www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 16 июнь куни эрта тонгда республикамиз бўйлаб 2074 та жоме масжидда минг-минглаб юртдошларимиз Қурбон ҳайити намозини адо этдилар.

Масжидларда Ҳайит намозига йиғилган барча мусулмонлар ушбу қутлуғ ва муқаддас байрам билан қутланиб, тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун Яратганга шукроналар айтдилар.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурбони ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ҳайит намозини адо этиш учун йиғилган намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида барча зарур ишлар амалга оширилди. Жумладан, масжидлар обод қилиниб, байрам шукуҳи акс этган табрикномалар илинди. Жомеларга туташ кўчалар вақтинча ёпилиб, намозхонлар учун жойлар ажратилди. Ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари навбатчилиги ташкил этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Юртимиз зиёратчиларига ҳар йили динимизнинг бешинчи рукнини мукаммал адо этишлари учун руҳий, маънавий ва тиббий хизматлар ҳам юқори даражада ташкил этилади.

Иқлими қуруқ иссиқ бўлган муборак заминга узоқ масофадан келган ҳожилар гуруҳларига тиббий хизмат кўрсатиш ниҳоятда зарур. Чунки соғлик бўлмаса, ибодатда хотиржамлик ҳам бўлмайди. Беморлик эса муқаддас диёрда ўтаётган қимматли вақтга таъсир ўтказади. Ана шундан келиб чиқиб, зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш орқали уларнинг ҳаж амалларини чиройли ва гўзал шаклда бажаришларига кўмак берилади.

Ҳожиларнинг соғ, тетик ва бардамликлари, аввало, уларнинг ўзлари, шунингдек, тиббиёт ходимлари масъул. Шу боис ҳукуматимиз топшириғи билан 15.000 зиёратчига уларнинг соғлиқларини доимий кузатиб бориш учун 50 нафар олий тоифали шифокор ҳамроҳлик қилади. Ҳар бир авиақатновга шифокорлар ажратилади ва она Ватанга етиб келгунча ҳожиларимизнинг соғлигидан хабар олиб туради.

Тиббиёт ходимлари ҳожиларга туну кун хизматда бўлади. Ҳар куни уларнинг сиҳатларини кўздан кечириб, керакли ёрдам, маслаҳат ва дори-дармонлар беради. Зарурат туғилганда зиёратчининг хонасига бориб ҳам ёрдам кўрсатишади.  

Шифокорлар жамоасида кардиолог, реаниматолог, травматолог, эпидемиолог, анестезиолог, стоматолог, лор, эндокринолог, хирург, уролог ва акушер-гинеколог каби мутахассислар ҳам ўрин олган. Улар орасида 5 нафари фан доктори, булардан 3 нафари профессор ва 7 нафари фан номзоди илмий даражаларига эгадир.

Ушбу тиббиёт ходимлари Макка шаҳрида зиёратчиларимиз истиқомат қиладиган 7 та меҳмонхонада хизмат қиладилар. Шулардан учтасида аёл-эркакка ажратилган алоҳида стационар, тўрттасида тиббиёт пунктлари ташкил этилган ва 4 та тез ёрдам машинаси хизмат қилмоқда. Айрим йўналишлар бўйича алоҳида хизмат кўрсатиш хоналари ва асбоб-ускуналар билан таъминланган. Масалан, стоматолог хонасида тишни даволаш, пломбалаш, синган ва кўчган тишларни елимлаш, жарроҳлик амалиётини кўрсатиш, тиш олиш учун барча шароитлар ҳозирланган. Ҳатто ҳир бир жиҳоз стирелланган, яроқлилик муддати бир ойдан уч ойгача бўлган махсус қутиларда олиб келинган.

Мазкур тиббий хизмат марказларида бир вақтнинг ўзида жами 80 нафар бемор ётиб даволаниши мумкин. Шунингдек, уларда муолажа учун керакли жиҳозлар ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча имкониятлар мавжуд. Айниқса, барча турдаги касалликларга биринчи ёрдам кўрсатиш учун мамлакатимиздан етарли даражада дори-дармонлар олиб борилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳаж ибодатининг энг асосий рукнлари адо этиладиган Мино, Арафот ва Муздалифа водийларидаги чодирларда мана шундай тиббиёт марказлари хизмат кўрсатади.

Ўтган йилларда Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзбекистонлик зиёратчилар учун ташкил этилган Макка ва Мадина шаҳарларидаги тиббиёт марказлари фаолиятига юқори баҳо берган ҳамда нуфузли тадбирларда Ўзбекистон тиббиёт гуруҳи муносиб тақдирланган. Бу Ўзбекистон шифокорлари жамоаси меҳнатининг юксак эътирофидир.

Шу ўринда малакали шифокорларимизнинг ҳожилар саломатлигини сақлаш борасидаги тавсияларини тақдим этамиз:

- Ҳаж сафарига тайёргарлик даврида бактерияли ва вирусли касалликларга қарши препаратлар билан эмланиш;

- юқори жисмоний ва ҳиссий зўриқишларнинг олдини олиш мақсадида ҳаж арконлари, ибодатлар, дам олиш ва уйқу тартибини мўътадил тақсимлаш;

- қизиб ёки терлаб турганда совуқ сув ичишдан тийилиш;

- истиқомат жойларида совутгичлардан тўғри фойдаланиш, хусусан, хоналарни ҳеч ким йўқлигида совутиш, совутгич ишлатганда елвизакдан сақланиш;

- ёпиқ хоналарда кўпчилик бўлиб тўпланишдан, тик тушаётган қуёш нурининг остида кўп вақт қолмаслик, соябондан фойдаланиш;

- овқатланиш тартибига риоя қилиш, суюқ овқатлар, сутли таомлар, сабзавотлардан еб туриш;

- Ҳаждан олдин даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиш, сурункали касаликлари борлар ёзиб берилган дори-дармонларни ичиб юриш;

- гинекологик касалликлари бўлган аёллар жисмоний ва руҳий зўриқишдан сақланиш ва гинеколог билан маслаҳатлашиб туриш.

- Мино ва Муздалифада ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши, ҳаво ҳаддан ташқари дим ва чанг бўлгани учун тунда ёпиниш учун кўрпа ёки чойшаб тайёрлаб қўйиш.

Ҳаж мавсуми давомидаги шифокорларнинг туну кун қилаётган меҳнатлари ҳақиқий фидойилик намунасидир. Улар зиёратчилар саломатлиги йўлида бор куч ва меҳнатларини сафарбар қилиб, чинакам қаҳрамонлик билан беморлар дардига малҳам бўладилар.

Аллоҳ таоло шифокорларнинг ўз касбларига садоқат билан қилаётган мана шундай машаққатли меҳнатларига улуғ ажру мукофотлар ато этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни Бухоро вилоятига келди.

Ташриф хайрли амалдан - Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мажмуа янада обод қилиниб, тарихий аслият тикланмоқда. Зиёрат чоғида ушбу ишлар кўздан кечирилди.

Аввало, Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак тикланди. Энди зиёратчилар Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига суннатга мувофиқ қибла тарафдан юриб боради.

- Юз йил вайрон бўлиб ётган бу дарвозани тиклаганимиз - ўзликни англаш, тарихга ҳурматимиз ифодаси, - деди Шавкат Мирзиёев. - Энди бу ердаги ҳар бир обидага, хонлар даҳмаларига битиклар ёзиб қўйиш керак. Зиёратга келганлар қадамма-қадам тарихни ўрганиб, маънавий руҳ олиб ўтсин.

Тоқи миёна дарвозасининг икки ёни боққа айлантирилган. Музей ва таҳоратхона барпо этилган. Йўқолиб бораётган Дониёлбий мадрасаси тикланмоқда.

Олимлар билан суҳбатда Баҳоуддин Нақшбанд меросини чуқур ўрганиш ҳақида фикр алмашилди. Чет давлатлардан манбаларни олиб келиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, музейни Имом Бухорий мажмуасидагидек мазмунан бойитиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, зиёратчилар, жумладан, хорижий туристлар учун қулайликларни кенгайтириш, қишга ҳам, ёзга ҳам мос шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Мутасаддиларга шуларни қамраб олган ҳолда, олимларнинг таклифлари асосида қарор ишлаб чиқиш топширилди.

 

манба: https://uza.uz/posts/603560

Айни кунларда минглаб юртдошларимиз муборак ҳаж сафарига йўл олмоқда. Бундай бахтга ноил бўлиб, муборак заминга етиб борган ҳамюртларимиз Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларида тоат-ибодат, зиёрат ва дуои хайрлар билан машғул бўлиб туришибди. Уларга ҳавас ила боққан яна қанча юртдошларимиз муқаддас замин орзусини туймоқда.

Шукрлар бўлсинки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда умра ва ҳаж зиёрати учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида улкан ишлар қилиндики, неча минглаб инсонларнинг орзулари рўёбга чиқди. Айниқса, умра сафарига квоталарнинг олиб ташлангани, ҳаж квотаси 15 минг нафарга етказилгани халқимизни ниҳоятда қувонтирди. Бугун кўплаб юртдошларимиз муборак зиёратларни бекаму кўст адо этиб, улар учун яратилган имкониятлардан мамнун бўлиб, Аллоҳга беҳад шукроналар айтмоқда.

“Ҳаж – 2024” мавсуми ҳам юқори даражада ўтиши учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонанинг «Ҳаж» ва «Умра» ишлари бўйича атташеси томонидан кўплаб саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Хусусан, мавсумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига бориб, Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда жойлар ҳозирлади, зиёратчилар учун барча қулайликларни яратишга интилди. Мино, Арафот ва Муздалифада ҳожиларимиз учун алоҳида масканлар ажратилди. Шу билан бирга, авиқатновлар жадвали тасдиқланди, виза расмийлаштириш ишлари ниҳоясига етказилди.

Ҳаж сафарини ният қилган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи 23 май куни муқаддас замин томон йўл олган.

Шу кунларда “Ҳаж” дастури доирасида мамлакатимизнинг 10 та минтақавий халқаро аэропортидан, хусусан, Тошкент, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Термиз, Навоий, Нукус ва Урганч шаҳарларидан зиёратчилар Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига етказилмоқда. Юртдошларимиз 23 майдан 7 июнга қадар Мадинага боришса, Жиддадан мамлакатимизга қайтиш учун парвозлар 22 июндан 12 июлга қадар амалга оширилади.

Жорий йилда жами 124 та чартер йўловчи парвозлари орқали 15 минг 130 нафар зиёратчини ташиш режа қилинган. Аэропортларда рўйхатдан ўтиш вақтида йўловчилар иссиқ нонушта билан таъминланмоқда. Парвоз давомида эса тансиқ таомлар тарқатиляпти.

Айни кунларда ҳожиларимиз дастлаб Мадина шаҳрига бориб, Масжиди Набавийдан 100 метр узоқликда жойлашган беш юлдузли “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасида иззат-икром ила кутиб олинмоқда, уларга зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилмоқда. Зиёратчиларимиз меҳмонхоналарга жойлашганидан сўнг ихлос билан ибодатларни адо этишга киришмоқда. Хусусан, Масжиди Набавийда намоз ўқиш бахтига муяссар бўлиб, Равзаи муборакни зиёрат қилишга ошиқмоқда.

Бу бежиз эмас. Муқаддас китобларда Масжиди Набавийда ўқилган бир ракат намозга минг ракат намознинг ажру савоблари берилиши таъкидланган. Равзаи шарифга кирган киши ўзини ўзгача ҳис этади. Чунончи, Набий алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Уйим ва минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, шундай.

Юртдошларимиз Мадинаи мунавварадаги уч кунлик сафари давомида Масжиди Набавийда кундалик беш вақт намозларини адо этиш билан бирга ислом тарихида машҳур Уҳуд тоғида, Қуръони каримда тақвога асосланган дея таърифланган илк масжид “Қубо”, икки қиблали масжид — Масжидул қиблатайн сингари муборак қадамжоларни ҳам зиёрат қилаётир.

Ҳожиларимиз турган меҳмонхонада барча шароит ҳозирланган. Ҳар бир хонада кийим жавони, стол-стул, телевизор, музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим бор, замонавий совитиш ускуналари ишлаб турибди. Ошхонада ибодатга қувват бўладиган уч маҳал таомлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар ҳожиларимизга муҳайё этилган.

Тиббиёт маркази ва Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби ҳам ташкил қилинган бўлиб, шифокор ва масъуллар 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида. Бу ҳамюртларимизнинг муборак заминдаги ҳар бир они мазмунли ўтиши, ғанимат кунларининг ҳар сонияси унумли ва улкан ажр-савобларга ноил бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Қуйидаги ҳожиларнинг дил сўзларида қувонч ва ҳаяжон, шукроналик туйғулари балқиб турибди.  

Дилором Ҳакимова:

— Бундай муқаддас жойга келиш насиб этганидан ниҳоятда хурсандмиз. Бунинг учун Аллоҳга беҳад шукроналар айтамиз. Бунга сабабчи бўлган ташкилотчиларга раҳмат! Бу ерда шинам, ҳар томонлама қулай меҳмонхонага жойлашдик. Биз учун ҳамма имконият муҳайё қилинган. Уч маҳал тансиқ таомлар тайёрланиб, тортиқ этилмоқда. Шунингдек, тиббий ходимлар саломатлигимизни доимий назорат қилиб турибди. Ушбу хайрли ишлар замирида ҳукуматимиз кўмагини ҳар томонлама ҳис қиляпмиз.

Шоира Исҳоқова:

— Бир неча йиллар олдин умра амалини бажаришга келганимда қулайликлар бу даражада эмас эди. Лекин бу сафар ҳаж зиёратига келиб, ниҳоятда тўлқинланиб кетдим. Бизни катта эҳтиром билан кутиб олишлар, хизматдагиларнинг гўзал муомаласи, меҳмонхонадаги шарт-шароитлар барчанинг кўнглига хуш ёқадиган, кўзларини қувнатадиган даражада. Бунинг учун, аввало, Президентимизга ва масъулларга ташаккур айтамиз.

Саидхон Махсумов:

— Аллоҳ шукрлар бўлсинки, орзиқиб кутган кунларга ҳам етдик. Тасаввур қилинг, бир вақтлар саноқли инсонларга бу бахт насиб этган бўлса, бу йил юртимиздан 15 мингдан зиёд ҳожи муборак диёрга ҳаж ниятида келмоқда. Умрага келаётган одамларнинг сон-соноғи йўқ. Яна бир эътиборли жиҳати, дунё мусулмон мамлакатлари орасида фақат олти давлатдангина зиёратчилар Мадинага тўғридан-тўғри учиб келмоқда. Ўзбекистон ҳам ана шулар қаторида. Бошқа юрт фуқаролари эса бир неча юз километр масофа босиб, Мадинага келяпти. Биз эса юртимиздан самолёт орқали Мадинага тўғри келиб, ибодатларни бошлаб юбордик.

Мирзаниёз Ражабий:

— Алҳамдулиллаҳ, “Ҳаж – 2024” мавсумининг илк зиёратчилари сифатида Мадинаи мунавварага етиб келдик. Масжиди Набавийнинг шундоққина ёнгинадаги муҳташам “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасига жойлашдик. Унда зиёратчилар учун яратилган шароит ва имкониятлардан ҳар ким мамнун бўлиши турган гап. Бу барча ибодат ва зиёратларни бекаму кўст адо этишимиз учун муҳим жиҳат ҳисобланади. Барча ташкилотчилардан бағоят мамнунмиз.

 

Муҳаммадолим МУҲАММАДСИДДИҚОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.

Бугун, 29 май куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиб фаолияти, оилавий масалалар ва моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.

Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Страница 1 из 637

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top