muslim.uz

muslim.uz

— Зиёратгоҳларда жонлиқ сўйса бўлади-ми? Уйдан сўйиб бориб, гўштини пишириб, хомини қўшниларга тарқатса бўлмайди-ми?

— Маълумки, Алллоҳнинг номидан бошқа номга атаб сўйилган жонлиқнинг гўшти ҳаромдир. Зиёратгоҳга бориб, “Фалончи отага”, “Фалон бобога” деб жонлиқ сўйиб, у жойни емакхонага айлантириш ҳолатлари ҳам кўп. Мақбара, зиёратгоҳ жонлиқ сўйиладиган жой эмас. Тўғри, сўйилган жонлиқнинг гўштини садақа қилиб, савобини кимнингдир руҳига бағишлаш шариатда бор. Аммо унинг учун сўйиладиган жонлиқни айнан ўша жойга олиб бориш шарт эмас. Мазкур жонлиқни уйда сўйиб, гўштини бирорта муҳтожга эҳсон қилиб, савобини бағишласа, эҳсон ўз ўрнига тушган бўлади. Шунча узоқ йўлларни босиб, қанча-қанча харажатлар эвазига гуноҳкор бўлмаслик керак.

Қолаверса, биз зиёрат қилаётган улуғларимизнинг барчалари тақвога, холисликка, суннатга эргашишга чақириб, бидъат-хурофотлардан қайтарган зотлар эди. Уларни эҳтиром қилишни даъво қилсагу, қилаётган амалимиз уларнинг даъволарига мутлақо хилоф бўлса...

Шунинг учун, зиёратгоҳга борганда фақат қабр зиёрат қилинади, у ерда жонлиқ сўйилмайди. Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Торонтодаги илк мусулмон халқаро кинофестивали (MIFF ) 30 октябр куни Ontario Place кинотеатрида бўлиб ўтади. islam.ru хабарига кўра, фестивалда илк бор Канада, Покистон, Туркия ва Америкадан турли жанрдаги фильмлар намойиш этилади.
"Бу Торонтонинг биринчи халқаро мусулмон кинофестивали бўлиб, у автомобиль кинотеатри сифатида ҳам ўтмоқда", - дейди фестиваль асосчиларидан бири Хирра Фаруки.
"Дунёмиздаги мавжуд вазиятни ҳисобга олсак, бу йил кўплаб мавжуд кинофестиваллар барбод бўлиши керак эди. Бироқ, бу тадбирни нафақат биз учун, балки ажойиб томошабинларимиз учун ҳам ўтказиш бахтига муяссар бўлганимиз ўз-ўзидан муҳим жиҳат ҳисобланади". Тақдим этилган фильмлар орасида: психологик триллерлар, Канададаги суриялик қочқинлар ҳақидаги ҳужжатли фильм, афғон аёлининг ҳаёти ҳақидаги фильм, Британия империяси томонидан Жанубий Осиёнинг мустамлака қилиниши ҳақидаги фильм бор.
"Танланган фильмларни танлашимиз ҳақиқатдан ҳам истеъдодларнинг мусулмонлар жамоасида қанчалик хилма-хиллигини кўрсатади ва оммавий ахборот воситаларида кўришни истаганимиз олдимизда, ўз жамоаларимиз рўпарасида турибди", - деб ўртоқлашди Хирра Фаруки.

Ўзбекистон мусулмонлари бошқармаси матбуот хизмати

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитгандан кейин “Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ” деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

“Аллоҳим! Эй ушбу етук чақириқниг, ҳозир бўлиб турган намознинг Робби! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга васийла ва фазилатни ато эт. У зотни Ўзинг ваъда қилган мақоми маҳмудга етказ”.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳидаги музейда Қуръони Каримнинг ҳижрий 1291 йил (милодий 1874 йил)да ёзиб тугатилган қўлёзма нусхаси сақланади. 

Қуръони Каримнинг ушбу қўлёзма нусхаси ҳажми жиҳатдан Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг китоблар хазинасида сақланаётган, куфий хатида кўчирилган Қуръони Усмоний нусхасидан кейин иккинчи ўринда туради. Узунлиги 74 см, эни 51 см, қалинлиги 12 см, умумий оғирлиги 21,5 килограммни ташкил этадиган мазкур қўлёзманинг ҳар бир саҳифасида 13 қатордан оятлар битилган.
 
photo_2020-10-31_13-09-51.jpg
 
photo_2020-10-31_13-09-54.jpg

Бу қўлёзма авлоддан авлодга мерос қолган бўлиб, шу ҳақда китобнинг биринчи саҳифаси остидаги сатрларда шундай дейилган: “... ҳижрий 1329 йилда (милодий 1911 йил) эрдики, мен Мулло Ҳакимжон, бу каломуллоҳ отам Муҳаммад Холдорбой марҳум, укам Мулла Азимбой марҳумдан менга қолди”. 
 
Ундан кейинги сатрлар йиртилиб йўқолганлиги сабабли яна кимларга ўтганлиги номаълум бўлиб қолмоқда. Аммо сақланиб қолган ёзувларнинг бир қисмида мазкур Қуръони Карим Ҳазрати Мавлоно Хўжа Лутфуллоҳ Чустий хонақоҳи ва мозорига дахлдор эканлиги таъкидланган. 
 
photo_2020-10-31_13-09-57.jpg
 
photo_2020-10-31_13-10-00.jpg
 
Бу ҳақда қуйидаги маълумотлар бор “... қабрларни мунаввар қилгур Ҳазрати Мавлоно Хўжа Лутфуллоҳ ҳузурларида ўқитувчилардан ва толиби илмлардан дуо умид этамиз”. 

Ушбу қўлёзма нусхаси 1994 йил 6 сентябрь куни Наманган вилояти “Мерос” илмий марказига топширилган. Айни пайтда Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳидаги музейда махсус вакумли қутида сақланмоқда. Ушбу нусха Наманганда ва унинг ҳудудларида хаттотлик санъатининг тараққий этганлигини исботловчи бир намуна сифатида ҳам қимматлидир. 
 

 

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА
Воскресенье, 01 Ноябрь 2020 00:00

Икки шодиёна

Кеча 31 октябрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги «Мулла Абдуғаффор ҳожи» ҳамда «Иттифоқ» жоме масжидларининг янги пойдеворига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу хайрли ишларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла ИНОМОВ, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла ҚАЮМОВ, вилоят бош имом-хатиби в.б. Нурали домла МАВЛАНОВ ҳамда туман ҳокими қатнашдилар.

Ҳар икки тадбир ҳам Қуръон тиловати билан бошланди ва табрик асносида масжидларни қуриш нақадар юксак даражали савобли иш эканлиги ҳақида мавъизалар қилинди.

Тадбир якунида ушбу ишларга бош бўлган, бироқ Аллоҳнинг иродаси ила бугун орамизни тарк этган марҳум Хайруллоҳ домла ҳақларига раҳмат ва мағфиратлар сўраб дуолар қилинди.

«Мулла Абдуғаффор ҳожи» жоме масжидининг янги биноси сиғими 400 ўринга, «Иттифоқ» жоме масжидининг янги биноси сиғими 350 ўринга мўлжалланган.

«Мулла Абдуғаффор ҳожи» жоме масжиди
«Иттифоқ» жоме масжиди

Барчамиз ушбу масжидларнинг қурилиш ишларига ўз ҳиссамизни қўшайлик!

«Иттифоқ» жоме масжиди

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати.

Top