muslim.uz
Бир савол сўрасам: Қандай амалларга жаннат башорати берилган?
— Бу дунёда баъзи қилган амалларимиз учун жаннат хушхабари берилар экан. Бу қайси амаллар? Далил бўлувчи ҳадисларни айтсангиз?
— Аслида жаннат хушхабари берилган амаллар кўп. Сизга улардан айримларини мисол тариқасида тақдим этамиз.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким икки салқин(даги намозни – бомдод ва аср)ни ўқиса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рад қилганлардан ташқари умматимнинг барчаси жаннатга киради”, деганларида, улар: “Ё Аллоҳнинг Расули, рад қиладиганлар ким ўзи?” дейишди. Шунда у зот: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, батаҳқиқ у рад қилибди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимда ким мусулмонлар орасидаги етимни ўз таоми ва ичимлигига (яъни ўз қарамоғига) олса, мабодо кечирилмайдиган гуноҳ (яъни ширк) қилмас экан, Аллоҳ уни жаннатга, албатта, киритади", дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бир банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: “Бандамнинг фарзанди руҳини олдиларингми?” дейди. “Ҳа”, деб жавоб беришади улар. “Қалбининг мевасини қабз қилдиларингми?” дейди. Сўнг “Ҳа”, деб жавоб беришади яна. “Бандам нима деди?” деб сўрайди Аллоҳ таоло. Фаришталар: “Сенга ҳамд ва истиржоъ (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) айтди”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни ҳамд уйи, деб атанглар”, дейди ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон банда ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракат ихтиёрий намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Олий маъҳадда “Қорилар мусобақаси-2020” кўрик-танлови бўлиб ўтди
Аллоҳ таоло каломи шарифида марҳамат қилиб айтганидек:
وَفِي ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَافِسُونَ
“…Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!”[1].
Ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَن عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:خَيْرُ كُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَوَعَلَّمَهُ. رَوَاهُ أًحْمَد وَأَصْحَابُ الْكُتُبِ السِّتَّةِ
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Набий соллоллоҳу алайҳи ва салла дедилар: «Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатганингиздир». Имом Аҳмад ва олти тўплам эгалари ривоят қилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 5 январь куни халқ депутатлар вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади…”[2], деб таъкидлаган.
Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтимизда ҳам ҳар йили “Қорилар мусобақаси”ни ўтказиш анъанага айланган. Жорий 2020 йил 10 декабр куни институт талабалари ўртасида Таҳфизул Қуръон кафедраси ташаббуси билан Қуръони каримнинг “ҳифз” (яъни, Қуръонни тўлиқ ёд олганлар) ҳамда “тиловат” (яъни, Қуръонни тўғри, гўзал ва равон ўқувчилар) йўналишларида “Қорилар мусобақаси” ўтказилди.
Мусобақани қуйидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди: ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири: Жаҳонгир қори Нематов, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчилари: Аҳмадхон қори Рашидов, Исломхон қори Убайдуллаев, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Зафар қори Маҳмудов. Котиб ва ҳисобчи: Элёр қори Аҳматқулов.
Мусобақа якунига кўра қуйидаги талабалар ғолиб деб топилдилар:
“Ҳифз” йўналишидаги ғолиблар:
“Тиловат” йўналишидаги ғолиблар:
Иккинчи ўрин: Кўпайсинов Жасур қори (3 курс);
Мусобақа сўнгида ғолиблар дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир охирида юртимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлигини сўраб дуойи хайр қилинди.
Жаҳонгир Убайдуллоҳ,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон”
кафедраси ўқитувчиси
Туркияда Мотуридий симпозиумини Ўзбекистонда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
Туркияда Имом Мотуридийнинг маънавий мероси муҳокамасига бағишланган тадбир ушбу соҳадаги таниқли турк олимлари ва экспертлари иштирокида онлайн форматда ўтказилди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.
Расмий статистикага кўра, пандемияга қарамай, йилнинг дастлабки ўн ойида мамлакатимизга Туркиядан қарийб 17 минг сайёҳ ташриф буюрган. Ўзбекистонда эпидемиологик вазият яхшилангани боис бу ижобий тенденция бардавом давом этмоқда ва ўсиб бормоқда. Йил охиригача Туркиядан жами сайёҳлар сони 20 минг кишидан ошиши кутилмоқда.
Хусусан, туркиялик зиёратчиларнинг қизиқиши ортиб бораётганига, хусусан Ўзбекистоннинг Анқара ва Истанбулдаги дипломатик миссиялари томонидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Мотуридий ва бошқалар каби Шарқнинг буюк мутафаккирлари ва Ислом оламининг машҳур уламоларининг тарихий-маданий меросига бағишланган онлайн тадбирларнинг мунтазам тарзда ўтказилаётгани далолат беради.
Шундай қилиб, тадбирда Мотурудий меросига бағишланган илмий форумнинг навбатдаги йиғилиши, унинг Ватанида – Ўзбекистонда ташкил этилиши муҳокама қилинди.
Имом Мотурудийнинг маънавий мероси ҳақидаги ана шундай тадбирлардан бири 8 декабрь куни онлайн конференция форматида бўлиб ўтди. Унда, таниқли турк олимлари, жумладан, бу йил Тошкентдаги Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида таклиф этилган маърузачи бўлиб ишлаган профессор Сонмаз Қутлу иштирок этишди.
Анжуман чоғида Ўзбекистонда Мотуридий симпозиумини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу илмий форум мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси келаси йили Ўзбекистонда ўтказишни режалаштирган "Конгресс туризми" деб номланган тадбирга айланиши лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Унда нима учун ғам чекасиз?
Иброҳим ибн Адҳам бир ғамгин кишини кўриб, «Биродар, мен сиздан учта савол сўрайман, жавоб берасиз», деди. У рози бўлди. Иброҳим ибн Адҳам сўради:
– Бу дунёда Аллоҳнинг иродасидан ташқари бирор нарса бўладими?
– Йўқ.
– Аллоҳ ўлчаб қўйган ризқингиздан бирор нарса камаядими?
– Асло.
– Аллоҳ сизга ёзиб қўйган умрнинг бир лаҳзаси камаядими?
– Йўқ.
– Унда нима учун ғам чекасиз?
«Солиҳлар гулшани» китобидан
Малайзиядан муносабат: диний бағрикенглик —Ўзбекистондаги тинч ва осойишта ҳаётнинг муҳим омилларидан бири
АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасидаги «Махсус назорат рўйхати»дан чиқариш тўғрисидаги расмий баёноти халқаро майдонда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Жумладан, Малайзия ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлилий ва илмий-академик доиралари вакиллари ушбу баёнотни фаол равишда олқишламоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Азизан Бинти Бахоруддин, Малайзия Исломни англаш институти бош директори:
— Ўзбекистоннинг АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар соҳасидаги «Махсус назорат рўйхати»дан чиқарилиши сўнгги йилларда мамлакат диний эркинликлар соҳасида салмоқли ютуқларга эришганидан далолат бермоқда.
Янги Ўзбекистон тарихида нафақат сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, балки мамлакатда яшовчи турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, диний эътиқод эркинлиги ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича фаол чора-тадбирлар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Ўзбекистоннинг узоқ йиллик тарихий тажрибаси диний бағрикенглик турли динлар вакилларининг тинч ва осойишта ҳаёти, давлат ва жамият равнақи учун муҳим омиллардан бири эканини кўрсатди. Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимида фаолият юритаётган дастлабки кунлардан бошлаб дин соҳасини либераллаштириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, динлараро тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг ибодат эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш сиёсатини изчил равишда олиб бормоқда.
Ўзбекистон раҳбариятининг диннинг чинакам инсонпарварлик моҳиятини ёйиш бўйича ёндашуви алоҳида эътиборга лойиқ. Хусусан, Сурия ва Ироқдаги жанговар ҳудудлардан республика фуқаролари, жумладан аёллар ва болаларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича амалга оширилган учта махсус «Меҳр» операцияси ўзбек халқининг инсонпарварлик фазилатларини намоён этди.
Мамлакатда барча миллат ва элат вакилларининг диний эркинлигини таъминлаш учун яратилган зарур шароитлар Ўзбекистонни янада ривожланиши ва гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишишига ишончим комил.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати