Ҳаж ва умра

Бир маъвоки, гуноҳларга каффорат.  Бир масканки, жаннат сизга мунтазир

 

Сизга бир киши: «Фалон шаҳарга бордим, жуда чиройли экан. Унинг таърифига сўз ожиз. Шаҳарда ўтмиш, бугун ва келажак мужассамлашгандек, гўё» деса, у ерга боргингиз келмайдими? Албатта, келади. Бор-будингизни аямай, ўша жойга отланасиз. Ошиб борса, нафсингиз ором олади, роҳатланасиз ўша ерда.

Энди бир тасаввур қилинг: «Бир маъво бор. Шундай маъвоки, у ердан бир зум бўлса-да, мусулмонларнинг қадами узилмайди. Ҳар йили миллионлаб мўмин-мусулмонлар муқаддас жойга бориб, худди онадан туғилган чақалоқдек гуноҳларидан фориғ бўлиб келади.

Бир маскан бор. Шундай масканки, у ерда оламларнинг Султони, башарият гултожи, кўз қувончи, қалб сурури, сизу бизни тўғри йўлга чорлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мангу қўним топган. У зотга ёндон икки нафар буюк саҳобанинг ҳам муборак қабрлари бор» дейилса, ўша табаррук масканларга ошиқмайсизми..?

Боз устига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  «Одобу арконига риоя қилиб адо этилган ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади» (Имом Аҳмад ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Ҳар йили курраи заминимиздаги миллионлаб мусулмонлар Аллоҳнинг уйи – Каъбатуллоҳга оқиб келиши, Расулллоҳнинг табаррук равзаларини зиёрат қилиши бежиз эмас. Бу муқаддас заминга бир бор борган киши яна ва яна боргиси келаверади.

Муборак сафардан қайтганимизга ҳали бир ой бўлмаган эса-да, яна боргим, яна зиёрат ва тавоф қилгим келиб қолди. Ожизона дуога қўл очиб, юракдаги, қалбдаги ният ва орзуларни шундоққина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак равзалари олдида, Арафотда, Минода, Сафо ва Марвада, Каъбатуллоҳ ёнида сўрашга нима етсин! Илк ваҳийга гувоҳ бўлган, инсониятнинг муаллими – Пайғамбаримизни бағрига олган Ҳиро ғорини кўрган киши борки, қалбида ўзгача шавқ, ўзгача шукуҳ туяди.

Руҳим ўша ерларда қолгандек, гўё.

Бу йил 7200 нафардан зиёд юртдошларимиз сафида мен ҳам оламлар Сарварига салом бериб, у Зотнинг қабрларини зиёрат қилиш, Каъбатуллоҳни тавоф қилиш шарафига муяссар бўлганим учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтаман.

Ҳаж шукуҳи, фазилатини, умр сафари давомида кўрган-кечирганларимни таърифлашнинг завқи ўзгача. Завқки, уни ифодалашда, аввало, гуноҳларга тавба қилиб, кўзлардан оққан истиғфор ёшлари билан қоришиб кетган умид ашклари кишига ҳузур, ҳаловат ва хотиржамлик бағишлайди.

Қушдай енгил бўласиз. Вужудингиз она Ватанга қайтган бўлса-да, руҳингиз ҳар куни яна ва яна мусулмонлар қибласи сари парвозга шайланаверади...

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ

“Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!” (Бақара сураси, 197-оят), дея марҳамат қилади.

Ҳажга бораётган юртдошларимиз учун барча қулайликлар яратилган. Аэропортда ҳожиларимизни кузатиш ва кутиб олиш ишлари гўзал тарзда амалга оширилди. Ҳожиларимизни Мадина ва Макка шаҳридаги меҳмонхона ходимлари, ишчи гуруҳ томонидан кўтаринки кайфият билан салавотлар остида кутиб олиниши, меҳмонхоналардаги қулайликлар инсонни баҳридилини очади. Шифокорлар ҳар бир ҳожини тиббий кўрикдан ўтказди. Масжиди Ҳаромга боришда ҳожиларимиз учун автобуслар доимо хизматда бўлди.

Ҳожиларимиз ҳаж амалларининг гўзал тарзда адо этилганини ҳис қилишлари учун юртга қайтиб келганидан сўнг ҳожиларимиз ҳусни хулқда бўлишлари даркор. Эл-юртнинг, маҳалладошларнинг, оила аъзолари ҳақига янада кўпроқ дуода бўлишлари мақсадга мувофиқдир. Атрофдагилар ҳожиларга ҳавас билан қарашади.

Ҳожилик унвон ёки  мансаб эмас, балки Аллоҳнинг фарзини адо этиш йўлида қалбан покланиб, ўзининг ва атрофдагиларнинг ҳаётини янада гўзал қилишга бўлган масъулиятдир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳожи билан учрашсанг унга салом бергин ҳамда у билан қўл бериб кўришгин ва уйига киришидан илгари сен учун истиғфор айтишини сўрагин. Чунки, у (ҳожи) гуноҳлари кечирилинган кишидир” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло Исломнинг бешинчи арконини бажарган барча юртдошларимизнинг ҳажларини мабрур, гуноҳларини мағфур, саъйларини машкур айласин.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси.

 

 

7464 марта ўқилди

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top