ЎзА
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат анбиёнинг фазилатлариға ва ҳазрати Муҳаммаднинг афзаллиғиға алайҳимуссалом (Йигирма иккинчи мавзу)
ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...
* * *
Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари
* * *
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ
* * *
ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ
* * *
НАЗМ
Анбиё – Тенгри танлағонлардур,
Барча эл – тан, бу хайл – жонлардур.
Бордурур борча элга фазллари,
Хоҳ бўлсин фаришта, хоҳ парий.
Борчанинг афзали Муҳаммаддур,
Борчанинг акмали Муҳаммаддур.
Борчанинг фазлини йиғиштурсанг,
Бир кишида борин сиғиштурсанг,
Фазли Аҳмадча бўлмағай ул ҳам,
Бўлғай Аҳмад фазилатидин кам.
Ҳар набийнингки ҳужжати бордур,
Бир бўлак хайлу уммати бордур.
Лек, билким, Муҳаммади Арабий
Бордурур коффаи улусқа набий.
Жумлаи анбиёға ул хотим,
Борча маҳкуму улдурур ҳоким.
Хатм ўлубдур анга пайғамбарлиқ,
Келмас эмди кишига бу ёрлиқ.
Осмондин Масиҳ чун келгай,
Шаръи – шаръи Муҳаммадий бўлғай.
Даъват эткай улусни бу динға,
Саъй қилғай бори бу ойинға.
Шаръича шаръ бўлмағай тансух,
Қилди, ҳар шаръники бор, мансух.
НАСРИЙ БАЁН
Пайғамбарлар алайҳимус-саломнинг фазилатлари ва ҳазрати Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) афзалликлари ҳақида
Пайғамбарлар Аллоҳ таъоло танлаган зотлардир, барча халқ тан бўлса, бу жамоа жонлардир. Хоҳ фаришталар, хоҳ жинлар (хоҳ инсонлар) халқи бўлсин, у пайғамбарларнинг барча халқдан афзалликлари – устунликлари бор.
Барчасининг афзали ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар, барчасининг акмали – энг мукаммали ҳам ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.
Барчаларининг фазилатини йиғиштириб, бир инсонда жамласанг, бу ҳам ҳазрати Аҳмад (яъни, ҳазрати Муҳаммад) алайҳиссаломнинг фазилатича бўла олмайди, барча-барчасининг фазилати ҳазрати Аҳмад алайҳиссаломнинг фазилатларидан кам бўлади.
ИЗОҲ: Қуръони каримдан (оят маъноси): “Биз ушбу (номи ўтган) пайғамбарларнинг баъзиларини (Ўзимиз ато этган хислатлар билан) баъзиларидан устун қилдик” (Бақара сураси, 253-оят).
Яна: Исро сураси, 55-оятида ҳам шу маъно бор.
Ҳар бир пайғамбарнинг ҳужжати (Аллоҳ юборган китоби ёки саҳифаси, ёхуд мўъжизаси) бор бўлиб, ҳаммаларининг бир бўлак жамоаси – бир қавмдан уммати бор, яъни ҳар бирлари маълум бир қавмга пайғамбар қилиб юборилганлар.
Лекин билгинки, арабий (зотлари араб бўлмиш) ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом бутун халққа, яъни бутун инсониятга (ва жин қавмига) пайғамбар қилиб юборилгандирлар.
Ул зот барча пайғамбарларнинг тугалловчиси – сўнггисидирлар, барчалари ҳукмга тобедир, у киши ҳокимдирлар.
Пайғамбарлик у зот билан тугаган – охирига етгандир, энди бирор кишига бу ёрлиқ – бу фармон, бу мақом, бу вазифа, бу шараф берилмайди.
Ҳазрати Ийсо Масиҳ алайҳиссалом осмондан тушганларида, у зотнинг (тутган ва ҳукм юритадиган) шариъати ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариъатлари бўлади. У зот бутун халқни – инсониятни шу динга (ислом динига) чақирадилар ва шу диннинг қонун-қоидаси билан саъйу ҳаракат қиладилар.
(Чунки) ул зотнинг шариъатларига тенг келадиган тансух – ажойиб, нодир, камёб шариъат бўлмайди, қанча шариъат бор бўлса, бу шариъат барчасини мансух қилди – бекор қилиб, ҳукмини тўхтатди. (Ислом шариати эса то Қиёмат кунигача давом этади.)
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Ўзбек астроном олими, самарқандлик Бобомурод Аҳмедов Ислом дунёси фанлар академияси аъзоси бўлди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти лаборатория мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор, Бутунжаҳон фанлар академиясининг академиги Бобомурод Аҳмедов Ислом дунёси фанлар академияси (Islamic World Academy of Sciences, IAS)нинг аъзоси этиб сайланди.
2020 йилнинг 1 декабрь куни Иорданиянинг Уммон шаҳрида Ислом дунёси фанлар академияси Бош ассамблеясининг 22-ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янги аъзолар, шу қаторда ўзбекистонлик олим Бобомурод Аҳмедов ҳам сайланди.
Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Қарнаб қишлоғида туғилган Б.Аҳмедов бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти назарий астрофизика лабораторияси мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда. У асосан умумий нисбийлик назарияси, гравитация назарияси, релятивистик астрофизика ва компакт гравитацион объектлар физикаси соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боради. У майдон назарияси, гравитацион ўзаро таъсир назарияси, релятивистик ва ядро астрофизикаси соҳасидаги илмий-тадқиқотлар ва педагогик тажрибага эга. У шу соҳаларда 200 дан ортиқ илмий нашрларнинг муаллифи ҳамда xалқаро Scopus ва Google маълумотлар базасида Xirsh индекси мос ҳолда 27 ва 32 га тенг бўлган мамлакатда илмий ишларига энг кўп ҳавола қилинган муаллифлардан биридир.
“Йил олими – 2018” танлови ғолиби бўлган Бобомурод Аҳмедов бугунги кунда Деҳли марказий университетининг фаxрий профессори, Xалқаро назарий физика маркази (Италия)нинг релятивистик астрофизика ва гравитация фан йўналишлари аъзоси ва минтақавий координатори, Ҳиндистондаги Астрономия ва Астрофизика университетлараро маркази ва Тата фундаментал тадқиқотлар институти аъзоси. Шу билан бирга CNR, DAAD, TWAS, ICTP, Volkswagen, Erasmus+, KFUPM, PIFI, NATO каби халқаро грантлар раҳбари, "Arabian Journal of Mathematics" илмий журнали муҳаррири, “Ўзбекистон физикаси” журнали бош муҳарриридир.
Б.Аҳмедов Ўзбекистонда релятивистик астрофизика бўйича янги илмий мактаб яратган. У юртимизда ва xорижий илмий масканларда фан докторлари ва фан номзодлари илмий даражаларига эга xалқаро миқёсда тан олинган ва истеъдодли ёш олимларнинг улкан жамоасини тарбиялаган.
Ислом дунёси фанлар академияси (ИАС) Иорданиянинг Уммон шаҳрида жойлашган. Академия 1986 йилда Ислом мамлакатларининг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун фан ва теxнологияларни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган. ИАС академияси, шунингдек, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИХТ) Илмий-теxникавий ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси ҳисобланади. Унинг аъзоси бўлиш ҳар бир олимнинг дунё ҳамжамияти томонидан тан олинишини англатади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА.