www.muslimuz

www.muslimuz

Москва шаҳри яқинида жойлашган Шереметова аэропортида мусулмонлар учун намозхона очилиши режалаштирилгани маълум қилинди. Бунинг учун алоҳида ҳудуд ажратилган. Ушбу ҳудудни Химки шаҳри имоми Комил Маннапов аэропорт ходимлари ҳамроҳлигида кўздан кечирган.

Химки мусулмонлари сайтида келтирилган маълумотга кўра, анаънага кўра намозхона учун аэропортнинг мусулмонлар тез-тез ибодат қиладиган жойи танланган. Намозхона аэропортнинг Е терминалининг биринчи қаватида жойлашгани айтилган.

Бундан ташқари, шу пайтга қадар Домодедова ва Внуково аэропортларида мусулмонлар учун намозхоналар фаолият юритаётган эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 15 Сентябрь 2018 00:00

Яхшиямки, туғилган экансан, болам!

Соат тонги 03:30 эди. Унинг телефони жиринглай бошлади. Ёстиқдан минг машаққат билан бошини кўтариб, қўнғироққа жавоб берди:

— Эшитаман! Кимсиз?

— Менман, ўғлим. Онангман!

— Уфф, она, Худо хайрингизни берсин! Кошки билсангиз эди, эртага қиладиган қанчалик муҳим ишларим бор.

— Ҳалиги... Ўғлим...

— Нима, она, нима. Мени шу пайтда уйғотадиган нима муҳим ишингиз бор? Эрталаб қўнғироқ қилсангиз ҳам бўлаверарди-ку?

Она ўғлидан бу совуқ муомалани эшитиб қаттиқ ранжиди, ўксинди. Йиғламсираган бир овозда жавоб бериб телефонни ўчирди:

— Бундан роппа-роса ўттиз беш йил аввал шундай тун ярмида 03:30 да сен ҳам мени уйғотган эдинг!

Яхшиямки, туғилган экансан, болам!

Фатима Алий таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Манба

Қирғизистон президенти Сооронбай Жеенбеков пойтахт Бишкекда ўтказилган «Маънавий ипак йўли. Буюк инсоний анъаналар ва замонавий таҳдидлар» деб номланган конференция иштирокчилари билан учрашди.

Бишкекдаги ўз вакилимизнинг хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон муфтийсидан ташқари Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Литва, Россия, Тожикистон ва Эстония муфтийлари қатнашган.

Сооронбай Жеенбеков учинчи бор ташкил этилган халқаро анжуман диндорлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамланишига ва инсонлар ўртасида тоқатлиликни ёйишга ёрдам беришига умид билдирди.

Диний етакчилар, дин бўйича олимлар ва экспертлар иштирокида халқаро анжуманнинг ташкил этилиши ҳам давлат органлари, ҳам диний ташкилотлар учун фойдали экани таъкидланди.

Учрашувда «Маънавий ипак йўли» конференциясининг навбатдагиси 2019 йили Қозоғистонда бўлиб ўтиши маълум қилинди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Суббота, 15 Сентябрь 2018 00:00

Ўзбекистон буюк алломалар юрти

Табаррук диёримизда камол топган улуғ муҳаддислар, фозилу фузалоларнинг номини бутун дунёда яхши билишади. Бобокалонларимиз билан нафақат фахрланиш, балки уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш бурчимиздир. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори буюк мутафаккирлар -хотирасини абадийлаштириш ва илмий фаолиятини кенг ўрганишга оид ишлар силсиласининг янги босқичи сифатида тарихий аҳамиятга эга.


Ушбу ҳужжатга биноан фаолияти йўлга қўйилган марказ ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдек улуғвор мақсадларга хизмат қилади.


Ўзбекистон Буюк алломалар юрти деганимизда дунёни ўз илми билан ларзага солган ҳадис илмининг султони, бетакрор илм соҳиби Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, алгебра фанига асос солган Мусо ал-Хоразмий, “Астрономия асослари” фундаментал оламнинг тузилиши, ернинг ўлчови ҳақида дастлабки маълумотларни IX асрда бера олган Аҳмад Фарғоний, улуғ қомусий аллома, биринчи бўлиб ер шари глобусини яратган Абу Райҳон Беруний, медицина отаси деб тан олинган Абу Али ибн Сино, “Шарқ Аристотели” деб ном олган буюк аллома Абу Наср Фаробий, 1018 та юлдузни ҳолатини ва жойлашувини XV асрда баён қилиб берган астрономия соҳасида буюк аллома Мирзо Улуғбек, “Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи” деган юксак шарафга сазовор бўлган, калом илмининг етук алломаси Имом Мотурудий, “Дин ва миллатнинг ҳужжати” деган ном билан ижод қилган ислом ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний, “Дилинг Аллоҳ, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган пурмаъно сўзлар соҳиби, дунёга машҳур бўлган буюк аллома Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, ўзбек тилининг асосчиси, юртбошимиз таъбири билан айтганда “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султони” бўлган, жаҳон адабиёти тарихида порлоқ юлдуз бўлиб порлаган ҳазрат Алишер Навоий ва яна шунга ўхшаш минглаб азиз авлиё, олиму уламо, фозилу фузалоларни мисол келтира оламиз. Аллоҳнинг назари тушган олимларнинг она заминимизда қўним топишлари, шу замин тупроғида мангу ётишларида ҳамҳикматлар бисёр. Шундай экан ташлаётган қадамларимизни, олаётган илмимизни, гапираётган гапимизни устозларга муносиб шогирт сифатида амалга оширишимиз зарур.


Аллоҳ таоло илм излашни, илм ўрганишни барча мусулмон бандаларига буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир:
яъни: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, – деб башорат беради.
Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.)дан илм ва илм аҳлларининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган.


Абу Умома (рз.)дан ривоят этилади. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, – деб марҳамат этдилар. Сўнг яна у зот (а.с.): “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва ниҳоят денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади”, – дедилар”. Бу ҳадисни ҳамюртимиз Имом Термизий ҳам ривоят этганлар.

Илм ва илм аҳлининг даражаси ҳар қайси жамиятда ҳам юқори даражага қўйилган. Ўзбекистонимиз ҳам устозлар ватани бўлгани учун ана шундай шарафли номларга муносиб топишгандир. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлса, устоз унга таълим бериб илмини зиёда қилади. Боболаримиздан қолган одатга кўра намозларидан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га саловот айтиб бўлгач, ота-оналари қаторида таълим-тарбия берган устозларининг ҳақларига ҳам Яратгандан мағфират сўраб дуо қиладилар. Ёшларимиз ҳам ана шу одатни дастурул амал қилиб, ўрганиб олишлари, ўтган устозлар ҳаққига доимо дуолар қилиб, ҳаётда яшаб турган устозлар дуосини олиб яшашлари мақсадга мувофиқдир. Бугунги кун ёшлари замон талабидан келиб чиқиб дунёвий билимлар билан бирга диний билимларни ёки диний билимлар билан бирга дунёвий билимларни аъло даражада ўзлаштиришлари керак.
Устозлар юрти бўлган Ўзбекистонимизда яна ҳам устозлар кўпайишини умид қилиб Аллоҳдан сўраб қоламиз.

А.Бобоев
Шовот тумани “Ваянган бобо” масжиди имом-хатиби

Пятница, 14 Сентябрь 2018 00:00

Тафаккур…

Бир камбағал деҳқон тўплаган пулларига эшак сотиб олади. Уни боғлаб қўяй деса арқон топа олмайди. Қўшнисини эшигини таққилатади. Қўшни чиқиб:
-Менда ҳам арқон йўқ эди. Бироқ бир маслаҳат бераман, деди.
-Майли, айтинг.
-Эшагингизни бўйнидан қўлингизни ўтказиб боғлагандек ҳаракат қилинг. Шунда у ҳеч қаерга силжимайди. Деҳқон қўшни айтгандек қилди. Эртасига чиқиб қараса эшак жойида турган эмиш. Уни миниб, ишига бормоқчи эди. Эшакни жойидан бир қадам ҳам силжита олмади. Қанча ҳвракат қилди, лекин фойдаси бўлмади. Яна қўшнисини ёргамга чорлади. Қўшнига бўлган ишларни айтиб берди. Қўшни деди:
-Боғлаган арқонингни ечдингми?
-Нима боғлабманки уни ечсам. У ерда ҳеч нарса йўқ-ку боғланган?!
-Сенингча йўқ. Аммо у бор деб ўйламоқда. Деҳқон бориб кўринмас арқонни ечган эди, эшак юра бошлади.

Хулоса

Одамлар одатларга шундай кўринмас арқон билан боғлангандир.

muslimun.uz
Ҳ. Сулаймонов

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top