muslim.uz
“Ҳидоят йўлининг сарбони” деб улуғланган алломани биласизми?
Кун тарихи
Ватанимиз тарихидаги 29 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1197 йил (бундан 823 йил олдин) – буюк фақиҳ, имом Бурҳониддин Марғиноний иккинчи марта ҳаж сафарига отланганда Самарқандни тарк этишга улгурмай оғир хасталикдан вафот этди. Тарихчи Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг “Самария” асарида ёзилишича, бу ҳодиса ҳижрий 593 йил зулҳижжа ойининг ўн тўртинчи куни сешанбада (милодий 1197 йил 29 октябрда) содир бўлди. Уни мусулмон оламининг энг табаррук қабристонларидан бири – Чокардиза қабристонига дафн этганлар.
Мавлоно Бурҳониддиннинг қабри тўғрисида Абу Тоҳирхожа Самарқандий жумладан шундай дейди: “Мавлоно Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг мозори... Чокардиза қабристонида, катта кўчанинг кунботарида, ҳовузга ўхшаган чуқурнинг ёнидадирким, шу катта йўл ўша ҳовуз орқали шарқий-шимолга қараб ўтади. Мавлоно Бурҳониддиннинг қабри ўша катта йўлнинг жануб тарафида, пишиқ ғиштдан қилинган баланд суфададир”.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Китоб ал-Ҳидоя” (қисқача номи “Ҳидоя” – “Тўғри йўл”) асари нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун ислом шарқида бир неча тилларга таржима этилиб маълум ва машҳур бўлиб кетган. Бу китоб фиқҳ илми бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асардир. Ундан асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича нуфузли ҳуқуқий манба – асосий қўлланма сифатида фойдаланилган.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида ёзилишича, аллома нафақат уламолар, балки оддий халқ орасида ҳам “ҳидоят йўлининг сарбони” дея катта ҳурмат-эътибор топган. Бурҳониддин валмилла (ислом динининг далили, исботи) деган шарафли номга сазовор бўлган. Ҳозир ҳам жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги фанлари Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилади.
Ўзбекистонда 1997 йилда милодий сана бўйича улуғ аллома вафотининг 800 йиллиги, 2000 йилда ҳижрий сана бўйича таваллудининг 910 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Марғилон шаҳри марказида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуи бунёд этилиб, шу ерда унинг рамзий мақбараси ўрнатилди.
1842 йил (бундан 178 йил олдин) – Бухорога сафар қилган Хива хони Оллоқулихон Хивага қайтиб келди. Бу вақтда 19 октябрдан бери Данилевский бошчилигидаги рус дипломатик миссияси Хивада хоннинг қайтишини кутаётган эди. Эртаси куни бироз бетоб бўлишига қарамасдан хон рус элчиларини қабул қилди. Кейинги музокаралар эса фақат 10 ноябрда бўлиб ўтди. Орадан 2 ҳафта ўтгач, Оллоқулихон дунёдан ўтди.
1942 йил (бундан 78 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши даврида Шимоли-ғарбий фронт, кейинчалик учинчи Болтиқбўйи фронтида ҳарбийлар учун ўзбек тилида “Ватан учун” номли газета чиқа бошлади. Унда ҳукуматнинг расмий хабарлари, фронтдаги жанглар, Ўзбекистондаги воқеалар, хорижда содир бўлаётган турли янгиликлар, хуллас, ўз ўқувчиларини хилма-хил ахборотлар билан таништириш орқали ҳарбийларда жанговарлик, ватанпарварлик, қаҳрамонлик ҳис-туйғуларини юксалтиришга ҳаракат қилинган.
1997 йил (бундан 23 йил олдин) – Тошкентда Нидерландия Қироллиги консулхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ғарбий Европада, Шимолий денгиз соҳилида жойлашган мазкур давлат Ўзбекистон Республикаси суверенитетини 1991 йил 31 декабрда тан олган, икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 июлда ўрнатилган.
2000 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг боксни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда замонавий бокс XX асрнинг 20-йилларидан оммалашди. Тарихимиздаги илк бокс мусобақаси 1922 йил Тошкентдаги “Фортуна” спорт жамиятида ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Бокс федерацияси 1993 йилдан Халқаро боксчилар ассоциацияси – AIBA аъзоси.
2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ
тайёрлади
ЎзА
Бир савол сўрасам: Тўрт нафар қизнинг отаси фарзандларининг уволига қолди-ми?
— Тўрт нафар қизим бор. Эрим қиз туққаним учун бизни ташлаб уйдан чиқиб кетган. Ҳозирда умуман хабар олмайди. Шу фарзандларнинг уволи тутади-ми? Динимизда бундай оталар ҳақида нима дейилган?
— Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:
﴿لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ﴾
“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир” (Шуро сураси, 49-50 – оятлар).
Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини ҳис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса ёхуд икки қизи ёки икки синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилган бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳга тақво қилган бўлса, унга жаннат берилур”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
Қиз кўргани учун аёл айбдор-ми?! Кимга қандай фарзанд ато этишни Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Саволда кўзда тутилган эркак пасткашлик қилган, Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлмаган, аёлини масъулликда айблаб, унга туҳмат қилган, ўзининг зиммасидаги оталик масъулиятини ҳис қилмаган, нафақа деган муҳим вожиб амални тарк этган кимса ҳисобланади. Агар у ўзини тузатиб, тавба қилиб, оиласини қайтариб олиб келмаса, дунёда ҳам, охиратда ҳам оғир аҳволда қолади. Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Қиёматда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлувчилар
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма солли аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммад, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдуммажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммад, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад.
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон қадимий ёдгорликлари ва бой маданий хилма-хиллиги билан «тарих хазинаси»га айланган — «Аль-Анбаъ» нашри
Кувайтнинг кундалик «Аль-Анбаъ» газетасининг навбатдаги сонида «Ўзбекистон: география ва тарихнинг улуғворлиги» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.
Мақолада Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти, қадимий тарихга эга ёдгорликлари, гўзал табиати ва ранг-баранг маданий хилма-хиллиги тарғиб қилинади, унининг дунё саёҳатчилари учун унутилмас ва жозибали манзил экани таъкидланади.
«Асрлар давомида Буюк ипак йўли орқали савдо-сотиқ алоқалари ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди орқали амалга оширилди. Ўзбекистоннинг ўзига хос географик жойлашуви эса унинг маданиятлар чорраҳаси, савдо муносабатлари билан бирга, илм-маърифат, урф-одатлар, моддий ва номоддий қадриятлар бешигига айланишига имкон берди», деб ёзади мақола муаллифи.
Мақолада Ўзбекистонга саёҳат қилган инсон таниқли олимлар ва мутафаккирлар —Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Ал-Хоразмий каби буюк алломалар яшаган Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Хоразм сингари машҳур шаҳарлар билан яқиндан танишиши, тарихий муҳит билан ҳамоҳанг бўлиб уларни ўрганиши мумкинлиги таъкидланган.
Нашрда Ўзбекистон ўзининг қадимий ёдгорликлари ва бой маданий хилма-хиллиги сабаб «тарих хазина»га қиёсланади. Мамлакатдаги кўплаб меъморий ёдгорликлар ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани қайд этилади.
«Тарихий бинолар бугунги кунда яхши сақланган ва инсоният маданий меросида катта аҳамиятга эга» дейди муаллиф.
Мақолада, нашр муштарийларига, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарларидаги меъморий ёдгорликлар, тарихий зиёратгоҳлар ҳақида маълумотлар берилади.
Мақола сўнгида «Мамлакатда ташкил этиладиган турли тадбирлар, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги ва сайёҳларга муносабати Ўзбекистонга саёҳатнинг унутилмас таассуротларга бой бўлишини таъминлайди» дея хулоса қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Уч нарса ортга қайтмайди!
- Сўз – агар қўйиб юборилса,
- Ўқ – агар отилса,
- Вақт – агар ўтказиб юборилса.
- Аллоҳ таоло бандасига гапириш учун тил берган бўлса, нима деб гапириши учун ақл берган. Шунинг учун халқимизда “Аввал ўйла, кейин сўйла” деган маъноли сўзлар бор. Бу борада мўмин-мусулмонлар суюкли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак ва намуна олишлари лозим бўлади. Ул Зот саллоллоҳу алайҳи васалламдан бир киши бирор нарса тўғрисида сўраса, тезлик билан жавоб бермас эдилар, балки бироз таскин топиб, кейин жавоб берардилар.
- Ҳақоратли сўз мисоли ўқдек. Камончи отган ўқини ортга қайтара олмаганидек, кишини обрўсини тўкадиган сўзни айтган киши, узр сўрашлиги билан ҳам, жароҳатли қалбни тузата олмайди. Шунинг учун “Узр сўралмайдиган ишни қил” деб айтилади.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир, бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил”, дедилар».
(Имом Термизий ривоят қилган).
- Неъматларнинг ичида энг қиммат ва бебаҳо нарса бу – вақт қийматидир! Бугунги кунимизни ғанимат билмасак эртага янги кун билан учрашиш бор ёки йўқ! Ҳар бир кунимиз бизлар билан қиёматда алоҳида йўлиқади. Шунинг учун “Бугунги ишни эртага қолдирма”, деб айтилган. Бугунги ишимиз – бугунги ибодатимиздир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар:
“Қиёмат кунида то тўрт нарсадан сўралмагунича банданинг қадами жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани”(Имом Термизий ривояти).
Хайруллоҳ Саттаров,
ЎМИ Самарқанд вилоят вакили ўринбосари