www.muslimuz

www.muslimuz

Понедельник, 22 Апрель 2019 00:00

Гарри Миллернинг Исломга кириши

 Доктор Гарри Миллер – канадалик олим, Торонто университети профессори, ҳозирда Саудия Арабистонидаги подшоҳ Фаҳд номидаги нефт ва фойдали қазилмалар университетининг математика кафедраси ўқитувчиларидан бири. У аввал насронийлик динига чорлайдиган фаол миссонерлардан бири бўлиб, “Муқаддас китоб”дан анча хабари бор эди. Математика, мантиқни жуда яхши кўрарди.  

Кунларнинг бирида у Қуръондан хато топиш мақсадида уни ўқишга киришди. Агар хато топса, уни миссонерлик фаолиятида қўллаб, барчанинг эътиборини ўзига кўпроқ қаратишни кўзлаган эди. У Қуръонни 1400 йил олдин ёзилган саҳро ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида сўз юритувчи китоб деб ўйларди. Лекин уни ўқиши биланоқ даҳшатга тушди. Чунки у Қуръонда дунёдаги бошқа китобларда учрамайдиган маълумотлар борлигини пайқаб қолди.

У ўзича Қуръонда Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошидан ўтган оғир кунлар, масалан, аёли Хадичанинг вафоти ёки фарзандларининг вафоти ҳақидаги маълумотларни ўқисам керак деб ўйлаган эди. Лекин бу каби маълумотлардан бирортасини топмади. Балки Қуръонда бутун бошли бир сура Марям деб номланганини кўрди. Ҳайратдан қотиб қолди! Унда Марям алайҳиссаломнинг мадҳ этилганлари, покланганлари ҳақида маълумотлар бор бўлиб, Марям ҳақидаги бундай маънолар насронийларнинг китобларида ҳам йўқ эди. Насронийларнинг китобларида Марямни номи билан аталган бирорта бўлим йўқ эди. Уларнинг китобларида Марям исми бир неча марта зикр қилинган бўлса, Қуръонда ушбу исм анча кўпроқ ададда зикр этилган.

Шунингдек, Исо алайҳиссаломнинг исмлари ҳам Қуръонда 25 марта келтирилганига гувоҳ бўлди. Ваҳоланки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари эса 5 мартагина зикр этилган. Миллер Қуръондан Оиша, Фотима номида суралар топа олмади. Бу ҳолни кўриб олимнинг ҳайрати яна ошди. У мақсадига эришиш учун Қуръонни синчиклаб ўқиб чиқишни бошлади. Аммо мана бу оятга дуч келганда ҳуши бошидан учаёзди:

 أَفَلاَ يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِندِ غَيْرِ اللّهِ لَوَجَدُواْ فِيهِ اخْتِلاَفاً كَثِيراً

“Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”. (Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.) (Нисо сураси, 82-оят).

Ушбу оятни ўқиган доктор Миллер бундай дейди: “Ҳозирги вақтда илмий асос деб, хатонинг мавжудлигини ёки хатонинг чегарасини назариётда белгилаб олиниб сўнг унинг тўғрисини исбот қилишга айтилади. Ажабланарлиси шундаки, Қуръони Карим мусулмон ва мусулмон бўлмаганларни ўзидаги хатони топишга чақирмоқда... Агар ишонмасанглар, хато топинглар-чи, демоқда. Устига-устак: “Ваҳоланки, уни ҳаргиз топа олмайсизлар!” дея баралла  таъкидламоқда!”

Олим мазкур оят хусусида яна ушбу гапларни ҳам айтиб ўтади: “Жаҳонда бир китоб ёзиб, кейин “Бу китоб хатолардан холидир!” дейишга журъат этадиган бирорта муаллиф топилмайди. Лекин Қуръон бунинг тамоман акси бўлиб, у сенга “Хато мавжуд эмас!” дейди. Балки сени хато топишга ундаб туриб, ортидан “Топа олмайсан!” деб айтади”.

Доктор Гаррини ҳайратлантирган оятлардан яна бири мана будир:

أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ كَانَتَا رَتْقاً فَفَتَقْنَاهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاء كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلَا يُؤْمِنُونَ

“Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?” (Анбиё сураси, 30-оят).

Олим ушбу оят ҳақида: “1973 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган илмий тадқиқот айнан ушбу оятга ҳамоҳангдир. Ўша тадқиқотда “Катта портлаш” назарияси илгари сурилган эди. Унда айтилишича, ҳозирги борлиқ улкан портлаш натижасида пайдо бўлган. Портлаш натижасида аста-секин осмонлар, юлдузлар, сайёрлар шаклланган” дея фикр билдирган.

 Оятдаги “ротқ” калимаси бир-бирига ёпишиб турган нарсага айтилади. “Фатақнаа” феълининг ўзаги бўлган “фатқ” сўзи эса ёпишиб турган нарсанинг бир-биридан ажралишига, бўлинишига айтилади. Субҳаналлоҳ!

Оятнинг охирги қисмларида ҳаётнинг манбаи бўлган сув ҳақида сўз юритилган. Доктор Миллер у ҳақида ҳам фикр юритган: “Бу иш (ҳар бир тирик нарсани сувдан қилингани) ҳам ажойиботлардандир. Чунки, замонавий илм яқин йиллар ичида аниқладики, ҳужайранинг 80 фоизи цитоплазмадан ташкил топган бўлиб, цитоплазма эса сувдан иборат экан. Қандай қилиб бундан 1400 йил олдин ўқиш-ёзишни ўрганмаган киши бу ҳақиқатларни айта олииши мумкин?! Агар у самодан келадиган ваҳий билан боғланмаганида бу ҳақиқатларни айта олмас эди”. Субҳаналлоҳ!

Шундай қилиб, доктор Миллер 1977 йилда Исломни қабул қилди ва исмини Абдулаҳад Умар деб ўзгартирди. Шундан кейин у дунё бўйлаб ўзининг илмий лекцияларини ўқий бошлади. Насронийлик даъватчилари билан кўплаб мунозаралар олиб борди.   

Гарри Миллер Ислом дини ҳақида бир неча китоблар ёзди. Масалан, “Ҳайрон қолдирадиган Қуръон”, “Қуръон ва “муқаддас китоб” ўртасидаги фарқ” каби китоблар шулар жумласидан.

Шунингдек, унинг сабаби билан кўплаб олимлар Ислом динига кирдилар. У ўзидаги даъватчилик малакасини Исломга даъват қилиш йўлида ишлатди. Кўплаб ислом даъватчилари унинг тажрибасидан, малакасидан фойдаландилар. Аҳмад Дийдот раҳимаҳуллоҳ ана шундай фойда олганлардан бири бўлиб, у киши доктор Гаррини лекция ўқиш ва баъзи мунозаралар ўтказиш учун Жанубий Африка Республикасига таклиф этганлар.

 

Доктор Роғиб Саржонийнинг “Мусулмон бўлган буюклар”

номли китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Tashkent City ҳудудидаги «Орифжон» жомеъ масжиди биноси реконструкция қилишга тайёрланмоқда. Сити дирексиясининг хабар беришича, бу борада дастлабки режа ишлаб чиқилган бўлиб, кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академиясининг архитекторлари ва реставраторлари жараённи кузатиб боради.

Қайд этишларича, тегишли мутахассислар 1915—1916 йилларда қурилган «Орифжон» жомеъ масжиди ташқи ва ички қиёфасидаги ҳар бир детални ўрганиб чиққан ва бинонинг интерьери, томи ва гумбазларини яхлитлаш ва тиклаш зарурлиги ҳақида хулоса чиқарган.

«Реставрация иши ХХ аср бошидаги меъморчиликнинг барча хусусиятларини ҳисобга оладиган бўлса, концепцияга кўра, масжид биноси халқаро ишбилармонлик марказининг умумий кўринишига мос бўлиши керак», — дейилади хабарда. Айни пайтда олимлар иш лойиҳаларини тайёрламоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дубай шаҳрида 28 апрелдан 1 майгача ўтказиладиган Arabian Travel Market кўргазмасида Ўзбекистон ўзининг туристик салоҳиятини намойиш этади.

"Бунлай нуфузи кўргазмада ишитрко этиш янги бозорларга чиқиш, янги мижозлар билан танишиш, шунингдек мавжуд туристик маҳсулотларини мустаҳкамлаш, янгиларини ишга тушириш, туризм соҳасидаги энг охирги янгиликлардан бохабар бўлиш имконини яратади", — дейилади uzbekistan.travel портали хабарида.

Sputnik билдиришича, кўргазма доирасида анжуманлар, семинарлар ва лекциялар бўлиб ўтади, етакчи экспертлар ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашишади.

Arabian Travel Market — Яқин Шарқдаги туризм соҳасидаги энг йирик халқаро кўргазма 1994 йилдан бери ўтказиб келинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси раиси Рустам Валиуллин, таълим бўйича Тожикистон муфтийси муовини, Россия ислом институти ректори Рафиқ Муҳаметшин иштирокида мусулмон диний таълим муассасалари директорларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида касб-ҳунар таълими стандартларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди ва республика мадрасасида ўтказилган методик кунларнинг натижалари умумлаштирилди.

Азон интернет нашрининг маълум қилишича, Татаристон Республикасининг муфтийси Рустам Валиуллин Татаристон Республикаси Думасига бўйсунувчи таълим муассасаларининг раҳбарларини виждонан амалга оширган ишларига ташаккур билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Европанинг ўнта мамлакатида бошқа дин вакилларининг Ислом дини ҳақида маълумот олишлари учун мусулмон ёшлари томонидан акция ташкил этилди. Унга кўра ёшлар кўчада дуч келган йўловчига атиргул ва Ислом ҳақида маълумот берувчи флаерлар совға қилишади.

Ушбу тадбир Миллий исломий жамият томонидан Германия, Нидерландия, Австрия, Белгия, Франция, Дания, Норвегия, Швеция, Италия ва Швейцария сингари мамлакатларда ўтказилмоқда.

Маълумотга кўра, бу тадбир ҳар йили ўтказиладиган "Салом, мен мусулмонман" шиори остидаги олтинчи тадбир экани айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top