muslim.uz

muslim.uz

Маҳр ва (таъминот) хотиннинг на­фақа­сига қодир бўлган кишининг агар уйлан­маса, зинога кириб кетиши аниқ бўл­са, у ҳолда уйланиш унга фарз бўлади. Чунки ҳаромдан фақатгина у билан тийи­лиш мумкин бўлган нарса ҳам фарздир. Агар маҳрга қодир бўлмаса, (уйланиш учун) қарз олиши вожиб бўлади. Аллоҳ таолонинг Ўзи унга қарзини узишда ёрдам беради. Ҳадисда уйланиш учун қарз олган киши Аллоҳ ёрдам беришни Ўз зиммасига олган уч тоифа киши қаторига кириши айтиб ўтилган. Гуноҳга кириб кетиш хавфи бўлмаган мўътадил (нормал) ҳолатда эса уйланиш – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо ўлароқ – суннати муак­кададир. .

Хотинга жабр-зулм қилиш хавфи бўлса, уйланиш макруҳи таҳримийга айланади. Агар уйланмасликдан зинога юриб кетиш хавфи уйланганда хотинга зулм қилиш хавфи билан қарама-қарши келиб қолса, уйланмайди. Чунки жабр-зулм банда ҳақларига алоқадор маъсият, зинодан тийилиш эса Аллоҳ таолонинг ҳақларидандир. Икки ҳақ тўқнашган пайтда банданинг ҳаққи Аллоҳ таолонинг ҳаққидан муқаддам туради. Чунки банда ўша ҳаққа муҳтож, Аллоҳ таоло эса беҳожатдир.

Уйланса, хотинга жабр-зулм қилиши аниқ бўлган кишининг уйланиши ҳаром­дир. Чунки уйланиш нафсни гуноҳдан сақ­лаш ва савобга эришишни кўзлаб жо­рий қилинган. Жабру зулм билан эса гуноҳкорлик ва ҳаромга қўл уриш бор. Мазкур фасод ишларнинг зарари уйланишдан кўзланган фойдаларни ҳам йўқ­қа чиқаради.

Уйланиш гуноҳга кириб кетиш ёки бировга зулм қилишдан холи одатий (нормал) ҳолатларда нафл ибодатлар билан машғул бўлишдан кўра афзалдир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ғурбатнинг Исломга умуман ало­қаси йўқ. Кимки уйланмасликка чақи­рар бўлса, дарҳақиқат, Исломдан бошқа­га чақирибди”.

Солиҳ аждодларимиз сўққабошлик­ни ёмон кўришган. Улар уйланмаганларни уйланишга ундашарди. Иброҳим ибн Майсара раҳимаҳуллоҳ Товус раҳ­матуллоҳи алайҳга: “Сен, албатта, уйланишинг керак ёки сенга Умарнинг Абу За­ваидга айтган гапини айтаман: Сени ожизлик ё фужурдан бошқа нарса никоҳ­дан тўсолмайди”.

Уйланиш нафл ибодатлардан афзалдир, деган қараш авлодир. Дарҳақиқат, Китоб ва суннатда буни қўллаб-қувватлайдиган далиллар жуда кўп.

 

“Ал-фиқҳул ҳанафиййи фий

савбиҳил жадийд” асаридан

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ таржимаси

Дунёнинг энг гўзал шаҳри деб ном олган Янги Зеландиянинг Квинстаун шаҳрида биринчи масжидининг очилиш маросими нишонланди. Бу ҳақда islam.ru сайти хабар берди.

Узоқ йиллик тайёргарлик ва маблағ йиғиш ҳаракатларидан сўнг ушбу юрт мусулмон халқининг орзулари ўшалди.

«Биз мусулмонлар жамоаси ниҳоят ибодат қиладиган жойга эга бўлганимиздан жуда ҳам мамнунмиз. Шу пайтгача биз жамоат жойларини ижарага олганмиз. Баъзан эса Вакатип кўли бўйида намоз ибодатини адо қилар эдик», дейди маҳаллий Ислом маркази раиси Муҳаммад Надим.

Бундан ташқари «Биз бинонинг калитларини олдик ва бугун кечқурун масжидда биринчи намозимизни ўқидик», деб қўшимча қилди Надим.

Мусулмонлар жамоаси 2019 йил март ойида шаҳардаги биринчи масжид учун маблаг йиғишни бошлаган. Масжиднинг умумий қийматининг 10 фоизини, яъни 430 минг долларни мусулмонлар тўлашди, қолган қисмини эса 2021 йил декабрь ойигача тўлаш керак. Квинстаун кўллар мэри Жим Боулт ушбу туманнинг ўз масжидига эга бўлишидан хурсандлигини айтди.

Квинстаунга энг яқин масжид Инверкаргилда деярли 200 км узоқликда жойлашган.

 

Хуршид Маъруф тайёрлади

islom.uz

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

 

Билгил, афзалдурур хавоси малак,

Мўъминийн оммасидин, эрмас шак.

Бордур афзал малак авомидин

Оммайи мўъминийн, муни бил чин.

 

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Инсон жинси билан фаришта жинсининг бир-бирларидан  устунликлари баёни

 

Билгинки, фаришталарнинг хослари мўъминларнинг оммасидан афзал-устундир. Лекин фаришталарнинг оммасидан мўъминларнинг оммаси афзал-устундир, буни ҳақиқат деб билгин!

 

ИЗОҲ. “Пайғамбарлар фаришталарнинг расулларидан (элчиларидан) афзал-устун, фаришталарнинг расуллари эса башарнинг солиҳларидан, башарнинг солиҳлари эса бутун фаришталардан афзал-устундир” (Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий, “Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди”, 1-жилд, Аҳли суннат вал-жамоат ақидасининг биринчи фасли, 57-банд).

 

Жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ато этилган ақл неъматининг даражалари бор. Шулардан бири “Ақл мин жиҳатиш-шараф” дейилади.

 

“Ақл мин жиҳатиш-шараф – шараф жиҳатидан бериладиган бир ақлдирки, бу ҳам ёлғиз пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратларига берилгандир. Бу ақлдан халқнинг ҳеч бир насиби йўқ. Аллоҳ таоло ҳазрати Пайғамбаримизга берганини на инсонлардан, на фаришталардан ҳеч биттасига бермаган” (Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий, “Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди”, 1-жилд).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Шу йил 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг истиқболдаги режаларига бағишланган халқаро онлайн анжуманда иштирок этиб, нутқ сўзладилар.

Онлайн халқаро анжуман Марказ фаолиятини халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш, халқаро илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳадаги жаҳоннинг етук олимлари билан тажриба алмашиш, Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси, мотуридийлик таълимоти асосларини жаҳонга танитиш мақсадида ташкил этилди. Унда ўзбекистонлик ва хорижлик таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, диний таълим муассасалари, илмий марказлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ушбу Марказ жамоаси иштирок этди.

Унда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом олами халқаро ташкилоти (IСESCO) бош директори, доктор Салим ал-Малик, Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяд, Туркиянинг Диёнат ишлари бошқармаси раиси профессор Али Эрбаш, Ибн Халдун университети президенти профессори Ражаб Шентурк каби нуфузли олим, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этишди.

Онлайн анжуманда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу илму ирфон марказини ташкил этишдан бош мақсад Имом Мотуридий, Имом Насафий каби мутакаллим аждодларимиз меросини илмий ўрганиш, калом илми мактаби анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишда изланишлар олиб бораётган илмий ходимларга муносиб шарт-шароитлар яратиш кабилардан иборат эканини алоҳида таъкидладилар.


Шунингдек, Имом Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, аллома асарларидаги ақидавий таълимотлар ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги маълумотлардан кенг фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам асосий вазифа эканини муфтий ҳазратлари қайд этиб ўтдилар.

Шунингдек, анжуманда сўзга чиққанлар Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш шарафли ва масъулиятли вазифа эканини таъкидлашди, бу борада юртимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юксак баҳолашди.

Шунингдек, унда Миср, Марокаш, Иордания, Туркия, Покистон, Германия, Босния ва Герцеговина, Россия, Афғонистон, Малайзия, Индонезия, Буюк Британия, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Мавритания, Тунис, Ҳиндистон, Бруней ва Австрия каби мамлакатлардан 50 дан зиёд соҳа вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари қатнашди.

Халқаро онлайн анжуман иштирокчилари мафкуравий таҳдидларга қарши курашда мустаҳкам ҳамкорлик зарурлигини таъкидлаб, ўзаро тажриба алмашиш, Ислом дини ниқобидаги оқимларнинг ғоялари тарқалишининг олдини олиш борасида қилинадиган ишлар режасини ҳам муҳокама қилишди.

Тадбир сўнгида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом олами халқаро ташкилоти (IСESCO) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.

Маълумот учун, ушбу марказга Президентимизнинг жорий йил 11 августда имзолаган “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан асос солинган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top