muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 31 Октябрь 2016 00:00

Аллоҳнинг иродаси

Аллоҳнинг иродаси, бу гапнинг маъносига эътиқод қилиш ва унинг тақозосига кўра ҳаёт кечириш мусулмончиликнинг заруриятларидан ҳисобланади. Шунга кўра дунё ва охиратдаги биз учун фойдали ёки зарарли барча-барча нарсалар Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган деб эътиқод қиламиз. Аллоҳнинг иродаси ҳақидаги ушбу эътиқодни тўғри тушуниш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Шу маънода уламоларнинг ушбу эътиқодимизга тааллуқли саволларга берган жавобларининг хулосалари билан танишиб чиқамиз:    

Савол: “Банданинг гуноҳ содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бўлса, кейин уни ўша гуноҳни қилгани учун жазолаши зулм эмасми?”.

Жавоб: “Аллоҳ таоло банданинг гуноҳ қилишини ирода қилиб, сўнг уни ўша қилган гуноҳи учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади.  Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса, банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб, кейин ўша ишни қилмайди. Балки шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади.  Шунга кўра бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, балки талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади”.

Савол: “Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг гуноҳ содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш аслида итоат қилиш бўлиб қолади-ку?”.

Жавоб: “Агар Аллоҳ таоло бандага гуноҳ иш қилишни ман қилмаганида банданинг гуноҳ ишни содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани гуноҳ ишлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг гуноҳ ишни қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади”. 

Савол: “Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган гуноҳлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади?”.

Жавоб: “Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Чунки бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, Унинг мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди”.

Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли сунна вал-жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Аҳли сунна вал-жамоа имомларидан бири бўлган устоз Абу Исҳоқ Исфароиний ўтирган экан.

У устозни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деди.

Устоз буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган Зотга тасбиҳ айтаман”, – деб жавоб берди.

Мўътазилий етакчиси: “Нима Роббимиз Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими, – деди.

Аҳли сунна вал-жамоа имоми: “Бўлмаса Роббимизга мажбурлаб исён қилинадими?”, – деди.

Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Роббимиз мени ҳидоятдан тўсиб, залолатга кетишимни ирода қилган бўлса, менга яхшилик қилган бўладими ёки ёмонлик қилган бўладими”, – деди.

Аҳли сунна вал-жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзиники бўлган нарсадан сизни тўсган бўлса, Ўзининг нарсасини кимга хоҳласа ўшанга беради-да”, – деди.  

Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди.              

Савол: “Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?”.

Жавоб:  “Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларнинг ўша ишга ҳаракат қилгани ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки  амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди”.

Савол: “Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофирларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?”.

Жавоб: “Шайтоннинг бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаши ҳам, пайғамбарларнинг бандаларнинг иймонли бўлишини хоҳлашлари ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра, барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади”.

Хулоса шуки, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада доимо хурсандчилик пайтида ҳам, мусибат етганда ҳам барча ҳолатларда Роббисига қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади. 

Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Роббисининг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у Роббисининг ўзига нимани ирода қилганидан хабардор бўлиб, кейин мазкур “қилғилиқларини” амалга оширишга “мажбур” бўлиб қолмаганини жуда яхши билиб туради.

 Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас, Роббиси ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради.    

Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусибатга дучор бўлса, Роббисининг иродасига таслим бўлади ва: “Роббим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусибатлардан сақлаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз”, дея дуо қилишга ўтади.  

Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан, бу иши Роббисининг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан Роббисига ҳамд айтиб туради:

  • Роббим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан;
  • Роббим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга маҳбуб қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан;

– Роббим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан;

–  Роббим, адо этган барча-барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган бирор амалим эвазига ажру мукофот олишни ўзимнинг ҳаққим деб билмайман, балки бу амалларни адо этишимни ирода қилганинг учун Сенга ҳамду-санолар айтишни зиммамдаги бурчим деб биламан, агар бу амалларим учун мукофот берсанг фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир...

Лутфу марҳаматлари чексиз Роббимизга ҳамду санолар, У зотнинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

Япониялик олимлар Зам-зам суви устида тажриба ўтказишди. Натижа шуни кўрсатдики, Зам-зам суви музлатилганда ажойиб кристалл ҳосил бўлди. Буни кўрган олимлар ҳайратдан ёқа ушлашди. Тасвир Масжидул Ҳаромнинг қуш учадиган баландликдан олинган тасвири билан бир хил эди. Қуйидаги тасвирда Зам-зам сувининг кристалл ҳолатини кўришингиз мумкин.


Юқоридаги сурат эса Масжидул Ҳаромнинг қуш учадиган баландликдан кўриниши. Ўхшайди-а, шундай эмасми?

Бундан ҳам ажойиби, олимлар Қуръони карим тиловат қилиниб турган хонага Зам-зам сувини бир муддат қўйиб қўйишди ва ушбу сувни музлатиб кўришди. Натижа қандай бўлганини қуйидаги суратда кўришингиз мумкин:

 

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси.

Абу Ҳафс Насафий номи билан билан машҳур бўлган бобомизнинг тўлиқ исми шарифи Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Ҳанафий бўлган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий  461-йилда Насаф шаҳрида туғилган.  Фиқҳда ҳанафия мазҳабида бўлгани эътиборидан ҳанафий, Насаф шаҳрида туғилгани эътиборидан Насафий нисбалари бўлган. Насаф шаҳри олдинлари Нахшаб деб ҳам аталган.  

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ илм талабида турли ўлкаларни кезиб чиққан ва кўплаб устозлардан таълим олган.

Машҳур устозлари:

  • Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий Насафий;
  • Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий;
  • Али ибн Ҳасан Мотуридий;
  • Ҳусайн Кошғарий;
  • Абул Қосим ибн Баён. Бу зотдан Бағдодда таълим олган;

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, ҳатто у зот устозларининг исми шарифлари ҳақида “Таъдаду шуюхи Умар” номли алоҳида асар ҳам таълиф этган.

Машҳур шогирдлари:

  • Муҳаммад ибн Иброҳим Турбуштий;
  • Абу Лайс Аҳмад ибн Умар Насафий. Бу зот Умар Насафийнинг ўғли бўлган;
  • Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлий. Ва ҳакозо булардан бошқа кўплаб машҳур шогирдлар етиштирган.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, юзга яқин китоб ёзган қомусий уламолардан ҳисобланади.

Асарлари:

  1. “Тайсир фит тафсир” (Тафсирдаги (маълумотларни) енгиллаштириш). Бу китоб уч мужаллад бўлган;
  2. Китобун нажаҳ фи шарҳи китоби ахбарис сиҳоҳ” (“Аниқ хабарлар китоби”ни шарҳлашдаги муваффақият китоби). Бу китоб “Саҳиҳу Бухорий”нинг шарҳидир;
  3. “Ақоидун Насафий” (Насафий ақидалари). Бу асар мотуридия таълимотидаги мўътабар матнлардан бири ҳисобланади.
  4. “Назму жомеис сағир фи фиқҳил ҳанафий” ( Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги – “Жомеус сағир”нинг назмий баёни);
  5. “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар). Бу китобда ҳанафий мазҳабининг фиқҳий истилоҳлари баён этилган;
  6. “Манзуматул хилофиёт” (Фарқли қарашлар ҳақида манзума). Бу манзума ўнта бобга ажратилган бўлиб, уларнинг саккизтасида Имом Аъзам ва у зотнинг машҳур мужтаҳид шогирдларининг фарқли қарашлари жамланган. Қолган иккитасида эса имом Шофиъий ва имом Моликларнинг қавллари келтирилган.
  7. “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”), яъни қанддек тотли маълумотлар;
  8. “Мавақийт” (Белгилаб қўйилган вақтлар);
  9. “Таъдаду шуюхи Умар” (Умарнинг устозлари ададларини санаш). Бу асарда муаллиф беш юздан ортиқ устозларининг исми шарифларини жамлаган;
  10. “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);
  11. “Хосаису луғат” (Луғат хусусиятлари).

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг таълиф этган асарларининг умумий адади ҳақида  Имом Суютий Ибн Самъонийдан қуйидаги ривоятни келтирган: “Умар Насафий мўътабар имом бўлиб, турли илмлар бўйича кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. У зотнинг тафсир, ҳадис, ва ҳакозо йўналишларда ёзган асарлари юзга етади”.  

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳни Аллома Қосим ибн Қутлубуғо шундай таърифлаган: “У зот мазҳаб ва одоб орифи бўлган фақиҳ эдилар”.

Улуғ имом Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537-йилда Жумадул-ула ойининг 12-куни, милодий ҳисоб билан 1142-йил 2-Декабрда  етмиш олти ёшда Самарқандда вафот этган. Машҳур Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

Аллоҳ таоло Умар Насафий бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.  

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

Вторник, 18 Октябрь 2016 00:00

Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ

Шундай уламолар  борки, уларнинг номлари айтилиши биланоқ, айтган ҳикматли сўзи ёки сўзи айтилиши биланоқ номлари жаранглайдигандек туюлади. Шу маънода Сўфи Оллоҳёр деганда авому хос барча завқ билан: 

“Ақида билмаган шайтона элдир

Агар минг йил амал деб қилса елдир”

Деган байтларини ёдга олишлари деярли одатий ҳолга айланган. Ҳа, Сўфи Оллоҳёр бобомиз динимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилиб, қимматли асарлари билан мотуридия таълимотининг Мовароуннаҳр ва ундан бошқа ўлкаларга кенг тарқалишига хизмат қилган зотлардан биридир.  

Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тадқиқот олиб борган олимлар у зотнинг туғилган йили ҳақида аниқ бир тўхтамга келишмаган. Турли тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра, бу зот 1630-1650 йиллар оралиғида Самарқанддаги Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида туғилган. Сўфи Оллоҳёр бобомиз дастлаб ўз қишлоғида савод чиқаради сўнгра Бухородаги мадрасаларда илм таҳсилини давом эттиради.   

Сўфи Оллоҳёр бобомиз кўплаб илмлар бўйича етук олим ҳамда форс тилида ҳам, туркий тилда ҳам маҳорат билан ижод этган адиблардан ҳисобланади. Асарларида баён қилинган маълумотларга кўра бу зот Шайх Ҳабибуллоҳ, Сўфи Наврўз Бухорий ва Хўжа Мўмин сингари устозлардан таълим олган. Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг илм даражаси жуда юқори бўлгани ёзган асарларидан ҳам билиниб туради.

Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг турли мавзуларга оид машҳур асарлари қуйидагилардир:

  1. Маслакул муттақийн”. “Тақводорларнинг тутган йўли” маъносини англатувчи бу асар форс тилида битилган. Асарда Аҳли сунна вал жамоа ақидаси ва фиқҳий масалалар ҳанафия мазҳабига кўра баён этилган. Уламолар “Маслакул муттақийн”ни Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳнинг энг салмоқли асари сифатида эътироф этганлар. Шеърий услубда ёзилган ушбу асар юздан ортиқ мўътабар китоблар асосида таълиф этилган бўлиб, ҳажми ўн икки минг байтдан ортиқдир. Таҳқиқларга кўра бу асар милодий 1700-1701 йиллар атрофида ёзиб тугалланган. “Маслакул муттақийн”нинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа жойларга кенг ёйилган. “Маслакул муттақийн” асари ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи яримида Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли Туркистоний томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Бу китоб 2007-йилда Сайфиддин Сайфуллоҳ ва Акром Деҳқонлар томонидан нашрга таёрланиб чоп этилган.   
  2. Муродул орифийн”. “Орифлар муроди” маъносини англатувчи бу асар ҳам форс тилида таълиф этилган. Асар ўн беш фаслдан иборат бўлиб, ўттизга яқин рисолалар асосида ёзилган. Асарда тасаввуф илмига тааллуқли масалалар баён қилинган. “Муродул орифийн” асарининг кўплаб нусхалари бўлиб, қўлёзма нусхаларидан бири Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида 1716-рақам остида сақланмоқда.
  3. Махзанул мутеин”. “Итоаткорлар захираси” маъносини англатувчи ушбу асар ҳам форс тилида ёзилган. Бу асар икки бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлимда ақидавий масалалар, иккинчи бўлимда фиқҳий масалалар баён қилинган.
  4. Саботул ожизийн”. “Ожизлар матонати” маъносини англатувчи ушбу асар ақоид илмига бағишланган бўлиб, ўзбек тилида шеърий услубда ёзилган. Муаллиф бу асарни “Маслакул муттақийн”дан кейин ёзган. Форс тилида ёзилган “Маслакул муттақийн” асари яхши қабул қилиниб, халқ орасида машҳур бўлиб кетгач муаллифнинг яқин кишилари уни ўзбек тилига ўгириб беришини сўрашади. Бу ҳақида Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг ўзи шундай ёзган:

Ёзилди форсий тил бирла мактуб,

Ақийдату фуруъ қурби маҳбуб.

Яъни маҳбуб зотга суюкли бўлиш мажмуаси бўлган ақида ва ундан келиб чиқувчи амалий ҳукмлар  авввалда форс тилида ёзилган эди.

Аниким кўрдилар туркий ёронлар,

Дедилар: “Гар дуо қилса эранлар.

Битилса турки тил бирла ақийда,

Кўнгуллар бўлса андин орамийда”.

Яъни форс тилида ёзилган мазкур китобни кўрган туркий дўстлар: “Улуғларнинг дуоларини олиб ҳаракат қилсангиз ва ақийда китобини туркий тилда ёзиб берсангиз. Туркий халқлар ҳам ундан баҳра олиб кўнгиллари таскин топса”, – дедилар. Мазкур сўровлар қаттиқ илтимослар билан бўлгани шундай баён қилинган:

Тамаллуқ қилдилар чун бир неча ёр

Қалам тортай Худо бўлсун мададкор.

Яъни бир қанча дўсларим қаттиқ туриб илтимос қилдилар ва мен уларнинг илтимосларини қабул қилиб Аллоҳдан мадад сўраб қалам тортдим.

“Саботул ожизийн” асари ўқувчилар томонидан жуда ҳам яхши қабул қилинган. Бу асарнинг ҳатто оддий халқ тилларида ёддан ўқиб юрилишининг ўзи унинг манзур бўлганига ва  халқ кўнглидан жой олган муҳим асар эканига яққол далилдир. Бу асар ўтган уч юз йилдан ортиқ вақт мобайнида мактаб мадрасаларда дарслик, қўлланма сифатида ўқитиб келинган.

“Саботул ожизийн” асари Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия ва Россия давлатларида нашр этилган. Шунга кўра ушбу асарни мотуридия мазҳабининг мазкур юртларга ҳам кенг тарқалишига хизмат қилган, дейиш мумкин.   

Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг вафот этган йили кўпчилик тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра 1721-йилга тўғри келади. Қабри Сурхондарё вилоятининг ҳозирги Олтинсой туманига қарашли Катта Вахшивор қишлоғидадир. Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳнинг кўплаб авлодлари ҳозирда ушбу қишлоқда яшайдилар.

Аллоҳ таоло Сўфи Оллоҳёр бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top