www.muslimuz

www.muslimuz

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Исломдан аввалги жоҳилият даврида “Бу ойда фалон ишни қилиб бўлмайди, фалон иш мумкин эмас” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирон ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, бошқатдан учириб кўришар эди.

Афсуски, ҳозир ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар бот-бот қулоққа чалиниб туради. Бу гапларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. У ойда ўқиладиган намоз, дуо ва бошқа эзгу амаллар бошқа ойлардагидек қабул бўлади. Сафар ойида ҳам тўй ва маросимлар қилиш, сафар қилиш мумкин.

Тақдирга имон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билиши керак. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадина шаҳридаги масжидларини сафар ойида қурганлар. Қизлари Фотимаи Заҳро (розияллоҳу анҳо)ни Али (розияллоҳу анҳу)га сафар ойида никоҳлаганлар. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар. Бу ойга “яхшилик ойи” деб ном берганлар.

Демак, инсон ҳар бир нарсани Аллоҳ таолодан деб билиши керак. Ҳақ таоло ақидамизни мустаҳкам қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Қатарнинг al-sharq нашри хабарига кўра, Хорватияда 26-халқаро Қуръони карим мусобақаси жорий йилнинг 26 сентябрь куни бошланган. Унда жаҳоннинг 46 мамлакатидан 70 қорилар иштирок этган.

Мусобақада иштирокчилар Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, 15 жузни ёд олган, 5 жузни ёд олганлар тоифалари бўйича ўзаро куч синашганлар. Мусобақа 29 сентябрь куни якунига етган, унда 27 ёшдан кичик қорилар иштирок этганлар.

Мусобақа Хорватия мусулмонлари идораси ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, мусобақанинг ҳайъат раиси сифатида Загреб ислом маркази имоми шайх Азиз Алили фаолият юритган.

Ушбу мусобақа доирасида Қатар вақф вазирлиги томонидан хаттотлик асарлари кўргазмаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унда турли ёзувларда ишланган Мусҳафлар намойиш этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Татаристон мусулмонлари идораси қошидаги "Ҳузур" нашриёт уйи томонидан татар тилидаги Қуръони карим маънолари таржимасининг овозли шаклини тайёрлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Тафсир матни телебошловчи Илдар Киямов томонидан ўқилмоқда. Ушбу лойиҳа устида ишлаётган ижодий жамоа таркибида 5 нафар мутахассислардан иборат бўлиб, унинг таркибига Татаристон мусулмонлари идораси шариат масалалари бўйича бўлим бошлиғи, Қуръони карим ҳофизи Бўлат Мубораков ҳам киритилган.

Ҳозирги кунда ижодий жамоа Қуръони каримнинг 48-сураси тафсири(Ал Фатҳ)ни ёзиш устида иш олиб бормоқдалар. Шу билан бир қаторда аудиоёзувни монтаж ва қайта ишлаш ишлари ҳам давом эттирилаётгани қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Федерация Кенгашида Ҳаж-2019 мавсуми якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Россия муфтийлар кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу мажлис Федерация Кенгаши раисининг ўринбосари, Россия ҳукуматининг Ҳаж масалалари бўйича вакили Илёс Магомед-Саламович раҳбарлигида ўтказилган. Йиғилишда шунингдек, Россия муфтийлар кенгаши ва РФ мусулмонлари идораси раиси топшириғига кўра, РМК раисининг биринчи ўринбосари Рушан ҳазрат Аббасов ҳамда РМКнинг Ҳаж оператори, "Муслим-тур" МЧЖ бош директори Али Гурдинлар иштирок этди.

Ушбу йилда бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот берилиб, келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар бўйича таклифлар эшитилган. Жорий йилги мавсумда 25 минг нафар россиялик Ҳаж ибодатини амалга оширган.

Йиғилишда Ҳаж-2020 мавсумига тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилгани маълум қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 28 ноябрь-1 декабрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида V Жаҳон ҳалол саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда "Азон" интернет нашри хабар берди.

Мазкур тадбир «Discover Events» компанияси томонидан, Туркия президенти шафелигида ташкил этилмоқда. Унда дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларидан келган экспертлар ва олимлар, давлат ташкилотлари ва хусусий сектор вакиллари қатнашади. Саммитда минтақавий ва халқаро миқёсда стратегик ҳамкорлик ривожлантириш, бутун дунёда тан олинадиган ягона ҳалол стандартини яратиш масалалари муҳокама этилади.

Бир пайтнинг ўзида ҳалол маҳсулотлар ва хизматларни тақдим этувчи компаниялар иштирокида «Halal Expo 2019» кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top